1946 йил. Қишнинг аёзли кечаси. Марзия бувим: «Юлдузла-а-р, жигаргўшам Акбарга салом айтингла-а-р!» дея илтижо қилиб, ҳаётдан кўз юмганлари ҳамон кўз олдимда. Бундан кейин яна ўн йиллар ўтди, лекин ундан дом-дарак бўлмади.
Акбарбек ким эди? Энди 31 ёшни қоралаган, аммо ўз соҳасида икки китоб ёзиб улгурган ва нашр эттирган биринчи ўзбек библиографи Акбарбек Долимов ким эканлигини ҳозирда кўплар билмаслиги мумкин. Ака-укаларнинг гапларига қараганда, Акбарбек ўрта бўйли, анча кўркам одам бўлган, адабиёт ва санъатни жон-дилидан севган, танбурни яхши чалган.
Акбарбек Долимов 1910 йили Тошкентнинг Сағбон маҳалласида Долимбек Норбеков оиласида олтинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Дастлаб шу маҳаллада илк бор очилган Ғулом Қодир домланинг «усули жадид», кейин ҳамма қатори шўро мактабида ўқиди. Унинг болалик, ўсмирлик йиллари Сағбон, Эски Жўва, Чорсу, Шайхованд Таҳур, Хадра, Чиғатой мавзеи маҳаллалари учун ўрталиқ бўлган маърифат маскани — «Турон» кутубхонасида ўтди. У айнан шу ерда миллатни истиқлол сари етаклаган Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, тоғалари Мирмулла, Мирмуҳсин, Мирмуслим Шермуҳамедовлар, Элбек, Абдулла Қодирий каби жадид мутафаккирлари таъсирида бўлган, уларнинг асарлари билан илк бор шу масканда танишган. Қолаверса, «Турон» кутубхонаси ёшларнинг энг севимли маскани эди. Ёш Акбарнинг келгусида библиограф бўлиб етишувига Эски Жўвада очилган худди шу «Турон» кутубхонаси ва қироатхонаси сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.
Шу ўринда икки оғиз сўз «Эски Жўва» мавзеи ҳақида.
Бу ер Тошкентнинг энг кўҳна мавзеларидан бири бўлган. Абдулла Қодирий, Ойбек каби улуғ ёзувчилар ҳам ўз асарларида бу мавзени кўп тилга оладилар. Жадид мутафаккирларининг фаолияти кўпроқ Эски Жўвада кечган. Ундаги ҳар бир кўча, ҳар бир бино жадидлар фаолиятини эсга солиб туради: «Турон» хайрия жамияти ва унинг қошидаги «Турон» кутубхонаси ва қироатхонаси, «Турон» газетаси ҳозирги Халқ банки ҳамда «Турон» кутубхонаси биносида, «Турон» театр труппаси собиқ Викула Морозов дўкони (ҳозирги Ёш томошабинлар театри) жойлашган бинода фаолият кўрсатган. «Турон» атамаси жадид мутафаккирлари учун Ватан тимсоли сифатида муқаддас бўлган. Абдурауф Фитрат она-Ватанига «Туркликнинг муқаддас ўчоғи, Турон!» деб мурожаат қилгани бежиз эмас.
1918 йил 12 майда Халқ дорулфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети) ҳам Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигида, шу «Эски Жўва» мавзеидаги собиқ Викула Морозов дўкони биносида тантанали равишда очилган эди. Жадид публицист-олимлари ва шоирлари Мирмулла ҳамда Мирмуҳсин Шермуҳамедовлар ва уларнинг куёви атоқли шоир Машриқ Юнусов — Элбек мана шу мавзеда — «Маҳсидўзлик» маҳалласида яшаган, уларнинг ижоди шу ерда шаклланган. Эски Жўванинг ёнгинасида «Беклар беги» (шўролар даврида бузиб ташланган) ва «Кўкалдош» мадрасалари ёшлар билан гавжум бўлиб, уларнинг аксарияти жадидчилик ҳаракати таъсирида эди. Бир томонида эса Тошкентнинг энг катта Эски Жўва бозори жой олган. ХХ аср бошларида фаолият кўрсатган маърифатпарвар боболаримизнинг кутубхона учун жой танлашдаги ақл-заковатлари кишини ҳайратга солади. Ҳозирда Эски Жўва мавзеи катта ўзгаришга юз тутди, энди истиқлол фидойиларидан қолган биноларни асраб-авайлаш, таъмирлаш ва иложини топиб Эски Жўва мавзеида «Жадидлар хиёбони» ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Акбарбек Долимов ҳам миллатнинг истиқлол сари интилишига бош бўлган мана шу муҳитда вояга етган. У 1927 йили Тошкент кутубхоначилик курсида ўқийди ва уни 1929 йили тугатиб, ўзи меҳр қўйган «Турон» кутубхонасига ишга киради. 1932 йилдан бошлаб ўқишни Тошкент педагогика институтида давом эттира бошлайди.
