Зулфия Атойи (1954)

Зулфия Атойи 1954 йил 15 июнда Суғд вилоятининг Ғончи ноҳисида таваллуд топган. Москва шаҳридаги Максим Горький номли Адабиёт Институтида таҳсил олган. «Точикистони Совети» рўзномасида иш фаолиятини бошлаган. Айни пайтда «Феруза» аёллар журналининг муҳаррири. «Шараф» ордени соҳиби. Россиянинг «Данко юраги» адабий мукофоти совриндори. Тожикистон халқ шоири. 1980 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.

«ДЕВОНИ ЗУЛФ»ДАН

ИШҚ ТУҲФАСИ

Пичирлама  қулоғимга жудоликдек хатоликни,
Билолмассан, билолмассан Атойидек адоликни.

Сен ишқимнинг худоси бўл, сен ишқимнинг атоси бўл,
Истамас дил сира энди саркашлик-бехудоликни.

Қўлларингни чўз белимга, дилинг боғлагин дилимга,
Изламагин зулфим аро ўзга ёрга гадоликни.

Ғафлат босиб юрдик сарсон, гул умримиз топди хазон,
Дилинг бирла англа дилдор, овозин бесадоликни.

Юраклар тош, еру осмон муз қотган бу даврон ичра,
Фикринг музин эрит, ташла барча кибру ҳаволикни.

Юрагимдан қувват олиб, нур бағишла вужудимга,
Кўрай десанг шу дунёда рўшноликни, рўшноликни.

Аввалим охирим ўзинг, ҳам субҳим ҳам шомим ўзинг,
Ўзимни бахш этиб  сенга  топдим ҳаққа ошноликни.
03.02.2012

ДАСТЁР

Товоқларни ювгандим
Бир товоқ кетди учиб.
Гулларга сув қуйгандим
Гулдон ҳам синди тушиб.

Мошонга хашак бердим,
Товуқларга бердим дон.
Анча ёрдамим тегди,
Не иш қолди онажон?

ЛАЙЛО ЎЗИМ

Дил бенаво бўлди бу кун мизроб қани, мизроб қани,
Тун бесафо бўлди бу кун, моҳтоб қани, моҳтоб қани?

Лайлодан-да лайло ўзим, ўшал гули саҳро  ўзим,
Йўлида зор икки кўзим, ул Мажнуни офтоб қани?

Ишқ дарсидан мен бехабар, бевафога дил боғлабон,
Бўлди менинг бағрим кабоб, Сурхоб қани, Хингоб қани?

Дил дардидан тобим қочиб, кўзларимдан хобим қочиб,
Бедор кечган шаблар аро тобим қани, хобим қани?

Дил китобим қўлимдадир, кони ғазал кўнглимдадир,
Топмам ғазалхон ахтариб, аҳбоб қани, аҳбоб қани?

Ишқ тори бунёд айлаган, бу тош қафасни синдириб,
Ўзни дарёга отгали гулдараи Варзоб қани?

Девонаю ҳушёрларим, гоҳ зор,  гоҳо безорларим,
Сиримдан бохабарларим ул гавҳари камёб қани?

Дилда гарчи ҳирс оз  эди, бир ҳасратим парвоз эди,
Айт, бесадо дил торига мизроб қани, мизроб қани?

ШОИР МЕЪРОЖИ

Лоиқ асло кимсалар мақтовига муҳтож эмас,
Ҳеч  қайси шоир журъати Лоиқи меърож эмас.
Шеърият дунёсида ёлғиз у соҳибтож эди,
То бу дам ҳам шеъриятда ҳеч  ким соҳибтож эмас.

АВФ АЙЛА ИШТИБОҲИМИЗ

Эй Ватан, эй Тожикистон, авф айлагин гуноҳимиз.
Эгри йўлга боққан бўлсак, авф айлагин нигоҳимиз.

Бағринг бўлди тилка-пора тиру тўплар тўфонидан
Қуролимиз кечир бизнинг, авф айлагин сипоҳимиз.

