Тожикистон халқ шоири, Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофоти соҳиби Саидали Маъмур 1944 йил 28 декабрда Ўратепа(бугунги Истаравшан)нинг Яккабоғ қишлоғида туғилган. Тожикистон давлат университетининг тарих ва филология факультетида таълим олган. Ўқишдан сўнг радио, нашриёт,газета ва журналларда фаолият юритган.
Шоирнинг илк шеърлари 1963 йилда чоп этилган. Шу пайтгача унинг «Заврақи умед» (1967), «Савганд» (1972), «Меҳвар» (1980), «Офтоби дил» (1986), «Решапайванд» (1989), «Овои мурғи шабовез» (2000), «Оташи меросй» (2002), «Назаргоҳи дил» (2003), «Одам ба одам зинда аст» (2004), «Давлати дидор» (2014) каби шеърий тўпламларини эълон қилган. Шоирнинг ўзбек тилига таржима қилинган шеърларидан иборат «Турналар» (1991), «Қуёш фарзанди» (2009) номли китоблари нашр этилган.
ЯНГИ ГАП
Янги гап айт, янги гапнинг завқи ўзгача.
Фаррухий
Айтилмаган гаплар кўпдир дунёда,
Босиб ўтилмаган йўл бор, манзил бор.
Қачонгача эски гапларни айтиб,
Эски йўллар узра тентирайсан зор.
Шоир қалби ўтли вулқон сингари,
Ўти, алангаси билмагай ҳудуд.
Қалбинг қайноқ эмас, совуқдир бари,
Тоғлар тошидай жим сақлайди сукут.
Тириклик бепоён денгиздир жўшқин,
Бир зум ором олмас, бунинг устига.
Кўксинг ичра туғён тинган, ашъоринг
Қайиғи лиқ тўла эски-тускига.
Айтилмаган гаплар кўпдир дунёда,
Кўпдир топилмаган ганжу жавоҳир.
Ҳали айтилмаган сўзларни айтиб,
Сен пинҳон хазина ахтаргил, шоир.
Шеъринг сабоқ бўлсин, ҳар бир бўғинни
Мустаҳкам қолипга жойлагин бир-бир.
Эски қолипларни синдириб, бузиб,
Ўзинг сўз мактабин яратгин, шоир!
Жонга тегиб кетди эски нарсалар,
Дилда янги сўзлар саф тортсин қатор.
Ахир, янги сўзда бордир ҳарорат,
Ўша ҳароратнинг ҳаловати бор.
ОНАМНИНГ СУВРАТИ
(Укам Маҳмуднинг хотирасига)
Онам бағримиздан кетган фурсатда,
Гўдаклик давримиз кулган чоғ эди.
Қандай кетиб қолди? Билмадик, аммо,
Бизга тириклардан тирикроқ эди…
Бизга сувратини кўрсатишарди,
Онам дийдорига бўлганда муштоқ.
Чўккан кўнглимизга берардик таскин,
Гўзал чеҳрасига термулиб узоқ.
Кун, ой, йиллар ўтди, ўшандан буён
Онасизлик ғами қийнарди бизни.
Сен эса отамдан сўрардинг ҳар гал:
— Онамиз қаерда, Сиз билмайсизми?..
Отам дерди: — Онанг – манзили олис,
Энди қайтиб келмас, изламанг уни.
Хоҳласангиз, топай янги бир она,
Сизларга қарасин, токи, ҳар куни…
Иккимиз қувондик, кенг ҳовлимизда
Тўй бўлди… Ўшанда кўнглимиз тўлди.
Янги онамизнинг тўй куни, бироқ,
Укагинам, бизга қаро кун бўлди.
Деворга осилган сувратни кўриб,
Ўгай она деди: — Айт, уйинг куйгур,
Кимнинг суврати бу, эски деворда?!..
— Онамиз бу, — дедим оҳ тортиб чуқур.
Девордан хотира сувратни олиб,
Йиртгандан сўнг, деди чимириб қошин:
— Билиб қўй, онанг – мен, бугундан бошлаб,
Аллақачон ўлиб кетган у хотин!..
Онам сувратидан айрилдик ногоҳ,
Юрак тўлди нола, фиғон ёшига.
Йиғламаган эдик онам ўлганда,
Тун бўйи йиғладик суврат бошида…
ҚАНОАТ БАРМОFИ
Онам ўтгач, кўксин қўмсаб, оғзимга
Бармоғимни тиқиб сўрар эдим жим.
Сут тўла ариқлар қуригандан сўнг,
Кўз ёшим ариғи оқарди лим-лим.
Гарчанд, бармоғимда сут бўлмаса ҳам,
Уни эмиб, ором олардим бот-бот.
Ширин туюларди бармоғим, гўё
Бордай, онам сутин таъмидаги тот.
Гўдаклигим ўтиб, келди болалик,
Одатим тарк этмас мени ҳеч қачон.
Болалик, ёшлигим ўтиб кетса ҳам,
Бармоғимни тишлаб юрибман ҳамон.
Ҳайрат бармоғимни тишлайман, баъзан,
Артиб соддалигим кўзидан намни.
Лекин, умр бўйи, очкўзлик билан
Оғзимга тиқмадим бешта панжамни…
ҲАҚҚУШ
Қурбақалар сайрамоқда,
Аҳён-аҳён Ҳаққуш ҳам…
Суҳроб Сипеҳрий.
Ҳаққуш, куйингга зор, беморман букун,
Қурбақа сайрайди билмасдан тиним.
Товушинг бунча паст?!
Ўртаниб ёнар,
Жонбахш овозингдан айрилган дилим.
Ҳаққуш, ҳақиқат йўқ, ҳовуз булғаган
Сассиқ қурбақага булоқда не бор?!..
Овозингни бўғиб, шовқин солган ул
Қурбақабоқарлар айлади безор.
Ҳаққуш, қурбақалар садоси ўчсин,
Баланд овоз билан чақирганингда.
Fамгин юракларни ғамдан қутқариб,
Олис кетма бир зум яқинларингдан…
КЎЗГУ
Кўзгудай ўзни кўз-кўз айламак одатим йўқдир…
Фоний Кашмирий.
Юрагимда улкан кўзгу бор,
Юзида йўқ ғубор, чанг ва кир.
Бу жаҳонда поклик менга фарз,
То нопоклик умри мангудир.
Ярақлаган кўнглим бор, бироқ,
Ичқоралар берганда озор.
Кўрсатмасман ўзимни беғам,
Сабр-тоқат менга бўлгай ёр.
Гарчанд, қолдим поклигим боис,
Нопоклардан таъзиримни еб.
Йўлда ётган тошни кўтардим,
Йўловчилар қоқилмасин деб.
Доғ ахтарар кўзи ғилайлар,
Лекин, кўзгу – шаффоф, кўнглим тўқ.
Сен кўзгумнинг кўнглига боққил,
Кин, ҳасаддан унда бир доғ йўқ.
Қалбим улкан кўзгудир, аммо,
Мақтанишга тоқатим йўқдир.
Дўстлар акси кўринар, ўзни
Кўз-кўз қилиш одатим йўқдир.
ИККИ БЎЛАК ОЛМА
Мен сен билан, сен мен билан
Бирга эдик, бир тан-жон.
Сен мендан, мен сендан бир зум
Айрилмасдик ҳеч қачон.
Ҳеч ким у кун мену сенинг
Фарқимизга бормаган.
Ўхшар эдик биз иккига
Бўлинган бир олмага.
Қисматимиз, бахтимиздан
Рози эдик иккимиз.
Гўдаклик-ла бирга ўтди
Ўқиш, ўйин изма-из.
Кўзбойлоғич ўйнар эдик,
Оқшом келса уфуриб.
Сен беркинсанг, қидирардим
Тўрт томонга югуриб.
Гоҳ кечикиб, гоҳ бир зумда,
Гоҳ топардим тунда ҳам.
Энди сени тополмайман,
Ҳатто, ёруғ кунда ҳам.
Ҳар гал кўрсам икки бўлак
Олмани, не ҳам дердим.
Тағин сени эслагайман,
Эй, илк севгим, илк севгим.
Букун олис бир-биридан
Манзилимиз, йўлимиз.
Икки бўлак олмадир бу
Икки бўлак дилимиз.
