Яҳё Камол (1884-1958)

Яҳё Камол (Yahya Kemal Beyatlı) 1884 йили Македониянинг Скопье шаҳрида туғилган. Турк шоири, ёзувчи, сиёсатчи, дипломат. Абдулҳамид II га қарши ҳаракатларда иштирок этган. 1903 йили Парижга қочган. Сорбонна университетида ўқиган. 1912 йили Истанбулга қайтган.

Шеъриятда асосан ғазал жанрида ижод қилган.

ЙЎҚОЛГАН ШАҲАР

Ускуп-шонли Йилдирим Боязидхон диёри,
Авлоди фотиҳонга унинг азиз ёдгори.
Феруза гумбазлар-ла бизнинг шаҳримиздир у,
Бизники у, чеҳраси, руҳи ила биздир у.
Ускупки, Шар тоғинда Бурсанинг давомидир,
Тоза қонлар тўкилган бир лолазор жомидир.
Кўкларга осилмиш, боқ, уч уруш силоҳлари,
Кўзлардан томган ёшдир ҳар байрам сабоҳлари.
Кирмагандим умримнинг ҳали ўсмир чоғига,
Онамни кўмиб қайтдик совуқ куз тупроғига.
Исобекнинг сўғишда очилган мозорлиги
Руҳимга то охират нақш айлади борлиғин…
Бир вақтлар бизникийди ватанда, бугун нечун
Бизники эмас Ускуп, қон ютармен бу учун.
Қалбимда бир хаёли қолиб, ғойиб бўлган у,
Айрилиқдан эзилган қалбларда қолган қайғу.
Айрилиқ битмаса-да, ўтса-да қанча сана,
Биз сенда бўлмасак-да, бизлардасан сен яна.

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси