Ошиқ Баёний (1965-2005)

Турк бахшилик (ошиқлик) адабиётининг ёрқин намоёндаларидан бири Ошиқ Баёний (Aşık Beyani) 1938 йилда Туркияда туғилган. Ижод оламига 1965 йилда “Бабиалида сабоҳ” газетасида эълон қилинган “Дағлар” (“Тоғлар”) шеъри билан кириб келган. Ошиқ Баёний 19 август 2005 йилда автоҳалокатга учрайди ва оламдан кўз юмади.

БИР НАФАС

Ўзидан бир дунё мол-мулк истасанг,
Сиҳат-саломатлик тила бир нафас.
Биз мурод олиш-чун келдик узоқдан,
Ниҳоят бағримга босдим бир нафас.

Сел янглиғдир бу ҳаётнинг оқиши,
Ақл дастгоҳида тўқирку нақшни,
Кўзга кўринмас, йўқдир йўлдоши,
Соҳиб бўл, учирма елга бир нафас.

Қалб урар, қон покланар нафасдан,
Беҳуда сарфлама ибрат ол сасдан,
Бир қуш мисоли учар-кетар қафасдан,
Гар учса тутилмас, илло, бир нафас.

СЕНИНГ

Сенинг ёшларингни артмоқ муродим,
Сенинг шу гирёнинг маҳв этди мени.
Сенинг оғушингда сени қидирдим,
Сенинг шу қўлларинг маҳв этди мени.

Сенинг нозларинг бу – аразлашларинг,
Сенинг оқ кипригинг, камон қошларинг,
Сенинг гўзал сарвдек қадду қоматинг,
Сенинг қора зулфинг маҳв этти мени.

Сенинг шубҳаларинг менда бир қараш,
Сенинг сукунатинг пинҳон бир талаш,
Сенинг рўмолингда камалак оташ,
Сенинг ёноқларинг маҳв этти мени.

Сенинг оҳу каби сурмали кўзинг,
Сенинг зулфларинг-ла яширин юзинг,
Сенинг дудоғингдан сузилган сўзинг,
Сенинг шу тилларинг маҳв этти мени.

Сенинг рўмолчангда нозик бир нақшинг,
Сенинг ўқтин-ўқтин сирли боқишинг,
Сенинг Баёнийдан ҳуркиб қочишинг,
Сенинг шу ёлларинг маҳв этти мени.

ЁМҒИР

Ўрмонни кесибон, ёқсак биз агар,
Булут биздан ранжир, кўл бўлар ёмғир.
Яхшиликни ҳимоя қилолмасак гар,
Тупроқлар судралар, мил бўлар ёмғир.

Осмондан ерга сочилар шафқат,
Ерда қадр топар юксалар қат-қат,
Денгизлар гавдаси – булутлар қанот,
Кипригингга қўнгач, сел бўлар ёмғир.

Тўғонлар қуриб, гар, экинлар эксак,
Жаҳолатнинг қўлларини қайирсак,
Тоғларга, тошларга дарахтлар эксак,
Самолар намланар, кўп бўлар ёмғир.

Булоқлар – томири эмасми ернинг,
Баёний куйлаган гўзал бу элнинг,
Гар олдини тўссак, тез оққан селнинг,
Порлоқ нурлар учун манбадир ёмғир.

КЎНГИЛ ШАҲРИ

Бино айлаганим – кўнгил шаҳрини
Тамалига сабр тошидан отдим.
Шу оламнинг тотилмаган қаҳрини,
Заҳматини тўзим ила беркитдим.

Деворини тўғри, текис қурганда,
Деразадан дўстлик ели эсганда,
Пойдеворга ҳузур қадам босганда,
Адоват-ла, кибрни ташқари отдим.

Виждон масканига адолат қуриб,
Ҳур фикрнинг қатъий қарорин суриб,
Ҳатто, нафсни қамаб, кишанлар уриб,
Ғийбат-ла, ғаразни эзиб йўқотдим.

Қусур бағишламоқ осондир тилга,
Кўшк қурмоқ истаркан ҳар бир кўнгилга,
Қўшниси ҳам бўлдим мен Каъба ила,
Кунда тез-тез Меърож томонга кетдим.

Дарахт экдим, боғга, тоғ ва тошларга,
Илм-ла санъат яратдим, кезмам бекорга,
Қўл узатдим инсонларга, иқрорга,
Шу усулда инсонликни Ҳақ этдим.

Сенлик, менлик дея нафс талашганга,
Жаҳолат-ла янглиш йўлга тушганга,
Ирқни, тилни, динни сўроқ этганга,
Бирлик мактабида ҳаёт ўргатдим.

Баёний, сендадир сенинг ёдгоринг,
Сени, сен изла, топ, будир санъатинг,
Ойдин бўлсин дея юксак қурбатинг,
Ой-ла ва юлдузлар-ла қадрини ёпдим.

ОШИҚМАН

Ғам-қайғу келди кўзёшим тўлдириб,
Булбул гулга, мен бир гулга ошиқман.
Очилмаган йўлларни ҳам очаман
Булбул гулга, мен бир йўлга ошиқман.

Ҳаёт карвонини бошдан кечирдим,
Э, воҳ, қўлдан қанча фурсат қочирдим,
Ҳаёт дарахтига кўнгил учирдим,
Булбул гулга, мен бир шохга ошиқман.

Баёний дер, Ҳақни қидириб топдим,
Дарёлардан кечиб, уммонга чопдим,
Кўнгил арисини гулларга тақдим,
Булбул гулга, мен бир болга ошиқман.

Турк тилидан Жумали Шабанов таржимаси