Шоир ва ёзувчи Аттила Илҳан (Attilâ İlhan) 1925 йил 15 июнда Измир вилоятининг Менемен қасабасида туғилган.
“Ҳақиқат”, “Демократ-Измир” газеталарида муҳаррирлик қилган ва бош мақолалар ёзиб турган. 1973 йилда Анқарага жойлашгач, “Билги” нашриётида маслаҳатчи бўлиб фаолият кўрсатган. 1980 йилдан кейин Истанбулга келиб, “Санъат воқеаси” журналида масъул муҳаррирлик қилган.
“Жаббор ўғли Муҳаммад” шеъри 1946 йилги шеър мусобақасида 2-ўринни эгаллагандан сўнг шоир номи қўпчиликка маълум бўлди. “Маҳбуснинг кундалига” китоби эса 1974 йилда “Юнус Нодий” мукофотига лойиқ деб топилди. Шеър ва танкидий мақолалари “Кун”, “Ёш насл”, “Қадам-бақадам”, “Фикрлар”, “Борлиқ”, “Оила”, “Йигирманчи аср”, “Танланган ҳикоялар”, “Етти тепа”, “Дўст”, “Елкан”, “Жумҳурият”, “Миллат санъат воқеаси” каби журнал ва газеталарда эълон қилинди.
Аттила Илҳан бир неча фильмлар сценарийси муаллифи ҳамдир: “Саккиз устунга шиор” (1982), “Бургутлар баланд учар” (1984), “Эртага энди бугундир” (1986), “Юлдузлар кечаси каттадир” (1992), “Телефлаш” (1993).
Шеър тўпламлари: “Деюн” (1948), “Туманлар хиёбони” (1954), “Ёмғир қочқини” (1955), “Мен сенга мажбурман” (1960), “Бало чечаги” (1962), “Таъқиқланган севги” (1968), “Маҳбуснинг кундалиги” (1973), “Шундай бир севга” (1977), “Кўлда бор ҳузун” (1982), “Қўрқувнинг қироллиги” (1987), “Айрилиқ ишққа тегишли” (Барча шеърлари, 2001).
Аттила Илҳан бир неча романлар муаллифи ҳам: “Кўчадаги одам” (1953), “Занжирлар бир-бирига ўхшамас” (1957), “Бўрилар дастурхони” (2 жилд, 1963, 1964), “Пичоқнинг учи” (1973), “Сиртлоннинг ўлиши” (1974), “Ярага туз босмоқ”, “Ёмон ҳолда Леман” (1980), “Доруссаодатда вой” (1984), “4 қоронғуликда биз” (1987) кабилар.
ШОҲОНА САРСАРИ
Йўлимдан чекин, болам,
Боғласалар ҳам турсадмам.
Темир асо, темир чориқ дедим,
Найлайин,
Йўлчилик дедим.
Дарахтларда тунади яна оқшом
Қарғалар билан.
Шамол ўзини ердан-ерга урмоқда,
Синиқ, тўкилган юлдузлар
Кўринади узоқдан.
Устунсиз мавжлар югуртирар мени.
Онамдан йўлчи бўлиб туғилганман,
Етти тоғнинг йўллари қалбимдан ўтган.
Салқин, салқин мисралар келар ичимдан,
Дудоқларимда ёмғир томчилари…
Йўллар мени олиб кетади.
Онамдан йўлчи бўлиб туғилганман (ахир).
Дарёлар-ла бирликда денгизларга қовушдим,
Бу катта дунёни оқшом дедим,
Йиғлагим келди…
Йўлга бир тушилдими, умр бўйи кетилур,
Нон, шароб, турналар ортидан.
Буюк шаҳарлар, буюк ишқ тарк этилур.
Мен болалар каби севдим,
Девлар каби изтироб чекдим.
Томирларимда дунёнинг шамоллари.
Ҳарбийлик ва аччиқ ёлғизликка қарамайман.
Мен онамдан (ахир) йўлчи бўлиб туғилдим,
Найлайин,
Ғурбат дедим,
Ватан дедим,
Ҳуррият дедим…
«ПИА»
Қанийди кимлигини билсам ПИАнинг,
Қўлларини бир тутиб ўлсам.
