Эдвард Лир (1812-1888)

Эдвард Лир (Edward Lear; 1812 йил 12 май, Катта Лондон — 1888 йил 29 январь, Сан-Ремо) — инглиз рассоми ва шоири. Болалар учун ёзган шеърлари ҳам машҳур.

ЧИКИ-РИКИ ЧУМЧУҚВОЙ

Чики-Рики Чумчуқвой
Соядан олганди жой.
Она чумчуқ-чи, шу он
Тайёрлар эди таом.
Сариқ тумшуқчаларга,
Жажжи чумчуқчаларга
Пашша, чивиндан фақат
Мазали хўрак-овқат.
Бутун меҳрини қўшиб
Куйларди аста қўшиқ.
Тики-вики-вики-ви,
Чики-рики-тики-ти,
Спики-бики-би!
Сўнгра Рикига айтар:
“Азизим, совуқ пайтлар
Йўталингиз туну кун
Бузмоқда ширин уйқум.
Аксиришингиз даҳшат,
Сизга шу яқин фурсат
Жуда зарур келтирмоқ
Ухлаш учун бир қалпоқ.
Чики-вики-мики-ти,
Бики-вики-тики-ми.
Спики-чики-ви!
Ёш эмассиз, қари ҳам,
Хавфли сизга совуқ, нам.
Мумкин эмас унутмоқ,
Эрта топайлик қалпоқ”.
Чумчуқвой деди: “Ҳа, рост,
Сенинг меҳринг беқиёс.
Ўрдакчам, ўзингга ҳам
Бахт доим бўлсин ҳамдам.
Витчи-битчи-митчи-би,
Сени ўйладим анча,
Ёмон хуррак отасан,
Акса уриб ётасан.
Бизга совуқ чўт эмас
Шапка олиб келсак бас.
Капор учун икковлон
Учайлик шаҳар томон.
Витчи-китчи-китчи-ви
Спики-вики-мики-би
Чики-вики-чи!
Тезроқ Лондонга кетдик.
Оламиз сенга этик.
Харид қиламиз кўйлак
Яна зангор шарф керак.
Зодагон хонимга хос
Капор олсак бўлар соз.
Жики-вики-бики-ти
Чики-вики-бики-би
Твики-витчи-ви”.
Эрта билан икковлон
Учдилар Лондон томон.
Монументга оз фурсат
Қўниб ўтдилар фақат.
Пикаделидан кейин
Харид қилдилар кийим.
Шляпа олишди шу чоғ
Ва сўнгги русум қалпоқ.
Ота-она келган он
Болалар қувнар шодон.
– Оҳ, гўзал улар қандоқ,
Жуда ярашган қалпоқ.
Чумчуқвой деди: “Ҳа-да,
Ясан-тусан зўр жуда.
Бу кийимда қойил иш
Девор устида туриш,
Ва чирқиллаш
чики-чи!
Чиви-чиви-бики-би!
Чиви-рики-ми!”

Рус тилидан Кавсар Турдиева таржимаси