1930 йиллардан бошлаб оила бошига турли-туман ташвишлар тушади. 1933 йили Долимбекка укалари Комилбек ҳамда Каримбек Норбековлар қатори «ҳақсиз» деб тамға босилади. Комилбек ва Каримбек қамоққа олиниб, Новосибирскка сургун қилинадилар, уларнинг ҳовли-жойлари тортиб олинади: Долимбек Норбеков ҳовлисига Калинин район партия комитети, Комилбек ҳовлисига шу район ижроия комитети, Каримбекникига эса район суди маъмурияти жойлаштирилган. Комилбек ва Каримбек Норбековлар тақдири алоҳида мақола мавзуи.
Долимбек ўн тўрт фарзанди билан кичик бир ҳовлига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Аммо унга бу ерда ҳам тинчлик беришмади. Бу воқеа энди фарзандлар қисматига ҳам ўз соясини сола бошлади: улар бойнинг, қулоқнинг болалари сифатида олий ўқув юртларидан қувғин қилиндилар. Мана шундай ўта оғир, таҳликали йилларда Долимбек авжи йигит ёшидаги ўғилларини оила қучоғидан, маҳалладан узоқлаштиришга мажбур бўлди: Усмонбек (Субутой Долимов — қавс ичидаги барча изоҳлар мақола муаллифига тегишли) дўсти Саидмаҳмуд Саидрасуловнинг Шайхованд Таҳур даҳа Баланд масжид маҳалласидаги уйида (Саидмаҳмуд атоқли педагог Саидрасул Саидазизовнинг ўғли) Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар ТошМИ, Акбарбек эса Педагогика институти ётоқхоналарида яшайдилар. Энг катта ўғил Нуъмонбек Долимов укалари ва сингилларини тарбиялашда, уларни ўқитишда ҳам иқтисодий, ҳам маънавий томондан ҳамма имкониятларидан айрилган отаси Долимбекка ёрдам беради, унга ғамхўрлик қилади. Фарзандлар маҳалла-кўй, ҳукумат одамлари кўрмасин учун ҳафтада, ўн кунда бир қоронғи тушганда ота-она қучоғига келиб, тонг ёришмасдан ўқишларига кетар эдилар. Улар минг машаққатлар билан бирин-кетин олий ўқув юртларини битирдилар ва халқ хизматига киришдилар. Акбарбек ўша вақтда «Октябр» («Турон») кутубхонаси (1928-1992 йилларда 64 йил «Октябр» номи билан аталган) номидаги кутубхонада библиограф сифатидаги ишини давом эттиради. Тез орада у шу кутубхонанинг раҳбари даражасига кўтарилади, бир неча йил директор бўлиб ишлайди. Унинг бошчилигида октябр тўнтаришигача ва ундан кейинги вақтли матбуот: «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона», «Халқ дорулфунуни» газеталарининг; «Ойна», «Ал-ислоҳ», «Ер юзи», «Ўзгаришчи ёшлар», «Маориф ва ўқитғувчи», «Янги йўл» каби журналларнинг тўлиқ бойламлари вужудга келтирилди. Акбарбек Долимовнинг кутубхонани янада бойитиш, библиография фанини ривожлантириш соҳасидаги фаолияти учун 1934 йили «Ўзбекистон меҳнат зарбдори» фахрли унвони берилган эди.
А.Долимов 1934 йили Файзулла Убайдуллаев билан ҳамкорликда «Мукаммал илмий библиография» китобини яратди. 252 саҳифали ушбу асарда 1925-1934 йилларда ўзбек тилида нашр этилган уч мингга яқин китобнинг умумий таснифи берилган. Бу асар ўзбек библиографияси соҳасида яратилган биринчи китобдир. Китоб Ўзбекистон Давлат нашриётида 1934 йили босмадан чиқарилган. Акбарбек Долимов ва Собир Солиҳов 1937 йили республика кутубхоначи ва библиографларига методик ёрдам сифатида «Унли классификация» асарини нашр эттирдилар. Ҳар иккала асарда ҳам биринчи муаллиф сифатида А.Долимов қайд этилган. 1930 йилларда атоқли библиограф, шарқшунос олим Абдулла Носиров Акбарбек Долимов билан бирга «Турон» кутубхонасида фаолият кўрсатган. У 1972 йили Акбарбек Долимов маъракаси куни ака-ука Нуъмонбек, Субутой, Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар билан бўлган суҳбатда шундай деган: «Акбар Долимов кутубхоначилик ишининг катта билимдони эди. «Турон» кутубхонасининг Республика миқёсида эътибор қозонишида, улкан маърифат ўчоғига айланишида унинг ҳиссаси салмоқли. 30-йилларда «Ойна», «Садойи Фарғона», «Туркистон» тахламларини тартибга солиш анча оғир кечган. У Самарқандда Ҳожи Муин Шукрулло, Абдуқодир Шакурий; Қўқонда Абдуваҳоб Ибодий, Пўлатжон домла Қаюмов; Тошкентда Муҳибқори Орифийлар билан алоқада бўлиб, улардан етишмаётган номерларни олиб, тахламларни тўлдирди. Бу тахламлар ҳозир Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ҳамда Шарқшунослик илмий текшириш институти кутубхонасида сақланмоқда. Акбар қамоққа олинганда йигит ёшида эди, аммо кутубхоначиликка оид бир неча асарлар ёзиб қолдирди. Бундай машъум воқеа бўлмаганда, у албатта катта библиограф, манбашунос олим бўлиб етишиши мумкин эди. Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин» (Суҳбат 1972 йил 25 октябрда ёзиб олинган).
1930 йилларнинг иккинчи ярмида оммавий қамашлар авжига чиқди. Маълумотларга қараганда, 1938 йилнинг ўрталарига келиб, миллий зиёли раҳбар ходимларнинг олтмиш фоизи қатағон қилинади. Боз устига, иккинчи жаҳон уруши ҳам бошланди. Долимбекнинг икки фарзанди — Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар урушнинг дастлабки кунлариёқ врач-хирург сифатида ҳаракатдаги армия сафидан ўрин олдилар. Миллатнинг бошига чексиз фожиалар ёғдирган мавжуд шўро тузумини эмас, халқини, Ватанини ҳимоя қилаётганликларини улар яхши билар эдилар.
Акбарбек Долимовнинг қамоққа олиниши оммавий қатағоннинг навбатдаги ўрамига — иккинчи жаҳон урушининг бошларига тўғри келади. Худди шу даврда совет ҳукумати халқни «ҳушёрлик»ка чақириш баҳонасида яна шубҳа остига олинган кишиларни йўқ қила бошлади. 1941 йилнинг ноябр ойида НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) ходимлари «Октябр» кутубхонасининг бир йўла тўрт ходимини — Акбар Долимов, Раҳимжон Иброҳимов (ўша йили директор бўлган), Асад Убайдуллаев, Аҳад Турсуновларни қамоққа олдилар. «Катта савдогар оиласидан чиққан» А.Долимовни аксилинқилобий ташвиқотлар олиб борганликда айблайдилар. Дастлабки тергов 19 ноябрдан 26 ноябргача узлуксиз давом этган. Тергов давомида инсон руҳига кучли таъсир кўрсатувчи усуллардан фойдаланилган. Агар тергов ходимлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, оила аъзоларига тазйиқ ўтказиш билан қўрқитганлар. Терговда ҳуқуқий меъёрларга умуман амал қилинмаган, уларнинг асосий усули қўрқитиш, азоб бериш бўлган. Бундай терговлар фақат унинг аксилинқилобий фаолиятини тасдиқлашга қаратилган эди. Аммо Акбарбек Долимов: «Мен ҳеч қандай аксилинқилобий фаолият олиб борган эмасман, менга ёпиштирилаётган айбларнинг бирортасини қабул қилмайман», деб рад этган. Шунга қарамай, 1941 йил 26 ноябрда тузилган айблов қарорида қуйидагиларни ўқиймиз: «Аксилинқилобий кайфиятда бўлган А.Долимов 1939 йилдан совет ҳукуматига қарши йиғин (гап)ларда қатнашган ва аксилшўровий руҳдаги гуруҳлар билан партия сиёсатини танқид қилган».
