“Исмлар осмондан энади…”. Ҳар сафар Озод ака ҳақида ўйлаганда ушбу ҳикмат ёдга келаверади. Устоз бир умр озод фикр билан озод шахс сифатида яшади. Олимнинг ёзган асарлари, адабий-илмий мулоқотларда, ўзаро суҳбатларда айтган фикрлари шундай дейишга асос беради.
Озод Шарафиддинов муайян қолипга сиғмайдиган тарзда ўзига хос фикрлайдиган бутун шахс эди. Лекин бу дегани у жамиятнинг тутумларига риоя этмас эди, дегани эмас зинҳор. Аксинча, олимнинг ўзи “Довондаги ўйлар” китобида бундай ёзади: “Демократиянинг ҳудудлари, эркинликнинг чегараси бўладими-йўқми, билмайман, лекин шуни аниқ биламанки, демократик жамият дегани тизгинсиз, бошбошдоқ, зўравонлик жамияти эмас. Эркинликнинг моҳияти нима эканини икки минг йил аввал яшаб ўтган машҳур рим нотиғи Цицерон чиройли қилиб айтган экан: “Эркин бўлмоқ истагидаги ҳар қандай одам қонуннинг қули бўлмоғи керак”.
Озод ака ҳароратли нотиқ эди. Домланинг аудиторияда, турли адабий йиғинларда сўзлаган нутқларини эшитган одам унинг сўзларига лоқайд муносабатда бўлиши мумкин эмас эди. Ҳақиқатни айтиш керак бўлганида, устоз ҳатто ўзига нисбатан ҳам шафқатсиз эди. “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” деган машҳур мақоласи бунинг ёрқин далилидир. Мақолада ғалати бир воқеа эсланади. Шўролар замони. Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлади. Йиғинда ёзувчи Борис Пастернакнинг “хиёнаткорона қилмиши” қораланиши керак. Энг ачинарлиси, йиғилганларнинг бирортаси Пастернакнинг бирорта ҳам асарини ўқимаган. Бироқ мажлис Пастернакни якдиллик билан қоралайди. Буни домла истеҳзо билан, ачиниш билан қуйидагича эслайди: “Ёзувчилар, яъни энг пешқадам, энг фикри очиқ, энг ҳақпарвар зиёлилар йиғинида бир одам топилмадики, “Эй биродарлар, асарини ҳеч қайсимиз ўқимаган бўлсак, гап нима тўғрисида бораётганидан бехабар бўлсак, ва, умуман, Пастернакнинг ўзини тузукроқ билмасак, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитмаган бўлсак, қандай қилиб уни қоралашимиз мумкин? Бу виждонга, инсофга хилоф иш-ку!” деса… Ўшанда биз донолик билан эмас, жоҳиллик билан Пастернакнинг юзига тупурган эдик.. Аслида эса… Пастернакнинг эмас, ўзимизнинг башарамизга туфлаган эдик”. Тан олиш керак, ўзгалар қатори ўзига нисбатан ҳам бу даражадаги ўткир танқидий фикрни айта олиш унча-мунча одамнинг қўлидан келавермайди. Қолаверса, устознинг бу хотирасида кейинги авлодлар учун ҳам ибратлар бор.
Озод акани билганлар якдил эътироф этганларидек, домла ҳақиқатпараст эди. Жаҳолатга, кўр-кўроналикка, адолатсизликка зинҳор рози бўлолмас эди. “Довондаги ўйлар” мақоласида айтилганидек, “одамлар адолат ва ҳақиқат устувор бўлган, зўравонлик қувиб чиқарилган, ўғриликка, порахўрликка, ватанфурушликка эҳтиёж қолдирилмаган, инсоф ва диёнат, муҳаббат ва мурувват байроғи мағрур ҳилпираб турадиган жамият қуриши мумкин ва зарур” деб биларди.
Домла деярли бутун умр Миллий университетда адабиётдан дарс берди. Ҳаётининг охирги йилларида публицистика, таржимонлик билан жиддий шуғулланди. “Жаҳон адабиёти” журналининг Озод Шарафиддинов бош муҳаррирлигида нашр этилган 100 сони олимнинг чинакам қаҳрамонона меҳнатига далил бўла олади. Журналнинг ҳар бир сонида жаҳон адабиётининг, адабиётшунослигининг, сиёсатшунослигининг сара намуналари чоп этилди. Энг эътиборлиси, уларнинг аксар қисми устоз Озод Шарафиддинов меҳнатининг маҳсули эди. Бу асарлар, шубҳасиз, беиз кетмади. Эркин фикрни, баркамол шахсни тарбиялаш ишига муайян таъсир кўрсата олди.
