Саёҳатда гап кўп. Саёҳат инсоннинг қулфи дилини очади, билмаганларини билдиради, айни пайтда онги, тушунча доирасини кенгайтиради. Шу боис тафаккури, феъли кенг, фазилатли инсонни халқимиз «дунё кўрган одам” дейди. Покистон Ислом Республикасида узоқ муддатли хизмат сафарида бўлганимда (1994-1997 йиллар) саёҳатнинг бу ҳикматига яна бир бор имон келтирдим.
Гап шундаки, Покистон пойтахти Исломободда ҳар 2-3 ойда дам олиш кунлари дипломатик корпус вакиллари учун турли-туман саёҳатлар ташкил этиларди. Бу тадбирларнинг ташкилотчиси Покистон Ташқи ишлар вазирлиги бўлиб, мамлакатнинг таниқли тарихчи олими, йирик жамоат арбоби, профессор Аҳмад Ҳасан Дони гидлик вазифасини бажарарди. Марказий Осиё тарихи бўйича бу жонкуяр олим ўз юрти ҳар бир гўшаси, тарихий обидалари ҳақида завқ-шавқ билан сўзлаб берарди.
Исломободдан унчалик узоқ бўлмаган Тахсила шаҳридаги собиқ Англия губернатори қароргоҳи, Будда ёдгорликлари, мамлакат Шимолий-Ғарбий (Сархат) провинтсиясига қарашли Аббатобод, Мансеҳра шаҳарларига, хусусан, Мансеҳрадаги Саййид Ҳамадоний (асли кўлоблик, Нажмиддин Кубронинг шогирди, ҳозирги Покистон ҳудуди ва Кашмирда Кубравийлик тариқатини тарғиб қилган машҳур аллома, қабри Хатлонда Н. Ғ.) хотирасига қурилган мақбара мажмуига қилган саёҳатларимиз ана шундай кўнгилли ва таассуротли бўлди.
Навбатдаги яна бир саёҳатимиз Исломободдан 100 километр чамаси узоқликда бўлиб, Натҳиагали деб аталадиган гўшада эди. У Покистонда машҳур Мари курорт зонаси томонда, Кашмир ўлкасига туташ, Марғала тоғ тизмасининг чўққисида, булутлар маконида экан.
Саёҳатга борувчи гуруҳимиз катта: болалар, тиббиёт ходимлари, турли идоралар хизматчилари ҳам анчагина. Олтита ўртача катталикдаги автобусларга жойлашиб, Мари томон йўлга чиқдик.
Маригача бўлган 35-40 километрлик йўл бизга таниш эди. Чунки ундан бир неча бор юриб, Марида уюштирилган кўп тадбирларда иштирок этганмиз. Йўл халқаро стандартлар мақомида қурилган: барча имконият ва қулайликларга эга. Шу сабаб бу масофани кўз очиб-юмгунча босиб ўтдик.
Лекин Маридан Натҳиагалигача бўлган қарийб 60 километрлик йўлнинг ишкали кўп экан. Йўл узоқ муддат давомида ғоятда оғир табиий шароитда машаққатли меҳнат эвазига очилган бўлиб, яқин ўртада чала-ярим ишга туширилган. Шу сабаб у тошлоқликдан иборат, асфалт ётқизишга улгурилмаган, йўл чеккасида хавфсизлик тўсиқлари йўқ. Йўлнинг энига фақат бир транспорт сиғади. Мабодо, қарши томондан автобус у ёқда турсин, отлиқ ёки эшак минган йўловчи келиб қолса ҳам бизнинг автобусларимиз тўсиғидан ўта олиши амримаҳол. Бунинг устига Маригача бўлган йўл қирликлар, тоғ ёнбағирларидан ўтган бўлса, эндиги йўлимиз ғоятда илонизи, баландга қараб тик кўтарилиб кетган эди.
Бу йўлга тушишимиз ҳамон автобусларимиз тезлигини кескин камайтирди: оғир юк тортиб келаётган сингари зўриқиб баландга «емаклай» бошлади. Ён тарафимизда тоғ харсанглари «девор” бўлиб турибди, чапда эса худди жаҳаннамнинг ўзидек — тубсиз жарлик. Ён-веримизда инсон зоти яшаши мумкин бўлган ҳатто бирор капа ҳам йўқ…
Йўл бўйлаб чўзилган пасту баланд даралар қалин арча дарахтлари билан қопланган тайгани эслатарди. Дарахтлар ғоятда тиғизлигидан арчалар осмон томон тик ўсган. Айримларининг бўйлари илонизи йўлдан 2-3 ҳалқа юқори кўтарилсангиз ҳам сиз билан биргаликда чўзилиб кетаверади.
Шу зайл баландга қараб кўтарилиб боряпмиз. Онда-сонда йўл қурувчилари, тоғ муюлишларида тик қотиб чест бериб турган политсия ходимлари кўриниб қолади. Автобусда кета туриб, иложи борича, йўлнинг чап тарафига қарамасликка ҳаракат қиламиз. Лекин баъзан бунинг иложий бўлмай қолади. Бехосдан кўзимиз жарликка тушса борми, юрагимиз орқага тортиб, вужудимизни совуқ бир ҳиссиёт чулғаб олади. Шунда беихтиёр нимага ҳам шу сафарга чиқдим, деган афсус хаёлингиздан ўтади. Лекин сўнгги пушаймон ўзингга душман, дадил бўлиш керак, сабрнинг таги олтин, дейман ўзимга ўзим.
Дарвоқе, кўп ўтмай эрмак ҳам топилди. Чап ёнгинамизда йўл четига тақалиб келаётган дарахтзор шохларида маймунлар тўдаси пайдо бўлди. Баландга кўтарилганимиз сайин уларнинг тўдалари кўпайиб, ҳаш-паш дегунча автобусларимиз маймунлар қуршовига кирди-қолди.
Маймунларни ҳайвонот боғларида кўрган бошқа-ю, табиий шароитда кўрган бошқа экан. Бирови кулранг, бирови қора, яна бировлари сарғиш, кўкимтир, олачипор, хуллас турли-туман тусда. Катта-кичик, қош-кўзлари чимирилиб, ўзини вазмин тутиб турган «мўйсафид”ларидан тортиб яқиндагина дунё юзини кўрган жажжи маймунчаларгача — ҳаммаси жамулжам бўлиб, бизга қараб термулади. Гўё биз уларни эмас, улар бизни томоша қилаётгандай.
Сўнг, кутилмаганда, маймунона ўйинлар бошланиб кетди. Бирови думи билан шохга осилиб “уддабурролигини”кўрсатса, бирови бир қўлида шохдан шохга сакраб, айни пайтда иккинчи қўли билан бошини қашлаяпти. Яна бирови муштдеккина фарзандини бағрига босиб, боласига бўлган меҳрини кўз-кўз қилса, бошқалари узун-қисқа қийқириқлар билан шохдан шохга сакраб, бир-бирларини қувлашар, айримлари эса бизга қараб башараларини бужмайтириб, аллақандай ҳаракатлар қилардилар. Бизни ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, бетартибдек туюлган томоша «мўйсафид” маймун томонидан доимий назоратда бўлиб, у қавмининг бу ҳаракатларидан бир дақиқа ҳам кўз узмай, жиддий кузатиб турарди.
Маймунларнинг йўл бўйлаб «тсирк» томошалари анчагача чўзилди. Бундан, айниқса, болаларнинг хурсандлигини айтиб адо қилиб бўлмасди. Ўзимиз ҳам йўл бошида чирмашган тундликдан чиқиб, руҳимиз тетиклашди, олдинги хафақонлик ўрнини дадиллик ва хурсандчилик эгаллади.
Хурсандчилик хурсандчиликни етаклаб келади, деган нақл тўғри экан. Маймунлар «базми»ни ортда қолдиришимиз ҳамоно бошқа бир ғаройиб табиий ҳодисага дуч келдик. Энди автобусларимиз шундоққина йўлимиз сатҳида сузиб юрган паға-паға булутлар тўдалари ичига кириб бормоқда эди.
Момиқдек оппоқ булут парчалари гоҳ у ёнимиздан, гоҳ бу ёнимиздан сизиб оқиб ўтар, автобус ойнакларидан қўл чўзиб уларни ҳатто ушлаб олиш мумкин эди. Бу иш, айниқса, болалар учун ғоятда завқли эрмак бўлди. Бироқ болалар ҳарчанд ҳаракат қилмасинлар, ушлаб қололмас, булут парчалари уларнинг панжалари орасидан секин сизиб чиқиб кетар эди.
Йўлдаги манзара ва томошаларга маҳлиё бўлиб, манзилга етганимизни билмай қолибмиз. Баланд шоти-нарвон зиналарини бир-бир босиб, лик этиб томга чиққандик, автобусимиз теп-текис майдонга кўтарилди-ю, тўхтади. Натҳиагали деб номланган улкан плато шу ердан бошланар экан. Эрта тонгдан бери 2,5-3 соат жонимизни ҳовучлаб тепага тирмашиб, ниҳоят теп-текис майдонликка етиб келганлигимиз ҳаммамизни қувонтирди, баралла қарсак чалиб юбордик. Сўнг яна бироз йўл босиб, Сархат провинтсияси бошлиғининг ёзлик қароргоҳига кириб келдик.
Мезбонлар билан саломлашиб бўлганимиз ҳамон бизнинг келишимизга шайланиб турган этнографик бадиий гуруҳ контсертига таклиф қилиндик. Контсерт дастури тарихан шу атрофда яшаган тоғлик эл-елатлар куйлари, қўшиқлари, рақсларидан ташкил топган, ижрочиларнинг кийим-бошлари, пардоз-андозлари ҳам тарихий ўтмишни эслатар эди.
Қизларнинг кийимлари, айниқса, антиқа. Ажабтовур бичимдаги ранго-ранг узун ва кенг кўйлаклар, уларга солинган хилма-хил кашталар, бу ерларда ўсадиган манго ва бошқа дарахтлар мевалари катта-кичик данакларидан тизилган узун-қисқа турфа тақинчоқлар, қўл ва оёқларни безаб турган балдоқлар, қўйингки — барча-барчаси биз тамошабинлар кўз ўнгида ўша атроф тоғлик қавмлар образини жонлантириб турарди.
Мусиқа садолари ҳар бир қўшиқ ёки рақс мазмунига қараб ўзгаради. Куйлар нисбатан узунроқ ҳамда маълум даражада бир маромда бўлса-да, ёқимли эди. Йигит билан қиз ижро этган рақс ва лапарлар, айниқса, гўзал. Хуллас, 30-40 дақиқалик контсерт дилларимизга ёқиб тушди: ижрочи – артистларни самимий қарсакларимиз билан олқишладик.
Контсертдан сўнг эркин ҳолда плато майдонини айланишимиз мумкинлиги айтилди. Ҳаммамиз иккита-учта ёки оила-оила бўлиб майдон оралаб кетдик. Майдон кенг, адоғи кўринмайди. Дарахтлар сийрак. Шу сабаб узоқ-узоқлар ҳам кўз ўнгингизда ойнадай кўриниб турибди.
Биздан 10-15 метр наридан жарлик ўтган. Унинг нариги томони Кашмир ўлкасининг ерлари экан. Жарликнинг туби чуқур, эни эса тор бўлиб, бир бутунликни шарт бўлиб турган кесмага ўхшарди. Шу сабаб, биз турган ер, вертолётда баландга кўтарилиб пастга қарасангиз, улкан бир торт ёки пирогнинг бир чеккасидан кесиб қўйилган парчасини эслатарди.
Бу ерларни кўриб табиатнинг биз билмас сирларига қойил қоласан, киши. Атиги 2-3 соат олдин сурункасига харсанг тошлар, тошлоқлар, қайроқлар исканжасида йўл босиб келган бўлсак, энди теп-текис ва соз тупроқ “тўшалган” улкан майдон устида турибмиз. Гўёки қайси бир замонда, кимлардир ўша замоннинг афсонавий самосвалларида бу ерларга тупроқ ташитгану, аллақандай қудратли булдозерлар ойнадек текислаган.
Бутун атроф, жумладан қўшни Кашмир ерлари ҳам бир хил улкан гилам тўшалгандек кўм-кўк майсазор. Майсалар майин, тоза, бир текис бўлиб таралган. Бизни ҳайрон қолдирган нарса яна шу бўлдики, майсалар орасида бирорта ҳам ёввойи ўт йўқ. Пастда, водийларда, ҳатто кичкина майдончаларда бундай тоза майсазорни махсус боғбон сақлаб ҳам ўстириш мушкул. Лекин, қарангки, бу ерда, баланд платода, улкан майдонларда бундай ўта инжиқ юмушларни табиатнинг ўзи бошқариб борган.
Булутлар хусусида шуни айтиш керакки, ҳали йўлда учратганимиз булутлар ҳалво экан. Баъзан бошимиз узра, пастроқ дарахт баландлигида ола-була булутлар пайдо бўлади-ю, гоҳ сепалаб, гоҳида эса машинадан сув сепгандай ёғиб ўтиб кетаверади. Шу сабаб ҳавода гард йўқ, осмон тиниқ. Қуёш “пастгинада” чарақлаб нур сочиб турибди.
Шу йўсин платонинг соф ҳавосидан чуқур-чуқур нафас олиб турибмиз. Шу пайт тушлик нонуштага таклиф этишди. Бизга қолса, тушлик ҳам қилмай сайр этган маъқул. Лекин бизнинг бу ерда бўладиган вақтимиз дақиқаларигача ўлчовли.
Хайриятки, нонушта майдоннинг энг сўлим жойларидан бирида, очиқ ҳавода уюштирилибди. Тўртта-тўртта бўлиб столларда жойлашиб тушлик қиляпмиз. Оёқларимиз остида, столимиз устида яна ўша булут “қайиқ”чалари, уларга энди эътибор ҳам бермаймиз. Лекин бир маҳал қаёқдандир шимолий музликларда учрайдиган баҳайбат оқ айиқлардек бир булут пайдо бўлди-ю, оёқларимиздан тортиб бўйинларимизгача қоплаб олди; ўтирган стол-стулларимиз, емиш-ичимликларимизни ҳам «ютди-қўйди”. Булутлар устида фақат тўртовлон — сафардошларнинг бошлари лиқиллаб кўриниб турарди. Гўё тўртталамиз ҳам денгизда чўмилаяпмизу, бошимизни сувдан чиқариб, гаплашиб турибмиз. Аксига олиб, ҳадеганда булут ўтиб кетмас, ер узра имиллаб судралиб борарди. Ниҳоят, ўтиб кетди, қайта нонуштага киришдик.
Нонуштадан сўнг қўл ҳунармандлиги санъати, ундан кейин Сархат провинтсияси ҳаётига доир расмлар кўргазмаларини томоша қилдик. Шубҳасизки, бу кўргазмаларда намойиш этилган экспонат ва ахборотлар бизда яхши таассуротлар қолдирди.
Саёҳатдан ва бу ерда кўрганларимиздан кўнглимиз кўтарилиб, кайфиятимиз чоғ. Бунинг устига бу ерга қадам қўйишимиздан ҳозиргача майдоннинг бир четида ҳарбий оркестр тинимсиз равишда ёқимли марш куйларини чалиб, кунимизга байрамона тус бериб турибди.
Шу аснода орқага қайтиш вақти ҳам яқинлашди. Қоронғу тушмасдан Маригача етиб бориш мақсадида соат тўртларда эрталабки тартиб бўйича автобусларимизга жойлашдик ва пастга қараб йўл олдик.
Барчамизнинг ўйимизда пастга тушиш осонроқ бўлса керак, деган фикр ҳукмрон. Лекин, қаёқда дейсиз, бу ҳам юқорига кўтарилгандай осон ҳунарлардан эмас экан. Ҳарқалай, эрталабки тажриба ва кун бўйи кўрганларимиз қўл келиб, яхши кайфиятда Исломободга етиб келдик…
… Шундан бери 11 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Лекин то ҳануз осмонда оқ булут парчаларига кўзим тушса, ўша саёҳатни эслайман…
Яна шуни айтишим жоизки, шундай гўзал табиатли гўшаларда юрган чоғларимда ҳам юртимиз тупроғини, ҳавосини дилдан ўтказиб, юракдан Ватан меҳрини қўмсайсан. Чиндан ўзимизнинг Ўзбекистонимиздек жаннамакон юрт — оламда йўқ. Мен кўп юртларда саёҳатларда бўлиб, англаб етган ҳақиқат шу бўлди.
Наим ҒОЙИБОВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.