Шундай айблов билан ушбу гуруҳ иши СССР Ички ишлар Халқ комиссариятининг Махсус Кенгашига оширилган. Кенгаш Акбар Долимов ва Раҳимжон Иброҳимовни отувга ҳамда мол-мулкини мусодара қилишга; Аҳад Турсунов ва Асад Убайдуллаевни 10 йил озодликдан ҳамда 5 йил сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳукм чиқарган.
Даҳшатли тузум бундай ваҳшийлик билан ҳам чекланган эмас. Ҳукм чиқарилгач, маҳкумларнинг «ўз айбларига иқрорнома»си ёздириб олиниб, ундан кейингина афв этиш ҳақида ариза ёзишга рухсат берар эдилар. Акбар Долимов қисмати ҳам шундай бўлган. Унинг шахсий ишида афв сўраб ёзган «иқрорнома»сида шундай сўзлар бор: «Менга белгиланган отув жазосини енгиллаштиришингизни илтимос қиламан, чунки менинг қарамоғимда етти жон бор». Албатта, бундай илтижолар инобатга олинмаган. Бундай асоссиз ва ўта фожеий ҳукм ўша даврда одат тусига айланган эди.
Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар жанг майдонларида Ватан учун жон олиб, жон бериб, кураш олиб бордилар, улар ҳатто япон милитаризмига қарши курашда ҳам фаол қатнашиб, 1946 йили ғалаба билан оила қучоғига қайтдилар. Аммо Акбар Долимов қатағондан қайтмади. Шўролар қирғин-қатағони шунчалар даҳшатли эдики, унинг чангалидан омон қолиш тегирмондан бутун чиқиш билан баробар эди. Ота-она фарзанд доғида ҳаётдан кўз юмдилар, ака-укаларининг турли идораларга елиб-югуришлари ҳам натижа бермади…
1972 йил. Июл тунларидан бирида кечаси соат 1-2 ларда Нуъмон Долимовнинг эшиги тақиллайди. Эшикни очадилар, бемаврид келган киши ўзини Давлат хавфсизлиги қўмитасининг полковниги Казаков деб таништиради. У қизи университетга ўқишга кираётганини айтиб, бу ишда Нуъмон Долимовдан ёрдам сўрайди. У ёрдам беражагини айтиб, укаси Акбарбекнинг тақдири нима билан тугаганини ҳужжатлар билан билиб беришни илтимос қилади. 20 кунлар вақт ўтгач, Казаков А.Долимовнинг 1942 йил 26 августда «халқ душмани» сифатида отиб ташланганлиги, 1956 йил 14 июнда унинг иши қайта кўриб чиқилиб, оқланганлиги ҳақидаги ҳужжатни Н.Долимовга топширади.
Эътибор беринг, Акбар Долимовнинг отиб ўлдирилганлигини, ҳатто оқланганлигини халқдан сир сақлаганлар, оила аъзоларига ҳам билдиришни лозим деб ҳисобламаганлар. Бўлмаса, 1945 йили уруш тугагач, Қаҳрамон она Марзия Қозоқбоева (14 фарзанднинг онаси) сўнгги бор ўғли Акбарбекнинг тақдирини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссарлигига хат билан мурожаат қилган. НКВДнинг хатга берган жавобида айтилишича, Акбарбек Долимов Красноярск ўлкасига сургун қилинган. Аслида эса у Тошкентда 1942 йилдаёқ отиб ўлдирилган экан. Онаизор ўғлини кута-кута адойи тамом бўлди. Қаранг, инсон тақдирига, бутун бир оила қисматига шунчалар эътиборсизлик! Шу тариқа Акбарбек Долимов оиласи бутунлай барбод бўлди.
Шундан кейингина Долимовлар оиласи — Акбарбекнинг ака-укалари, опа-сингиллари аза эълон қилади, юртга маърака оши бериб, унинг руҳига Қуръон бахшида қиладилар. Бу қизил салтанатнинг Долимовлар оиласи бошига ёғдирган фожиаларидан «бир шингил», холос.
Табиийки, бу гапларни кеча — шўролар замонида айтиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмас эди. Шунинг ўзиёқ мустақилликнинг бизга нима берганини англатмайдими?! Ахир, инсон қадридан юксак нима бор?! Шу юртнинг озодлиги, шу элнинг саодати йўлида қирғин-қатоғонга учраганлар руҳини ёд этар эканмиз, бугунги кунларга шукрона айтамиз, шаҳид кетганларнинг пок руҳлари олдида қарздор эканимизни яна бир бор ҳис этамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 32-сонидан олинди.