Озод аканинг сўнгги йиллардагина бажарган илмий-ижодий ишларини бутун бир жамоа ҳам уддалаши маҳол эди десак, муболаға бўлмас. Шундай ҳолда ҳам домла ўз ишларидан қаноатланиб қолмади. Мудом изланишда бўлди. Устоз буюк аждодлар ишидан фахрланиш билан чекланиш кифоя қилмайди, уларнинг илмдаги ютуқларини янгилари билан бойитиб бориш зарур, деб ҳисоблар эди. Бу жиҳатдан, унинг қуйидаги эътирофи диққатга сазовордир: “Ўтмишдаги шон-шуҳрат, муваффақият ва парвозлар яхши нарса, албатта! Аммо улар шунақа нарсаки, ҳар бир янги авлод бу шуҳратга шуҳрат қўшиб турмаса, эски ютуқлар қаторини янгилари билан бойитиб бормаса, миллатнинг қаноти қайрилиб, парвози сусайиб қолади”.
Домла сўнгги китобини “Довондаги ўйлар” деб номлаган эди. Одатда, довонга чиққандан кейин қуйига тушилади. Лекин тақдир Озод Шарафиддиновни бу борада ҳам сийлади. У тафаккур довонининг юксак чўққисига кўтарила олди, асло қуйига тушмади. Ҳар бир фикрловчи одам бу довонга интилиши тайин. Демак, Озод Шарафиддиновнинг умри давом этаётир.
* * *
Яқинда Миллий университетимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим, профессор Озод Шарафиддинов таваллуд куни муносабати билан “Озод Шарафидинов сабоқлари” деб номланган адабий-илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманни кириш сўзи билан очган Миллий университет ректори профессор Равшан Ашуров Озод Шарафиддиновнинг университет олдидаги, Ватан ва миллат олдидаги хизматлари нечоғли улкан эканини таъкидлади. Олимнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўзлади.
Анжуманда мамлакатимизнинг етук олимлари, шоир ва адиблари, олимнинг оила аъзолари, дўстлари иштирок этди. Уларнинг барчаси Озод Шарафиддиновнинг олим ва одам сифатидаги фазилатларини эслади. Жумладан, адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматов бундай деди:
— Озод аканинг ярим асрлик фаолиятининг асосий қисми Ўзбекистон Миллий университетида ўтди. Чинакам истеъдод соҳиби, шахси бутун бу улуғ сиймонинг ижодий жасорати туфайли Миллий университет мамлакатимизда жамоатчилик тан олган адабий-танқидий марказлардан бирига айланди. Устоз бу масканда ўзига хос мактаб яратди.
Озод Шарафиддинов миллий адабиётимиз ривожида Сталин вафотидан кейин 50-йиллар ўрталаридан бошланган янги бир тўлқиннинг танқидчиликдаги даракчиси сифатида майдонга чиқди. «Лирика ҳақида мулоҳазалар», «Замон, қалб, поэзия», «Ниҳоллар» сингари мақолалари билан адабий-танқидий тафаккур равнақида бурилиш ясади, расмий доираларга хизмат қилувчи ўта мафкуравийлашган «шеърият»га қарши илк бора мардона туриб жанг очди. Шеъриятда шоир кўнгил розларини, қувончу ташвишларини, дарди дунёсини ифода этувчи чинакам инсоний принципларни ҳимоя қилиб чиқди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари ёрқин истеъдодларни илк қадамларидаёқ ҳимоя қилиб, уларнинг ижодий тақдирига кучли таъсир кўрсатди. Бугина эмас, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров сингари етакчи адиблар билан ҳамкору ҳамнафас, маслакдош сифатида жўшқин адабий жараён ичида ёниб яшади, бетиним ижод этди. Шу пайтга қадар бизда ижод аҳли билан мунаққиднинг бу тарздаги ибратомуз ҳамкорлиги бўлган эмас.
Дадил айтиш мумкинки, биринчи галда Озод аканинг саъй-ҳаракати туфайли миллий танқидчилигимиз замонавий жаҳон танқидчилиги тафаккури даражасига кўтарилди. Ярим аср давомида бу улуғ зот танқидчилигимизнинг карвонбошиси — лидери бўлиб келди. Шуни унутмаслик керакки, мунаққид ижодий фаолиятининг ўттиз беш йили шўро истибдоди даврида кечди. Мустабид тузум адабий сиёсати, яккаҳоким мафкура, соцреализм ақидалари босими, табиийки, унинг ижодий тақдирида муайян даражада ўз асоратларини қолдирди. Бироқ унинг бу йиллардаги жўшқин фаолияти замон таъқибу тазйиқлари остида ақидапарастликка қарши курашлар, адабиёт оламидаги чин истеъдодлар, асл асарлар ҳимояси йўлида ҳақиқат, адолат учун мардона жанглар ичида ўтди… Бу хусусда аввало устознинг ўзи «кўб» ва «хўб» ёзган. Бунинг учун унинг «Эътиқодимни нега ўзгартирдим?», «Чўлпонни англаш» рисолаларини эслаш кифоя.
