Акутагава Рюноскэ (1892-1927)

Акутагава Рюноскэ (芥川 龍之介) (1892.1.3, Токио — 1927.24.7) — япон ёзувчиси. Ўз асарлари билан япон адабиётини жаҳон миқёсига чиқишини бошлаб берган. У ижодида ғарб ва япон адабиёти анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, япон анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган.
Инсон онгининг «жумбоқ»лиги, олдиндан айтиб бўлмаслик хусусияти ифодаланган ҳикоялари — «Рёсман» (1915), «Бурун» (1916) унга шуҳрат келтиради. «Куз» (1920), «Совуқ» (1924) психологик ҳикояларида эса ижтимоий ёвузлик дунёсида эзгуликнинг фожиавий қисмати акс этган. «Сув алвастилари мамлакатида» (1927) ижтимоий-фантастик мажозий асардир.
Инсоннинг ёлғизлиги, унинг вақт, тарих олдида ожизлиги панд-насиҳатдан иборат «Тентакнинг ҳаёти» (1927) номли сўнгги асарининг мавзуидир. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун «Акутагава» миллий мукофоти таъсис этилган.

***

Хатто қуённинг ҳам,
Қулоқлари шалпайиб қолди
Қандай иссиқ ҳаво!

***

Мана тонг отди,
Қўшиғини тўхтатиб бирдан,
Чирилдоқ жимиб қолди

***

Тоғ этакларида
Юмилиб қолибди совуқ аёздан,
Чой ғунчалари

***

Қишки ёмғирлар,
Канал қирғоғидаги чойхонада
Ёлғиз бир мехмон…

***

Боғ йўлакчасидаги
Кўлмакда акс этар
Азалия гуллари…

***

Қиш кечаси совуқ,
Йўлнинг икки чети
Бамбук ўрмони.

Холдор Вулқон таржималари

* * *
Бамбукзор ўрмон
Йўл ёқалаб ўнг ва сўлда
Изғирин кеча…

* * *
Қиш бўрони.
Ипга тизилган балиқлар шодасида
денгиз тўлқинини рангги.

* * *
Порлайди қишнинг рангги.
Сийрак шохлар орасидан кўкариб кўринар
Осмон ёмғир мавсумида…

Турсун Али таржималари