1932 йилнинг 15 майида Суғд вилоятининг Панжакент ноҳияси Нигноти қишлоғида дунёга келган. 1954 йилда Тарас Шевченко номидаги Душанбе шаҳридаги давлат Педагогика институтини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Иш фаолиятини «Тожикистон пионери» газетасидан бошлаб, кейинги йиллари «Машъал» журналида, «Тожикистон комсомоли» газетасида давом эттирган. 1961 йилдан «Садои Шарқ» журналида бўлим мудири, 1966 йилдан муҳаррир вазифасида ишлаган. Тожикистон ёзувчилар Иттифоқида котиб, раис ўринбосари, болалар адабиёти бўйича маслаҳатчи вазифаларида ишлаган.
Асосан болалар ва ўсмирлар учун шеърлар ижод қилган. «Ширин орзулар», «Ширинзабон суҳбатдошим», «Онагинам», «Бир дона марварид», «Бобомнинг совғаси» каби шеърий тўпламлари чоп этилган. Катталар учун ҳам «Илҳом», «Пайраҳа» каби ақатор китоблари чоп этилган.
Шеърлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. 1962 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси бўлган. Тожикистон Ленин комсомоли мукофоти (1977), Ҳ.К.Андерсон номидаги мукофотлари билан тақдирланган. Тожикистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими (1982), Тожикистон халқ шоири (1994) эди. 2004 йилнинг 11 августида оламдан ўтган.
СИР ЭМАС
Биламан,
Осмони тешмоқчи бўлиб,
Қанча бўй чўзмасин ер юзидан тоғ,
Вақт ўтар,
Паст бўлар кеккайган боши,
Вақт шундай аёвсиз, залворли чақмоқ.
Биламан,
Бўйсунмас, қайсар, шўх дарё
Тин билмай оқади кўп ваҳимадор.
Бир кунмас-бир куни тоғдан узоқда,
Янги бир уммонда топади қарор.
Биламан,
Сув тўла уммонда тошқин
Устма-уст жўш урар тўфон сингари.
Аммо бора-бора шаштидан қайтар,
Уммон қатра-қатра қуриган сари.
Биламан,
Осмоннинг қўйнида яшнаб,
Тонггача кўзидан нур тўккан юлдуз,
Киприк қоқмай чиққан ошиққа ўхшаб,
Учиб кетар ўқдай бир куни, афсус…
Замин устидаю
Осмон остида,
Вақт ўтар етаклаб йиллар карвонин,
Бунда ҳар нарсанинг ўз камоли бор,
Бунда ҳар нарсанинг ўз заволи бор.
Ҳар битта нарсанинг бор ибтидоси,
Ҳар битта нарсанинг бор интиҳоси,
Фақат дўстликкина мангу барқарор.
Ҳар нарса эскирар,
Эскирар тайин,
Фақат дўстликкина бу замин узра,
Мустаҳкам бўлгайдир эскирган сайин.
ЁДИМДА
Унутмам аждодлар панду ҳикматин,
Қулоғим остида жаранглар ҳар вақт.
Дердилар: мевасиз дарахт кеккаяр,
Эгилиб туради серҳосил дарахт.
Ҳақиқат ҳеч қачон топмагай завол,
Марддар ҳақиқатни излашдан толмас.
Тўғрилик — мен учун виждоним амри,
Бу йўлдан ҳеч кимса қайтара олмас.
Заминга мустаҳкам қўяман қадам,
Бўлмасин то ундан қадамим жудо.
Кирмам хато йўлга ҳатто тушда ҳам,
Бу йўлни ҳеч кимга кўрмайман раво.
Ҳар жойда ўтирсам,
Ҳар қайда юрсам,
Ҳаддимни англайман, биламан жуда.
Ким ошса ҳаддидан, тошга қоқилар,
Қадам қўймагайман ҳуда-беҳуда.
Ғийбат қилган тилни узгим келади,
Тирноқдан кир излаш қабиҳ бир одат.
Луқмани каттароқ олганингда ҳам,
Гапни катта қилмоқ, ахир, не ҳожат?!
Шодликка тўлса гар бировнинг уйи,
Теримга сиғмайман шоддигин кўриб.
Ғам чеккан одамнинг ғамини ейман,
Ғамга жанг бошлайман бир сафда туриб.
Бировнинг пойига санчилса тикан,
Игна вазифасин ўтар мужгоним.
Номарднинг бўғзига соламан чангал,
Садқадир мард учун тандаги жоним.
Чўққига чиқмоқ гар этмаса насиб,
Азобу машаққат чеккандан кейин,
Бош эгиб боқаман ўшал чўққига,
Ундан юз ўгирмоқ, қанчалар қийин!
Йўлимдан қайтмайман,
Йўлдан қайтмоқлик
Мардликдан эмасдир, эмасдир сабоқ.
Олдинга юраман,
Қисқаради йўл,
Бўлса ҳам қанчалик узундан-узоқ.
Унутмам аждодлар панду ҳикматин,
Худди бир меросдай тутаман азиз…
Мендан фарзандларга қолажак мерос,
Ҳаётда йўқолмас бу меросдан из.
СИЗ БИЛАН ТИРИКМАН
Арчалар — тоғимга ям-яшил либос,
Тоғлар —жон-танимга мадору ихлос.
Булоқлар — мусаффо диллар тимсоли,
Чўққилар — осмонга устун мисоли.
Сизларга очиқдир қалбим эшиги,
Қалбимдир сиз учун вафо бешиги.
Дарёлар — музларнинг кўз ёш — булоғи,
Йўллар — қояларнинг олтин белбоғи,
Саҳролар — неъматга тўла дастурхон,
Боғлар — гул қўллардан саховат, эҳсон.
Сизларга очиқдир қалбим эшиги,
Қалбимдир сиз учун вафо бешиги.
Қанот қоқ, қалбимдай, эй, мурғи ҳилол,
Ҳуркиб уч қоядан, ўйноқи марол.
Сайранг қир-адирда, хушхон какликлар,
Қалбимнинг розидан берингиз хабар.
Сизларга очиқдир қалбим эшиги,
Қалбимдир сиз учун вафо бешиги.
ТОҒ
(Отамга бағишлайман)
Зира чопон,
Кўм-кўк дастор,
Кўпдан хабардор.
Ранги сўлғин,
Юзи ажин,
Ажинларин силайди майин.
Пишган — офтоб тафтидан ёноқ,
Сочи худди мавждайин оппоқ.
Кўз қисилган,
Маъюс ва ғамгин,
Сирдоши — замин.
Ажиб бир ҳолат:
Лабларида айтилмаган ҳикмат
Қатма-қат,
Тупроққа боқади ўйчан, мулойим,
Тупроқдан неларни изларкан доим?
Недир айтмоқчи у совуқ тупроққа?
Недир айтмоқчи у ўтга, булоққа?
Бошида не ўй бор?
Ўзича сўйлар,
Балки у йигитлик даврини ўйлар?
Ё ширин хаёлнинг варақларидан,
Ё ернинг покиза ёноқларидан —
Қишлоқ қисматини ўқир у шу чоқ?
Шамол фиғон қилар,
Тоғ эса хомуш,
Дарё тўфон қилар,
Тоғ эса хомуш.
Мунчалар ўхшайди отамга бу тоғ!
Тилак Жўра таржимаси