Алишер Назар. Оби раҳматсиз булут (2001)

Матбуот – муқобилсиз куч

Дунё ўзгарди. У шу қадар ўзгардики, кўз ўнгимизда ҳеч нарса бу қадар ўзгармайди. Ахир бундан атиги йигирма йил илгари “Бир куни СССРдек мамлакат тариқдек сочилиб кетади” деган гап энг хаёлпараст одамнинг ҳам хаёлига йўламасди. “Берлин девори” бир куни дунёни ларзага солиб қулаб тушади, деган фикрдан аҳмоқнинг ҳам лабига учуқ тошарди. Аслида биз ўша хаёл суриб, лабимизга учуқ тошиб юрган замонларда, наздимизда мангу барқарор турадиган Қизил империянинг суроби тўғриланиб, “Берлин девори”га дарз кетаётган экан. Орадан 4-5 йил ўтиб, 1985-86 йилларда эса Қизил империянинг “ўлиши” ҳақида хаёл суриш мумкин бўлиб қолди. “Берлин девори”даги дарз эса узоқ-узоқлардан ҳам кўрина бошлади.

Ўша долғали йилларда тилимиз тагида маддалаб ётган гаплар бош кўтара бошлаган эди. бу ҳолатни кўпчилик “тепа”дан берилган ошкораликнинг мўъжизаси деб қабул қилди. Аслида бугун тарихни варақлаб чиққан киши шу нарсага амин бўладики, бу мўъжиза эмасди. Бу – етилиб келган ВАЗИЯТ эди. Бунинг учун Горбачёвга раҳмат айтишнинг ҳожати йўқ. Чунки Горбачёв “марҳамат, гапир” дегани билан нимани гапиришни ҳам билиш керак эди. Одамларнинг кўпчилиги эса нимани гапиришни яхши биларди. Улар бу журъатни ғойибдан олмаган эди. Аксинча, мавжуд оғир ижтимоий-сиёсий вазиятнинг йиллар давомида берган маҳсули эди бу журъат. Ким билсин, эҳтимол собиқ ҳукумат ўзини Ғарбга демократ қилиб кўрсатиш учун берган озгина имконият бу даражада халқнинг аянчли ҳаёт тарзини очиб ташлашига ишонмаган чиқар. Айниқса, фикр ҳуррияти – “қизиллар”нинг ҳар қандай хавфли қуролидан-да кучлироқ эканини кутмагандир.

Собиқ, иттифоқнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида ана шундай инқилобий жараённи кучайтираётган бир манба бор эди. Бу – матбуот эди. Матбуот жамиятда муқобилсиз куч эканлигни ана шундай долғали йилларда яна бир карра намоён қилганди. Бу куч йиллар давомида айиқдек панжасини сўриб ухлаб ётганларнинг тинчини буза бошлаган эди. Оддий  биз мактаб ўқувчилари газета, журнал саҳифаларида “Ўрта Осиё Россияга ўз ихтиёри билан қўшилган”лигини инкор қилувчи қатор мақолаларни ўқий бошлаган эдик. Албатта, бу фикрларни дастлаб тарих ўқитувчимиз сафсатага чиқарди. Аммо бу хил “сафсаталар” кундан-кун шундай кўпайиб бордики, натижада бир-икки ўқувчи ўша тарих ўқитувчисига бир саволни беришдан ўзларини тия олмай қолдилар: “Тарихда бирон давлат, бирон миллат ўз ихтиёри билан бошқа бир давлатга қўшилиб, қарам бўлганми?”

Бу савол уйғонишнинг ибтидоси эди. Вақт ўтган сари бу хил саволлар улканлаша борди. У шу қадар улканлашдики, унинг ҳайбатидан мудраб ётган идрокларимиз мутлақо уйғона бошлади. Биз ўзимизни таний бошладик. Аввал қарашларимиз мустақил  бўлди. Сўнгра давлат мустақиллигига эришдик. Шунинг учун ҳам мустақилликни эълон қилганимизда: “Энди иттифоқсиз нима қиламиз?” деган саволларга деярли рўбарў бўлмаган эдик. Чунки халқнинг фикри ана шу жаҳоншумул воқеага тайёр эди. Маҳаллий матбуот халқдаги бу фикрни имкон қадар шакллантира олганди.

Бу жараёндан бир хулоса қилиш мумкин. Ҳар қандай жамиятда матбуотнинг муқобили йўқ. Матбуотчалик халқни фикрлашга ундайдиган восита йўқ.

