Юсуф Синон Шайхий (1371-1422/23)

Турк адабиёти тарихида шайх аш-шуаро, яъни шоирларнинг шайхи номи билан улуғланган Юсуф Синон Гармиёний – Шайхий (Yusuf Sinan Şeyhi) Гармиён (Кутахя) бейлигида 1371 йил дунёга келди. Шайхий хақида адабий манбаларда бизгача анча-мунча маълумотлар етиб келган. У ўз юртида бошланғич маълумот олгач, билим олиш учун Эронга кетади ва у ерда офталмологияни (кўз табиби) чуқур ўрганиб, малакали табиб бўлиб етишади. Ю. Шайхий Эрондан Эдирнага келиб 1410 йилгача султон Сулаймон саройида, сўнгра Бурсада Меҳмед I ни (1403-1451) даволаганлиги учун сарой бош ҳакими лавозимига эришади. Ю. Синон Шайхий даврининг улуғ табибларидан бўлса ҳам унинг машҳурлиги шоирлиги туфайли эди. Ғазаллари билан танилган Шайхий Султон Мурод II чидан Низомий Ганжавий “Хамса”сидан бирор достонни турк тилига таржима қилиш топшириғини олади ва “Хисрав ва Ширин” достонини турк тилига таржима қилади. Маълумки, сомонийлар ҳукмдори бўлган Хусрав Парвиз (VII аср) ва унинг гўзал, садоқатли рафиқаси Ширин ҳақида, адабиёт оламида биринчи бўлиб Фирдавсий машҳур “Шоҳнома”сида ёзганди. Низомий достонини биринчи маротаба туркий тилга Олтин Ўрдалик шоир Қутб эркин таржима қилган. 1367 йилда Фахриддин Ёқуб ибн Муҳаммад-Фахр тахаллусли шоир Ойдин бегининг илтимосига кўра, Низомий асарини усмонли туркчасига эркин таржима қилади. Аммо, Фахрий ўз достонига “Шоҳномадан” баъзи бобларни (М; Баҳром Гўр ҳақида) киритади. Ю. Шайхийнинг “Хусрав ва Ширин” достони усмонли турк тилида, шу мавзуда бўлган иккинчи достон эди.
Шайхий Султон Мурод II нинг буйруғига кўра, Низомий “Хамса”сининг Хусрав ва Ширин достонидан 1000 байт таржима қилиб, султонга тақдим этади. Мамнун бўлган Мурод II шоирга Доқузлар қишлоғини инъом қилади. Шайхий Доқузларга кетаётганда қишлоқнинг аввалги эгаси томонидан уюштирилган қароқчилар ҳужумига учрайди ва ўзи зўрға қочиб қутулади.
Мана шу воқеа таъсирида Шайхий “Харнома” сатирик асарини ёзади. “Харнома” турк адабиёти тарихида ёзилган илк ҳаж¬вий асар бўлиб, бу достон хақида биринчи маротаба 1917 йил проф. Фуад Кўпрулу маълумот берган. Асар 126 байтдан иборат бўлиб, илк 12 байт тавҳид ва наътдир. Подшоҳга бағишланган 26 байтлик мадҳия бор. Достон масал шаклида бўлиб, асосий мавзу эронлик шоир Амир Ҳусайннинг асаридан олинган бўлса ҳам, Шайхий илк бор юқори мансабли шахслар ҳақида ҳажвий гап айта олди. Хўкизга ҳасад қилиб, унингдек шоҳ истаб, қулоқларидан айрилиб қолган эшак ҳақидаги масал Шайхий достонида ижтимоий мазмун касб эта олган.
Шайхийга катта шуҳрат келтирган “Хусрав ва Ширин” 6944 байтдан иборат бўлиб, шоир таржимани тўлиқ охирига етказа олмаган. Низомий достонига эркин ёндошган Шайхий бу достонда Хусрав, Фарҳод ва Ширинлар томонидан айтилган 26 ғазални киритган. Фарҳод образи ҳам жуда ёрқин яратилган. Низомий “Искандарнома”сини эркин таржима қилган, Аҳмадий асар тилини соддалаштиришга ҳаракат қилган бўлса, Шайхий “Хусрав ва Ширин”да аксинча араб, форс сўзларидан кўпроқ фойдаланади. Шайхийнинг бир девони бизгача етиб келган ва девон икки маротаба нашр қилинган. Девонда 20 қасида, 2 таркибанд, 3 таржибанд, 2 мустаҳзод, 200 ғазал бор. Проф.Али Ниҳод Тарлан 1946 йилда девоннинг биринчи нашрини тайёрлаган. Девондаги ғазаллар асосан сўфиёна руҳда бўлиб, шоир ўзини бир ошиқ дарвеш деб билади. Унинг назарида бутун дунё дафтардир, унга гуллар билан севикли ёр тасвирини ёзиш керак. “Жон булбули ёр юзини кўрмаса ғамни унутмас, жаннат боғи ҳам кўзга қафас кўринади”.
Шайхий ғазаллари тасаввуфона мажозларга бойлиги, бадиий анъаналар моҳирона қўлланганлиги, нафислиги билан ажралиб туради.

ШАЙХИЙ ҒАЗАЛЛАРИДАН

Баҳор мавсумидир, ҳамдами сабо бўлайлик,
Гул ва дўст бўйи ила ошино бўлайлик.

Чун даври лоладир, ихлос ила қадаҳ тутайлик,
Негаким наргис бўлур, масти бериё бўлайлик.

Замона сиррини қўй ғунча каби сарбастга,
Чаман сафосига гул каби дилгушо бўлайлик.

Бул жаҳоннинг фатҳига Жам жомдир демиш мифтаҳ,
Келинг, мулозими жоми жаҳоннамо бўлайлик.

Баҳор тавбага Шайхий жунун демиш оқил,
Бугун мувоффақат эт, эрта порсо бўлайлик.

* * *

Не хабар берди сабо зулфи паришонинг учун,
Ки бинафша мотамсаро кўринур онинг учун.

Не сабаб бош очар-у, қўл кўтарур сарву чинор;
Ки дуо айлар улар қадди хиромонинг учун.

Ой юзинг кўргач бўлур равшан еру осмонлар,
Ҳар на важҳ айтар эсам шул моҳитобоним учун.

Лола чок этди юзинг гул ёноғинг рашкидин,
Ғунча чок этди ўзин лаъли дурафшонинг учунг.

Дур-у гавҳар сочилур, нозик каломлар ёзилур,
Шайхий иншо қилажак шул лаб-у дандонинг учун.

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.