Овсей Дриз (1908-1971)

Овсей Овсеевич Дриз (‏שיקע דריז‏‎ — Шике Дриз; 16 [29] май 1908, Красное қишлоғи, Подольск губернияси — 27 февраль 1971, Москва) — яҳудий шоири, идиш тилида ижод қилган.

КИМ НИМАГА БОҒЛАНГАН?

Ит занжирга боғланган,
Тулпор эса арқонга.
Челак қудуқ бошида,
Мол – пичанга ҳар ҳолда.

Ой осмонга осилган,
Қўриқчидир юлдузлар.
Қуёш ерга парвона,
Нурафшондир кундузлар.

Одамлар-чи, азалдан
Яхшиликка чоғланган.
Шунинг учун ҳамиша,
Бир-бирига боғланган.

КУТИЛМАГАН ВОҚЕА

– Сабабин айт, ҳой, Бурга,
Бу қадар нега шодсан?
– Айиқнинг пўстинида,
Газета ўқиётсам,

Менга милтиқ ўқталган,
Овчига кўзим тушди.
Бундай даҳшатли ҳолни,
Кўрмаган етти пуштим.

Нишонга олиб шу пайт,
Тепкини босди: вар-ранг!..
Эҳ, хайрият тўсатдан
Айиққа тегди, қаранг…

ТАНИШ РЕКЛАМА

Бир бинога осилган
Таниш ёзув – плакат.
“Тозаланар шу ерда
Усти-бош, қалпоқ, халат”.
Ҳатто пўстин, коржома,
Кирдан холи, соз бўлар.

Ҳар қандай уй бекасин
Машаққати оз бўлар.
Кўплар ушбу бинони
Ёддан билар, танийди.
Эҳ, шу жойда виждон ҳам
Тозаланса қанийди…

Рус тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси