Камина ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллик тантаналари арафасида улуғ мутафаккир муҳрига ўйиб ёзилган арабча сўзларни ўқишга муваффақ бўлганди. Муҳр ёзувлари бизгача “Наводир ун-ниҳоя” девони қўлёзмаси Теҳрон нусхасида етиб келган бўлиб, унда ҳадис акс этган: “Кун фи-ад-дунё каиннака ғарибу ау обиру сабил, Алишер-ул-фақир”. Биз бу ҳадисни, эй инсон, бу дунёда вақтинчалигинг учун ўзингни ўзга юртга келган ғариб — мусофир ва яна қайтишинг кераклигини англаб, кетишга шай йўловчидек тайёр тур, деган мазмунда: “Бу дунёда ғарибдек бўл ёки йўловчидек шай тур” дея таржима қилгандик. Аслида, бизнинг хизматимиз бу ўринда таржима эмас, балки, кўп йиллардан буён ўқий олмай келинаётган муҳр сўзларини ўқиб, бу жумбоқни ечишда эди. Шунинг учун ҳадис мағзини чақишни ҳам ўқувчиларнинг ўзига ҳавола қилгандик (“Сирли олам”, 1991, 10-сон).
Марҳум адабиётшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов бу тўғрида шундай ёзгандилар: “…муҳрда эса арабча бир неча сўзлар ёзилган бўлиб, уларни шарқшунос И.Бекжонов тўла ва тўғри ўқишга анча ҳаракат қилган. Бизнингча эса, бундаги сўзлар қуйидагича ўқилса, янада тўғри бўлур эди: “Кун фи-д-дунё каиннака ғарибун ав обиру сабилин. Алишер-ул-фақир”. Ўзбек тилига эса бу матнни “Бу дунёда худди ғарибдек ёки йўлдаги йўловчидек бўл. Фақир Алишер”, — деб таржима қилиниши маъқул” (“ЎзАС”, 1993, феврал).
Навоий муҳридаги биз ўқиган ҳадис аслида қуйидагичадир: “Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам елкамдан ушлаб туриб: “Сен дунёда бир ғарибдек ёким бир йўловчидек бўл!(яъни, сен бу дунёда ўзингни ҳеч кими йўқ бир кимсадек ёким бир йўловчидек ҳис қил!)” — дедилар” (“Халқ сўзи”, 1998, март).
Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзи эса муҳрига ўйиб ёздирган ҳадис сўзларини “Эй лабинг…” хитоби билан бошланувчи “янглиғ” радифли ғазалининг бир байтида ақд санъати воситаси орқали мана шундай муҳрлаган эканлар:
Қўйма бу манзилу масканга
кўнгулким зинҳор,
Англа йўл ўткучидек
ўзнию меҳмон янглиғ.
Мазмуни: Эй инсон, бу манзил-бекатни абадий юрт деб ўйлама, бу маскан — уйни роса ўрнашиб ўтирадиган жой экан дема, булар ҳаммаси — ўткинчи. Шунинг учун ўзингни ёт элга келган ғариб(бегона), мусофирдек тут. Бу ўзга масканда ўзингни меҳмон сингари бил. Яъни, бу ўткинчи дунё унга кўнгил — ҳирс қўйиб, нафс балосига мубтало бўлиш ва шунинг орқасида ўзингни ҳар кўйга солишга арзимайди. Бу ёлғончи олам айвони бемалол чўзилиб ётишингга имкон бермаслиги сабаб, унда нафасингни ростлагач, меҳмонлик иззатинг кўп ўтмай тугашини ҳам англаб ет. Мусофир сифатида яна асл юртингга қайтиб кетиш ғами ва йўл анжомлари тадорики ташвишида ҳам бўл. Дин ва тасаввуф таълим берганидек, бу йўл озуқаси ва сафар анжомлари эса сенинг бу дунёда қилган хайрли ишларинг, ҳар соҳада яхшилик билан чиқарган номинг ҳамда сени ўтга-сувга ургувчи аммора нафсингни тийишинг кабилар бўлади.
Хуллас, муборак бу ҳадис ва унинг мутафаккир шоир ҳазрат Алишер Навоий томонидан амалга ошган мўъжазгина назмий тафсири юқоридаги каби яна талай ҳикмату маъноларни ўзида мужассам қилган бўлиб, уларни фикрда давом эттириб, мағзини чақиш бугунги зукко ўқувчиларимиз учун у қадар мушкул эмас.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 6-сонидан олинди.