Қаердадир ўқиб эдим: буюк зотлар ўз зиммасидаги тарихий миссиясини адо этмагунча бу фоний дунёдан кетмайдилар. Тарихда бунга мисоллар кўп. Улуғ сиймо Озод аканинг тақдири ҳам буни тўла тасдиқлайди. Энг қийин дақиқаларда ҳам ҳаётбахш умид туйғуси устоз кўнглини тарк этмади. Қандайдир сирли-сеҳрли илоҳий куч кўнглига ҳамиша далда бериб турарди. Устоз Чўлпонни юзага чиқариш учун роппа-роса ўттиз йил бетиним курашди. Шу туфайли унинг табаррук бошига не-не савдолар тушмади, дейсиз. Аслида, дунёда уни аҳдидан қайтарадиган кучнинг ўзи йўқ эди.
Фақат Чўлпон масаласида эмас, юқорида эслатилганидек, замонавий адабий жараён бобидаги курашларда, баҳсу мунозараларда охир-оқибат устоз ҳақ бўлиб чиқди, буни ҳам Оллоҳнинг бу кишига нисбатан саховати, савоб ишлари учун ажри-мукофоти деб биламан.
Озод ака миллат ўғлонлари орасида энг кўп китоб йиққан, ўқиган зиёлилардан. Жаҳон адабиёти, фалсафаси, санъати соҳасидаги билимдонларнинг энг билимдони эди. Мамлакатимизда «Иностранная литература» типидаги она тилимизда журнал бўлишини орзу қиларди. 1997 йили шу орзуси ушалди, «Жаҳон адабиёти» журнали ташкил топди, омадни қарангки, бу янги журналга у муҳаррир этиб тайинланди.
Озод аканинг кўп умри қафасдек тор «дом»ларида ўтди. Оғир хасталикка чалинган кезлари бахт-омад кулиб умр бўйи орзу қилган нияти ушалди, Қибрай туманидаги Геофизиклар маҳалласидаги кенг ва кўркам боғ ҳовлига кўчиб ўтди. Етти йил давомида бу маскан бамисоли Лев Толстойнинг Ясная Полянадаги мулки сингари ижодий зиёлилар йиғиладиган марказга айланди. Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, чет эл элчихоналаридан келиб турадиган меҳмонларнинг, вақтли матбуот, радио ва телевидение мухбирларининг кети узилмас эди. Бу хонадонга ташриф буюрган, Озод ака суҳбатини олганларнинг ҳар бири бир дунё таассурот билан кетарди.
Озод аканинг шу хил инсоний фазилатлари, табиийки, аввало ижодий шижоати туфайли танқидчилигимизнинг нуфузи, обрў-эътибори бениҳоят кўтарилди, мунаққид номи Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари сўз усталари қаторида эҳтиром билан тилга олинадиган бўлди: танқидчилар орасида биринчи бўлиб «Буюк хизматлари учун» ордени ва Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.
— Биография ёзиш ниҳоятда мураккаб иш, — деди филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Расулов. — Биография ёзувчи, санъаткор, олим, танқидчи, ихтирочи ҳаётининг муҳим, нозик томонларини кўрсатиб бериши зарур. Биографиянинг жанр, шакллари кўп. Танқидий-биографик очерк, адабий портрет, хотира, бадиа — биографик асар жанрлари. Озод Шарафиддинов янги ўзбек адабиётининг Чўлпон, Фитрат, Ҳамза, Айний, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Саид Аҳмад, Шуҳрат, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Шукур Қурбон, Аъзам Ўктам, Ойдин сингари намояндалари ҳақида биографик асарлар ёзган. Ўйлаб кўрилса, катта адабиётшуносларнинг ҳаммаси янги ўзбек адабиётининг барча намояндалари ҳақида асарлар яратган.
Ҳар бир мунаққид, адабиётшунос биография ёзишга ўзича ёндашади. Дарслик, қўлланмаларда тарихий-биографик очерк, хрестоматияларда ёзувчи ҳақида маълумот берилади. Синчков мунаққид ёзувчи биографиясини кўнгилдагидай акс эттириш учун узлуксиз интилаверади. Озод Шарафиддиновнинг, масалан, Одил Ёқубов асарларига ёзган ўндан ортиқ тақризи, адабий портрети бор. Лекин олимнинг «Нутқ» номли эссе-тадқиқоти Одил Ёқубов фаолияти моҳиятини ярқ эттириб ёритган.
Озод Шарафиддинов Абдулла Орипов ҳақида кўп ёзган. Лекин «Мувашшаҳ» эссесида шоир ҳақидаги асосий гапни айта олди.
Олимнинг «Шундай шоир ўтган эди», «Хаёллар бандаси», «Мудом миннатдорман», «Умарбековнинг ўлмас фазилатлари», «Отажон Ҳошим шахсияти» каби мақолалари ҳам биографик асарнинг етук намуналаридир.
Озод Шарафиддинов биографик асар ёзар экан, қаҳрамоннинг бош хусусиятини топмагунча қўлига қалам олмас эди. Масалан, у Ойбек ҳақида кўп ёзган, узоқ йиллар давомида изланган. Ниҳоят, Ойбек миллатни уйғотган адиб эканини чуқур англаб етган. Олим Ғафур Ғуломни болалик давридан кўрган, билган, унинг асарлари, ижоди ҳақида кўп ёзган. Ниҳоят, Ғафур Ғулом халқ ҳаёти билан чамбарчас боғланган санъаткор эканини англаб етган.
Биограф бўлиш Озод Шарафиддиновга осон эди: у ўз қаҳрамонларини жуда яхши биларди. Биограф учун қаҳрамонни билиш эмас, унинг характеридаги бош хусусиятни, асосий нуқтани топа олиш муҳимдир. Характерни ўрганган одам зинҳор-базинҳор ижобий ва салбий қаҳрамон деган атамани қўлламайди.
Характер — мураккаблик, яхлитлик, бирбутунлик. Кўпинча инсон характерининг етакчи хусусияти салбий бўлиб қолади. Тадқиқотчи ўша салбийлик илдизларини очиш орқали жамиятдаги носозликлар моҳиятини таҳқиқ этади. Аюб Ғулом, Зикриё Мирҳожиев, Тоҳирий характерларида шу томон бор эди. Булар ижтимоий муҳит, мафкуравий тазйиқ томонидан «синдирилган» шахслар эди.
Филология фанлари доктори Баҳодир Карим устоз олим ҳақида қуйидагиларни сўзлади:
— Бадиий асарнинг туб моҳияти, сир-асрорини англаш, тушуниб ҳис қилиш ва таҳлил жараёнида уни кўпчиликка маъқул келадиган тарзда тушунтириш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун юксак салоҳият зарур. Салоҳиятли олимнинг бадиий-эстетик олами бошқалардан ажралиб туради; талқинлари, таҳлил, танқид ва баҳолашлари холис илмий мезонларга асосланади. Адабиётшунос Озод Шарафиддинов ана шундай нодир олимлардан бири эди. Олим ҳар доим янги босилган асарга нисбатан энг тўғри сўзни айтди; муайян бир адабий воқелик ёки ижодкор шахсини баҳолашда ҳам энг муносиб илмий баҳони берди.
Озод Шарафиддиновни яқиндан таниган кишилар унинг нақадар бағрикенг ва билимдон инсон эканини яхши билади, олимнинг асарларида бу фазилат яққол сезилади. Фикр эркин қуйилади, ўртага ташланган адабий-илмий муаммо жаҳон адабиётшунослиги контекстида текширилади, шунда аллақандай сунъий адабий-назарий қолиплар парчаланиб ҳам кетади…
Озод Шарафиддинов ва жаҳон адабиёти жуда катта мавзу. Аммо айрим тезисларни баён қилиш мумкин:
— Озод Шарафиддинов жаҳон адабиётидан кўплаб бадиий асарларни таржима қилди;
— Озод Шарафиддинов жаҳон адабиётшунослигининг энг янги назарий ютуқларини илмий муомалага олиб кирди;
— Озод Шарафиддинов ўз асарларида жаҳон адабиёти ва адабиётшунослигидан унумли фойдаланди.
Буларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқот мавзуларидир.
* * *
Анжуман қизғин фикр алмашув тарзида ўтди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, профессорлар — Абдулла Аъзам, Шабат Хўжаев, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, олимнинг қизи, адабиётшунос олима Муҳаббат Шарафиддинова, адабиётшунос Омонулла Мадаев сўзлари алоҳида қизиқиш билан тингланди. Шоир Мирпўлат Мирзо Озод Шарафиддиновга бағишланган шеърини ўқиди.
Умуман, миллий адабиётимиз, маънавиятимиз тарихида ёрқин из қолдирган Озод Шарафиддинов каби олимларни хотирлаш, уларнинг ҳаёт йўлидан ибратланишнинг ўзи энг хайрли иш. Шу жиҳатдан, адабий-илмий анжуман ўз олдига қўйган вазифани бажарди, дейиш мумкин. Лекин таъкидланганидек, «Озод Шарафиддинов сабоқлари»дан баҳраманд бўлиш эндигина бошланди. Шубҳасиз, бу анжуман анъанавий тус олади ва бутун мамлакатдаги маърифат масканларида давом этади. Бу эса, ўз навбатида, бугунги авлодларни устоз олимнинг тафаккур довонига тобора яқинлаштиради.
Нурбой Абдулҳаким
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 10-сонидан олинди.