Невзат Устун (1924-1979)

Таниқли турк шоири Невзат Устун (Nevzat Üstün) 1924 йилда Истамбулда туғилган. 1946— 48 йилларда Сорбоннада ўкиган. «Хаёт» (1946), «Яшаётган давримизга доир шеърлар» (1951), «Миттилар бозори» (1955), «Йўколганлар эшиш» (1960), «Куёш ўлкаси» (1964), «Ҳой сен америкалик» (1967), «Кўприк боши» (1968) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Насрий ва публицистик асарлари ҳам бор. Шоир 1979 йили вафот этган.

ХУШ ҚОЛИНГ

Хуш қолинг
Дунё одамлари
Сизларни ташлаб кетаман
Мовийлик яшиллик нарёғига
Бир парча ҳаловат элтаман

Хуш қолинг
Дунё одамлари
Мен энди сизлардан ташқаридаман
Ўйларимда сукунат
Шамоллар ичидаман

Хуш қолинг
Дунё одамлари
Мен йўқолсам ҳам бахтиёр бўлинг
Сизларни унутмаганимни ўйлаб
Инсонлар учун қайғуринг

Хуш қолинг
Менинг шеърларим
Йўқ энди сизга ҳам эҳтиёжим
Орзуларни ташлаб кетмасликка
Менинг ҳам қолмади иложим

Хуш қолинг
Тошлар тупроқлар
Вужудим сизга омонат
Бир дарахт ундиринг устимда
Орзу қилсангиз шояд

ҲАЙВОНОТ БОҒИ

Бундай ўйчан боқма юзимга
Сенга берадиган нарсаларим маълум
Гўшт бераман хоҳласанг
Тухум бераман
Сут бераман
Тилаганингча
Саодат туйғумни ола қол
Тепа-тепа зўрлаб жаҳл қилмайман

Сен-ку арслонликка арслонсан-а
Яхши ниятларим бор сенинг учун
Ҳали теша тегмаган ўйларим бор
Ҳа-ҳа келаётган бозор куни
Ҳаммасини сенга келтира оламан
Ундай ўйчан боқма юзимга
Сенга берадиган нарсаларим маълум
Озодлик беролмайман масалан

АЛИФБЕ ДАРСИ

Бу
Б
Катга Б
Бу
а
Кичкина а

Дунёмиздаги одамлар ҳам
Иккига бўлинади
Каттага ва кичикка
Катталарнинг ҳаёти жуда бўлакча
Ўрган болам

МУСТАФО

Мустафо ҳам бир инсон мана
Икки дона қўли бор
Бештадан ўн бармоқ
Икки дона қулоғи бор
Гаранг эмас бунинг устига
Яна икки оёқ
Ҳар бири қирқ тўрт рақам
Гавда десанг жойида
Бир бўй берган худо
Калисога устун
ҳар иш келар қўлидан
Кир ювар
Овқат пиширар
Тунда қоровуллик қилар
Рамзи Бейнинг уйида
Ёмон тушларини ҳайдар
Яхши тушларини авайлар
Яна тағин хотини бор
Юз эллик сантиметр бўйи
Бир кеча номусига тегдилар
Рамзи Бей
божаси
шофёр
Мустафо ҳам яшар бир инсон қадар
На гаплашар на йиғлар
Йигирма йилу олти ой
Айтишга осон биродар

ЯРАДОР БУРГУТ

Кунларнинг бирида ярадор буртут
Бир булут кўрди тушида
Булут деди бургут
Мен ортиқ учолмайман
Тинглармиди-я булут
Мундоқ пичоққа илинмас гапларни
Ташлади кетди

Ўз бошига қолган ярадор бургут
Тумшуғини тиради қояга
Қуйиларда жуда қуйиларда
Кунья қишлоғининг уйлари кўринарди
Ҳу Мустафо оғанинг уйи
Эшигидаги оч бўёғидан биламан
Қип-яланғоч кўрдим опасини
Ҳу анов уй Дурмушнинг уйи
Онаси йўқки кўрсам
Онаси йўқ отаси йўқ
Оти Ҳурриятми нимайди
Бир бор бақирди кечалари
Бермадилар
Яхшими
Мустафонинг акаси олди

Ҳозир кечалари шамол турдими
Дурмушнинг уйи чайқала бошлар
Қиз Мустафонинг қўйнида
Дурмуш садосидан дали-девона
Бургутнинг оғзидан қон кетар
Тошнинг устига лахта-лахта
Бургут кўзларини юмди
Бу тоғлар
Бу тоғлардаги кўрсичқонлар
Бу тоғлардаги қўзилар бўрилар қушлар
Бу тоғлардаги ҳуррият
Омооон
Омон
Қон тошнинг устида лахта-лахта
Бургутнинг кўксида икки яра
Бири ўқ
Бири зулм

СЕНИКИДИР

Бир япроғи қон
Бир япроғи
Милтир-милтир сув
Хоҳи қон бўлсин
Хоҳи сув
Бу севги сеникидир

Бир қора оғу
Бўлар аёвсиз
Кирар чиннигуллар ичига
Айирар гўзални зайтун шохидан
Айирар мовийни пуштидан

Учаётган чағалайлар ҳаққи
Кулаётган болакайлар ҳаққи
Туғаётган хотинлар ҳаққи
Туг муштларингни
Бор кучинг билан

Бу замон сеникидир
Бу инсон сеникидир
Боқимсиз хўрланган
Бир узун овоз
Ўз жигаридан узоқда
Қуп-қуруқ нигоҳлари
Хотинларнинг
Кўчирганлар
Ҳей жоним
Ўчирганлар нафасни
Денгизлардан
Қуруқликлардан
Сўл ёним ёмғир
Ёғар ўзининг усти устига
Тугатар ёлғизликнинг чўлларини
Тўс тўғонлар билан йўлларини

Бу овоз сеникидир
Буюкдир
Юрар қилтомирларда
Кўлкасиз бир гўзаллик
Қобиққа ўралар
Қаровсиз бир уруғ
Чегарасиз вазнсиз бўшлиқда
Улар ҳайвондирлар
Улар бурчакдирлар маъносиз

Йўқолган фақат замон эмас
Яшамоқ кўпаймоқ эмас
Оч кўксингни
Боқ шохнинг учида турган
Бир юпун чумчуқ каби
Ҳуркак турар бу умид
Сенинг кўзларингда
Турар
Гапга чечан файласуф

Уйлардан ташқарида
Жамият фикри айрича бир рангдир
Кўринмас ҳар шуълада
Боқ етиб келар ойдинликка
Порлар
Бейлардан кўнгил узган бир умид
Ҳимоя қил гавданг-ла уни

Бу умид сеникидир
Оқар кўзларингдан шуъла
Бир япроғи қора
Бир япроғи оқ
Мен сени севишнинг
Мардикори бўлганман
Йиртар оғриқсизликни оғриқ
Тоши зулматга қарши

Бу машъал сеникидир
Аҳмад ўлар
Бир япроғи лиқ тўла қон
Маҳмад туғилар
Бир япроғи милтир-милтир сув
Тутар маммаларини Алиф
Давом этар бир жон
Давом этар инсондан инсонга
Балиқнинг қанотида
Қушнинг юрагида
Сақла ўқлардан уни
Бу жон сеникидир
Бу замон сеники

ХАЛҚАРО

Халқаро
Бир дарахтман
Тупроғидан шодланиб
Кўкарар шохларим
Оқ
Қора
Сариқ
Бутун инсонлар қардошим

Аммо
Қонай кўрса бир туркияликнинг бармоғи
Дунёнинг қаерида бўлса бўлсин
Қандай чақирилса чақирилсин
Оти қаергача борса борсин
Жавобгари менман

ЙЎҚОЛГАНЛАР ЭШИГИ

Боқ туйғуларимизга
Топган сўқмоғимиздан ўтмоқдамиз
Сен ташлаган ердан йиғлай бошлайсан
Йиғлама
Қўлларим қай ёнга узатилса сен томон боражак

Икки айри фазо бўлса
Икки бирлашган ижод
Ёмғир сувлари тегар бу кўз менинг кўзим эмас
Қирғоққа боғлиқ бир денгиз
Тилаклари бичимли ҳаёт бу

Мен ўзимдан биламан
Юрагимга қарайман ҳорғин
Илгариги кунларимда севги бўларди
Мени севарди ҳаёт
Қуёш нури йўқ эди
Соат йўқ эди
Энди бор
Сенинг келишинг бор