Бунча узоқлардан ўтмаса,
Мен бир шаҳарга келган вақт
У бошқа шаҳарга кетмаса.
Отелларни бўм-бўш кўрмасам,
Ичларини музли бир қадаҳ каби.
Буғланиб, буғланиб турмасам,
На бўлғай, тонггача қирғоқда.
Болалар ПИАни кўрсалар,
Менга хабар берсалар, билсам.
Ичимни бус-бутун юлдуз босар,
Бир ханжар-ла кўксимни тилсам.
Мен бир шаҳарга келган чоғ,
У бошқа шаҳарга кетмаса.
Сингапур йўлида демасалар,
Ҳорғинман айтмаса, айтмаса…
Бунинг устига пулсиз, ҳужжатсизман.
На бўлғай тонгга қадар қирғоқца,
Овозини эшитсам ПИАнинг.
Йўқсиллик ёмғири остида,
Боладай кўзлари совқотган, қўрққан, сўлғин…
Қўлларини тута олсам ПИАнинг (сўнг),
Ўлсам, армонсиз ўлардим…
ТУМАНЛАР ХИЁБОНИ
I
Юзини яширса қуёш тутиларди,
Ой ҳам октябр эди, жунжикардик.
Дарахтлардан бири кўчада ўларди,
Шаҳарнинг ойналари қайғусиз куларди,
Ҳар кўча бошида ўпишар эдик…
Туманлар хиёбонида оқшом чўкканди,
Елкаларимизга ундан олдинроқ.
Кесилган қўл каби ёлғиз эдик,
Тоғларда оташлар ёнмасди…
Денгиз фонуслари сўнганди,
Бир-биримизнинг кўзимизни қидирардик.
Туманлар хиёбонида сени йўқотдим,
Кўча чироқлари нур сочар эди…
Юқорида булутлар юрар эди.
Тарк этилган бола каби эдим,
Тегинсангиз йиғлардим,
Янги эшик томонда бир поезд бор эди.
Туманлар хиёбонида ўлгайман,
Чап биқинимдан урадилар,
Кўча бекатида йиқиламан,
Кўзойнагим синади…
Сен рўё кўрасан, бақириб уйгонасан,
Тонгда эшигинг урадилар,
Келтирадилар,
Мени кўриб тонг қотасан,
Йиғлай олмайсан, йиғлай олмайсан…
Туманлар хиёбонидан ўтдим, шалаббо эди.
Ивиган кўчалар ялтирар,
Туриб, туриб кўзларим толарди,
Бир финжон шаробда йўқолар эдим.
Тунги посбонлардан соат сўрардим, лекин
Уйга кетишга қўрқардим
Туманлар бўғзимга ўралган эди…
II
Бир кема мени Африкага олиб кетади,
Исмини билмайман, нима бўпти…
Касабланкада бир кун қоламан,
Туманлар хиёбонини эсга оламан…
Қизил малак қўшиғидан бир сатр,
Бўрондан бир, ёмғирдан икки,
Сенинг киприкларингдан бир сатр…
Қоп-қора бир мисрани эсга оламан…
Сени эслатганнинг бошини ёраман,
Бандаргоҳ кемалари увиллаб турганда…
Туманлар хиёбони бир тун ҳайқирганди,
Дарахтлари ётар эди, йўқсил эди.
Бутун япроқлари сарғайган,
Куз йиғлар эди улар ҳолига.
Йиғлаган балки-да Истанбул эди,
Ичимда қалампир каби бир қаҳр –
Бутун шеърларимни ёқардим,
Ёлғизлик тинимсиз ҳужум қиларди…
Агар туманлар хиёбони бўлмаса,
Агар бу шаҳарда шу хиёбон бўлмаса,
Тонгти азон чоғи ёмғир ёғмаса,
Шубҳасиз бир телбалик қилардим,
Ҳеч кимса мени англай олмасди,
Ўн беш йилга ҳукм бўлардим,
Тўртинчи йилн қочардим,
Бадки қочаётиб отилар эдим.
Туманлар хиёбонидан ўтмаган куним,
У ўксик, мен ўксик…
Ёмғирлар остида ёлғизман,
Оғзим, қўлим, юзим ивийди.
Поезд сигналлари бир-бир чалиниб,
Ақлимни, фикримни бўлади.
Оқсаройда нурлар порлайди,
Туманлар хиёбони оёққа туради.
(Мен бу хиёбонда сен ва шулар ҳақида
Барчаси ҳақида тушуниксиз ўйладим)
Ортиқ қалбимни овутолмаяпман.
(Унинг елкалари учмоқда…).
ЁМҒИР ҚОЧОҒИ
Қўлимдан тут, йўқса йиқиламан,
Йўқса бир-бир юлдузлар тушади.
Агар шоир бўлсам-у, мени танисанг,
Ёмғирдан қўрқишимни билсанг,
Кўзларим хотирингга келса,
Қўлимдан тут, йўқса йиқиламан,
Йўқса, ёмғир олиб кетади мени…
Кечалари бирон шовқин эшитсанг,
Билганки ёмгардан безовта қочяпман.
Сарой бурни кечувидан ўтаяпман,
Сентябр окгиоми бўлса, ивиган бўлсам,
Мени кўриб, балки англай олмайсан…
Ичингда яширин, мунгли йиғлайсан,
Аммо тут мени, йўқса йиқиламан,
Йўқса ёмғир олиб кетади мени,
(Ўзим қўрққан хотира томон…).
УЧИНЧИ ШАХС ШЕЪРИ
Кўзларинг кўзларимга қадалса,
Фалокатим эди бу, йиғлардим,
Мени севмаслигинг билардим.
Бир севгилинг борлигини эшитгандим,
Чўп каби озғин бириси эди, нимжон,
Хосиятсиз эди фикримча.
Қачон олдимдан чиқса,
Ўлдиришимдан қўрқардим,
Фалокатим эди бу, йиғлардим….
Қачонки соҳилдан ўтсам,
Портда кемалар ва яна бир кема бор эди
Дарахтлар қуш каби куларди,
Бир шамол ақлимни оларди.
(Кемада) секингина сигара ёқардинг,
Менинг бармоқларимни ёқардинг.
Киприкларингни эгиб боқардинг…
Ичим титраб кетар, музларди,
Фалокатим эди бу, йиғлардим…
Оқшомлар бир роман каби тугарди,
Жазобил қон ичида ётарди.
Портдан бир кема жилар эди,
Сен унга минар эдинг ва …
Тонгга қадар қолар эдинг.
Хосиятсиз бири эди фикримча…
Кулиши жанозага ўхшарди.
У сени қулларига олдими…
Фалокатим эди бу, йиғлардим…
Йиғлай бошлардим…
МЕН СЕНГА МАЖБУРМАН
Мен сенга мажбурман, билмайсан,
Исмингни мих каби ақдимда тутаман…
Каттаргандан каттарарди кўзларинг,
Мен сенга мажбурман, билмайсан,
Ичимни сен билан иситаяпман.
Дарахтлар кузга ҳозирланмоқда,
Бу шаҳар у эски Истанбулмиди?
Қоронғуда булутлар парчаланмоқда,
Кўча чироқлари бирдан ёнмоқда,
Тошли кўчаларда ёмғирлар иси…
Мен сенга мажбурман, сен йўқсан.
Севиш қай замонда разилдай қўрқинчли,
Инсон бир оқшомда бехосдан ҳорийди.
Танласак устара тиғида яшаш йўлини,
Қачондир қўлларимизни кесади тиғи.
Бир неча ҳаёт чиқаради яшашдан,
Қайси эшикни урса қай замон,
Ортида ёлғизликнинг мунгли улиши…
Шоҳ ҳам, гадо ҳам бир чолғу чалса,
Эски замонлардан бир кун – Жума бўлса,
Кўча бошида туриб тинч эшитсам,
Сенга кўрилмаган бир кўк келтирсам,
Ҳафталар қўлимда увалиб бормоқда,
Қаерга кетсам, не қилсам, не тутсам,
Мен сенга мажбурман, сен йўқсан.
Ёз чоғи, қўллари бўёққа бўялган бола,
Оҳ, сени билмайди, кимсалар билмайди.
Бир зилол сизмоқда кўзларингдан,
Балки яшил қишлоқда самалётга чиқяпсан
Бутунлай ивигансан…
Балки кўрсан, безовталик ичидасан,
Ёмон шамол эса сочларингни ўйнайди…
Қачонки яшамоқни ўйласам,
Бу бўрилар ичида қийиндир балки
Айбсиз, гуноҳга суқмай қўлларимизни,
Шундай яшамоқни ўйласам…
Жим дея исминг билан бошлайман,
Ичимда тўлқинланар яширин денгизинг,
Йўқ, бошқача бўлмайди (чунки)
Мен сенга мажбурман, сен эса,
Билмайсан, била олмайсан…
АЙСЕЛ, КЕТ БОШИМДАН
Айсел, кет бошимдан, мен сенга эмасман,
Ўлимим онийдир, сезяпман буни.
Ҳам ёмонман, чиркинлигим ҳам бор,
Айсел, кет бошимдан, истамайман сени…
Менинг ёмғиримда кеза олмайсан, совуқ ейсан,
Тарқатар кечаларим сархушлигингни.
Уйқуларимни ухласанг, қаттиқ қўрқасан,
Ҳеч бир дақиқамни яшай олмайсан…
Айсел, кет бошимдан, мен сенга эмасман.
Мен учун кирлатма ойдинлигингни,
Ҳам ёмонман, чиркинлигим ҳам бор…
Ҳуштагимни чалсам, дарҳол йиқиласан,
Кўзларим тезлаштирар танҳолигингни.
Бегона шаҳарга олиб кетади поездлар,
Ё (сен ҳам) ўлиш йўлини топасан,
Ё қўрқув сенга бирикиб кетади…
Қисматим сенга бол бўлиб ҳам қолар…
Севинчим севинчингни тутолмай ҳам қолар…
Айсел, кет бошимдан, мен сенга эмасман.
(Умидсизлигимни бўлса ҳам англасанг эди)
Ҳам ёмонман, чиркинлигим ҳам бор…
Севган дамларимдан (балки) хафа ҳам бўларсан,
Куз қўшиғининг увиллашини эшитмадинг-ку…
Ичидан бир кема қалқиб кетмаган,
Узоққа, ёлғизлик соҳилларига…
Дунёга тескари бир йўловчиман…
(Ичимдаги қулоқ қизиб боради)
Қоришиқли йўловчилигим қатъийлашади,
(Сен бошқа нарсани ўйлама, аммо…)
Айсел, кет бошимдан, мен сенга эмасман,
Ўлимим онийдир, сезяпман буни,
Ҳам ёмонман, чиркинлигим ҳам бор…
Айсел, кет бошимдан, мен сенга эмасман,
Ахир мен сени…
Айсел!!!…
ШУНДАЙ БИР СЕВГИ
Қанча аёллар севдим, зотан йўқ эдилар,
Ёмғир кияр эди, куз билан бирга…
Озгина эркалаб қўйсам, гўё болалар,
Ташлаб қўйсам, қўрқувга беландилар.
Қанча аёллар севдим, зотан йўқ эдилар,
Шундай бир севгини кўрмагандилар.
Йўқ, ўйламангки, мени унутади деб,
Ҳали ҳануз мен томон мактублар келарди.
Ҳақиқат эмасди улар, бир умид эди…
Эски қўшиқ ёки шеърдай сўйландилар,
Қанча аёллар севдим, зотан йўқ эдилар,
Шундай бир севгини кўрмагандилар.
Ёлғиз онларимда қўлларимдан тутдилар,
Узоқ пичирлари ичимга ўт ёққанди.
Гўё кўк юзида бир булут эдилар,
Сўнг қайга кетдилар, буни ким билар,
Қанча аёллар севдим, зотан йўқ эдилар,
Шундай бир севгини Сиз кўрганмисиз?
ОЁҚ УСТИ ЎЗИНИ ЎЛДИРИШ
Қўрқувни тарк этган қиз бола,
Ўлимин танийди шу лаҳза.
Бу қасднинг сабаби бир фожеа,
Ҳолбуки у ёш эди, бундайлар оз эди…
Вужуди бокира,
Қўлин ушламаган ҳали бир кимса…
Кўрқувни тарк этган қиз бола,
Таъқиқлар тўридан ўтолмадими?
Ва ёки эврилмоқ истади
Ўзга бир қизга.
Ва ё ўз-ўзига етолмадими,
Йўқса йўқмиди юракдан севгани?…
Қўрқувни тарк этган қиз бола,
Шу лаҳза зулматга шўнғийди.
Ҳурликка эришар вужуди…
Ўртада қон иси анқийди…
Бу қандай келмоғ-у,
Бу қандай кетмоқ?…
Абдулатиф Абдуллаев таржимаси
САҚЛА
келажагим сақла деди
сақладим у келмади
ўлим каби бир иш эди
аммо ҳеч ким ўлмади
ЁМҒИР ҚОЧОҒИ
қўлимдан тут йўқса йиқилажакман
йўқса юлдузлар ҳам бир бир тўкилажак
агар шоирлигим билсанг мени танисанг
ёмғирдан қўрқишимни биларсан
агар кўзларимни эсласанг
қўлимдан тут йўқса йиқилажакман
йўқса ёмғир мени олиб кетажак
кечалари юрак дукуллашини туярсан
бу мен шоша шоша ёмғирдан қочаётган
саройбурни бўғозидан кечаётган
сунбула оқшомида ҳамма ёғи ҳўл
мени кўрсанг балки танимаяжаксан
ҳеч кимга билдирмай инграб йиғларсан
яккаю ёлғизман адашиб юрган
қўлимдан тут йўқса йиқилажакман
йўқса ёмғир мени олиб кетажак
МЕН СЕНГА ҚАРЗДОРМАН
мен сенга қарздорман билмайсан
исминг мих каби хотирамга урилган
тобора катталашиб ёнар кўзларинг
мен сенга қарздорман билмайсан
ичимни иситаман сен билан
оғочлар куз фаслига ҳозирланажак
бу шаҳар ўша эски истанбулмидир
қоронғида булутлар парчинланажак
кўча чироқлари бирдан ёнажак
қалдироқларда ёмғирнинг иси
мен сенга қарздорман сен йўқсан
севмак баъзан уятсизларча қўрқинчлидур
инсон баъзан нохос баридан чарчар
устара тиғида яшашдан чарчар
бари бир бир куни устара қонини сочар
неча ҳаёт айрилажак битта ҳаётдан
Қайси бир эшикни урмасин ўшанда
ёлғизлик тўнғиздай бўкирар эшик ортидан
фотиҳ*да бир эски грамофон куйлар
эски замонлардан бир жума* куйлар
кўча бошида туриб уни тингласам
сенга ҳеч ким кўрмаган кўк*ни келтирсам
ҳафталар қўлларимда увадаланажак
не қилсам не тутсам не ёққа кетсам
мен сенга қарздорман сен йўқсан
балки июнда мовий холли бир гўдакдирсан
оҳ сени билмаслар одамлар билмаслар
бир кема сузгайдир сокин кўзларингда
балки яшилкўй*да учоққа минаяпсан
балки ивиган сочинг шамолларда паришон
балки кўрсан тегрангда безовта бир ломакон
телба шамол сочларинг тортқилайди беомон
мен баъзан бу ҳаёт ҳақида ўйлайман
бўрилар билан яшамоқ оғир биламан
яшаш оғир қўлларимиз гуноҳдан асраб
мен баъзан бу ҳаёт ҳақида ўйлайман
жим дея исмингни тилга оламан
ичимда тўлқинланар пинҳон денгизлар
ҳеч қачон бошқача бўлмас ҳаётим
мен сенга қарздорман билмайсан
__________________________
* Фотиҳ — Истанбулдаги майдоннинг номи
* Жума — байрам маъносида
* Кўк — осмон маъносида
* Яшилкўй — Отатурк номидаги халқаро аэропорт жойлашган жойнинг номи
Хуршид Даврон таржималари