Давлатмамед Озодий (1700-1760)

Давлатмамед Озодий (Döwletmämmet Azady) — туркман шоири ва маърифатпарвари. Маҳтумқулининг отаси. Туркман мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири. Аввал эски мактабда, сўнгра Хива мадрасасида ўқиган, араб, форс тилларини ўрганган, кейинчалик шу мадрасада мударрислик қилган.
У халқ оғзаки ижодини, Шарқ адабиётлари улуғ намояндалари асарларини чуқур ўрганган, улар таъсирида қасида, рубоий, ғазаллар ёзган.
6000 мисрали «Ваъзи Озод» номли йирик илмий рисола-достони (1753—54) Озодий ижодида муҳим ўрин тутади. Асар маснавий усулда ёзилган бўлиб, 4 бобдан иборат. 1-қисмида мамлакатда тартиб ўрнатиш, 2-қисмида қалъа ва саройлар қуриш, 3-қисмида жамиятда фан ва маорифнинг ўрни, 4-қисмида камбағаллар ва дарвешлар тўғрисида фикр юритилган. Асарда туркман кабилаларини бирлаштириш, солиқларни камайтириш, каналлар ўтказиш, йўл ва кўприклар қуриш каби масалалар акс этган.

КОНИ БОР

Ғофил одам, кел, насиҳат хони* бор,
Хон ичинда турли неъмат кони бор.

Хон ичиндан неъмат еган одамнинг,
Ҳеч гумонсиз кўнглида иймони бор.

Мурда улдирким, насиҳат тингламас,
Зоҳиран гарчи ичинда жони бор.

Зикри ҳақдан ғофил бўлган одамнинг,
Ўтса оламдан анинг на сони бор?

Ҳақ азалда кимсани қилса саид,
Бу насиҳат мушкидан дармони бор.

Фоний ичра тутмаган Ҳақ амрини,
Ҳашрда сонсиз ҳазор армони бор.

Тош кўнгилни сол насиҳат обига,
Бўлса тавфиқ юмшаса имкони бор.

Вой агар тавфиқи Ҳақ, ёр бўлмаса,
Найласин ул панд деган ёрони бор.

Ҳеч ўтгайми урмоқ ила тошга ўқ,
Гарчи ким қўлда пўлат пайкони бор.

Золимнинг кўнгли эрур тошдан қаттиқ,
Носиҳнинг гар илкида суҳони* бор.

Ҳақ ишин осон этар ул банданинг,
Дунё-охир ҳар киминг эҳсони бор.

Тирлик этган зикри Ҳақ бирла (дуоим) давом,
Рўзи маҳшар хуш кечар даврони бор.

Сўз била танбеҳ қилур бу мискин Озод,
Ғофир отлиғ ҳар кимнинг субҳони бор.
_____________
* Хон – дастурхон.
* Суҳон – эгов, арра.

ФАРЁДИМ

Ҳамду сано собит сенга,
Ё раб, эшит фарёдими;
Раҳм айлабон бу осийга,
Ё раб, эшит фарёдими.

Бўлсин дуруди бешумор,
Ҳақ дўстига сад*-минг ҳазор,
Ҳам оли асҳоб чаҳор ёр,
Ё раб, эшит фарёдими.

Ҳарчанди бадкор ўлмишам,
Ошуфта афкор ўлмишам,
Афвидан уммид қилмишам,
Ё раб, эшит фарёдими.

Лутф айлабон тутгил қўлим,
Хато сўйлар ҳар он тилим,
Ўзинг сари бошла йўлим,
Ё раб, эшит фарёдими.

Баҳри карамингни бахш қил,
Кўнглимга имонни нақш қил,
Ҳам бу ёмонни яхши қил,
Ё раб, эшит фарёдими.

Кечди абас вақти фато*,
Вой ҳасрат-о, вой ҳасрат-о,
Мендан хато, сендан ато,
Ё раб, эшит фарёдими.
___________
* Сад – юз.
* Вақти фато – йигит вақти.

БЕҲИШТНОМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Санойи беадад шоҳи жалила,
Яратди жаҳонни қудрати ила.

Устунсиз осмонларни қолдирибдир,
Ўзининг қудратини билдирибдир.

Фалакни доимо гардон қилибдир,
Ўн икки буржини сарсон қилибдир.

Жаҳон ичра қўйибдир кеча-кундуз,
Кун ила ойни қилди жами афрўз.

Жаҳонни бу икковдан равшан этмиш,
Жаҳон аҳли мадорина шундан етмиш.

Ажаб қудрат билан қудратли Қодир,
Ки тиргаксиз тикибдир турфа чодир.

Тўшамиш ерни, мих этмиш жабаллар,
Ки кўрки жумла бўстону асаллар.

Қилибдир бу жаҳонни кони неъмат,
Назар қил, борми ҳеч поёни неъмат.

Ёғар ёмғир, булут ўйнар, эсар ел,
Оқар сувлар, чиқар ўт тегмаган эл.

Ҳайвоноту набототу жамодат,
Узалур сўз тутсам бирин-бирин от.

Барини биз учун тинчсиз этибдир,
Бани Одам нечукки тинч ётибдир.

Кел, инсоф айла, эй фарзанди Одам,
Ўтар умринг ҳам, огоҳ бўл дамо-дам.

Бошингдан ҳар на ўтса, кеча-эртир,
Умринг ўтишида бордир турли сир.

Назар қил дунёга насиба тўлди,
Янги нарса кун-кундан кўҳна бўлди.

Тамом бўлгай бинойи умринг, эй жон,
Билар давлат бу банда амри субҳон.

Бўлар хизматда жони бирла бедор,
Ки ишқида ёнар кўнгли, қилар зор.

Нечук зор этмасин ким банда бўлса,
Қўлидан келмас иш дармонда бўлса.

Таваккални дуруст қилсин Худога,
Бўйинсунсинки, таслими – ризога.

Илоҳи, рўзи қил тавфиқи тоат,
Ки орттир хизматни соат-басоат.

Дуруд бирла эслайлик Мустафони,
Бизим учун чекибдир кўп жафони.

Ҳамма авлоди азвож бари бирла,
Барча ёрон, хусусан, тўрт ёри бирла.

Улар кимлар учун кўп жаҳд этибдир,
Бизим учун бу йўлда иш битибдир.

Тамомики анбиёю авлиёга,
Ки жумла пешвою анбиёга.

Хусусан, ҳазрати Нўъмон бу йўлда,
Қаттиқ жоҳид бўлиб бу тоғу чўлда.

Алар руҳин, илоҳи шодимон эт,
Улуғ маҳшарда қўрқувдан омон эт.

Оёғи тупроқларин бизга даво қил,
У тупроқдин кўзимга тўтиё қил.

Дами охирда иймон бер, илоҳим,
Кечиргин сен ҳамма журму гуноҳим.

Улуғ маҳшарда, эй саттори олам,
Алар бирлаки, қилгил ёри-ҳамдам.

Воҳиб отлиғ расул ёронларидан,
Ки дурлар очди сўз боронларидан.

Расулдан нақл этибдир ушбу сўзни,
Эшитар очса ким жон ичра кўзни.

Яратган кун жаҳонни жаннати ҳам,
Яратди тингла сўз, эй ёри ҳамдам.

Эни ҳар жаннатининг ер бирла кўкдак,
Узунин билмади ҳеч кимса бешак.

Магар Аллоҳ билар, олимдир ўзи,
Анинг илмига тенгмас кимса сўзи.

Қиёмат кун еру кўкларнинг, эй ёр,
Тортиб кенгайтар Аллоҳим ул миқдор.

Кенгаяр бу жаҳон ҳадди бепоён,
Сиғар сакиз беҳишт аҳли ҳам аён.

Кучлидир қудрати Парвардигорнинг,
Не қилса жондан бўлсин эътиборинг.

Етти ер, етти осмон, арши, курсин,
Сиғдирса бир ҳовучга, нелар дерсен?

Кенгайтиб бу жаҳонни юз бу миқдор,
Саккиз жаннат сиғса гар, не сўзинг бор?

Сакиз жаннат тамом юз даража ул,
Эшикдан эшикка беш юз сана йўл.

Оқар доим бу дарёлар ичинда,
Туганмас, фоний бўлмас мева анда.

Яна нозик аёллар нури ийндан,
Яратмиш аларни нури мубиндан.

Мисоли ҳаммаси ёқуту маржон,
Эмас аларни ғайри кимса кўргон.

Ва ғайри назар этган эмасдир,
На инсу жин ани тутган эмасдир.

Ки етмиш ҳулла киймиш ҳар бириси,
Тамоман бошқа-бошқа ранг бариси.

Кўтармакда енгил бир неча сочдан,
Тамом нозик ипакдан, хуш қумошдан.

Сумаклар, ҳуллалар, этлар тошиндан,
Қарасанг мағзи-инчикни кўрарсан.

Қизил шарбат бу як шиша ичинда,
Аниқ кўрарсан сен мағизни анда.

Лачак бўйнузлари дур бирла, эй жон,
Безамишлар ҳамма ёқуту маржон.

Очиб жон қулоғинг, кел, тингла эй ёр,
Беҳишт ичра ажойиб нисбалар бор.

Илоҳи, рўзи қилғил қулларингга,
Ҳамма мўъмин мусулмон элларингга.

Сакиз жаннатни нуридан яратмиш,
Тамоман бир-биридан айри этмиш.

Мисоли айри бўлгандек самолар,
Биза айтмиш бу сўзни раҳнамолар.

Еттинчи кўк узра мавжуддир алҳол,
Ки йўқдир ушбу сўзда қийл ила қол.

Юқори бир-биридан, тингла хало,
Баридан юқори фирдавси аъло.

Бўлур пора ўшал кун етти осмон,
Ки жумла аҳли маҳшар анда фазон.

Кун ила Ой тутилар анда бари,
Юзида қолмагай юлдуз асари.

Йитар осмону етти ер йиқилар,
Томуғнинг устига кўприк чекилар.

Етти дўзах назарга келгай анда,
Не борин осий қуллар билгай анда.

Бўлур жаннатга мўъмин аҳли нозир,
Самолар кетиб, жаннат бўлар ҳозир.

Бўлурлар жаннат аҳли шоду ҳуррам,
Башоратлар бўлур, емас алар ғам.

Илоҳи, кўнглимни шодимон қил,
Мусулмон қил, токи аҳли иймон қил.

Ки жаннат васфин истар, келсин эмди,
Жон қулоғин сўзимга солсин эмди.

Айтайин билганимча васфин, эй ёр,
Харидори керак, очилди бозор.

Ҳақойиқ аҳли сўз бозорин очди,
Ки тинмас қатраким бу шарбат ичди.

Эшитиб бовар этган ушбу сўзи,
Севар ани икки дунёда Ўзи.

