“Бобурнома”да бош қаҳрамон Бобурнинг ўзи. У воқеа-ҳодисаларни баён этар экан, холисликка амал қилади. Шунинг учун ҳам, муаллиф тимсоли идеаллаштирилмаган. Тасаввуримизда у ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини, паст-баландини кўрган реал инсон сифатида намоён бўлади. Асарда унинг феъл-атвори бутун мураккаблиги билан ўз ифодасини топган. Табиатига хос эзгу фазилатлар, кўнглидаги такрорланмас, соҳир туйғулар, ҳис-ҳаяжонлар билан бирга, ҳукмдор сифатидаги қаттиққўллик ва талабчанлик ҳам ошкора тасвирланган.
Кобул йўлидаги машаққатли кунларда, айниқса, Бобур феълидаги олийҳимматлик, адолат ва камтарлик фазилатлари юзага чиқади. У навкарлар билан баробар қор тепиб йўл очади. Улар билан бирга кечани қор остида ўтказади. Уни иссиқроқ ғор ичига таклиф қилишганда рад этади. Эл чеккан машаққатни бирга чекишни афзал билади…
“Вақойиъ”нинг китоби Бобурга баҳо бериб, унинг саккиз фазилатини санаб ўтади: “…Секкиз сифати асил анинг зотиға муттасил эрди: бириси буким, нажҳати баланд эрди; иккимчиси, ҳиммати аржуманд эрди; учумчиси, вилоят олмоғ; тўртумчиси, вилоят сахламоғ; бешимчиси, маъмурлиғ; олтимчиси, рафоҳият нияти Тенгри таоло бандалариға; еттимчиси, черикни кўнгли(ни) қўлға олмоқ; секкизимчиси, адолат қилмоқ”.
Бобур ўз ҳаёти давомида адолатсизлик ва зулмни таъқиқлашга ҳаракат қилган. “Бобурнома”да бир навкар забт этилган юртда бировнинг бир кўза ёғини зўравонлик билан тортиб олгани учун, ибрат бўлсин деб, калтаклашганини сўзлайди. Бобур мунофиқлик, кўзбўямачилик ва хиёнатни сезганда, уни кескин йўқотиш тадбирини кўрган. Жумладан, Ғазнада макр билан қабрни тебратиб, халқни лақиллатаётган алдамчиларни синчковлик билан фош этади. Улар фаолиятини таъқиқлайди.
Бобур “яхшилиғ” радифли ғазалида ўзининг яшаш принципини баён этган. Унинг ҳаёт йўли, энг мураккаб вазиятларда ҳам шу принципга содиқлигини кўрсатади. У ҳаёт мазмуни ҳақида мулоҳаза юритар экан, ҳикматомуз хулосаларни баён этади. Донишмандлар каби у ҳам “шуҳрат билан ёндашишни иккинчи умр”, деб ҳисоблайди:
“Ғаразким, бу дунёда кишидин ушмундоғ нималар қолур, ҳар ким ақлдин баҳравар бўлса, нега андоғ ҳаракатга иқдом қилғайким, андин сўнг ёмон дегайлар ва ҳар кишига ҳушдин асар бўлса, нега андоғ амрга эҳтимом қилмағайким, қилғондин сўнг муҳтаҳсан дегайлар. “Зикри номеро, ҳакимон умри соний гуфтаанд”.
Бобур кўп хиёнатлар кўрди. Фитналардан кўнглига кўп озорлар етди. Аммо булар унинг табиатидаги эзгу фазилатларни йўқотолмади. Аксинча, ўзининг таъкидлашича, ота-боболарнинг анъаналарига амал қилди. Халқнинг: “Яхшилик қил сувга сол, балиқ билар, балиқ билмаса ҳолиқ билар”, деган доно сўзини умр йўлида дастуриламал деб билди. Ҳаётий тажрибалардан келиб чиқиб, ўзи ҳам шунга яқин донишмандона хулосаларга келди: “Ҳар кимдин яхши қоида қолғон бўлса, анинг била амал қилмоқ керак. Агар ота ямон иш қилғон бўлса, яхши иш била бадал қилмоқ керак”.
Бобур умри жангу жадаллар ичида кечди. Унинг мақсади улуғ эди. У таназзул топаётган темурийлар мавқеини қайта тиклашга интиларди. Бу йўлда кўп ранжу аламларга сабру тоқат қиларди. У, айниқса, Ҳиндистонда эканида ўз юртини, Кобулда яшаётган фарзандларини, яқинларини қўмсарди. Бундай кечинмалар, борасида “Бобурнома”да кўп сўзлайди. Айниқса, 1528 йили Кобулга Хожа Калонга ёзган мактубида ўзининг шундай ҳолатини жуда таъсирли ифодалайди: “Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай. Алалхусус, мундоқ тойиб ва торик бўлғонда қовун ва узумдек машруъ ҳазни киши не тавр хотирдин чиқарғай. Бу фурсатта бир қовун келтуруб эдилар, кесиб егач, ғариб таъсир қилди. Тамом йиғлаб эдим”.
Бобур Афғонистон ёки Ҳиндистон ҳақида ёзар экан, ҳар бир гиёҳда, ҳайвонот оламида, дарахту меваларда ўз ватани соғинчини ҳис қилади. Уларни қиёслаб кўради: “Ҳиндистондаким, оқар сув ҳаргиз бўлмас, чашма худ не тилар. Аҳёнан чашма ҳамким бор, ердин зах суйидек сизиб чиқар. Ул ернинг чашмаларидек қайнаб чиқмас”.
Бобур табиат қўйнида бўлишни, ундаги гўзал манзараларни томоша қилишни хуш кўрган. Ундаги ғайриоддий кўринишлар ва ҳодисаларни нозик фаҳмлаган. Уларни эҳтирос ва ғайрат билан кузатган. У, айниқса, куз фаслини ёқтирган. Хазонрезги боғларни сайр қилиш унга завқ ва илҳом бахш этган. Бу фикримизнинг исботини “Бобурнома”да кўп учратамиз. Асарда куз тасвирини муаллиф назарида қайта-қайта кузатамиз. Қуйидаги парчада табиат гўзалликларига унинг шоирона муносабатини яққол кўрамиз: “Истарғачнинг оёғидаги подшоҳий боғини сайр қилилди. Бир олма ниҳоли яхши хазон бўлуб эди. Ҳар қайси шохида беш-олти барг сиёқ била қолиб эди, андоқким, агар наққошлар такаллуф била тортсалар, анча торта олмағай эдилар”.
“Бобурнома”да Бобурнинг ота сифатидаги феъл-атвори ҳам ўз ифодасини топади. У оиласига яқин ёки узоқ яшаганда ҳам юмушлари ҳаддан кўп бўлганда ҳам фарзандлари тарбиясини эътибордан четда қолдирмаган. Фарзандлари оналаридан ва махсус мураббийлардан ҳаёт сирларини ўрганишган. Аммо Бобурнинг ўзи ҳам бу масалага жиддий қараган. Суҳбатларда, йироқдалигида эса мактублар орқали уларни баркамол инсон этиб тарбиялашга ҳаракат қилган. У “Бобурнома”нинг бир неча ўрнида Комрон, Ҳумоюнга ёзган мактублари ҳақида маълумот беради. Комрон кадхудо этиб тайинланганда, Аскарий девонбеги этиб тайинланганда ўз хурсандчилигини яширмайди. Ҳумоюннинг сипоҳигарликда ва жанггоҳларда кўрсатган жасорату матонатини кўрганда фахр туйғусини ошкор баён этади. Айниқса, тўнғич фарзанд ва валиаҳд Ҳумоюннинг ҳар томонлама тўкис инсон бўлиб етишганидан мамнунлик изҳор қилади.
“Бобурнома”да 1528 йил Ҳумоюнга ёзган бир мактубини тўлиқ келтиради. Унда биз Бобурни донишманд ва талабчан тарбиячи қиёфасида кўрамиз. У Ҳумоюнда адолатли, жасоратли, жаҳонгир подшоҳ феъл-атворини мукаммал шакллантиришга ҳаракат қилади. Уни ҳар бир нарсага эътиборли бўлишга даъват этади. Ушбу мактубда подшоҳликнинг ўзига хос машаққатлари, талаблари ҳақида сўз боради. Бўшлик ва сокинлик подшоҳликка ёт, тезкорлик ва ғайратлилик унга хос хусусият бўлмоғи таъкидланади: “Гаранжонлиқ била, коҳиллиқ подшоҳлиқ била рост келмас…”.
Бобур “Бобурнома”да маҳоратли саркарда сифатида ҳам гавдаланади. У ёшлигида тажрибасизлиги туфайли йўл қўйган хатоларини кўп эслайди. Улардан муҳим сабоқлар чиқаради. Лашкарни бошқаришда тадбирли, салоҳиятли, ноёб иқтидорли сипоҳигарга айланади. Бу соҳада турли кашфиётлар қилади. Янгиликлар киритади. Жангда устод Алиқули яратган тўп — замбараклардан фойдаланишни йўлга қўяди. Черикни 6 бўлакка бўлиб, ҳар бир полкнинг кечқурунлари қоровуллик қилишини ташкил этади. Лашкарни содиқ ва аҳилликда сақлаш мақсадида Қуръонни ушлаб қасамёд қилишни жорий этади. Ҳиндистон муҳорабасида жанг олди чўчиб, ҳайиқиб турган лашкар олдида Бобурнинг мурожаатини ўқиб, унинг нақадар таъсирли нутқ сўзловчи нотиқлигининг ҳам гувоҳи бўламиз.
“Бобурнома”да унинг ёш, тажрибасиз саркардадан жанггоҳ пасту баландини шахмат тахтасидек аниқ кўрувчи, лашкарни унинг доналаридек бехато жойлаштирувчи, бобоси Амир Темур каби салоҳиятли, тадбиркор сипоҳигарга айлангунгача бўлган умр дафтарининг ифодасини кўрамиз.
Бобур “Бобурнома”да ўзининг яхши амаллари билан бирга баъзи хатоликлари ҳақида ҳам ошкора ёзади. Адолатни барқарорлаштириш мақсадида баъзан қаттиқ чора-тадбирлар кўрганлигини яширмайди. У яшаган давр, вазият, ижтимоий муҳит шуни тақозо этганини тўғри англамоғимиз даркор.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 7-сонидан олинди.