ЭЙ, КИПРИГИ ҚАРО
Ҳар лаҳза чақнаган кўзларинг каби,
Ўрилган кокилинг мисоли ҳар дам,
Қора сочларингдай, қора қошингдай
Қора бўлсин ўшал киприкларинг ҳам.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!
Кипригинг эгилар хатар етганда,
Ёмғир ёғиб кетса – кўзларингда нам.
Кипригинг майсага ўхшаган майин,
Майсанинг юзига қўнгандир шабнам.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!
Кипригинг кўксимга ботган ханжарми
Ёки у камондан бўшатилган ўқ?
Сенинг ханжарингдан, сенинг ўқингдан
Ҳеч қачон мен нажот ахтарганим йўқ.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!
Майли, қолгин доим қорасоч бўлиб,
Қошинг қаро бўлсин, кўзларинг қаро.
Аммо, истамасман, икки оламда
Сенинг юзинг қаро бўлмасин асло.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!
ДЕВОР
Қишлоқда туғилдик бир тонг иккимиз,
Каттакон бир томнинг остида бедор.
Орамизда ғамнинг девори эмас,
Бор эди бир лойдан қурилган девор.
Доим огоҳ эдик бир-биримиздан,
Ортиқча ташвишлар келарди малол.
Дунёмиз бир эди иккимизнинг ҳам,
Товланарди рангин камалак мисол.
Ошиқликдан огоҳ эмасдик, ишқни
Болалик ўйини деб ўйлардик биз.
Мен учун чиройли келинчак эдинг,
Бир афсона эди ошиқлигимиз.
Қўғирчоғинг бизга чақалоқ эди,
Ундан меҳримизни аямасдик ҳеч.
Ҳавас билан униг сочин тарардинг,
Мен эса силардим бошин эрта-кеч.
Деворга ёзардим сенинг номингни,
Ўшанда, бўр билан, эй, меҳрибоним.
Тошнинг баданига номинг ўйсам гар,
Баданимга сиғмай кетарди жоним.
Ўшанда дафтарга битсам номингни,
Сенга аталарди шеърларим бари.
Ўшандан сўнг шеърлар битдим номингга,
Номинг билан тўлди шеър дафтарлари…
Келин бўлиб тушдинг қай бир шаҳарга,
Сенсиз бўшаб қолди гавжум қишлоқ ҳам.
Ҳовлининг девори қулаб, ўрнига
Баланд девор бўлиб кўтарилди ғам.
Иккимиз туғилдик бир тонг, бир томнинг
Остида, бир қишлоқ, битта ўлкада.
Бир-биридан жудо томимиз, афсус,
Айрилиқ девори қолди ўртада…
ИШҚ КИТОБИ
Қийноқ, азобларни
Мен ҳам тортганман,
Аммо, ортиқ эди
Ишқнинг азоби.
Баъзан дарё эдим
Изтиробларга,
Аммо, нажот бермас
Ишқ изтироби.
Баъзан, тўлқин эдим
Гирдоблар ичра,
Мени ютиб кетди
Ишқнинг гирдоби.
Хато қилмас эдим
Ҳисоб-китобда,
Аммо, топилмади
Ишқнинг ҳисоби.
Ҳар бир саволимга
Жавобим бордир,
Мени лол қолдирди
Ишқнинг жавоби.
Ишқ фасли бобида
Китоблар титдим,
Ҳаргиз тамом бўлмас
Ишқнинг китоби.
СОП ЯСОВЧИ
Соп ясовчи болта урганда шохга,
Тиғи суягимга қадалди қаттиқ.
Дарахт танасидан қулаб тушди шох,
Танасидан жудо бўлган қўл янглиғ.
Кеча кўрган эдим, ўшал шох узра
Булбуллар маст-аласт куйларди тўлиб.
Ўша кўкарган шох булбуллар учун
Турарди беминнат бир ошён бўлиб.
Хуллас, ўз уйига элтди дурадгор
Шохни, ҳўллигича кесилган куни.
Деди: Соп йўнаман мен ундан дарҳол,
Бозорга чиқариб сотаман уни…
Кўзларим ўнгида яккашох дарахт
Бир қўлли одамдай турарди хаста.
Эҳтимол, бошқа бир болталар учун
Қолган шохлари ҳам бўлгайдир даста…
ВИДО
Алвидо, эй, кўнглим торин чертган ой,
Ўтар, орамизда неки бор, бари.
Дарё суви каби оқиб кетар тез,
Айрилиқнинг ғами, доғу дардлари.
Кенг кўча тилайман, кетди кўмилиб
Биз кезган сўқмоқлар бошлаган йўл ҳам.
Мен сенга тилайман бегуноҳ бир ёр,
Агар мен қошингда гуноҳкор бўлсам.
Эслама сен ўшал ҳижрон тунини,
Кечаларнинг кўзи очилар тағин.
Яна қуёш чиқар ёруғ юз билан,
Яна янги кунлар келади яқин.
Унутаман ёруғ ёдингни энди,
Алвидо, эй, кўнглим торин чертган ой…
…Эсимга тушади ёлғиз ой акси
Юзида кўриниб турган ўшал сой…
ҚОРА ДЕНГИЗ
Азал йўқотгансан ҳаловатингни,
Шер каби ғазабга тўлгансан чексиз.
Ҳар кун ўзга рангу ўзга ҳол билан
Кўзга кўринасан, эй, денгиз, денгиз.
Кеча кўм-кўк эдинг, жимжит, осуда,
Бугун қоп-қорасан, тошқин, беқарор.
Ёки номинг сенга ёқмайдими, айт,
Ёки қора рангдан қиласанми ор?
Кўнглинг оқлигини англасам агар,
Эй, Қора денгизим, бағринг оралаб.
Сенинг қора рангинг қўрқитмас сира,
Мени қўрқитади ичи қоралар.
ТОШ КИТОБ
Аждодларим қўли қолдирган излар
Қолди Пахш тоғининг ҳар бир тошида.
Хира тортиб кетар ўткир нигоҳим,
Тоғ бағрида қолган ҳар из қошида.
Тоғ, гўё, — бир қоғоз тоғликлар учун,
Унга ўз китобин ёзарди ҳар ким.
Ушбу китобнинг тош вароқларини,
Баъзан, алам билан варақлайман жим.
Ёдимга тушади кеча ва бугун,
Овчининг изини кўрганим заҳот.
Кечагина сайдлар саноқсиз эди,
Букун керагидан ортиқдир сайёд.
Кийикнинг изини кўрган чоғимда,
Аламдан оҳ тортиб йиғлагим келди.
Бир вақт саноғига бўлмасди етиб,
Саноқли кийиклар кам қолди энди.
Шердан қолган изга тушганда кўзим,
Саноғидан дилга тўлиб кетди ғам.
Шерлар, шерюраклар бор эди бир вақт,
Кам қолди шерлар ҳам, шерюраклар ҳам.
Эчки изин кўриб, ёдимга тушар
Қўрқоқликнинг изи, ўтар суякдан.
Букун тоғ эчкиси оз қолди жуда,
Бироқ, жуда кўпдир эчкиюраклар.
Бўри қолдирган из, икки оёқли
Бўрини ёдимга келтирар маъюс.
Бўрилар қадами узилар, бироқ,
Бўрибоқар турар панада ҳануз.
Тулкининг изига боқиб, тулкини
Тулкисимонларга кўрдим қиёслаб.
Ушбу кун кам қолди тулки ҳам, аммо,
Қалашиб ётибди тулкимижозлар.
Аждодларим қўли қолдирган излар,
Тоғлар китобида тургай ярақлаб.
Бир зум табиатга бўлиб ҳамнафас,
Ҳар бир саҳифасин кўрдим варақлаб.
АРМОН ҚАНОТИ
Туш кўрдим, тушимда қушга айланиб,
Қанот қоқиб, парвоз этардим бесас.
Қуёшнинг уйига йўл олиб мамнун,
Юлдуз билан бирга олардим нафас.
Уйғондим, самога ташладим назар,
Булутлар ўзини кўз-кўз этарди.
Нигоҳимни тўсиб турган булутлар,
Армон қанотига ўхшаб кетарди…
УЧ ЧАРХ
Ёғоч чарх бошида,
Бошин эгиб жим
Калава тўқирди раҳматлик онам.
Чарх эса тинмасдан айланар эди,
Каттариб кетарди калавалар ҳам.
Калава ипининг учи ногаҳон
Узилса, уларди уни бирпасда.
Бир лаҳза ичида тўхтаб қолган чарх
Тағин айланарди тиним билмасдан.
Онам зўр калава тўқувчи эди,
Ич-ичида қолиб кетганди дарди.
Ёғоч чархи билан, бир ўзи буткул
Тирикчилик чархин айлантирарди.
Мен букун,
Шоирлик чархи-ла, Сўздан
Калава тўқиган юраги қонман.
Аммо, чархим билан
Тирикчиликнинг
Чархин айлантира олмай ҳайронман.
Онам мендан кўра шоирроқ эди…
Одил Икром таржимаси
ВАТАН
Отам сарват юзин кўрмай кўз юмди,
Аммо у қолдирди бир дунё сарват.
Отам давлат юзин кўрмай кўз юмди,
Аммо у қолдирди бир дунё давлат.
Бебаҳо бу дунё, Ватаним, ўзинг!
Чақмоқдек тез ўтди онамнинг умри,
Ундан ошиқроқдир ҳозирги ёшим.
Онам дийдоридан тўймадим, аммо
Бир она меҳридан кўкдадир бошим,
Онам — қалби дарё, Ватаним, ўзинг!
Нафратдан титрайман агар бир бадзот
Бебаҳо Ватанни олса нишонга,
Жисмин қалқон қилар асил фарзандлар,
Сенгамас, ўқ тегсин, майли, қалқонга,
Жондек танамда жо, Ватаним, ўзинг!
Кўрганман шўрли бир ватангадони
Бир тишлам нон учун кечди имондан.
Нонга алишарми имонин инсон?!
Хиёнат анқирди у топган нондан!
Дард тегса, минг даво, Ватаним ўзинг!
Тожикчадан Жонибек Қувноқ таржимаси
ОНА СУРАТИ
(Укам Маҳмуд хотирасига)
Бир куни онамиз бизлардан кетди,
Қувноқ гўдак эдик бизлар у замон.
Билмабмиз, у бизни буткул тарк этди,
Кейин биз қўрмадик уни ҳеч қачон.
Сен билан ҳар нафас изладик уни,
Бир кун қўрсатдилар бизга бир сурат.
Узоқ ёзар эдик хуморимизни
Она суратига термулиб фақат.
Кун кечди, ой кечди, йил кечди, кейин
Болалик билан ҳам хайрлашдиқ биз.
Бир кун отамиздан сўрадинг секин:
— Билмайсизми, қайда бизнинг онамиз?
Айтдики: — Бизларни ташлаб қетди у,
Узоқларга қетди, энди қайтмас ҳеч.
Агар истасангиз, ўзга бир она
Келтирай, сизларни боқсин эрта-кеч.
Иккимиз қувончдан гул-гул очилдик,
Гўёки ҳовлимиз тўй билан тўлди.
Янги онамизнинг тўй куни лекин,
Уқажон, биз учун бир аза бўлди.
Деворга илинган суратни кўриб,
Янги она деди ҳеч муросасиз:
— Бу ночор девордан боқиб турган ким?
Оҳ чекиб, дедим: — У бизнинг онамиз.
Эсдалик суратни олиб, кўз ташлаб,
Йиртиб ташлади-ю, деди: — Онанг — мен!
Мени она дейсиз бугундан бошлаб,
Аллақачон ўлиб кетган у хотин…
Бир куни онамиз бизлардан кетди,
Қувноқ гўдак эдик, бахтли чоғ эди.
Билмабмиз, фанога у сафар этди,
Бизга тириклардан тирикроқ эди.
Айрилдик онамиз суратидан ҳам,
Фиғону нолалар — кўзлар ёшида.
Гарчи йиғламадик у ўлгани дам,
Тонг отди йиртилган сурат бошида…
ОҚҚУШ
Бир оққуш кўкда
Учарди холи.
Булутлар ичида
Булут мисоли.
Кўзим тикканча
Оққуш томонга,
Кетиб борардим
Ердан осмонга.
Бирдан қаердадир қарсиллади ўқ,
Жуда ҳам яқин.
Шу лаҳза гўё
Сўнгакларимда
Чақнади чақин.
Оққуш зарб билан қулади ерга,
Кўпайди дардим.
Унинг фарёди руҳимни эзди,
Эзилди бағрим.
Қаноти синган оққуш қўлида —
Толгандим ўйга —
Овчи ўлжадан мамнун, сарбаланд
Жўнади уйга.
Ул овчи менга дуч келди бир куни,
Ёнида дилдор.
Дилдори бошида оққуш патидан
Ажойиб тож бор.
Ўшал бегуноҳ
Оққуш фарёди
Жисму жонимда
Янграйди қайта
Чекканимда оҳ…
ЙЎЛ ОЧУВЧИ
Йўл очувчи эди ҳар бир томири,
Томир отган эди мангулиқ ерга.
Фахр этиб ўзининг касбу коридан,
Ҳар бир маъракада ўтарди тўрга.
То йўлсиз ерларда йўллар очгунча,
Саноқсиз йўлларни босиб ўтди у.
Серхатар йўлларни қўллари билан
Ўзининг кафтидек текис этди у.
Менинг тоғларимнинг тор йўлларин ҳам
Очгани чин унинг заҳмати, сеҳри.
Сингдирди ўз умри нақшин дунёга,
Кишилар қалбига қуйди поқ меҳрин.
Шаҳар-қишлоқларда очиб янги йўл,
Йўлма-йўл ўтказди ёдгор қўчатлар.
Ниҳоллар бўй чўзгач, йўллар бошида
Навбаҳор файзидан яшнар қўчалар.
Ул ҳунар кишиси дунёдан қетгач,
Мотамсаро бўлди қишлоқлар бутун.
Унинг ўзи очган ўшал йўллардан
Одамлар кўтариб ўтди тобутин.
Йўллар четидаги дарахтлар шохи
Андуҳлар юкидан тағин эгилди.
Ёмғир одамларнинг қўз ёши қаби
Намли япроқлардан чақ-чақ тўкилди.
Умри давомининг ўқ томиридеқ
Кўзимга тўқинар бу ҳаёт йўли.
Инсон йўли бўлди у очган ҳар йўл,
Бўлди қалб, меҳр ва эътиқод йўли.
Тилак Жўра таржимаси
ШОДЛИК ТУҒИЛГАН ОН
Гулрухсорга
Сен дунёга қоронғу бир тунда келдинг,
Лабда ханда бирла қутлуғ кунда келдинг.
Яхч осмонин ёритганда юлдузчалар,
Заминига юлдуз сочиб, бунда келдинг.
Сен дунёга келдинг эзгу матлаб билан,
Ўзгача бир устод, ўзга мактаб билан.
Қотиллигу қонхўрликни истаб эмас,
Келдинг «кетсин зулмат» деган тилак билан.
Келдинг бирдан ёришди тун кундуз бўлиб,
Қишлоқ аҳли қарши олди фируз бўлиб.
Гарчи келган онинг фасли қиш бўлса ҳам,
Сен келдинг Гул, бизлар учун Наврўз бўлиб.
Хуш келибсан, хуш келибсан эй меҳрибон,
Эй, шоири озодаи давру замон.
Сен туғилган кун «Зодрўзи дард » эмас, йўқ, йўқ,
Шодлик они бўлиб қолгай доим, ҳар он.
Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси
ЎҒЛИМГА
Ёшланмаган кўзлардан, болам,
Нур қидириб юрмагин асло.
Парча музга айланган дилдан,
Талаб этма ҳарорат аммо.
Ихлосинг бир қайтган қўллардан
Кутма ҳаргиз сен лутфу эҳсон.
Ҳаром йўлга кирган одамдан,
Ҳазар қилгин минг бор, болажон!
* * *
Ҳаётимиз ҳар куни жангдир,
Тобланамиз ўтида, дўстлар.
Бу жанг порлоқ ном учундир ва
Шон учундир билсангиз агар.
Сиз уларга зийракроқ боқинг,
Шафқатсиз жанг борар, дўстларим.
Эзгулигу ёмонлик аро
Фойда, зиён бўлишиб ғаним.
Умримизнинг ҳар бир лаҳзаси,
Иборатдир шундай жанглардан.
Бу муҳориб забтига чиқар
Ҳаёт, ўлим ўртасида ҳам.
Ҳаётимиз ҳар куни жангдир,
Тобланамиз ўтида, дўстлар.
Жамшид таржимаси