Улуғ бобомиз Амир Темур бутун умрини халқимиз, Ватанимиз озодлиги учун бағишлади. Юртимизнинг ҳар бир қарич ери унинг учун муқаддас эди. Буни Cоҳибқироннинг мамлакатни босқинчилардан озод қилиш йўлида олиб борган халоскорлик курашлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Гарчи Амир Темур буюк давлатга асос солган бўлса ҳам, мўғул ҳокимлари тез-тез юртимизга тоғлар оша ҳужумлар қилиб турардилар. Масалан, Фарғонанинг Хитой чегарасига яқинлиги учун ҳам бу ҳудуд стратегик аҳамиятга эга эди. Шу сабабдан бўлса керак, Соҳибқирон унинг ҳокимлигини катта ўғли — қўрқмас ва баҳодир Умаршайхга берган эди. (Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо билан алмаштирмаслик лозим.) Мўғулистонда эса, дуғлат уруғидан чиққан Қамариддин кўзга кўринган амир эди. У Амир Темурга қарши деярли 20 йил (1370 — 1389) уруш олиб борди. Соҳибқирон ўз қўшинлари билан Хоразмга ёки ундан нари кетиши биланоқ Қамариддин дарҳол ҳужум бошлар, Или, Талас водийларини (Қозоғистоннинг ҳозирги Жамбул вилояти томони) вайрон қилар ва Сайрам, Чимкент орқали Тошкентни босарди.
Қадимда Жанубий Қозоғистон ва ҳозирги Жамбул вилоятидан Фарғона водийси шимолига тушадиган тарихий карвон йўли бўлган. 300 километр юрилса, Чотқол тоғларидан ошиб, бир тармоғи Наманганнинг шимолига, яна бир тармоғи ҳозирги Майлисой ва Маданият (қадимги Избоскан) томонга тушади. (Бу тоғ йўли ҳозирда ташландиқ бўлиб қолган.) Мўғул қўшинлари Қамариддин бошчилигида мана шу йўл орқали тез-тез Фарғона мулкига босқин уюштириб турарди. Амир Темур бир сафар Мўғулистонга юриш қилганида Қамариддин қочиб қутулган эди.
Тарихчи Муиниддин Натанзий Умаршайх ўғли Искандар мирзо фаолиятига бағишланган асарида ёзишича, Амир Темур бир сафар Хоразмдан қайтгач, ўғли Умаршайхни мўғулларга қарши отлантиради, ўзи эса кейинроқ улар кетидан етиб боради. Қамариддин мўғул ҳокимларини Мовароуннаҳрга қарши отлантираётганди, бироқ Умаршайх ҳужумидан хабар топиб, юришни тўхтатади. Амир Темур Қамариддинни таъқиб қилади, у тоғ томонга қочиб яширинади. Умаршайх улардан анчасини асир олиб, Фарғонага қайтади. Улуғ Соҳибқирон ўғлининг мана шу ботирлиги ва қўрқмаслиги учун, манбада ёзилишича, Ўзганни ҳам 12 тумани билан Фарғона мулкига қўшиб беради.
Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳижрий 776 йил шаъбон (мелодий 1375, январ) ойида Мўғулистон томон юриши ва ғалабаси ҳамда ундан кейинги Фарғона воқеалари ҳам диққатга сазовордир.
Ўша йили қиш қаттиқ келди, совуқ кунлар чўзилиб кетди. Амир Темур набираси (Шоҳрух мирзонинг ўғли) 18 ёшли Жаҳонгир Баҳодирни ёнига олиб, Мўғулистон томон юриш бошлади. Соҳибқирон қўшинлари Сайрам томонидан Тароз шаҳрига яқинлашганларида бу ҳақда хабар топган амир Қамариддин чекиниб, ўтиб бўлмас бир тоғ дарасига яширинган. Кўп излайдилар, лекин топишолмайдилар. Аммо уни топиб, батамом маҳв этиб, Мовароуннаҳр мамлакатининг бу асосий душманини йўқ қилмоқ керак эди. Ўшанда Хитойга ёндош Фарғона мулки ҳам хотиржам бўларди.
Академик Бўрибой Аҳмедов «Амир Темур» асарида мана шу ҳолатни қуйидагича тасвирлаган: мўғул хони Қамариддин албатта тутилиши зарур. Шу пайт Амир Темур ёнида турган амирзода Жаҳонгир бобосига мурожаат қилди:
— Ота, ижозат беринг, ўша замхдор қашқирни ўзим тутиб келай.
Соҳибқирон рози бўлади ва севикли набирасини қўшин билан Қамариддин кетидан юборади. Ўзи эса, Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, «душман кейинида Пойтоғ мавзеигача» боради.
Тарихимиз учун муҳим бўлган муаммолардан бири — «Пойтоғ»нинг қаердалигидир. «Зафарнома» таржимонлари «Пойтоғ мавзеининг ўрни аниқ эмас», деб ёзадилар ва уни Иссиқкўл атрофида деб тахмин қиладилар.
Юқорида Қозоғистоннинг ҳозирги Жамбул вилояти жанубидан Фарғона водийсига карвон йўли ўтган, дедик. Фикримизча, Амир Темур Сайрамдан Тароз водийсига (ҳозирги Жамбул) ўша йўл орқали Қамариддинни қувиб, Чотқол тоғларидан Фарғона томонга ўтган. Чунки Мўғулистон амири водийни эгалламоқчи эди-да. Шундай бўлгач, «Пойтоғ» мавзеи ҳозирги Пойтуғ (Избоскан тумани маркази) бўлиб чиқади. Низомиддин Шомий ҳам ўз «Зафарнома» асарида худди шу воқеани тасвирлар экан: «Амир Соҳибқирон душманни таг-томири билан қуритиш қасдида Бойтоққача борди», — деб ёзади. Иккала манбадаги маъно битта: бирида «Пойтоғ», иккинчисида «Бойтоғ» ёзилган.
Яна бир муаммо: шаҳзода Жаҳонгир мирзо душманни қувиб, «Уч қармон» мавзеига етганида маълум бўладики, Қамариддин хотин-халаж ва хизматкорларини шу ерда қолдириб, ўзи тоққа қочибди. Хўш, «Уч қармон» қаерда бўлди? Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»сининг таржимонлари ўз изоҳларида бу номни арабча ёзувда ўқиш қийин эканини таъкидлайдилар. Низомиддин Шомий эса, «Уч Пармон» деб ёзади. Балки, «Учқўрғон»дир? Бу — бизнинг тахминимиз. Чунки воқеалар Тароз водийсидан Чотқол орқали ўтилгач, Фарғона шимолида юз бермоқда. Учқўрғон эса, водийнинг шимоли-шарқида. Буни аниқлаш ҳам ўлкашуносликдаги вазифалардандир.
Соҳибқирон «Пойтоғ» («Бойтоқ») мавзеида 53 кун туриб, 1376 йил қишини шу ерда ўтказади. Шаҳзода Жаҳонгир мирзо қўлга тушган Қамариддин одамларини келтириб, бобосига топширади. Асирлар орасида Қамариддиннинг акаси амир Шамсиддиннинг Дилшод оғо исмли қизи ҳам бор эди. Давр удумига кўра, ғолиб подшоҳ мағлуб подшоҳ қизи ёки хотинига уйланиш одати бор эди. Одатга биноан, Соҳибқироннинг Дилшод оғога уйланиш тўйи ўтказиладиган бўлди, буни Отбошда ўтказишга қарор қилдилар. Отбош ҳозирги Қирғизистоннинг Норин вилоятида, яъни шимолдаги Чотқолга туташиб кетган Фарғона тизма тоғларининг шарқий ёнбағрида бўлиб, баҳор ва ёз ойлари гўзал бўлган кенг яйлов жой эди.
Шарафиддин Али Яздий ёзади: «Соҳибқирон Отбошга келиб, андин Арпа ёзида тушди». Низомиддин Шомийда ҳам шу мазмун: «Сўнгра у ердан (яъни, Бойтоқдан — С.Ж.) кўчиб, Отбошга келиб тушдилар ва Арпа ёзи деган жойда тўхтадилар». Яна бир муаммо — «Арпа ёзи» деган жойни аниқлашдир. Бу ерда икки ном битта қилиб ёзилган. Тарихчилар дарё ирмоқлари бўлмиш «Арпа» ва «Ясси» номларини қўшиб юборишган, уларни бир жой деб тушунишган. Эътибор бермоқ лозимки, Фарғона тизма тоғларининг шимоли-шарқий ёнбағрига Арпа дарёси оқиб тушиб, Норинга қўшилади, ғарбий ёнбағирдан эса Ясси дарёси бошланиб, водийга оқадиган Қорадарёга қўшилади. Тоғнинг мана шу сув-бўлгич довон қисмидан Ясси бўйлаб Ўзганга ўтадиган карвон йўли ҳам бўлган. Бинобарин, бу ерда гап Арпа ва Ясси дарёлари водийси ҳақида бормоқда. Шарафиддин Али Яздий таржимонлари ҳам эътибор бермай Арпа ёзи — «шу номли дарё водийси», деб изоҳлашади. (Низомиддин Шомий таржимони эса, умуман изоҳ бермаган.) Айрим манбаларда шу ҳудуд Ясси вилояти деб ҳам кўрсатилади.
Амир Темурнинг Дилшод оғога уйланиш тўйи мана шу жойда — Арпа дарёси бўйида ўтказилади. Шарафиддин Али Яздий ушбу тўй маросимига атаб алоҳида мисралар ёзган. Тўй жуда дабдабали, шоҳона ўтган. Тўйдан сўнг Соҳибқирон Амир Темур «Ясси дабондин ўтиб, Ўзганда тушдилар»(Шарафиддин Али Яздий).
Низомиддин Шомий ҳам Соҳибқирон Ўзганга келганини ёзади. Ўзганга келиш боиси эса бундай: 1376 йил ёзининг бошланиши эди. Соҳибқироннинг ҳазрати олиялари Қутлуғ Туркан оғо барча хизматкору беклари билан Самарқанддан Фарғона водийси ерларидан ўтиб, Ўзганга келишган эди. Улар Отбошда — Арпа дарёси бўйида ўтган тўйни муборакбод қилмоқ учун юришгану, бироқ кеч қолишганми — бу ҳақда аниқ маълумот ёзилмаган. Улар Самарқанддан Ўзганга келганлари ҳақида Амир Темурга хабар борган ва Соҳибқирон ҳам одамлари билан Отбошдан Ясси довони орқали Ўзганга келган. Қутлуғ Туркан оғо бир тош масофага чиқиб, Амир Темурни кутиб олган.
Уларнинг Ўзганда биринчи қиладиган ишлари ҳазрат Саййид Бурҳониддин Қиличнинг муборак мозорини зиёрат этиш эди. Тарихдан маълумки, Саййид Бурҳониддин Қилич жаноби Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг Фарғона водийсига келиб қолган авлодларидан бўлиб, Ўзган шаҳри Қорахонийлар давлатининг пойтахти бўлган даврда (XII аср) шу ерда истиқомат қилганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг берган маълумотларига қараганда, барча давлатларда Фарғонанинг хатиб имомлари-ю, қозилари Бурҳониддин Қилич авлодларидан тайинланган. Соҳибқирон Амир Темур эса, эътиқоди мустаҳкам, мусулмони комил инсон бўлгани сабабли уларнинг Ўзгандаги биринчи ишлари Ҳазратнинг мозорини тавоф этиш бўлди. (Шу қадимий удум Мовароуннаҳрда ҳозиргача сақланган, яъни бирон шаҳарга борган мусофир ёки йўловчи аввал шу ерда ўтган улуғ кишиларнинг мозорларини зиёрат қилади.)
Зиёрат тантанаси ҳам шоҳона ўтган: Соҳибқирон, завжалари Қутлуғ Туркан оғо, набиралари амирзода Жаҳонгир ва амирлару беклар тўғри Бурҳониддин Қилич мозорига борадилар. Қуръон тиловатлари бўлади, қон чиқарилиб, ошлар тарқатилади. Мозорнинг шайхлари, қорилар ва барча хизматчиларига шоҳона садақалар берилади. Амир Темур мозор учун ўн минг қўй, уч юз от ва бир туман кепаки динор ҳадя қилади.
Соҳибқирон аёллари билан Ўзганда қанча муддат турганлари манбаларда ёзилмаган. Ҳар ҳолда, бир неча кун туришган ва Амир Темур шаҳар атрофини айланган. Чунки Ўзган Хитойдан келадиган карвон йўлининг устида жойлашган ҳарбий-стратегик аҳамиятга молик шаҳар эди. Ўзган шарқидаги ҳозирги Қорашўра мавзеидан 30 километрлар чамаси шарқда, Ясси дарёси бўйида жуда кенг сайҳон майдонда қадимий тўрт бурчакли пишиқ ғиштларнинг жуда кўп парчалари ҳозиргача сочилиб ётади. Хотираларга қараганда, қадимда бу ерда хитойликларнинг улгуржи савдо ярмаркаси бўлган(катта текислик майдон ҳамон сақланган). Халқ нақлларида бу ер «Чит бозори» дейилади. Улуғ Соҳибқироннинг бу ерлар билан қизиқмаслиги мумкин эмас эди. Бундан ташқари, Жалолобод ва Бозқўрғон атрофларида Амир Темур номи билан боғлиқ тарихий тепаликлар сақланган. Булар Соҳибқирон Ўзганда бўлганида қўриқчи қўшинлари жойлашган истеҳкомларнинг ўрнидир.
Соҳибқирон Самарқанддан келган меҳмонлари билан бирга Фарғона водийси бўйлаб — Ўзгандан Хўжанд томон йўлга чиққан. Хўш, Амир Темурнинг Ўзган — Хўжанд йўли қаерлардан ўтган бўлиши мумкин? Бизнинг текширишларимиз натижаларига қараганда, Ўзгандан Қора-дарёнинг ўнг соҳили бўйлаб қадимий карвон йўли ўтган ва бу йўл ҳозирги Кампирравот орқали Қорасув массивини оралаб ўтиб, Ўш — Қува савдо йўлининг Андижон тармоғига қўшилган. (Бу йўлнинг Кампирравот — Ўзган қисмини биз пиёда босиб ўтганмиз. Ҳозир у йўл сув омбори остида қолиб кетган.) Ушбу йўл Марғилон орқали давом этиб, Фарғона тизма тоғлари орқали Хитойдан келган йўлга қўшилган ва “Бобурнома”да “Бандисолар” деб аталган. У Андижонни Ахси билан боғловчи карвон йўлига туташган, сўнгра Сирдарё орқали Хўжанд йўлига қўшилган.
Фикримизча, Амир Темур Ўзгандан мана шу йўл орқали Хўжандга жўнаган. Академик Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, Соҳибқирон 1376 йил ёзининг қолган қисми ва бутун кузни Фарғона водийсининг гўзал манзилгоҳларида ўтказган. У шаҳар-қишлоқларни кўздан кечирган бўлиши мумкин. Ов қилган, улуғлар, уламолар билан суҳбатлар қурган. Амир Темур, шубҳасиз, Андижонда ҳам бўлган чиқади. Бу хулосамизни тасдиқловчи далил шуки, Андижон сўнгги мўғул хонларидан Дува(Тува)хон даврида, яъни XIV асрдан Фарғона мулкининг марказига айланиб, унинг қалъа деворлари тикланган, шаҳарга «Қуббат ул-ислом» деган фахрий диний унвон берилган эди. Дувахон шаҳарда ўз номига «Намозгоҳ» масжиди қурдирганлиги маълум. (Шаҳар тарихида ва халқ оғзида машҳур «Дувахон масжиди».) Бинобарин, Соҳибқирон Андижонга қўниб ўтмаслиги мумкин эмас.
Хўжанд ҳокими Одилшоҳ Амир Темурни Марғилонга келиб кутиб олади. Бирга Хўжандга келишиб, Соҳибқирон уч кун меҳмонда бўлади. Амир Темур шарафига тўй берилади, совғалар улашилади, ов уюштирилади. Ниҳоят, Амир Темур Хўжанддан Самарқандга жўнайди ва у ерда кўп турмай, Қарши сафарига отланади.
Шундай қилиб, Соҳибқирон Амир Темур бош ғаними — мўғул хони Қамариддин устидан ғалаба қозонади ва унинг Фарғона водийсига бўлган шиддатли ҳужумларига зарба беради, бу ўлканинг хавфсизлигини таъминлайди. Бироқ, Қамариддиннинг ўзи қўлга тушмайди. У кейинги йиллари ҳам Соҳибқиронга қарши оз куч билан ҳужумлар уюштириб юрди, лекин улар энди хавфли эмасди. Ниҳоят, 1389 йили Қамариддин саргардонликда оламдан ўтади.
Қиссадан ҳисса шуки, улуғ Соҳибқироннинг Фарғона водийси билан алоқадорлиги далилларини аниқлаш ва чуқурроқ ўрганиш учун тарихчиларимиз, ўлкашуносларимиз олдида бир қанча муҳим вазифалар туради. Чунончи:
Амир Темур қадами теккан ва 53 кун истиқомат қилган Пойтоқ (Бойтоғ) чиндан ҳам бугунги Пойтуғми ёки бошқа мавземи?
«Зафарнома»ларда «Уч қармон», «Уч пармон» деб икки хил ёзилган бир жой номи аслида «Учқўрғон» эмасмикан?
“Арпаёзи” деб тилга олинган ном аслида “Арпа” ва “Ясси” номли, ҳозир ҳам мавжуд бўлган дарёча ирмоқларининг бирга қўшиб ёзилгани эмасмикан?
Хитойдан Фарғонага йўналган қадимий савдо йўли(«Буюк Ипак йўли»)нинг бир тармоғи Норин, Отбош орқали, «Зафарнома»ларда «Ясси довон» деб, «Бобурнома»да эса, «Андижон довони» деб аталган довондан ўтиб Ўзганга, ундан Андижонга келгани шубҳасиз. Вазифа — бу йўналишлар бўйлаб махсус ўлкашунослик юришлари уюштирилмоғи ва аниқликлар киритилмоғи лозим. Бунда Жалолобод ва Бозорқўрғон атрофидаги Амир Темур номи билан боғлиқ тепаликлар ҳам назарда тутилади.
Соҳибқирон Ўзгандан Фарғона водийси орқали Хўжандга ва ундан Самарқандга юрган экан, Андижоннинг қаерларида бўлган? Чунки Марғилонга бориш учун қадимда ҳам йўл Андижон орқали эди.
Бу ва тарихимизга доир бошқа муаммолар ўлкашуносларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ойдинлашади. Ўлкашунослар ва мактаб ўқувчиларининг махсус юришлари уюштирилиб, жойларда халқ оғзидаги тарихий нақллар ёзиб олинмоғи, қадимий йўллар, ариқ-каналлар, карвонсаройлар ҳақида маълумотлар тўпланиб, уларнинг номларини аниқламоқ, турли хотираларни ёзиб олмоқ лозим. Ниҳоят, улуғ бобомиз ўтган йўлларнинг маршрутини белгилайдиган харитани тайёрламоқ зарур. Бунинг учун мактаблардаги фидойи тарихчиларимиз олимлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатмоғи мақсадга мувофиқдир. Ана шунда жаноб Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг “Ватанни севмоқ иймондандир” деган чақириқ ҳадисларига ҳам муносиб иш қилган бўламиз.
Сайфиддин ҳожи Жалилов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 14-сонидан олинди.