Фудзивара Тэйка (藤原定家, Фудзивара Садаиэ номи билан ҳам машҳур; 1162—1241) — япон шоири ва филолог. Фудзивара Тосинарининг ўғли.
* * *
Тўхтатолмам кўз ёшим —
Чечакларга сочилган
Камёб шабнам дурларин:
Нега кетдинг умрбод мени ташлаб, севгилим?
Сенсиз кулбамда эсар кузнинг совуқ шамоли…
* * *
Ёлборишлар бефойда,
Эрийди умрим маним,
Хацусэ тоғидаги ибодатгоҳ жомларин
Товуши олис қишлоқ
Узра эриб йитгандек.
Хуршид Даврон таржимаси
* * *
Дединг: “Тонг отиб қолди!”
Туриб тез бўлдинг ғойиб.
Изинг топилмас тайин.
Йўқолиб кетар бари
Тонгги қор ёққан сайин.
* * *
Кузнинг рангига ўхшар
Паришон муҳаббатинг!
Мени адо қилар ғам.
Худди шундай ўчирар
Шабнамларни қуюн ҳам.
* * *
Айриларкан тонг чоғи
Кўзимиз йиғлади қон,
Қолмади қўллар ҳоли.
Музлатди қалбимизни
Маҳзун кузнинг шамоли.
* * *
Қандай силардим бир пайт
Ўр сочига босиб лаб!
Энди ҳар толасини
Ўлғиз ётоғим ичра
Эркалайман хотирлаб.
Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.