Шукри Сунай Оқин (1962)

Шукри Сунай Оқин (Şükrü Sunay Akın) 1962 йилнинг 12 сентябрида Трабзўн вилоятига қарашли Мачка туманида туғилди. Ўрта ва олий таълимни Истанбулда тамомлади.
Унинг илк шеър китоби “Макилар” номи билан 1989 йилда нашр қилинган. 1990 йилда чоп қилинган “Эски азоблар, Фожиа жилоси, 62 қуён” деб номланган иккинчи китобининг номини таниқли шоир Жамол Сурайё қўйган.
У бир неча йил Мармара университетининг Нафис санъат факултетида ишлади. Муждат Гезен Санъат Марказида “бир кишилик театр” лойиҳаси бўйича дарс берди. 2005 йилда шоир “Истанбул ўйинчоқлар музейи” деб номланган шахсий уй-музейини очди.
Ҳозиргача шоирнинг ўндан ортиқ шеър китоби нашр қилинган. Бугунги кунда Суной Оқин телевидение соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда.

НУҚТАЛИ ВЕРГУЛ

Вергул
ҳеч тинмаган
бир довулнинг тўқмоғи
сўзларни чақирар
қоғозлардаги тўйга

* * *

Кўз ёшлари
Ўтинсиз печканинг
ёнида титраган
болани кўрганда ёмғир
кўз ёшларини хонага
шифтдаги ёриқлардан
оҳиста сиздиради.

* * *

Севмоқ
Шифт остига сиғинган
кўчманчи қушларнинг
қор зарралари орасида
тушган оппоқ парини ҳам
кўрабилмоқ…
Мана шудир
Севмоқ!

* * *

Оқ
У қора эди
Ўққа тутганлар оппоқ
қурол овозидан
ҳуркиб кўкка
учган қушлар
оппоқ

* * *

Булут
Узиб бўлдик умидни
ёмғирдан
юрак шамойилига
кирса ҳам ҳатто
кўкдаги митти булут

ЧИТТАК

Оёқ излари
асло кўринмайди
қор сўзи
қўлланган шеърларда
дон қидирган читтакнинг

ДЕРАЗА

Ҳиди маҳаллани тутсин
дея овқатларининг
оқшом пайти
очиб қўяди деразасини
янги келин

ОНА ҚУШ

Қовжираган бир ўт
каби яшаяпман
кўзлардан узоқ
ёлғизоёқ йўлакнинг
бир чеккасида

Ягона айбим
соп бўлмаганим
болтанинг
қонли ўйинларига

Аммо шунга қарамай
умид тўла қалбим
балки бир она қуш
мени олиб кетар
дея шохдаги уясига

КЎМИР

Яна бир кўмир
чарсиллади сандалда
яна бир кончининг қалби
ура бошлади
иссиққина хонада

ҲАЙКАЛ

Фақат мен биламан
диктатор ҳайкалларини
кирлатмоқ учун
кўч этганини
дунёдаги бутун
қушларнинг

ЧЎПОН

Бир овоздан қўйлар
ечкини сайладилар
ўзларига бош қилиб
аслида сурувнинг бошига
бўрининг қариндоши
кўппакни қўяди
чўпон

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

БИРЛИК

Тенг бўлмагани
айтилар инсонларнинг
ҳеч баробар бўлмаган
беш бармоғи каби бир қўлнинг

Ҳолбуки узанар
неча ҳорғин
кимсаларнинг дудоғи
сув тўла
ҳовучимга

қўлимнинг
тенг бўлмаган
беш бармоғин учин
келтиришим билан
бир орага.

ШОХ ВА ҚУШ

Биргина гуноҳим
соп бўлмаганим
болтанинг
қонли ўйинига.
Аммо янада
умид тўла қалбим
оалки бирор қуш
ташир мени дея
дарахтдаги инига.

ЧУМЧУҚ

Оёқ излари
ки кўринмайди
қор калимаси
бор бўлган шеърда
егулик излаган чумчуқнинг.

ЧУМЧУҚ ВА МУШУК

Биргина шамол келар
ўлган бир чумчуқнинг
жанозасига
ва астагина
қимирлатар патларин
мушукдан олдин.

ЧЎПОН

Бир овоз билан қўйлар
эчкини сайлар
ўзлари учун бошлиқ
ҳолбуки сурув бошига
бўрининг қариндоши
кўппакни қўяр
чўпон.

ТАКСИ

Боқиб қолдим
сени олиб кетган
такси ортидан
улар-ки ҳар мавсум
кузнинг сариқ япроқларидир
тарк этганинг шаҳар кўчаларида
елда соврулган.

Туркчадан Шермурод Субҳон таржимаси