Йиғлама мен ҳам йиғлай бир оз
(Бир ўчоқ минг тўққиз юз эллик тўққиз эшигини очасан яхши)
Мен ўзимдан воз кечаман
Сендан воз кечаман
Йирик-йирик кулар таранг фикрли бир одам
Бу кез ҳазиллашиш йўқ ҳаётда
Кўрай сени
Яхши ҳа кўр мени
Фикримга қўшилиб қарар ё юзимга
Ҳа майли кўрса кўра қолсин мени
Унга қарши ғинг демайман кўрмади мана
Бармоқ силкир нафасли бир бармоқ бу
Чоғришимлар* бўлар миямда
Бутун чоғришимларни қиргим келар ичимдан
қираман ҳам
Ижобий бир телбалик бу
Сиқилиш ноқулай
Сўнгра
Мен уч карра балиқ тутдим умримда
Сўқмоқларни ол дейман сенга
Сен тутиб бугун сўқмоқларини оласан туйғуларимнинг
Шундай кун келади ёлғиз қолиб чексизликка қарайман
Яхши бўлар бир қарашда улғаяман оҳиста-оҳиста

Гўзал бўлар кун нурида ечинмоқ
Ўп мени
Ким бўлсин ўпар баданимни
Мени ўп нима қипти бир яхшилаб ўп мени
Қулай бўлар мени севмоқ сенинг кўзларинг-ла
Қараганда

Сигара бўлади чекилиши ёмон бир сигара
Воз кечаман ўзимдан
Булар ҳам кечишсин ҳа
Булар деганим ким
Ақлли кишилар яъни
Қўрқув чақалоқлари дунё уйининг
Бульвар театрлари каби
Ҳар кимнинг зулмати бу
Қўрқувми Уйғоқликми Севгими Дўстликми ҳа
Ҳеч бирини истамайман

Эшигимни ёпаман менинг эшигимни
Йўқолганлар эшигини
Қўлларим ўзимда бўлмаса сенда ҳам бўлмас
Отга минаман яхши бақувват бир отга
Юзимни босаман ёлларга жўшқин бир ҳиди бор ҳаётбахш
Бўйнимни қўяман бўйнига
Унинг қони оқар мен кўраман бир мовий қон
Сен териларни тукларни кўрасан куламиз —
Табиийнингтабиийдан кулиши бу
Сен сенда қоласан мен босиб кетаман
Бу кетиш йўли бу синган бордоқ
Йўқолганлар эшигига уланар охири

Мени бу сўқмоқда отдилар мана
Ортга қайтдим ювиндим ҳорғин юлдузлар сени севмоқ
Тушларга яқин тангрига яқин
Ёпдим эшикларни энди ким бўлса очар
Менинг неча бора ўлган чоғларим бўлган ўз бошимга
Энди отсалар ўхшатиб ўлдирсалар ғинг демайман
демайман
Билмасалар
Сўлғин юзли бир хотин
Қадаҳ тутаркан қўли
Қайдан билсин юрак санчиғини
Лоақал пичоқ ушлашни ҳеч ким билмас
Менинг азобларимнинг соясида ўйнар балиқ кўзли болалар

Қайтаман
Бир яна қайтаман
Сенга бораман
Энг яхшиси сенга бормоқ аслида
Ортиқ мени сотмас қораел сўқмоғининг инсон дўконлари

Воз кечаман
Сени дурустгина севмоқдан
Ажрашаман сен билан бир жума тонгида
Сенда яшайман «севмоқ бироз эскилик сарқити эмасми энди»
Сенда яшайман ўлимсиз бўлмоқ йўқолганлар эшигида

Оппоқ бир бола газета сотар
Яланғоч хотинлар газетаси
Бир сигара тутатаман сўнг бир газета оламан инсонлардан
Сен яшаётган эшикка бораман
Бошқача айтганда йўқолганлар эшигига
Йўқотаман ўзимни
______
* Чоғришим — таҳайюл.

БИЗ ВА УЛАР

Бизнинг тупроқларимизда
Умидлар кўкарар
Уларнинг тупроқларида қўрқув

ИНСОН

Бормиди
Инсондан илгари бир замон
Борми
Ундан кейин
Бир келажак

Турк тилидан Миразиз Аъзам таржимаси