Шоир ва ёзувчи Аржуманд Беҳзод Лов (Ercüment Behzat Lav) 1903 йили Истанбулда туғилган. Германиядаги Штерн консерваторияси ва Райнхарт театр академиясида таълим олган. Истанбул тетрида актёрлик ва режиссёрлик (1935-1947), давлат консерваториясида ўқитувчилик (1951-1961) қилган. Бир муддат журналистлик, радиода бошловчилик қилган. “Бир миллат уйғонур”, “Карим мени алдатса” фильмларида роль ижро этган.
“S.O.S.” (1931), “Хаос” (1934), “Очил қулфим, очил” (1940), “Мау Мау” (1962), “Уч Онадўли” (1964) каби китоблари чоп этилган.
ЎЛИКЛАР БИР-БИРИНИНГ УСТИДА
Яшамак туйғусидан устун,
Йўқ бўлиш истаги биз билан,
Сесканмаймиз энди,
Ўликлар-ла қучоқлашиб ётишдан.
Ўликлар бир-бирининг устида
Ўликлар бир омбор тўла.
Ўликларнинг семизи топилмас,
Ўликлар қуруқ, қотган.
Ёмғир ёғиб чиритади,
Офтоб ўтиб қуритади.
Бу ерда ўлиш осонмас,
Жон ўлишни унутади.
Ой чиқар ўликларнинг устига,
Боқар оч мозор қурти мисол
Дўст жон бераётган дўстига.
ЭҲРОМНИНГ ТУБИ
Биз эҳромнинг тубидамиз,
Сиз тепада, биз пастда.
Яшаш сизники бўлсин.
Малаклар-ла бир жойда (қатда).
Зафар ҳам соғинганларга ёқар
Жонни этаркан фидо,
Енгилмас маслакнинг тугамас куни,
Биз тўёлмаган дунёда.
ТАМҒА
Белимизда оғаларпинг тамғаси.
Исмимиз мағаза*ларнинг фирмаси
Уларга дунё неъматлари,
бизга кон қудуқлари,
ботқоқлик безгаги.
_________
* Магаза – магазин.
МЕНИ ОППОҚ ХОНИМНИНГ ЁНИГА КЎМИНГ
Оппоқ хоним менга боқди,
Мен ҳам боқдим,
Кел, деди оппоқ хоним,
Кетдим,
Оппоқ хоним мени севди,
Мен ҳам севдим.
Буни оппоқ оғамиз кўрди,
Оппоқ хонимни ўлдирди,
Мен ҳам оппоқ оғани ўлдирдим.
Энди мени осадилар,
Жоним Моғона, кўзим Моғона,
Мени оппоқ хонимнинг ёнига кўмгил.
Рауф Парфи таржималари