 

Соялар ортидаги тафаккур

Мустақил бўлдик!

Энди ўйлаб кўрсак, мустақиллик ошини еб, чойини ичиб ётиш эмас экан. Мустақиллик – масъулият экан. Биз буни энди тушундик. Афсуски, бошимиз деворга “тақ” этиб урилгандан сўнг тушундик. Хўш, нега шундай бўлди?

Бунинг асосий сабаби шу эдики, халқ фикр оладиган, маърифат оладиган манбалардан бироз узоқлашиб қолди. Деярли ҳаммамиз баб-баравар бозор иқтисодиётига шўнғидик. Энди дунёнинг барча завқ-шавқини бозор орқали кўра бошладик. Яшаш гўё ошқозондангина иборат бўлиб қолди. Ҳамма тошбақадек ўз косасига бекиниб, сен менга тегма, мен сенга тегмайман қабилида умргузаронлик бошланди.

Албатта, бу жараён ҳам табиий эди. Бу умргузаронлик очликдан эмас, эркин бозор, эркин иқтисодиёт қаршисидаги ҳаяжонланиш эди. Энди иқтисодиётнинг милиция қаршисида тиззаси қалтирамаслиги одамларни бозорга мафтун қилиб қўйган эди. буни қаранг-а, меҳрибон ота-оналар энди боласи бир неча кунлаб уйига қадам ранжида қилмаса ҳам ажабланмайдиган бўлиб қолдилар. Сабаби – тижорат.

Шундай қилиб, маънавий ҳаёт бозордан кейинги ўринга тушди. Натижада маънавий бўшлиқ пайдо бўлди. Ана энди девор ортида пайт пойлаётган даҳшатли вирусларнинг хуружи бошланди. Хўш, энди бу офатни қандай маҳв қилиш мумкин? Бу “касаллик”ни даволашнинг битта усули бор: бизга антибиотик фикр керак! Ғояга қарши ғоя керак. Бугун халққа фикр берадиган манбалар – ОАВнинг сони эмас, сифати керак. Бугун халққа кап-катта газеталарда кўтарилаётган “қишлоқ тўйларида ўртакашлар кўпайиб кетяпти” ёки “мен фалончини севиб қолувдим, у мени ташлаб кетди” сингари муаммолар эмас, “нима учун кеча биз билан ош еб ўтирган биродаримиз бугун тоғларда милтиқ кўтариб юрибди?” деган саволларнинг жавоби керак.

Мен юқорида одамлар сўнгги пайтларда маърифат оладиган манбалардан узоқлашиб қолганлигини айтдим. Чунки бугун мамлакатимизда энг нуфузли газеталарнинг адади ҳам 50 мингга етмайди. Одамлар эса газета-журналларга мутлақо обуна бўлишмаяпти. Хўш, нега бугун матбуотнинг харидори кам?

Баъзиларимиз бу ҳолатни ҳар доим иқтисодий тақчилликка йўйиб келдик ва ҳануз шу фикрда собитмиз. Аслида унчалик эмас. Ахир биз 30-йилларнинг қонли қиличи соясида маҳалла-маҳалла бўлиб “Ўтган кунлар”ни ўқиган халқмиз. Қолаверса, нима учун ҳар куни 200 сўмга сигарет олиб чекадиган одам шу зорманданинг ёнида турган 30 сўмлик(!) газетани олиб ўқимайди? Демак, бу одамнинг шу газетага битта сигаретчалик эҳтиёжи йўқ.

Мен бу билан бугунги газеталаримизда кишини қониқтирадиган мақолалар мутлақо йўқ демоқчи эмасман. Бор.

Рости, бизнинг бир гуруҳ зиёлиларимиз андак эҳтиросларга берилиб кетишди. Сўнгги йиларда матбуотимиз мустақилликка ҳамду санолар айтишдан нарига ўтмай қолди. Ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Бугун инсоф билан айтганда, ўзбек матбуотидан бир-иккита информация олиш мумкин, холос. Саҳифалардаги бир-биридан сийқа сарлавҳали мақолаларни эса ҳеч ким ўқимайди. Бугун матбуотда фикр кам! Бори ҳам шу қадар бир-бирига ўхшашки, биз шу қадар бир ёқадан бош чиқариб фикрлаяпмизки, бу ҳолатни нима деб аташга ҳам ҳайронсан, киши. Бу бир хил либос кийган сийқа жумлалар галаси эса таҳририятма-таҳририят кўчиб юргани-юрган. Олтинни қанча қўлда кўтариб юрсанг, шунча қадри кетади. Биз ана шу олтиндай ноёб туйғуларни, Озодликдек улуғ сўзларни бўлар-бўлмасга ёзавериб сийқалаштириб қўйдик. Истиқлолдек улуғ каломни ҳиссиз ва изтиробсиз бир жумлага айлантириб ташладик. Ҳатто шу даражага бордикки, мана оддий сурат тагига ёзилган сўзларни ўқиймиз: “Истиқлол замонасига минг шукрким, ватанимизда… нуроний отахон ва онахонларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади” (“Қишлоқ ҳаёти” газетаси, 19 октябрь).

Бугун миллий ғоя, миллий мафкура масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ана энди матбуотни кўрмайсизми? Мафкура сўзи шиорга айланиб кетди. Ҳар иккита жумланинг биттаси мафкура бўлибқолди. Миллий мафкура керак, деб насиҳат қилган билан у шаклланиб қолмайди. Биз эса шу даражага бордикки, энди оддий актёрга ҳам шундай савол бера бошладик: “Миллий тарбия, миллий мафкура масаллари, умуман ХХI аср Ўзбекистон ҳаётида театрнинг ўрнни қандай тасаввур қиласиз?”(“Маърифат газетаси, 7 октябрь).

Бундай мисолларни бугун истаган газетадан изламасдан топиш мумкин. Ва матбуот ҳақидагбу фикрлар республика телевидениеси ва радиоси учун ҳам бирдек тегишлидир. Айниқса, бугун бозор иқтисодиёти шароитида телевидение билан радиога чиқиб қўшиқ айтишдан осонроқ иш қолмади. Бунга фақат сизда истак бўлса бўлди. У ердан бир шингил, бу ердан бир шингил мусиқа ўғирлайсиз, тамом. Топилдиғингизга муносиб сўз ахтаришнинг ҳам кераги йўқ. Қарабсизки, сиз телевидениега, радиога, яъни улкан саҳналарга чиққан  “санъаткорсиз”.

Биродарлар, ахир бу бетакрор мумтоз санъатимизн, қолаверса, СЎЗдек улуғ неъматни хўрлаш эмасми?

Бундан икки-уч йил илгари телевидениеда “Тоғлик куёв”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби фильмлар намойиш этилди. Мен бу фильмлар ҳақида ўзимга тегишли бир фикрни айтмоқчиман: “Келинглар, ҳеч бўлмаса ота-боболаримиздан мерос қолган минг йиллик анъаналаримизни ўз мезонларига солиб бунчалик бачканалаштирмайлик”.

Яна бир гап. сўнгги пайтларда бир-биридан бачкана, хусусий радиоканаллар “болалаб кетяпти”. Эртадан кечгача давом этадиган тутуруқсиз савол-жавоблар, куй-қўшиқлар ёшларимизни “гипноз” қилиб қўйганга ўхшайди. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак.

Умуман олганда, ҳақли бир савол туғилади. Бугун журналистика тўртинчи ҳокимият бўлди. Яъни, ўз мақомини ўзгартирди. Хўш, моҳиятини-чи? Менимча, моҳият деярли ўзгармади. Тўғри, бугунги журналист тил билиши мумкин, замонавий техника билан ишлашни билиши мумкин. Лекин бу журналистиканинг асоси эмас-ку!

Журналистиканинг асоси ёзишни билиш ва мавжуд воқеага – шароитга нисбатан ўз нуқтаи назаридан туриб фикр айта олишдир.

Дарҳақиқат, бугун мустақилликни мафкуравий ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлди. Чунки айни кунда дунёнинг энг хавфли қуроли ғоя бўлиб қолмоқда. Бугун ғафлатда ётган одам дунё ўзгаришлари остида топталиб қолаяпти. Энг ёмони, ана шу одамдан хоҳлаган шаклдаги қуролни “ясаб олиш” мумкин. Ва бундай хавфли қуролларни аллақачон кимлардир “ясаб олди” ва унинг кучини ўзимизга қарши синаб ҳам кўрди.

Шундай экан, бугун тафаккуримизни зиёдан тўсиб турган булутларни “ҳайдашимиз” керак. Ҳарқалай, бу булутдан оби раҳмат ёғмайди.

“Моҳият” газетаси, 2001 йил 5 январь