Бу жаннат эшигин саккиз демишдир,
Бири тикка, бирин қумга қўймишдир.

Ки олтин мурассаъ жавҳар ила,
Ясамиш Тангри қудрат анвар ила.

Аввалги эшик узра ёзмиш ани,
Калимаи тоййиба аз жон бихони.

Бу эшик анбиёи мурсалиндир,
Тағин олам аҳлин жўмардлариндир.

Икинчи эшик намозхонлар учундир,
Вузуъ, амал келтирганлар учундир.

Учинчи эшик берибдир ким закотин,
Ишониб англамиш сакиз сифотин.

Бу тўртинчи эшикни кимларга бермиш,
Аларким амри маъруфга буюрмиш.

Дағи наҳй айламиш мункар ишидан,
Тамаъ қилмай Ҳақ учун бир кишидан.

Бу бешинчи эшикни Ҳақ аларга берди,
Ки ҳар нафс орзусидан қўлин кўтарди.

Бу олтинчи эшик – алар ҳаж этмиш,
Тўзон, тупроқ узра умрага етмиш.

Бу еттинчи бобни ғозиларга берди,
Аларки кофирлар ила жангда эрди.

Саккизинчи эшикни сўрсанг айтайин,
Ки жаннат васфини халққа ёяйин.

Аларким истамишдир Тангрини ул,
Кўзин юммиш ҳаромдан ҳам тортиб қўл.

Ота-онасига хайр этмиш алар,
Мусулмон қардошин хуш тутмиш алар.

Ҳар нени хайр айламиш жаҳру ниҳони,
Қўлингдан келса қўлла жондин они.

Илоҳи, бизни хайрга роғиб айла,
Ки яхшилар сўзига толиб айла.

Ёмон ишдан, ёмондан айлагил дур,
Икки оламда қил фазл ила маъмур.

Бу жаннат саккиз демишлар тамом ул,
Бирига от берур “Дорул жинон” ул.

Ясамишдир ани оқ дурдан Аллоҳ,
Бани Одам учун валлоҳи – биллоҳ.

Иккинчи жаннати “Дорул салом”дир,
Хабар берган бизга бу Ҳақ каломдир.

Ясамишдир қизил ёқутдан ани,
Олар бир донаси юз минг жаҳони.

Учинчиси жаннати “Маъво” турур от,
Каламуллоҳ ичида бўлмиш исбот.

Ани яшил забаржаддан тузатмиш,
Ажойиб қудрат ила шундай этмиш.

Тўртинчи жаннатига “Хулд” эрур от,
Калом ичра ани ҳам айламиш ёд.

Бино этмиш анга бу сари маржон,
Ки қудрат бирла тузди ани Субҳон.

“Наим” демиш бешинчи жаннат отин,
Берар Тангрим ўзи қуллар меърожин.

Биноси жумла мунинг оқ кумушдир,
Калом ичра Худо Ўзи демишдир.

Олтинчи жаннатнинг “Фирдавс” отидур,
Севар қуллари учун жойлар аталур.

Тузатмишдир қизил олтиндан ани,
Худонинг лутфидир, тўъма гумони.

Еттинчи жаннатни “Адн” атамиш Ҳақ,
Десинлар жумла мўъмин аҳли садақ.

Тузатмишдир ани оқ дурдан, яъни,
Тамом жаннат бошидир, тингла буни.

Бу жаннат жумласидан илгаридир,
Шунинг-чун барча жаннатлар саридир.

Ажаб эрмас уй уйдан яхши бўлса,
Ки зебу зевар ила нақши бўлса.

Бу жаннатда икки эшик мубаййан,
Тузалмиш қудрати Ҳақдан муайян.

Ки ҳар эшикда икки тахта қопи,
Бу тиллодан тузалмиш йўқ хилофи.

Икки тахта орасин сўрсанг, эй жон,
Худди орасидек ер билан осмон.

Ҳамма жаннат биносин ҳам демишдир,
Бу кирпичлар бари олтин-кумушдир.

Сувоғидир тамоман мушки азфар,
Ки хоки заъфарон бирла анбар.

Ки кўшклар бордир дурдан тузалмиш,
Анинг панжараси ёқутдан бўлмиш.

Эшиклари тамом жавҳар тутур бу,
Юзига тутдирилмиш маълул-инжу.

Ки васфи кўп эрурким, тилга келмас,
Ноқис ақл ила анга етмак бўлмас.

Бу жаннатларда тўрт дарё оқар ул,
Ким ичса, қатраси жонга ёқар ул.

Бириси баҳри раҳматдир, оқар бу,
Сакиз жаннат узра, эй ёри неку.

Бу суфтнинг тошлари ёқуту луълу,
Жавоҳирлар бўлур ҳам анда луълу.

Ки гарддан оқдир, анинг сувлари соф,
Ширинроқдир асалдан демасман лоф.

Яна бириси кавсар ариқ бўлгай,
Бир ичган сувсамоқдан фориғ бўлгай.

Муҳаммад ариғи дерлар анга бу,
Борур ушбу ариқдан умматга сув.

Оғочлари анинг ёқут ила дур,
Канори чаноқ бўлгай жумла пур-пур.

Бу юлдузлар ҳисобидан ўкушроқ,
Ки жумласи эрур покизадан пок.

Ичар умматлари ушбудан ул он,
Бўлур ул сув, эй жон, умматга дармон.

Бу жаннатда булоқ кофур эрурлар,
Дағи ариқ ки “Тасним” деюрлар.

