Адабиётда ҳамиша янги сўз, янги овозга эҳтиёж бўлади. Бусиз адабиёт ривождан тўхтайди. Бир жойда туриб қолади ва ўзини-ўзи такрорлай бошлайди. Бу майдонга йўл ёш истеъдодлар учун ҳамиша очиқ бўлиши керак. Ҳаётни ижодкор кўзи ва диди билан кузатишга, бадиий идрок этишга қодир истеъдодлар қанча кўпайса, адабиёт шунча гуллаб-яшнайди, халққа манзур асарлар юзага келади.
Албатта, ёш қаламкашлар бирданига қанот ёзиб, парвоз қила олмасликлари мумкин. Улар ҳали ўз сўзлари, ўз овозларини, йўл ва ирмоқларини топишлари керак. Сўз масъулиятини ҳис этишда тажриба орттиришлари, бадиий тафаккур борасида устоз адиблар яратиб кетган маҳорат мактабларида сабоқ олишлари, уларга эргашишлари лозим бўлади…
Ёш ижодкорларнинг Зомин туманидаги сўлим “Ўриклисой” оромгоҳида бу йил ўнинчи бор ўтказилган семинар-кенгашда қатнашар эканман, кўнглимдан шундай мулоҳаза ўтди.
Бугун адабиётимизга ижодкор ёшлар шитоб билан кириб келишмоқда. Уларнинг машқларидан бугунги кунимизнинг шиддатли нафасини сезиш мумкин — фикрлар, эътирофу эътирозлар, баҳолар, қиёслар ва ҳатто, муҳаббат изҳорлари ҳам бирмунча тортинчоқлик, камсуқумлик билан эмас, дангал, очиқчасига айтилади. Улар ҳаётий воқеа-ҳодисаларни, юракларига яқин туйғуларни бор бўй-басти билан, бутамай-тарамай тасвирлашга, янги гап айтишга ва ижод бўстонида ўзларини тезроқ намоён этишга шошиладилар. Гоҳо ҳаяжон босиб, меъёр қирғоқларидан ошиб кетишади. Аммо ниятлари тоза ва пок. Ёшлик эҳтироси, ғайрати улар қалбини эзгу туйғулар билан тўлдирган. Шу маънода ўз йўллари, ўз сўқмоқларидан юриб, ўз сўзларини айтишга интилаётган, ҳароратли мисралари баъзи устозларникидан мутлақо қолишмайдиган ёшлар ҳам бор. Кўплари ҳозирнинг ўзидаёқ камида битта-иккитадан китоб чиқазишга улгуришган ҳам.
Бир қарашда ҳаммаси жойида, кўнгилдагидек. Бу ёшда ҳеч ким бирданига Қаҳҳор ёки Ойбек бўлиб қолмаган. Янглишишлар бор, бўлади ҳам. Аммо мени шеър ва ҳикояларнинг мавзулари қизиқтиради. Шу мавзулар орқали ёш қаламкашларнинг кўнглини, дилини, дунёқарашини, уларни безовта қилаётган муаммоларни англамоқчи бўламан. Уларнинг қораламаларида бугунги куннинг воқелиги, мазмун-моҳияти, мураккабликлари, Ватан туйғуси, миллий қадриятлар акс этганми? Ёш ижодкорларимизни бугун нималар кўпроқ қизиқтиради, кўнгилларида не гаплар бор?
Машқларга айни шу жиҳатдан кўз ташлайдиган бўлсак, кўнгилни хотиржам қиладиган шеър, ҳикоя, қисса ва драмаларга, жаҳон адабиёти намуналаридан, қардош адабиётлардан қилинган таржималарга ҳам дуч келамиз. Миллий адабиётимиз дарёсига муносиб ирмоқ бўлиб қўшиладиган овозлар бор. Уларни Зоминда, Элликқалъада, яқиндан бери Наманган вилоятининг тоғли Поромон қишлоғида ўтаётган маҳорат танловларида учратиб турибмиз.
Лекин кўпчилик ҳаваскорларнинг машқларида бир қарашда у қадар кўзга ташланмайдиган, шеър ёки ҳикоя алоҳида-алоҳида ўқилганда ҳатто сезилмайдиган ҳам қусурлар борки, улар тўғрисида жиддий мулоҳаза юритишга тўғри келади. Бу қусурлар, аввало, бугун адабиётимизда анча кенг тарқалган тақлид, кўр-кўрона эргашиш, ифода усулларидаги бир хиллик билан боғлиқ. Ёш қаламкашлар ўзлари севиб ўқийдиган шоир ёки адиб ижодига, унинг услуби ва ҳатто шеър ўқишигача, билиб-билмай, тақлид қиладилар. Бу йўл, охир-оқибат, ҳар қандай истеъдодни сўндиради, бу йўлни танлаганлар, бора-бора кимнингдир соясида қолиб кетади.
Иккинчи жиддий бир қусур шуки, кўпчилик қаламкашлар бугун “сариқ матбуот” саҳифаларида гуррас-гуррас, пешма-пеш эълон қилинаётган ўртамиёна машқларни шеър, ҳикоя ва қисса деб, адабиёт деганлари шу экан-да, дея улардан андоза олиб ижод қилмоқдалар. Ёш носирларимизнинг машқларида тўқима сюжетлар, сохта тасвирлар, ҳаётда ҳали ўзлари дуч келмаган, бошдан кечирмаган воқеа-ҳодисаларни ипидан-игнасигача тасвирлаш, йиғлоқилик, ҳаётдан совиш ва бошқаларга ҳам шу туйғуни сингдириш ҳисси шу қадар кучлики, ҳайратдан ёқа ушлагинг келади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўрта мактаб ёхуд коллеж ўқувчиси бахтсиз севги, никоҳсиз туғилган бола, тўлғоқ азоби, хиёнат устида қўлга тушган келинчак, ўз уйида қўшмачилик қилаётган беҳаё аёл ҳақида ёза бошласа, хиёнат онларини батафсил тасвирласа, бепуштлик сабабларини қидириб кетса, буни қандай тушуниш мумкин? Мен бу ерда Зоминда ўқиганларимнигина эмас, таҳририятга ҳавола этилаётган машқларни, енгил матбуот саҳифаларида эълон қилинаётган “асар”ларни, турфа хил тайин-бетайин нашриётларда чоп этилаётган китобларни ҳам кўзда тутаяпман. Бу ҳолатга бефарқ қараб туришимиз мутлақо мумкин эмас.
Демократия шароитида турфа хил нашрларнинг пайдо бўлишини, шубҳасиз, ҳаммамиз табиий ҳол, деб биламиз. Вақт ҳали уларни ўз элагидан ўтказади, бугунги куннинг талабларига дош бера олгани қолади, бошқалари эса иши юришмаган хусусий дўкондай, вақти келиб ўз фаолиятини тўхтатади, ёпилади. Демакки, хавотирга тушмаса ҳам бўлади. Аммо бу хотиржамликнинг хавфли бир томони бор. Бозор матбуотига ҳам янги муаллифлар, янги номлар, “ажойиб-ғаройиб” истеъдодлар керак. Шу боис, улар ҳам ўз “маҳорат мактаблари”ни яратмоқда, ёш қаламкашларни бугун нима урф бўлган бўлса, ёшларни ҳаётдаги қайси ҳолатлар қизиқтираётган бўлса, шулар тўғрисида ҳеч тортинмай, бемалол бозорбоп, харидорбоп қилиб ёзишга ўргатмоқда. Бу “маҳорат”дан сабоқ олиб, бир-икки йил қалам тебратган, ўз йўналишида анча кўриниб қолган “ижодкор”га “Ҳой биродар, бадиий асар дегани бундай ёзилмайди”, деб кўринг-чи, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев маҳоратидан гап очинг-чи, уларнинг энг сара асарларини ўқиганмисиз, деб сўранг-чи. Улар эмас, ўзингиз хижолат бўлиб кетасиз. Бундай “ижод” намуналарида миллий ғурур, орият, ҳаё деган тушунчалар бир чеккада қолиб кетади. Улар ўрнини шаҳвоний ҳис-туйғулар эгаллайди.
Шундай экан, катта адабиётимизга кириб келаётган эртанги ўринбосарларимизнинг ижодий тақдирига бефарқ бўлмайлик. Уларни ўз бағримизга олайлик. Шу маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қатор вилоятлар ҳокимликлари, «Камолот” ёшлар ҳаракати билан биргаликда ўтказаётган тадбирлари, вилоятларимизда ижод қилаётган бир қатор истеъдодли қаламкашларнинг уюшма аъзолигига қабул қилиниши ва Олий адабиёт курси машғулотларига жалб этилиши ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Аммо бу билангина чегараланиб қолмаслик керак. Ёш қалам соҳиблари билан Жиззах ёки Элликқалъадагина эмас, ҳамма жойда — Андижонда, Қўқонда, Наманганда, Сурхондарё ва Қашқадарёда ҳам доимий равишда мулоқот олиб бориш лозим. Бунда устозлар зиммасига катта масъулият юкланади. Чунки ёшлар устоз кўрмасалар, маҳоратнинг чинакам мактабларини ўтамасалар, Адабиётнинг, Сўзнинг муқаддаслигини, ижодкорнинг жамият олдидаги масъулиятини ҳис этмасалар, эртага бошқалар, бошқа “мактаблар” таъсирида турфа хил мақомларга йўрғалаб кетишлари мумкин.
Шу сатрларни қоғозга тушираётганимда, журналистика факултетига ўқишга кириш учун ҳужжатларини топширган ёш қизча таҳририятимизга отаси билан бирга кириб келди. Бир даста шеърни қайта-қайта ўқиб, аранг биттасини танладим.
— Майли битта бўлса ҳам чиқсин, — деди ота мамнунлик билан. — Қолганлари, газетага ўтмаса, китобда чиқаверади…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 29-сонидан олинди.