Раъно Мубориз (1965)

ХУДО ҲОФИЗ

Кетар бўлдим бундан эй жон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз,
Гўзал юзлар бўлсин омон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз.

Бу бедардлар тузган даврон, бу меҳри йўқ ғўр оломон,
Яшайверсин бўлиб сарсон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз,

Неки хуш дамларим бўлди, туғилди бари ғамлардан,
Барчасига келди поён, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз.

Оғирдир менга тарк этмоқ, одамлардан йироқ кетмоқ,
Ёлғизлик бу эрур ҳижрон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз,

Бир қушчадек қилсам парвоз, гарчи дилда умидим оз,
Бағринг очгил менга осмон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз,

Сени кўзим қароғида ва ё дилим ардоғида,
Асрагайман  азиз инсон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз,

Ошиқликда умр кўрсам ва ё дарвеш бўлиб юрсам,
Мени ўртайди бир армон, Худо Ҳофиз, Худо Ҳофиз,

Ҳақ хоҳласа келиб Наврўз, балки яна учрашармиз,
Не тонг, келса ўшал даврон, Худо ҳофиз, Худо ҳофиз.

МЕН КЕЛАДИРМАН

Ҳарфни тайёр қилинг, мен келадирман,
Шавқни бедор қилинг, мен келадирман.

Хоҳ маст бўлсин, хоҳ паст бўлсин майлига бефарқ,
Жумлани ҳушёр қилинг, мен келадирман.

Таблак чалиб жар солинг жумла жаҳонга,
Уйингиз бозор қилинг, мен келадирман.

Бас етадир, қошу қабоқ қилиб юриш, бас,
Чеҳрани гулнор қилинг, мен келадирман.

Сурайёдан тушиб келмоқдаман мен,
Тарки ул хуштор қилинг, мен келадирман.

Бас, баландлик, қўним топай дейман заминда,
Ерни ҳамвор қилинг, мен келадирман.

Андаккина меҳр мени қондира олмас,
Меҳрингиз бисёр қилинг, мен келадирман.

Қошингизга келдим баланд тоғлардан ошиб,
Қабулни такрор қилинг, мен келадирман!

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси