Турк адиби Ўқтой Рифат Хўрозжи (Oktay Rifat Horozcu) Истанбулда туғилган. Анқара университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Нашриёт директори, кейинчалик Истанбул Давлат темир йўлларида адвокат бўлиб ишлаган. У бир қатор саҳна асарлари ва романлар муаллифидир.
ҚАЛДИРҒОЧ
Қалдирғочни эслатар менга
Йўл бўйида турган симёғоч.
Лекин доим ёдимга солар
Уйимизни ўша қалдирғоч.
ҚИЗГИНА
Ўн олтига тўлганда ёши
Бир бева аёлнинг бетайин,
Дайди ўғлин севиб қолди у.
Емай, ичмай қўйди ҳаттоки.
Ишқдан қалби гупурган чоғи
Осмонларга етганча боши —
Талпинади унга қизгина
Бўлмаса ҳам, уйи, ўчоғи.
ИСТАНБУЛ ҚЎШИҒИ
Қосимпоша бўйи – аслаҳахона,
Бир қиз севдим, омон оллоҳ, ягона.
Ошиқларга доим “қиз-пиз” баҳона,
Сара чечак — даста гулим,
Жоним Истанбулим,
Омон-омон, баҳона.
Бориб кўрдим, қий-чув балиқ бозори,
Ичиб сархуш бўлдим мен дил озори,
Уч қадаҳга учта бодом шакари,
Сара чечак — даста гулим,
Жоним Истанбулим,
Омон-омон, бодом шакари.
СЎНГСЎЗ
Томоғингдан қулт-қулт ўтувчи
Оддий сувнинг қадрига ет.
Нима ўзи бу мовий дема,
Деразангдан кўз илғаганча
Осмоннинг қадрига ет.
Қадрига етгил
Гуллаб турган бодомнинг.
Офтоб тушган хонанинг,
Лой кўчаларнинг.
Оқнинг, Қоранинг, Яшилнинг
Пуштининг қадрига ет.
Ҳаёт шундай хилқат юракда
Севинч билан типирчилайди.
Минг хил хаёл одам бошида,
Инсон зоти қизишади,
Ғазабланар, жанжаллашади.
Халқни деб жангга кирганда
Ўша қўрқувли севинчнинг,
Қаҳру ғазабнинг қадрига ет.
Шуни билки, офтоб
Тирикларни истар фақат.
Сен қуёшнинг қадрига ет.
ҚУШДАЙИН
Турканга
Қушдайин учаман йўлларда
Тутганча ёримнинг қўлини.
Томирда қонларим гупирар,
Қучганда дилбарим белини.
Жаннат таомидан ширинроқ
Бирга есак пишлоқ билан нон.
Кўнглим олса ғам босганида
Меники бўлади кенг жаҳон.
Уйқу келмас кўзларимга
Дилдор келгандан бери.
Саҳар чоғи ёзиб бу шеърни,
Сўнгра ўқиб бердим ёримга.
ТУРКАНГА МАРСИЯ
Бошин эгиб оқимда кетаяпти
Кеча-кундуз замоннинг дилдораси.
Инжу каби ялтирайди кунлари —
Ўн уч феврал олти июл ораси.
У бир кема тўлқинлар-ла талашар,
Нетай дардим қалбимга ўт қалашар.
Менга энди ўлиб кетиш ярашар,
Қонамоқда жигаримнинг яраси.
Ўлган билан бирга ўлиб бўлмайди,
Ўлиб бўлмас ҳамда кечиб бўлмайди.
Менинг дардим ўлмагунча қолмайди,
Йиғла кўзим, йиғламоқнинг сираси.
Ўқтой дерки ярадорман, ғозиман,
Дарбадардай айланаман, кезаман.
Бировнинг бахтини кўрсам сезаман,
Биродарлар, йўқ бу дарднинг чораси.
Туркчадан Файзи Шоҳисмоил таржималари