Гар тожу тахт бўлган бўлса жангу жадалларга сабаб,
Тахтимизни маъзур тутгин, авф айла каж кулоҳимиз.

Жанглар қилиб, жанглар кўриб, оқибатда ярашдик биз,
Тинчлигимиз ҳурматдан авф айла иштибоҳимиз.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси

БУНДАН СЎНГ…

Бундан сўнг мен мовий осмон остида,
Сенинг номинг айтиб нафас оларман.
Ва азиз умрингга қисматим боғлаб,
Ҳар куни йўл пойлаб кўзи толарман.
Бундан сўнг мен йўқман, мен буткул сенман,
Ошифта қалбингдан топганман макон,
Сенинг-ла қишларим мангу баҳордир,
Сенсиз чаманларим бўлгайдир хазон.
Бир гўдак эканман шу кунга қадар,
Энди бор жаҳони комил инсонман.
Энди муҳаббатнинг зилол чашмасин,
Қатра-қатра сарфлаб ичгувчи жонман.
Орзуларнинг юксак самоларида,
Толиқиш не билмай этарман парвоз.
Безавол ишқ менинг қанотим бўлди,
Қаёнга бормайин, ўзингсан ҳамроз,
Энди ҳайиқмагум ўлимдан ҳаргиз,
У ҳечдир, бизларнинг севги олдида.
Энди умримизда зимистон бўлмас,
Мангу баҳорлар бор, азизим, бунда.

ПАРВОЗ ИСТАЙДИ КЎНГЛИМ

Кўнглим юксакларга парвоз истайди,
Чароғон мағрур юлдузлар сари.
Ойдин орзуларнинг дунёси кенгдир,
Ром этмиш борлиғин нур жилвалари.
Уни кўксим аро қилмагум банди,
Бу рангсиз ва бекам рўзғордан не суд?
Юзлари қип-қизил, қалби оташсиз,
Кимсалар ичра ҳеч юролмам маъсуд.
Англадим, юракда оташу исён
Момо Ҳаввомиздан қолгандир мерос.
Зару зевар ичра асира мисол,
Яшолмайман, орзум, қанотларинг ёз.
Бу ҳарир пардалар, чўғдай гиламлар,
Беролмас ёнгувчи қалбга тасалли.
Мен парвоз истайман, суқ-ҳасадлардан
Олисларда юрсам дейман, ақалли.
Олисларда юрсам ғийбат, хиёнат,
Арзон суҳбатлару маломатлардан.
Кўнглим бир тасодиф, мўъжиза истар,
Талпинар самовий пок хилқатларга.
Менга қанот бўлгил, эй дўсти азиз,
Сабот бўлгил дилим, ишим кўп ҳали.
Парвоз этаяпман, вужудим-оташ,
Оташ юракларни манзил этгали.

ТАҚДИР ТУҲФАСИ

Гўдаккинам, менинг кўз нурим ўзинг,
Жоним ҳаловати, тақдирим ўзинг.
Танҳоликдан қанча ғусса чекардим,
Дардимга дармоним, тадбирим ўзинг.
Совуқ хонам аро бир тафт югурди,
Умримнинг зиёси, қалб қўрим ўзинг.
Сўнгги пайт хонанишин бўлиб қолибман,
Болажон, қулфиму занжирим ўзинг.
Кўзим қаросидай асрагум доим,
Сен менинг ёшлигим ҳам пирим ўзинг.
Тойилма, маҳкам тут этакларимдан,
Онажон элимга тақдимим ўзинг.

ИРОДА

Эй ғам, куйдиравер, гирён бўлмагум,
Сендан шафқат сўраб арзон бўлмагум.
Қўрқув-ла яшаган ҳаёт ҳаётми?
Даҳшатингдан ҳаргиз ларзон бўлмагум.
Кутмагил, пойингга бош эгмайдирман,
Гар таслим этолсанг, инсон бўлмагум.

Жамшид таржимаси