ХVII асрнинг иккинчи ярми ХVIII аср бошларида яшаб ўтган энг шуҳратли турк шоирларидан бири Юсуф Набийдир (Yusuf Nâbi). Урфада туғилган шоирнинг отаси Хожи Ғаффолзода исмли киши бўлиб, оилада илмга, адабиёт ва санъатга қизиқиш кучли эди. Бўлажак шоирнинг болалиги илм ҳавосига тўйинган бир муҳитда кечди. Бошланғич таҳсилни Урфада олади. Мунтазам равишда илмини ошириб борган Набий араб ва форс тилларини шеър ёзиш даражасида яхши ўрганади. 25 ёшида Истамбулга келиб, вазир Мустафо Пошонинг хизматига киради. Тезда Истамбулдаги адабий муҳитда ўз ўрнини топади. Даврининг устоз шоирларидан бўлган Ноилийнинг эътиборига тушади ва ҳурматини қозонади. Юсуф Набига Мустафо Пошо умрининг охиригача ҳомийлик қилади. У вазирнинг девонида котиб, сўнгра турли юқори лавозимларда ҳам ишлайди, ҳатто бир қанча ҳарбий юришларда вазирнинг ёнида бўлади. 35 ёшида ҳаж сафарини ихтиёр қилади. Ҳаждан қайтиб “Туҳфат ул-ҳарамайн” (“Икки муқаддас шаҳарга саёҳат”) номли асарни ёзиб султон Меҳмед IVга топширади. Географик руҳдаги бу асарда Юсуф Набийнинг Макка ва Мадина шаҳарларига қилган саёҳатлари, бу шаҳарлардаги ижтимоий муҳит ўқишли тарзда жуда яхши ифодаланган. Китобнинг Мехмед IVга совға қилиниши ҳам бежиз эмас. Султон севикли шоири Юсуф Набийнинг ҳаж сафари учун шароит яратиб берган, ўша вақтдаги Макка валийсига хат ёзиб, Набийга эътибор қилишини ҳам буюради. Умуман Юсуф Набий 72 йиллик ҳаётида олтита султонлар ҳукм сурган даврни кўрди. Бу ҳукмдорларнинг барчаси (Иброҳим I, Меҳмед IV, Сулаймон II, Султон Аҳмад II, Мустафо III, Аҳмад III) Набийга яхши муносабатда бўлиб, илтифотлар кўрсатиб турган. Ҳаж сафаридан сўнг Юсуф Набий улуғ вазир Мустафо Пошо билан Морага кетади. 1685 йилда вазирнинг вафотидан сўнг Ҳалаб шаҳрига бориб жойлашади. Ҳалаб валийси Балтожи Меҳмед Пошо шоирнинг дўсти ва ҳомийси эди. Узоқ йиллар Ҳалабда яшаб, Балтожи Пошо бош вазир бўлгач, 70 ёшида Истамбулга қайтади. Ниҳоятда илмли ва пок инсон бўлган Набий ўз вафот кунини олдиндан башорат қилиб, қитъа ёзадиким “кетти Набий Афанди жаннатга тек” мисралари унинг вафотини тарих санасини англатади. 1712 йил 12 апрелда кўз юмган. Шоирнинг қабри Ускудардаги Қоражааҳмад қабристонидадир.
Юсуф Набий билимдон ва камолотга эришган шахс эди. Унинг замондошлари шоир ҳақида ҳамиша ҳурмат билан ёзадилар. Набийни фозил диндор, пок инсон сифатида таърифлайдилар. Сабр-тоқатли, ширин сўзли, атрофидагиларнинг ишларига аралашавермайдиган Набийнинг самимий дўстлари кўп эди. Турли можаролардан ўзини олиб қочадиган, ғийбатларга қўшилмайдиган шоир характери унинг асарларида ҳам акс этгандек. “Хайрияи Набий” маснавийси шоирнинг фалсафий, эстетик қарашларини ўзида жамлаган асарларидан биридир. Набийнинг икки ўғли бўлиб, ўғиллари Абулхайр ва Меҳмед Эминлар Ҳалабда таваллуд топганлар. Умуман Набий ижодининг энг гуллаган даври, Ҳалаб шаҳрида Балтожи Меҳмед Пошо ҳомийлигида бўлган давридир. “Хайрияи Набий”ни шоир ўғли Абулхайрга бағишлаб дидактик руҳда ёзган. Шоирнинг мақсади ҳам ўғлига насиҳатлар тарзида ёзган достони орқали ёшларга тўғри йўл кўрсатишдир. Достоннинг ҳар бир боби маълум бир ахлоқий категорияларга бағишланган. Асарда яхшилик, сахийлик, ақллилик, софдиллик, ҳушёрлик мадҳ этилса, хасислик, қизиққонлик, бузуқлик, ёлғончилик, нопоклик сингари киши табиатида бўладиган иллатлар танқид қилинади. Юсуф Набийнинг ўзи бир умр сарой аҳлларига яқин бўлиб яшаган бўлса ҳам, ўғлига султонлардан узоқроқ бўлишни насиҳат қилади. Саройдаги турли хил ғийбатлар, иккиюзламачилик, шахсий манфаат йўлида бир-бирини сотишлардан ҳеч қачон киши қалби оромда бўлмайди. Набий ўз ахлоқий принципларидан келиб чиқиб, ўғлига тинч ҳаёт кечириш йўлларини кўрсатади. Достонда ўша замоннинг маълум бир иллатлари шоирона тилда, кенг халқ оммасига тушунарли қилиб ифодалаб берилгани учунми, асар тезда мушҳур бўлиб кетади. Достонда мақол ва маталлар жуда ўринли қўлланган, образларга бой. Асарнинг баён қилиш усули ҳам жозибали бўлиб, арабча, форсча сўзлар нисбатан кам ишлатилган. Набий олға сурган бош ғоялардан бири илм билан мунтазам шуғулланишдир. Саодатга эришишнинг энг тўғри йўли илмда эканлигини уқтиради шоир. Асар 1694 йилда ёзиб тугатилган бўлса, ХИХ асрда Европа тилларига таржима қилинади. Франсуз шарқшуноси Паве де Куртей маснавийни фаранг тилига таржима қилиб, 1857 йилда нашр қилдиради.
Юсуф Набийнинг иккинчи достони “Ҳайробод” ҳам Ҳалабда ёзилган. Бироқ бу асар руҳи ва сюжет тузилиши жиҳатидан “Хайрия”дан тамоман фарқ қилади. 1705 йилда ёзиб тугалланган бу асар кўпроқ халқ эртакларини эслатади. Набий асар сюжетини Ф. Атторнинг “Илоҳийнома”сидан олганлиги ва ўзича давом эттирганлигини очиқ ёзади. Достон мазмунан ҳам, сюжет қурилиши жиҳатидан ҳам қизиқарли. Юсуф Набий асарнинг ўқишли бўлиши учун шарқ адабиёти анъаналаридан, салафлар ижодидан унумли фойдалангани сезилади. Бу ҳақда олима В.С. Гарбузованинг қуйидаги фикрларига тўлиқ қўшилиш мумкин: “Достон билан танишилганда ёзади олима – шу нарса маълум бўладики, Набий Атторнинг қисқа ва нисбатан содда сюжетини қайта ишлаган ва баъзи нарсаларни Низомий ҳамда Навоийдан, кўпгина нарсаларни эса халқ эртакларидан олиб, бу сюжетни давом эттирган. Бундан ташқари достон воқеалари Кичик Осиёга кўчирилган ва унинг қаҳрамонлари чинакам турклар сифатида тақдим қилинган”.
Достонинг бош қаҳрамонлари журжонийлар шоҳи Хуррамшоҳ, сарой шоири Фахр, шоҳнинг қули Жовид ва шаҳар ўғриларининг бошлиғи Чалакдир. Воқеа Хуррамшоҳ саройидаги базмда шоир Фахрнинг шеър ўқиши ва бундан мамнун бўлган шоҳнинг суюкли қули Жовидни Фахрга ҳадя қилиши билан бошланади. Аммо шоир Фахр шоҳ ўзига келгач, бу туҳфасидан айниб қолажагини билади. Шунинг учун ҳам базм қатнашчилари уй-уйларига тарқалган пайтда Фахр бу қулваччани ертўлага қамаб қўяди. Бу ертўлага фақатгина тахтнинг тагидан йўл бор эди, холос. Ертўланинг калитини эса икки кишининг гувоҳлигида бир амалдорга беради. Эрталаб шоҳ кайфи тарқагач, шоирнинг қилган ишидан хурсанд бўлиб, уни мақтайди. Шоҳ калитни олиб ертўлага тушади. Бироқ у ерда фақат бир уюм кулнигина кўради. Қулвачча тасодифан чиққан ёнғиндан ҳалок бўлган бўлади. Хуррамшоҳ шу қадар чуқур қайғуга ботадики, дунёвий ишларнинг ҳаммасидан воз кечиб, тарки дунё қилади ва ўз вақтини ҳамиша тоат-ибодат билан ўтказади.
Ғоят қўрқиб кетган шоир Фахр саҳрога қочиб кетади, саргардонликда янада ажойиброқ шеърлар ёзади.
Аттор асарининг сюжети ана шу ерда тамом бўлади. Набий эса уни қуйидагича давом эттиради: аслида қулвачча Жовид ҳалок бўлмаган экан. Шам ағдарилиб кетиб, Жовид ётадиган тўшак ёна бошлаганда бола уйғониб қолган ва ёрдам сўраб бақирган. Кўп вақтлардан бери шоҳ хазинасини ўғирлашни орзу қилиб юрган ва ерни кавлаб тахт ўрнатилган хонага яширин йўл очган Чалак шу пайт болага ёрдамга келади. Зиёфат кечасида Чалак ертўлада пойлаб ётган бўлади ва Жовиднинг бақирганини эшитиб, ертўла деворини дарҳол тешади ва болани муқаррар ўлимдан сақлаб қолади.
Чалак болани қутқаргач, Жовид унинг гуноҳини кечиришни шоҳдан сўраб беришга ваъда қилади. Чунки, Чалак мамлакатдаги барча ўғриларнинг бошлиғи бўлиб, шоҳнинг одамлари узоқ вақтлардан бери унинг изидан қувиб юрган бўладилар. Жовид ўзини шоирга инъом қилиб юборганлиги учун шоҳдан хафа бўлади ва унга араз қилиб вақтинча Чалакнинг уйида қолишга қарор қилади.
Бу вақтда Хуррамшоҳ тарки дунёсини давом қилиб ҳамма вақтини тоат-ибодат билан ўтказар эди. Бир куни у тасодифан ертўлага қаэрдандир тоза ҳаво кираётганлигини сезиб қолади. Деворларни синчиклаб кўздан кечириб чиққан шоҳ бир жойнинг усталик билан тешилганини кўради. У тор йўлакка чиқади, юра-юра бир ҳовлидан чиқиб қолади, бу ҳовлида серсоя чинор тагида Жовид ширин уйқуда ётганини кўради. Лаҳм шоҳни тўппа-тўғри Чалакнинг уйига олиб чиққан эди.
Жовидни кўрган шоҳ унга ўзини ташлайди. Бироқ уйқудан турган замон лой ва тупроққа беланган шоҳни таний олмаган Жовид қоча бошлайди. Хуррамшоҳ эса Жовиднинг кетидан югуради. Тўполон овозини эшитиб уйдан чиққан Чалак ҳам шоҳни танийди ва кимдир болани хафа қилмоқчи шекилли деб ўйлаб, буларнинг кетидан у ҳам югуради. Уларни шаҳар кўчасида кўриб қолган сарой қўриқчилари ҳам ҳайратда қолиб, “ушланглар, ушланглар!” дея бақиришади ва уларни қувлайди.
Оломон тез қочаётган Жовиднинг кетидан югуриб бир хароба масжид ҳовлисига кириб келади. Бу ҳовлида қудуқ ва унинг ёнида сербутоқ бир дарахт бўлади. Бола дарахтнинг устига чиқади, бироқ шох синиб кетиб, Жовид қудуққа тушиб кетади. Шоҳ ҳам дарҳол арқонга осилиб қудуқнинг ичига тушади. Чалак ҳам шоҳнинг кетидан қудуққа тушади. Соқчилар эса қудуқ ёнига келиб унинг ичига кетма-кет тош ташлайверадилар. Бироқ ҳеч ким ўлмайди. Қудуқ тубига йиқилган Жовид омон қолади. У йиқилган жойида баланд дарвозани кўради, дарвоза орқали эса ажойиб боққа киради. Боғ ичида Жовид гўзал қизга дуч келади. Қиз бу ерда ўзини хотинликка олмоқчи бўлган даҳшатли дев Темтемнинг тутқуни экан.
Жовид ва унинг кетидан етиб келган шоҳ қиз ўтирган жойга яқинлашар-яқинлашмас уларни девнинг хизматкорлари ушлаб олади. Дев уларнинг кимлигини билгач, болани ҳам, шоҳни ҳам ўлдиришга азм қилади. Дарахт шохлари орасида яшириниб турган Чалак Жовид билан Хуррамшоҳнинг бошига қандай кулфат тушаётганини кўради. Кечаси у дев соқчиларининг шаробига билдирмай кўкнори аралаштириб қўяди. Шундан сўнг уларнинг ҳаммаси қаттиқ ухлаб қоладилар, Чалак эса уларнинг бошларини танасидан жудо қилади. Темтем шу кеча гўзал қизни ўзига бўйсундирмоқчи эди. Бироқ Чалак пайдо бўлади ва девни ўлдиради. Шоҳ билан Жовид омон қоладилар.
Шоҳ Чалакка мардлиги учун миннатдорчилик билдиради ва унинг олдинги гуноҳларини кечади. Жовид гўзал қизни севиб қолади. Шоҳ эса уларнинг қовушишларига рози бўлади.
Ҳаммалари беҳад хурсанд бўлган ҳолда бир-бирларидан рози бўлиб қудуқдан чиқадилар.
Ана шундан сўнг яна бир қатор воқеалар рўй беради, уларнинг ҳар бирида Чалак гоҳ шоҳни, гоҳ Жовидни, гоҳ бутун мамлакатни келгинди душманлар ҳужумидан омон сақлаб қолади.
Ниҳоят, шоҳ яна катта зиёфат уюштиради. Бу зиёфатда саҳродан олиб келинган шоир Фахр ҳам қатнашади. Зиёфат вақтида шоҳ ўз саргузаштларини айтиб беради ва кўпчиликнинг талабига кўра, Чалакни сахийлик билан мукофотлайди. Зиёфатдан сўнг Чалак мамлакатдаги барча ўғриларни ўз ҳунарини ташлашга ва ҳалол турмуш кечиришга кўндиради. Чалакнинг ўзи эса Хуррамшоҳнинг азалий душмани ҳукмронлик қилаётган Кирмонга жўнайди. Чалак Кирмон шоҳини маст қилади ва оёқ-қўлини боғлаб, Журжонга олиб келади. Хуррамшоҳ ўз душманини ўлдирмайди, аксинча унинг гуноҳини кечиб, дўстлашади.
Достон ана шундай тугалланади ва унинг охирида Хуррамшоҳ мамлакатини Хайробод деб аташларининг сабаби очиб берилади. Чунки ўшандан бери бу мамлакатда фаровонлик ва осойишталик ҳукм сурар экан.
Набийнинг “Хайробод” достони оптимистик руҳи, шу мавзуда ўрта асрларда яратилган илк асар эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Асарларида юксак бадIIй маҳорат намунасини бера олган шоир адабий мероси қуйидагилардир.
1. Турк тилида битилган девонда 1 тавҳид, 4 наът, Истамбул буюкларига бағишлаб ёзилган мадҳиялар ва қасидалар бор. 1 таркибанд, 1 муҳаммас, 3 таҳмис, Меҳмед IVга бағишлаб маснавий шаклида ёзилган шеърлар, кўплаб ғазаллар ҳамда рубоийлар ҳам ушбу девондан жой олган.
2. Форсча девонида 32 ғазал, Румий, Ҳофиз, Жомий, Салим И, Шифоий, Назирий, Шафқат, Ғарибий, Толибий ғазалларига таҳмислардан иборат.
3. А. Жомий форсча шеърга солган 40 ҳадис мазмунини турк тилига таржима қилган “Таржимаи ҳадиси Арбаин” асари.
4. Набийнинг “Хайрия” ва “Хайробод” достонларининг алоҳида нашрлари.
5. Сурнома. 587 байтдан иборат бўлиб, султон Меҳмед IVнинг фарзандлари тўйлари поэтик ифодаланган маснавий.
6. Фотиҳномаси Команича. Мустафо Пошо буйруғи билан ёзилган тарихий асар.
7. “Туҳфат ал-Харамайн” (Икки муқаддас шаҳарга саёҳат) географик мазмундаги асар.
8. Зайли сияри Вайсий. ХВII аср наср устаси Вайсий асарига илова тарзида ёзилган.
9. Муншаот. Набий мактубларини ўз ичига олган бу асар шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қимматли маълумотлар бериши билан аҳамиятли.
Шоир ижоди ҳақида кўплаб илмий тадқиқот ишлари яратилган. Абдулқодир Қорахоннинг “Набий” (1953, 1987) Огоҳ Сирри Левенднинг “Набийнинг Сурнамаси” (1944) монографиялари шулар жумласидандир. Профессорлар Ф. Кўпрулу, А.Н. Тарлан, А. Қобоқлилар ҳам Набий ҳаёти ва ижодига оид қимматли материалларни ўз илмий ишларида ёзиб қолдирганлар.
НАБИЙ ҒАЗАЛИЁТИДАН
Одам асири дасти мушайят эмасмидир?
Олам забуни панжаи қудрат эмасмидир?
Бу парданинг дурунига боқ, изтиробни қув,
Ҳар меҳнатнинг оқибати массарат эмасмидир?
Базми ҳаёт роҳи муҳаббатда ошиққа
Таклиф этилса жонига миннат эмасмидир?
Йўқ гарчи садман ситамингдан қочаримиз,
Аммоки дасти нозинга заҳмат эмасмидир?
Бир сенми комиёб бўлажаксан замонадан,
Эй танги чашм, кор банавбат эмасмидир?
Муҳтожи ризқи холиқ экан сарбасар жаҳон,
Махлуқдан ниёз мазоллат эмасмидир?
Набий, забони нутқим этган хомаи мажоз
Машшотал аруси ҳақиқат эмасмидир?
* * *
Завқи ғам дилдамидир, доғдамидир, тандамидир,
Насиъа булбулдамидир, гулдамидир, гулшандамидир.
Бўлди сармаям ҳайрат менга бийму* уммид,
Билмадим, айлаяжак гирямидир, хандамидир.
Гул ҳам очилди ҳам аройиши дастор** бўлди,
Булбули бехабар аё дағи сиёвандамидир***.
Ул тавозу ани мумтози жаҳон этмишдир,
Наҳли гул боғда беҳуда сарафкандамидир****.
Дурру маржон топилгаймиш, тутайлик дарёда,
Бу қадар чини жабин***** сотмоққа арзондамидир.
Хоҳу нохоҳ бўлур авизайи гўши аҳбоб******,
Набиё, ҳар ғазалинг бўйла хушоёндамидир.
___________
* Бийм – қўрқув.
** Оройиши дастор – салланинг безаги.
*** Сиёванда – мотам фарёди.
**** Сарафканда – дунёнинг танланган (гўзали)
***** Чини жабин – қовоқ осиш, кибрланиш.
****** Авизайи гўши аҳбоб – дўстлар қулоғига сирға.
Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.