Дағи бир ариқ анда салсабилдир,
Бириси дағи анда занжабилдир.

“Роҳиқ-ул-махтум” атарлар бири бор,
Муҳрликдир, очилмас кимса, эй ёр.

Ки андан ўзга сувлар сони йўқдир,
Агар бир-бир десам, поёни йўқдир.

Ҳисобга келмагай бас Тангри кони,
Ишонмасанг бир қара бу жаҳони.

Эрур ушбу жаҳон бир жойи фони,
Яна йўқ сувларнинг ҳадди-сони.

Илоҳи, боғу бўстон гулларингни,
Насиб эти орзулаб булбулларингни.

Илоҳи, яхшиларнинг севгисин сол,
Тавозеъ жойини қил мисли бир дол.

Пайғамбар деди, меърож кечасинда,
Ҳамма осмонларни сайр этдим анда.

Тамом жаннат ичра барин бор кўрдим,
Анда оқадиган чор анҳор кўрдим.

Бири сувдир анинг ҳам бириси сут,
Ишонгил ушбу сўзга, бўлма мардуд.

Яна бир ариққа “Хамр” от берурлар,
Ки лаззатли шарбатдир, ичирурлар.

Бири ушбу ариқнинг, бил, асалдир,
Шакардан ҳам ширинроқ оти болдир.

Бу дарёлар оқар жаннат ичинда,
Ажаб ҳайрон бўлур бир кўрган анда.

Тамоман ҳавз ичига кирар алар,
Бир-бирига қатишмай оқар алар.

Бу ҳавз ичра асал, сут ҳамда сувлар,
Кирар бўлсанг тўпиққа етмагайлар.

Улуғликда бу ҳавзнинг ҳадди бўлмас,
Ноқис ақли, дер эсам ани бўлмас.

Худоё, ақлимни афзунтар этгил,
Тилим зикринг билан доим тебратгил.

Ҳавас бергил халойиқ сўзларига,
Кўзимизни нозир этгил юзларига.

Алар сари учун болу паримни,
Келар йўлларига фош эт сиримни.

Қабул айла тилакларимни, ё, Раб,
Равон эт кўзларим ёшини ҳар шаб.

Худонинг қудратидан очди кўзни,
Пайғамбар дер Жабройилга бу сўзни.

Бу дарёлар келар қайдан, қаерга
Кетар энди, хабар бер шуни бизга.

Деди Жабройил ҳавз ичра елгай алар,
Ки билмас қайси йўлдан келгай алар.

Дуо қилгин агар кўрмак тиласанг,
Буларнинг аслини билмак истасанг.

Дуо қилди у дам Расул Худога,
Малак юборди Худо у Мустафога.

Саломдан сўнг фаришта айтди бу сўз,
Аё Аҳмад, бу дам юмгил икки кўз.

Яна очгин деди, мен юмдим-очдим,
Ўшал ҳолат бир оғочга саташдим.

Оғоч устида оппоқ қуббаси бор,
Яшил ёқутдин эшик-қопқаси бор.

Қизил тиллодан ҳам қопи қилинди,
Очилмас айладим у боғли, банди.

Етти ер, етти осмон, инс ила жин,
Қубба узра қўйса барини бирдан.

Бўлар мисли тоғ узра қуш қўнгандек,
Ҳамон Қоф тоғига чумчуқ мингандек.

Оқар тўрт ариқни кўрдим тагинда,
Дедим, энди қайтсам ушбу еринда.

Малак деди, нега кирмадинг эй жон,
Ки “Индааллоҳ”да сен азиз меҳмон.

Дедим, йўқдир калит менда, очилмас,
Калитсиз бу эшикдан кириб бўлмас.

Деди, калит қўлингдир, очибон кир,
Ажойиб, хуш ғаройиб, кўргил, эй мир.

Десам, қани, деди, “бисмил”дир, эй шоҳ,
Дегил қопу очилсин, бўлгил огоҳ.

Дедим, “бисмил”ки, бу қопу очилди,
Худонинг нури устимга сочилди.

Ки кирдим қуббага, кўрдимки тўрт наҳр,
Оқар тўрт рукун қуббадан саросар.

Дедим, энди чиқайин қуббадан бас,
Малак “Кўрдингми?” деб қилди менга сас.

Дедим, кўрдим, бале истагимни мен,
Деди: “Қилгил назар икки бор ҳам сен”.

Назар қилдим, бу тўрт рукнга ёзилмиш,
Бу “бисмиллоҳ” нақши ила тузилмиш.

Чиқар сув ариғин кўрдим ўшал дам,
Бу “бисмил” мимидан, эй чашми пурнам.

Яна сут ариғи, Аллоҳ-о, сендан
Чиқар, кўрдим ажойиб қудратингдан.

Ки хамр ариғи Раҳмони мимдан бу,
Асал мими Раҳимдан, эй моҳирў.

Ки мен билдим бу тўрт ариқнинг асли,
Бисмилдан эрур, эй марди-усулли.

Деди Аллоҳ ўшалга, ё Муҳаммад,
Бу исм ила мени ким айласа ёд.

Сенинг умматларингдан бўлса ўзи,
Ки холисона деса гар бу сўз(н)и.

Суғорайин мен бу тўрт ариқдан ани,
Ичса гар, лаззат олгай кайфи жони.

Киши Ҳақ ёдини севмак тиласа,
Эгасин жон билан ўгмак тиласа.

Тутуб суннатни нафси монеъ бўлсин,
Худойи ҳар на берса қонеъ бўлсин.

Тамаъ бирла йиртмасинлар юракни,
Ки узсин бўғзидан бу нафси сакни.

Мужоҳидда жафога тутсин ани,
Бериб ким ул итга сув бирла нонни.

Гар куч олса семириб ушбу маккор,
Қилур аъзоларинг қуллиқда бемор.

Хабардор эт Худо-ё, мен қулни сен,
Ки кўрсатгил менга тўғри йўлни сен.

Дариғо, етмаса фазлингдан имдод,
Дағи кимга қилурмен доду фарёд.

Васфи учмоқдан сизга зикр айлаюм,
Тинглайиб жондан инонса, сўйлаюм.

Учмоқ ичра кирса, вақти хуш кечар,
Шанба кун учмоқ сувин мўъмин ичар.

Яна якшанба асал ичгай дағи,
Душанба куни ичар сут, эй ахи.

Хамр ичарлар ул дағи сешанба кун,
Маст ўлуб, сархуш ўлурлар ушбу кун.

Маст бўлганда учарлар тикка мудом,
Бир улуғ тоққа етишгунча тамом.

Ул улуғ тоғ мушки холисдан бўлар,
Салсабилнинг сувлари андин келар.

Салсабилдан сув ичарлар баъдазон,
Ушбу чоршанба куни бўлгай ҳамон.

Баъдазон учгай алар минг йил ўнга,
Етгунча қасри мунифнинг жойига.

Ул муниф бир кўшк эрур нурдан тамом,
Этмак бўлмас васфига ҳосил калом.

Тахтлари бордир баланд поёни йўқ,
Ҳам қўйилмишдир чаноқлар сони йўқ.
Баъзи жавҳар, баъзи зар нуқра эмиш,
Турли шарбатдан ичи тўлиқ эмиш.

Ўлтирур ҳар бириси бир тахт узра,
Жумла Қуръондир, инонгил бу сўз(г)а.

Ёстиқу зебо тўшаклар ҳам ҳарир,
Уст-устига ҳадди-баёндин касир.

Яъни қалину бисотлар зил ипак,
Қудрати Ҳақдан тўшалмиш, қилма шак.

Ул қадар бўлгай баланд тахтлар ҳамон,
Ер билан кўкдан бўлур мобайни – он.

Ўлтирурлар тахт узра тоқи қилиб,
Ҳар бириси ҳурраму шодмон бўлиб.

Буларга ингай шароби занжабил,
Хуш ичарлар ушбуни беқолу қил.

Хуш ажаб айшу фароғатлар қилар,
Ул кунни пайшанба деб атар алар.

Айни боқий чашмасидан оқ булут,
Булар узра ҳулла тўккай қут-қут.

Яъни минг йилга қадар ҳулла ёғар,
Зил ипакдан жумла хуш нақшу нигор.

Мўъмини адноси етмиш ҳуллани,
Ушбу ҳулладан кияр, билгил буни.

Ҳар бирининг бўлгай ул ранги дигар,
Жомайи зери бўлар зебо магар.

Юпқа бўлгай ҳулланинг ҳар бириси,
Барги гулдек тингла, эй дин тийриси.

Сўнгра учгайлар бу мўъминлар яна,
Минг йилга етгунча мақсад жойина.

Мақсадга етган куни жума бўлур,
Ул абад суфраси узра ўлтирур.

Ариқ ингай аларга, оти роҳиқ,
Ким баҳралик кўпик мушкдир, эй рафиқ.

Ундан ичгайлар булар лаззат била,
Турли шарбат айш ила, ишрат била.

Турли мева, турли ош, турли таом,
Хуш ичар, айлар навозиш хосу ом.

Розиман деб келгай ул Ҳақдин салом,
Дийдалар бергай буларга ихтимом.

Кўз кўрган, қулоқ эшитган бўлмагай,
Хотирига кимсанинг ҳеч келмагай.

Нозир бўлгай Ҳақнинг дийдорига,
Кирдилар чун жаннат аҳли дорига.

Ҳасрату ғамдан асар йўқ баъдазон,
Ишрат ичра қоларлар ки жовидон.

Деди бу сўзни Расули раҳбарон,
Тангрига ҳар кимса келтирса иймон.

Тутса амрин, қилса ул солиҳ амал,
Ижтиноб этса гуноҳдан бажадал.

Бу каромат, бу шарофатдир анга,
Ҳам насиб этгай Худо дийдорина.

Эй Худоё, рўзи қил дийдори ёр,
Мўминга даркор аввал, сўнгра жар.

Бу жаннат аҳлидан бир кимса , эй жон,
Қилса гар орзу дийдори Раҳмон.

Малойик келтирур ул дам буроқлар,
Югани тилло мурассаъ, зийн жавоҳир.

Башорат бирла дерлар ин доди Ҳақ,
Тутарлар шод бўлиб, аларга саддақ.

Бу меҳмонхонага тушгайлар ул дам,
Егайлар турли неъмат шоду ҳуррам.

Салом келгай Худойи беназирдан,
Раҳимлик, меҳрибон Ҳаййул Каримдан.
Эшитурлар қулоқ бирла саломи,
Бу меҳмонхонада бўлгай тамоми.

Яъни кўз бирла кўргайлар Худони,
Жиҳатсиз ўхшаши йўқ, ломакони.

Жаҳонаро жамолин Тангри қодир,
Тўлин ойдек кўрурлар аҳли нозир.

Бизга вожиб қилибдир битмакни ул,
Ўзи билур ўзин кўрсатмакни ул.

Илоҳи, фазл ила дийдорингни бер,
Юракда завқу шавқдин зорингни бер.

Савол этди Расулдан Каъбул ахбор,
Нечук эркан бу жаннат ичра ашжор.

Наби айтмиш оғочлар шундай битмиш,
Ажойиб ҳолат ичра анда тутмиш.

Қуримас, бирор япроғи тўкилмас,
Тугамас меваси ҳеч фоний бўлмас.

Ки Тубодир оғочларнинг баланди,
Барча жаннат ичра аржуманди.

Анинг аслики оқ дурдан тузилган,
Миёни ҳам дағи кумушдан бўлган.

Бутоқлари забаржаддан эмишдир,
Унинг япроғи олтиндур, кумушдир.

Ки етмиш минг бутоқ бор ул оғочда,
Ёпишмиш ҳар бутоғи, соқи аршда.

Ки анинг бутоғи осмонга етмиш,
Худо қудрат бирла шундай тузатмиш.

Бутун жаннат ичра соя солгай,
Ки жаннат аҳли андин баҳра олгай.

Бутун бутоқ самардан шундай пурбар,
Бу жаннат аҳли айшу ишрат айлар.

Ки ҳар бутоқда бор етмиш минг вароқ,
Бирида бор: “ла илаҳа иллааллоҳ…”

Агар сўзга инонсанг, бу турур сўз,
Инонмасанг, унда қара очиб кўз.

Бу тўртинчи самода сайр этадир,
Ёруғи бутун оламни тутадир.

Яна жаннат ичра кўпдир оғочлар,
Кумуш бирла тамоман олтин алар.

Бутоқлари анинг баъзиси олтин,
Кумушдир баъзи, сўздан англа мазмун.

Оғочларким бу дунё ичра битмиш,
Туби ерда, бутоқ осмонда эрмиш.

Шунинг чун дунё эрмиш жойи таклиф,
Инонмади шунинг чун аҳли ташриф.

Бу жаннат тупроғидир мушки анбар,
Дағи кофуру хушбўй ила азфар.

Ариқлар суву сут ва асалдир,
Дағи хамр оти шарбат бехалалдир.

Эсар ел ҳам у ерда хуш мулойим,
Тегар япроқлар бир-бирига дойим.

Чиқар анда алардин турфа овоз,
Қурилгандек бўлур хуш минг турли соз.

Эшитган бор эмасдир инсу жиндан,
Анга менгзаш бу дунёда хуш алхон.

Бу созларнинг овозин тинглаюрлар,
Олиб лаззат уларки суст бўлурлар.

Улар ҳуррам ўшал турли овоздан,
Эшитдим ушбу сўзни дилнавоздан.

Худоё раҳматингдан қилма маҳрум,
Бизни қўйма икки оламда мазмум.

Алидан фатҳи боб бўлди бу иқбол,
Расулдан нақл этиб ул соҳиби ҳол.

Деди жаннат ичра бир оғоч бор,
Бошида ҳулла пайдо мисли асмар.

Ҳақиқатда от чиқар, қанотли бўлгай,
Эгарли ҳам юган зийнатли бўлгай.

Безаги дур билан ёқут эрур ул,
Тезак солмас, дағи айламас бавл.

Худонинг дўстлари мингайлар анда,
Бас ул отлар учар жаннат ичинда.

Оёқ узра юрган халқдир, илоҳий,
Кийдиргансан бошга давлат кулоҳи.

Бу қулларга қилиб сен турфа инъом,
Сабаб недур, бизга бир айла илҳом.

Худо дер қулларига бу аъбони,
Бўлар ёғиш саволларнинг жавоби.

Намоз аларда пеша, сизда уйқу,
Аларда рўза, сизда емак-ичку.

Алар жоҳид бўлиб Ҳақ хизматида,
Ҳамон сиз бевафонинг зийнатида.

Тану жон Тангрига сарф этди алар,
Меним буйруқларим хуш тутди алар.

Итоби хуш аларга етди Рабдан,
Каромат рўзи қилдим шу сабабдан.

Алар отин вали қилмиш қатинда,
Азалда севмиш ани ҳазратинда.

Насиҳатдир бу сўзлар хуш билана,
Билиб жони билан рағбат қилана.

Илоҳи, қулларинга ёри бергил,
Қилиб эҳсон беҳишт гулзори бергил.

Насиб эт хайр қучмоқни қулингга,
Миниб от анда учмоқни қулингга.

Расулдан очилди бу сўз бардавом,
Севар умматларга бу сўздир инъом.

Дағи бор жаннат ичра бир шажар ҳам,
Анинг меваси кўп эй ёри ҳамдам.

Сучукдир болдан ҳам юмшоқ кўпукдан,
Дағи покизадир тоза муш(у)кдан.

Едирмас мевасин қуллар барига,
Магар едирар намозхон қулларига.

Намозхон бўл, намозхон бўл, намозхон,
Намозхонларга бўлгай шундай эҳсон.

Барча ишлар боши билгил намози,
Намоз очгай сакиз жаннатга изи.

Намозсиз қулларга ул кун зимистон,
Иши душвор, очилмас банди зиндон.

Худовандо мусулмон айла бизни,
Муваҳҳид аҳли иймон айла бизни.

Ёмон йўлдан, ёмон йўлдошдан, эй Ҳақ,
Ўзинг самара бер ишимга мутлақ.

Тортарман ҳар замон дард ила оҳи,
Бу оҳим қилма беҳуда Илоҳи.

Хабар ичра Расулдан дур сочилди,
Уйғонди жон, кўнгилдан занг очилди.

Деди, халқ этди Ҳақ ҳур қизларни,
Ки тўрт рангдан, аё одам, негизи.

Бири оқ, бири яшил, бири сари,
Бириси сурҳининг лайлу наҳори.

Баданин заъфарон мушкдан этмиш,
Дағи кофури анбардан тузатмиш.

Сочи ҳурнинг қаранфул деб айтайин,
Бу асли хуш исли фар эрур тайин.

Оёқ бармоғидан тизига тегру,
Хуш исли заъфарондир, эй моҳирў.

Тизидан то баданга мушки азфар,
Бадандан то бўйинга мушки анбар.

Бўйиндан то боши кофурдан ўлмиш,
Ажойиб қудрат ила хуш тузалмиш.

Кўрганлар кўз ололмагай асло,
Нечук васф этса ҳам ундан адно.

Ҳур тегинса дунёга бир марта агар,
Жумла жаҳонни олар мушки анбар.

Ёзилмиш сийнасига ҳар бирин ёди,
Худонинг отларидан бирор-бир оти.

Икки гардан ораси тўрт ёғоч йўл,
Бу сўздан маъни англа, аҳли маъқул.

Улуғликда ажаб зебо моҳирў,
Кўрган кўзга аларнинг жони дилжў.

Ки ҳар қўлида ўн тилла билазук,
Дағи ҳар бармоғида шунча узук.

Ҳар оёқда яна ўн бурмаси бор,
Барчаси луълуи жавҳардан, эй ёр.

Ҳар не истар бўлсанг анда муҳайё,
Бўлур ўпмагу қучмоқ тамошо.

Дема, эй кимсаким – аҳли маънони,
Кўнгилдан тутса дўст ушбу жаҳони.

Худоё маъни кўзларин ўзинг шод эт,
Ки кўнглим хонасин анда обод эт.

Умид мендан, карам сенда Худойим,
Баҳра ҳол узра қилгил лутфни доим.

Ривоят Ибни Аббосдан қилинмиш,
Ажаб сўздир Расулдан нақл ўлмиш.

Деди, жаннатда кўрдим бир ажиб ҳур,
Дедилар, оти анинг Ленитадур.

Яратмиш Тангри тўрт нарсадан ани,
Ки анбар, мушк, кофури заъфарони.

Ки ҳайвон сувидан балчиқ сувалмиш,
Ажойиб зебу зевардан тузалмиш.

Ҳама ҳурлар анинг ишқида вола,
Ки кўрсак деб қиларлар зори нола.

Тупурса гар бир бора баҳрга ул пок,
Суви бўлгай шакардан ҳам ширинроқ.

Кўрган ажралса, кундузи бўлар тун,
Бўлар бехос алар жигар-бағри хун.

Ёзувли синасида ушбу хат бор,
Менга ҳар бир кимса жуфт бўлмак истар.

Ки унинг тоқати Раб бирла бўлсин,
Ҳаво бирла ҳавосин ортга сурсин.

Саҳар хуш уйқуда қил барча зори,
Худодан истагил тавфиқи ёри.

Ки ул лутф эгаси кони карамдир,
Ки баҳри қатида олам адамдир.

Ки йўқдир асилларга ўзга чора,
Анинг бир зарраси, бил сад ҳазаро.

Узилмас қўлларидан даст умиди,
Ўзи дерки бўлма ҳеч ноумиди.

Хабардир Ибни Маъсуддан бу ақвол,
Расулдан қилди нақл соҳиби жамол.

Адан жаннатини Ҳақ ул дам яратди,
Ки Жабройилга қудрат амрин этди.

Деди, бу жаннатни сайр эт бу соат,
Кўргин, қулларга бўлмиш не шафоат.

Ки Жабройил бориб тавоф этди борин,
Ажойиб кўрди бўстон лолазорин.

Ки васф айларга булбуллар тили лол,
Эшитганлар бўлур васф этса, беҳол.

Кезарди сайр этиб ул ҳақи амини,
Кўрарди, тингларди зебу зийни.

Йўлиқди жория ул ҳин, эй ёр,
Табассум қилди Жабройилга як бор.

Ки тиши оқидан жаннат бутунлай,
Ишиқланди тамом, эй марди шундай.

Йиқилди Жабройил, ким сажда қилди,
Гумон аввал юз обдон жилва қилди.

“Кўртар бош” деб нидо қилди ул чўри,
Нега сажда қилурсан, кел менга тўғри.

Кўриб ул дам ани танг этди бисёр,
Ажаб зийнатламиш қудратли жаббор.

Деди ул жория ул дам, менга боқ,
Кимлар учун яратибдир мени Ҳақ.

Билурмисен, менга бир қилгил изҳор,
Нечук банда экан бўлгай менга ёр.

Жавоб бермишки Жабройил ўшал дам,
Бу ишларга менинг ҳам донишим кам.

Магар ўзинг билурсан деб сўзлади,
Эшитсам деб жавобин ҳам кўзлади.

Яратмишдир анинг учун мени Ҳақ,
Ризо бўлса Худо ҳар ҳолда мутлақ.

Ҳаво бирла ҳавасдан бўлса ул дур,
Изо емаса андин кимса то мўр.

Баҳар ҳолда ризо жўянда бўлса,
Ризосин истаса, ҳар қайда бўлса.

Мен анинг жуфти деб берди жавоб ул,
Қилур жаннат учун бағрин кабоб ул.

Қаттиқ ҳолдир ризо бир қулга тутмоқ,
Изи ҳар кимсадан ким тек ювитмоқ.

Писанд айлар кўрар на бўлса ҳарчанд,
Ичирса заҳри заққумни билур панд.

Жаҳон ичра ҳамма нохуш анга хуш,
Бўлур ўзгаларга ҳар ҳол қилиб бўш.

Худонинг қаҳри, лутфи ёнида тенг,
Баробар кўринур анга ҳамма ранг.

Баробардур анга севмагу ўгмак,
Тағин бир эр ишидир юкни чекмак.

Бу ҳолни қил насиб хос қулларга сен,
Шариат бер мусулмон элларга сен.

Хабардор эт тариқат йўлларидан,
Мададхоҳ қил ҳақиқат элларидан.

Ҳақойиқ аҳлини дуч эт ғарибга,
Кўнгил дунёни тутмасин ҳабибга.

Етар жононига жондан кечганлар,
Ўзини йўқ айлаб сондан кечганлар.

Хабардур ул Расулдан тингла, эй жон,
Эшитса бовар айлар аҳли иймон.

Деди, кўрдим сакиз жаннат ичинда,
Бино айлар малойик кўшклар анда.

Бири кумуш, биринж, бири тилло,
Тузатурлар биносини зийнат ила.

Қараб турдим, бинодан чиқдилар эл,
Қарадилар бу ҳолатда ўнгу сўл.

Савол этдим нега фориғ турарсиз,
Гоҳи фориғ бўлиб, гоҳ қўл урарсиз.

Дедилар, зикрга турса қаср эгаси,
Қўл урармиз туриб, битгай биноси.

Қачон ул зикридан фориғ бўлганда,
Бинодан қўл тортармиз биз ҳам анда.

Давоми Ҳақ зикрин эт, эй бахти хуш ёр,
Сенинг ишинг доим қилсин малаклар.

Ишинг битмас агар ғофил ётурсан,
Хайф ғафлат бирла умринг ўтирсанг.

Худога бандалик қил, эй хирадманд,
Зикридан лаззат ол мисли шакар, қанд.

Хабарда келди, тинглагин сўзимни
Агар чандики хайр билсанг ўзимни.

Кишиким рўза тутса рўза ойи,
Анга неъмат берур тонгла Худойи.

Кунига ҳури ийндан қизи зебо,
Худо бергай, эшит, эй жони шайдо.

Толибдирлар анга дур ила хайма,
Ўзингдан ўзга кўрмабдур, ғам ема.

Ки ҳар ҳурга қурилмиш тахти – этмиш,
Қизил ёқут эрур, эй бахти битмиш.

Ҳар тахт устида етмиш тўшак бор,
Муҳаббат бирла сойим анда ёйлар.

Яна минг чўриси ҳар ҳурнинг анда,
Ки олтиндан варақ алар алинда.

Алар зийнат билан олдинда тургай,
Бўлур пайдо уларни кимса кўргай.

Киши ким бўлса сойим рўза ойи,
Бу шавкатлар анга бергай Худойи.

Гар Ҳақ бандаси бўлсанг, рўзани қўйма,
Ки шайтони лаъиннинг изидан юрма.

Эргашиб айрилмагил, кел, бундай ҳурдан,
Бошқа иш топилмас ушбу ҳузурдан.

Вафосиз дунёнинг камдир ҳузури,
Битган иш йўқ, жафодир қури-қури.

Хабардир Мустафодан бу сўз, эй ёр,
Иймон шами бўлган кас баробар айлар.

Ажаб саҳро сиротнинг энгсасинда,
Ки покиза оғочлар бордир анда.

Тубидан ҳар оғочнинг икки дарё,
Оқар кетар бари жаннат сария.

Бири жаннат ўнгидан, бири чапдан,
Тузатмиш лутф ила Ҳақ бўйла чўлдан.

Сиротдин мўминелар чун кечарлар,
Қаттиқ сувсаб ўша сувдан ичарлар.

Ҳисобгоҳда бўлур кунки турибдир,
Чангу тупроқ, машаққатлар кўрибдир.

Ичгандан сўнг етиб ҳол синоатга сув,
Хаёлот, ғиллу ғаш битгай иймон ҳу.

Бу сувлар ким қачон қорнига боргай,
Нажосат, бавлу қон андан айрилгай.

Ки ичу ташингни поклагай ул сув,
Изи йўқ ёмон ҳужайрада бир мў.

Келгай алар, яна бир ҳовзи дигар,
Тушар ҳовуза, бўлар нозик баданлар.

Териси юмшоқ аларнинг ипакдек,
Юзи бўлгай тамоман тўлин ойдек.

Жасад покиза мисли мушки анбар,
Ки хушбўйликда алар то саросар.

Тамоман боби жаннатга келурлар,
Кўриб андин тафарружлар қилурлар.

Қизил ёқут биноси бўйла хуш ой,
Бўлиб хушвақт гоҳи дерлар ки ҳай-ҳай.

Қоқар ҳар бири ул дам боби жаннат,
Очар боб, келди деб асҳоби жаннат.

Чиқар ҳурлар севиниб ул дам, эй ёр,
Ки ҳар бириси ўз эрин қучоқлар.

Айтар ул ҳур: севарим сен эрурсан,
Худойим розидир, мен рози сендан.

Туркман тилидан Баҳодир Каримов таржимаси