Дзякурэн (1139-1202)

Дзякурэн, Дзякурэн-хоси, Монах Дзякурэн (寂蓮, ҳақиқий исми 藤原定長 Фудзивара-но Саданага, 1139 — 1202) — Фудзивара сулоласидан бўлган япон аристократи, XII аср иккинчи ярминининг атоқли шоирларидан.

* * *

Яна далалар узра
Бир-бирини чорлаган
Ёввойи ғозлар саси
Янграр чўзғин ва ҳазин.
Хира тонг устида нури йўқ ҳилол.

* * *

Яна кўкка чиқди ой.
Аммо унинг шуъласин
Қалин новдалар тўсар.
Сумиёси боғида қайинларни оралаб
Кузак шамоли эсар…

* * *

Сени жуда соғиндим…
Енгимдан этагимга
Тўкилган шабнамми, ё..?
Куз шамоли эсганда
Ўйлар ёприлиб келар…

* * *

Қават-қават енгимда
Бекинибди ёнарқурт –
Худди шундай қалбимда
Бирон марҳамат кутмай
Беркинган муҳаббатим.

* * *

Қалин ўтлар остида қолмиш
Қадим қишлоқ сўқмоғи.
Кўникибман ухлашга
Совуқ тўшакда танҳо
Сен билан, эй кузак шамоли!

* * *

Ўтин териб келай деб
Кулбамдан чиқиб қора
Ўрмон аро адашдим.
Оҳ, ёлғиз сўқмоқни ҳам
Ўтлар кўмиб ташлабди!

* * *

Қора тун зулматига чулғанмиш маним руҳим.
Кулбам томин қамишларида
Ёмғирнинг қайғули товуши оқар.
Ғамларим дунёдан яширмоқ учун
Ҳассам бошлаб келмиш бу узоқларга.

Хуршид Даврон таржималари