Алишер Назар. Миннатдан қўрқаман (1999)

Журналист тушунмаган ҳақиқатни милиция тушунадими?

“Толстой бўлсанг ўзингга, мен ҳам шоирман”- деган экан Твардовский. Бу гап шоир Твардовискийнинг шартакилигидан дарак бермайди. Аксинча, бу дунёда фақат толстойлар эмас, твардовискийлар ҳам яшаяпти, демоқчи шоир.

Демак, гап фикр ҳақида кетаяпти. Аслида фикр айтган кишининг бошида синадиган калтакларнинг энг ёмони икки хил бўлади: бири сенинг фикрингни тушунмаслиги, иккинчиси, сенинг фикрингни эшитадиган одамнинг бўлмаслиги.

Бугун жамиятимиз эркин фикр айтиш майдонига айланиб боряпти. Бу — яхшиликдан нишона. Аммо бу “нишона”нинг битта маъсулияти бор: гап, ана шу “майдон”ни “жанжал майдони”га айлантириб қўймаслик.

— Жамият фикр билан “тузаладими”?

— Тузалади. Агар у шу жамият манфаати билан уйғунлаша олган бўлса.

— Бизда фикрнинг қадр-қиммати қанча?

— …

Бизнинг энг катта қусуримиз мана шу уч нуқтада.

“Ҳуррият” газетасининг бир сонида ёзувчи Исмоил Шомуродовнинг “Носкаш милиционер” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Газетанинг ўтган сонларида чоп этилган “Шахс эркин – жамият эркин” ҳамда “Порахўрлик” сарлавҳали мақолаларига муносабат тарзида ёзилган ушбу мақола наздимда фикрга қарши фикр эмас, фикрга қарши иддао, фикрга қарши миннат бўлиб туюлди. Мақола муаллифи И. Шомуродов “Милиция, суд, прокуратура органлари қошидаги қўрқув бизнинг генларимизга қачон сингиб улгурган?” деган саволга, “Бизнинг генимизда милициядан қўрқиш жиноят содир этишни бошлаганимиздан кейин пайдо бўлган”, дея жавоб беради. Агар шу жавоб тўғри бўлса, бугун деярли ҳамма жиноятчи, жумладан, мен ҳам. Сабаби, мен ҳам қаршимдан келаётган милициядан қўрқаман. Нега? Жиноятчи эмасман-ку! Чунки у мени ҳозир худди жиноятчидай тафтиш қилади.

— Ҳе, катта, — дейди писанда қилиб, — ҳужжатларини қўриб қўйсак бўладими?

Агар шу вазиятда бироз хаёлингиз фаромуш бўлиб унинг гапини эшитмай қолинг-чи, аҳволингиз нима кечаркин. Энди менинг қўрқувимни тушунгандирсиз. Мен жиноятчилигимдан эмас, дилим хуфтон, кўнглим ғаш бўлишидан қўрқаман. Ҳали бу милициядан қўрқувнинг биринчи кўриниши.

Яқинда уйимга Қаршидан меҳмон келди.

— “Отчопар”дан шу ерга етиб келгунимча олти марта милиция ушлади. Бу қанақаси? — деди меҳмоним уйга кирар-кирмас.

— Ҳушёрлик – давр талаби, — дедим меҳмоннинг бир оз кайфиятини кўтариш учун, — бундан хафа бўлмаслик керак.

— “Прописканг йўқ экан” деб, беш юз сўм пул олиб қўйиш ҳам давр талабими? Ёки энди сени бир кўриб кетиш учун ҳам пропискамни кўчириб келайми?

Бу милициядан қўрқувнинг иккинчи кўриниши.

Ёки…

Келинг, энди ҳақиқатни тан олайлик. Ахир бу хил вазиятлар ҳаётимизнинг одатий кўринишига айланиб қолган-ку.

Мақола муаллифи одамларнинг полициядан қўрқувига табиий ҳол сифатида қарар экан, фикрини шундай жумлалар билан исботламоқчи бўлади: “Умуман, қайси жамиятда полициядан қўрқишмайди. Дунёнинг энг эркин жамияти ҳисобланган АҚШдами? Бу юртнинг кўпгина штатларида полиция ходими гумондор шахсни қандай ҳолатда отиб ташламасин, ҳеч кимнинг олдида жавоб бермайди. Шундай бир шароитда полициядан қўрқмай бўладими?” Эҳтимол, ростдан ҳам Америкада шундайдир. Аммо, бу мен учун янгилик. Фақат биргина ташвишим бор, агар америкалик полициячилар одамларига шу алфозда муомала қилаётган бўлса, янги асрнинг иккинчи ярмига бориб Америкада ҳеч ким қолмайди.

И. Шомуродов шахс эркинлиги, жамият эркинлиги ҳақида ёзар экан, жамият эркинлашган сари жиноятчилик миқдори ошиб боришини, бу ҳаётнинг оддий қонуни эканлигини эътироф этади. Афсуски, бу ҳаётнинг эмас, муаллифнинг ўйлаб топган қонуни, холос. Муаллиф мулоҳазаларини давом эттирар экан: “… айримлар ўйлаганчалик, эркинлик берилган сари одамлар ақлли бўлиб кетавермайди, балки улар ўз ҳолича қолаверадилар. Эркинлик эса ҳар кимга истаган нарсасини амалга ошириш имконини беради”, дейди. Ана, холос!

И. Шомуродов ўзи жамият эркинлиги деганда нимани тушуняпти? Ахир жамият эркинлиги дегани ўғирлик қилганнинг бошини силаш дегани эмас-ку! Ёки одам ўлдирганга шунчаки дакки бериб қўйиш керак дегани эмас-ку!

Одамлар ўз ҳуқуқини қанча кўп билса, шунча эркинлашади. Ўз ҳуқуқини билган одам — эркин одам. Худди ана шундай шароитда жиноятчилик ўз-ўзидан камаяди. Энди ҳеч қайси миршаб олис бир қишлоқдан боласини кўргани келган деҳқоннинг ёқасидан тортиб “отдел”га бошлай олмайди. Чунки у миршаб таҳқирланган деҳқон ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб қолишидан қўрқади.

Умуман, муаллиф мақоласида “жамият эркинлашга сари…” деган жумлани ҳеч ўйламай ишлатган. Чунки жамият ўз-ўзидан эркинлашиб қолмайди. Жамиятни бирор қарор билан ёки муайян кўрсатма билан ҳам эркинлаштириб бўлмайди. Жамият эркинлашуви табиий жараён.

И. Шомуродов “ҳанузгача журналистларимизнинг бир оддий ҳақиқатни тушунишни истамаётганликларидан” ҳайратланади. Яъни “… дейлик, ҳар қандай раҳбар, ҳар қандай ҳоким ҳам кўчага чиққандан кейин, оддий фуқаро(!), шахс. Милиционер эса бундай эмас, у қаерга бормасин, формада экан, милиционерлигича қолади”. Мана ниҳоят, муаллиф ўзи билмаган ҳолда бор ҳақиқатни тан олди. Ҳар қандай ҳоким кўчага чиққандан кейин фуқарога айланар эмиш. Хонасида-чи, хонасида бошқа мавжудотга ўхшаб ўтирадими? Шунисигаям шукр. Чунки милиционер қаерга бормасин милиционерлигича қолаверар экан. Демак, уни елкасидаги формасини ечиб олмагунча у оддий фуқарога айланмайди. Лекин шу ўринда бошқа бир ҳақиқатни ҳам эслаб қўйсак чакки бўлмайди. Милициянинг формаси оддий фуқародан устунлик ваколатини ёки истаган одамнинг нафсониятига тегиш ҳуқуқини ҳам бермайди.

Мен бу билан милиция кўчадаги одамларнинг ҳужжатини текширмасин демоқчи эмасман. Бу уларнинг иши. Фақат бир нарсани, майли, ўзи милиционер бўлса ҳам, қаршисидаги одам эканини унутмаса бўлди.

И. Шомуродов порахўрликнинг илдизига Оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки орқали болта уриш мумкин, деган фикрга шундай муносабат билдиради: “Оммавий ахборот воситаларининг ходимлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимларидан кўра, покроқ ва тозароқми?”

Энди биродар, бу масалани сиз билан биз ҳал қила олмаймиз. Бу масалада шунчаки башорат ҳам қилиб бўлмайди. Фақат бир  гапни айтмасам бўлмас. Мана, менинг қўлимда ўндан ортиқ хат. Ҳаммасида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар устидан шикоят қилинган. Биласизми, ушбу мактубларнинг барчасида битта жумла бор: “Илтимос, ёрдам беринглар. Бор умидим сизлардан”. Нега улар бундай ёзишяпти? Ёки бу тасодифми?

Мен фикрим ибтидосида И. Шомуродовнинг ушбу мақоласи бир оз миннатдек бўлиб туюлди, дедим. Нима учун? Муаллиф ёзади: “… қанчалар сўкмайлик ва қанчалар ёмон бўлмасин, тинчлигимиз, осойишталигимизни милициядан бошқа ҳеч ким келиб ҳимоя қилиб бермайди”. Бу гап тўғри. Шунинг учун ҳеч ким милицияни сўкаётгани йўқ. Милиция дегани осмондан оёғини осилтириб тушиб келгани йўқ. Ёки ҳеч ким фойдали қазилмадек ердан қазиб ҳам олаётгани йўқ. Милиция ҳам одам, бировмизнинг акамиз, биримизнинг укамиз. Ҳеч ким ўз акасини ёки укасини ҳақорат қилмайди.

Аммо бу ўринда фақат бир мулоҳаза бор. Қизиқ-да, қачон милиция ҳақида озгина ёмон фикрласанг дарров халқнинг тинчлиги, осойишталиги рўкач қилинади. Ҳақли савол туғилади: ўша халқ – ким? Ўша халқ – милициянинг ўзи  эмасми? Қолаверса, милиция халқнинг тичлигини таъминлаб бераётган экан, текингами?! Балки ўша халқ пешона тери билан орттираётган даромадининг бир қисмини шу осойишталиги учун сарфлаётгандир. А, лаббай?!

Алоҳа, бугун инсоният тарихида ўхшаши, андозаси бўлмаган мураккаб бир даврни бошимиздан кечираётган эканмиз, шундай бир вазиятда ҳар биримиз ўз хатомизни тан олиб, бир-биримизга ибрат бўлмоғимиз ҳам шу куннинг талабидир.

“Ҳуррият” газетасида чоп этилган