Овсей Овсеевич Дриз (שיקע דריז — Шике Дриз; 16 [29] май 1908, Красное қишлоғи, Подольск губернияси — 27 февраль 1971, Москва) — яҳудий шоири, идиш тилида ижод қилган.
КИМ НИМАГА БОҒЛАНГАН?
Ит занжирга боғланган,
Тулпор эса арқонга.
Челак қудуқ бошида,
Мол – пичанга ҳар ҳолда.
Ой осмонга осилган,
Қўриқчидир юлдузлар.
Қуёш ерга парвона,
Нурафшондир кундузлар.
Одамлар-чи, азалдан
Яхшиликка чоғланган.
Шунинг учун ҳамиша,
Бир-бирига боғланган.
КУТИЛМАГАН ВОҚЕА
– Сабабин айт, ҳой, Бурга,
Бу қадар нега шодсан?
– Айиқнинг пўстинида,
Газета ўқиётсам,
Менга милтиқ ўқталган,
Овчига кўзим тушди.
Бундай даҳшатли ҳолни,
Кўрмаган етти пуштим.
Нишонга олиб шу пайт,
Тепкини босди: вар-ранг!..
Эҳ, хайрият тўсатдан
Айиққа тегди, қаранг…
ТАНИШ РЕКЛАМА
Бир бинога осилган
Таниш ёзув – плакат.
“Тозаланар шу ерда
Усти-бош, қалпоқ, халат”.
Ҳатто пўстин, коржома,
Кирдан холи, соз бўлар.
Ҳар қандай уй бекасин
Машаққати оз бўлар.
Кўплар ушбу бинони
Ёддан билар, танийди.
Эҳ, шу жойда виждон ҳам
Тозаланса қанийди…
ОЛТИН БОШМОҚ
(Эртак)
Жуда қадим замонда,
Қуддус деган томонда
Эртакка арзигулик,
Шундай иш бўлган экан.
Бобомларнинг боболари,
Буни ўзи кўрган экан.
Данияда, Испанияда,
Давлатни қироллар бошқарар.
Белгияда, Италияда,
Қиролга бош эгар бошқалар.
Агар Қирол тадбиркор бўлса,
Давлат-у меҳнаткаш бойиган.
Хелом шаҳрида тескари,
Барчаси камбағал – койиган.
Шу сабабдан Қирол бўлмаган
Камина туғилган томонда
Номзодлар-ку сира кўнмаган,
Ўша қаттол, ночор замонда.
Тўпланишди етти донишманд,
Манзиллари айвон-йўлакча.
Қирол сайлаш зарур, шарт экан,
Бу масала муҳим бўлакча.
Бир тўхтамга келишиб охир,
Сўнг қарорни баён айлашди.
Такасалтанг Нохемни ажаб,
Эл олдида Қирол сайлашди.
Янги Қирол одатга кўра,
Бекорчи-да, юрт кезар дайдиб.
Оқ эчки-ю, хўрозга сўзлар:
– Мен Қиролман! Улар билмайди.
Бундай дамлар, юртдош одамлар,
Томоша деб юришмас чопиб.
– Қирол эмиш, шу ялангоёқ,
Мазах қилиб, кулишар қотиб.
Подшоҳлар ўзга элларда,
Халқи учун куяр эмишлар.
Римда эса Қироллар фақат,
Тилло чувак кияр эмишлар.
Маслаҳатни бир жойга қўйди,
Донишмандлар ўйлаб олдиндан.
Бошмоқ тикиб бермоқ бўлдилар
Ўкчи баланд қилиб олтиндан.
Ялангоёқ бўлгани учун,
Ҳомийларин Хелом ийдирди.
Донишмандлар тантана билан,
Унга олтин бошмоқ кийдирди.
Фуқаролар аҳволин сўраб,
Суҳбатларга суҳбат уланди.
Қинғир-қийшиқ тор кўчаларда
Олтин бошмоқ лойга буланди.
Дарёдан то бозорга қадар,
Эринмасдан кезди бечора.
Ўз Қиролин танимайди эл
Ахир, йўқ-да, сўтакка чора.
Донишмандлар қайта тўпланиб:
– Олтин бошмоқ лой бўлмасин деб
Резинали ғилоф калишда,
Юрмоғини кўришдилар эп.
Хелом яна шаҳар айлангач,
Тортишувлар авжига минди.
– Ҳазрат олтин бошмоқда эмас,
Калиш кийиб сайр этар энди.
Эл оғзига элак тутсанг ҳам,
Ўзинг билан, ўзга мустасно.
Мазах қилар, ғийбат авжида:
– Қиролга бу ярашмас асло!
– Калишининг атрофин тешсин!
Зўр маслаҳат беришди улар.
– Ҳа, ўшанда олтин бошмоғи
Қайға борса, ярқираб турар.
Хелом эса тешиклар очди,
Калишининг орти, ёнидан.
Сувлар силқиб, патаклар ивиб,
Ўтса ҳамки совуқ жонидан.
Ҳар кун тонгда кўчага чиқиб,
Сайри боғни қўймас, тасқара.
Гузардаги кекса-ёшларга,
Бу гал яна бўлди масхара.
Қуйма калиш ташвиши ортиб,
Боши қотиб турганда Хелом.
– Тешигига сомон тиқсин, деб
Зўр маслаҳат беришди шу он.
Ғилоф калиш тешикларига,
Эҳтиётлаб сомон жойланди.
Чойни ичиб Қирол тушмагур,
Бозор кезди, кўча айланди.
Текин томошанинг шавқида,
Чопиб борар, ана оломон.
Сохта Қирол турқини кўриб,
Мен ҳам ёқа ушлаб қоламан.
Кўча тирбанд, ёшу яланглар,
Бир-бирини туртиб, йўланган.
Деворларда ғаройиб шиор,
Деразалар гул-ла ўралган.
Қирол Хелом ҳурмати учун,
Она товуқ учар, эркалар.
Хўроз карнай чалар баралла,
Сакрар улоқ, эчки, серкалар.
Рус тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси
ҚЎНҒИРОҚЧА
Бўйдор буқа бўйнида
Жиринглар қувноқ,
Бир маромда тебранар
Жажжи қўнғироқ.
Деган каби мақтаниб:
“Мени кўринглар!”
Бўйдор буқа бўйнида
Хушнуд жиринглар:
– Жинг-жинг, жинг-жинг,
Жинг-жиринг,
Менга қаранглар, –
Дея ўйнаб, силтаниб
Тинмай жаранглар.
– Чиққан эдим бозорга
Кеча юмушга.
Алмашмоқчи бўлишди
Бир қоп кумушга!
Қўнғироқча жиринглар,
Бахтидан рози,
Аслида бошқачароқ
Тошу тарози.
Мақтаса-да гарчанд у
Ўзини нуқул,
Бўйдор буқа бўлмаса,
Бариси бир пул!
Нима, қаерда?
Дарахтлар илдизи
Тупроқда пинҳон.
Учқунлар оташи
Кул ичра аён.
Мевалар мағзида
Эман баёти,
Тухумда беркинган
Бир қуш ҳаёти.
Садафда дур ниҳон,
Анҳорда балиқ.
Фақат бир нодонлик
Кўринар аниқ!
Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаcи