Атоқли тожик шоири Мўмин Қаноат 1932 йил 20 майда Тоғли Бадахшон Автоном Областининг Қалъаихум туманидаги Курговад қишлоғида туғилган.
«Шарора» (1960), «Ер юлдузлари» (1963), «Йўллар ва қанотлар» (1964), «Днепр мавжлари» (1964), «Нур карвони» (1970), «Сталинград овози» (1975), «Мен ва бедор кечалар» (1979), «Сино бешиги» (1980, араб имлосида), «Танланган асарлар» (1982, икки томлик), «Сино бешиги» (1983, тожик тилида, араб имлосида, рус тилида), «Ярадор китоблар» (1983), «Ишқ олови» (1985), «Исмат юлдузи» (1990), «Бесутундан ҳозиргача» (1992) номли китоблари нашр этилган.
А.С.Пушкин, В.Шекспир, Шиллер, Г.Гейне, Р.Тагор, В.Маяковский асарларини тожик тилига таржима қилган. СССР Давлат, Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофотларининг совриндори. 1961 йилдан буён СССР ёзувчилари Иттифоқининг аъзоси. Тожикистон халқ шоири.
2018 йил 18 май куни Душанбе шаҳрида вафот этган.
ШАЛОЛА
Эй шалола!
Менинг зилола кўзгум,
Беқарор болаликнинг сирдоши, дарддоши ҳам,
Ўтмиш кунлардан ёдгор йўлдоши ҳам
Сен ўзинг.
Кўҳна эзгу дардларим менга такрор айтасан,
Уйқудаги хотирам яна бедор этасан,
Дил розимни тилингда тошиб изҳор этасан.
Ёдингдами ул лаҳза — ортга қайтмас онларим,
Субҳидам сув олгани келган чоғи дилбарим,
Гулга қўнган капалак янглиғ пайдо гулпари.
Унинг қаро сочлари шалоладек тор-тор,
Кўзлар чашмадек сафо, руҳсорида навбаҳор,
Ларзон қадди-қомати шаршарадек беғубор,
Ғунчадек хандон уриб, гулни сувга ташларди,
Ноёб гавҳар — болалик тўлқинлардан ошарди,
Ошиқ қалбга чўғ солиб, ҳилолага ўхшарди.
Кетганда гулгун гуллар ранги рўйи сўнарди,
Интиқ кўз қароғида хумор бўлиб сингарди.
У гулру қиз ким эди?
Балки менинг синглимдир,
Балки севги оламин инъом этган кўнгилдир?
Мисоли оқ кабутар қўшқанотим шу гулдир.
Ким бўлмасин,
У менга жондан азиз жон эди,
Шарбатларга лиммо-лим ҳаётимга жом эди!
Ўшал кун икки қирғоқ сингари жудо бўлдик,
Дарё садо берганда бизлар бесадо бўлдик,
Шаршара торларидай икки тор — наво бўлдик.
Ул бетакрор лаҳзалар тушга айланиб кетди,
Болаликнинг шўх умри сувдайин оқиб ўтди,
Тоғдан тушган какликдай бир келди-ю бир кетди.
Эй! шалола!
Яна кел, бағримни шодон этгил,
Навбаҳорим суратин қайта намоён этгил!
Тожикчадан Гулчеҳра Жўраева таржимаси
МАРДЛИК ВА НОМАРДЛИК
Амир ишратгоҳи —
Ҳайбатли қаср,
Бунда қатл қилинар «осию» асир.
Амиру казолар арк айвонида,
Фақиру фуқаро арк майдонида.
Ўртада қонли дор,
кутар қурбонин.
Остида занжирбанд Восеъ олар тин.
Балжувон тоғидай тик тутар бошин,
Амирни жонсарак этар бардоши…
Заминни ўпди-ю, кўтарди қаддин,
Фалакка ўтказмоқ бўлгандай қаддин,
Чўққини кўзларди тоғнинг шунқори,
Паст келди амирнинг ўрнатган дори…
Ғазабдан титради у мири ғазаб,
Аркон ҳам, майдон ҳам гувиллар:
«Ажаб!»
Сафдан бир суворий қуюндай елди,
Чинорнинг шохига сиртмоқни илди,
«Яшил дор» қурилди «осий» асирга,
Сукунат чўмганди бутун қасрга.
Чинордан таралди юртининг бўйи,
Тингларди гўё у гулузор куйин.
Сиртмоқ бўғар эди уни тобора,
Ғазаб ва нафратдан топарди чора.
Тепиб юбордилар бирдан тўнкани,
Чинорга туташди чинордек тани.
«Зафар!» деб бонг урди амир бехабар,
Аморат титрарди: «хатар бу, хатар!»
Восеъ издошлари тоғда ғазабнок,
Дарё тош соҳилни этган каби чок.
Сиртмоқдан ажратди қалтираб жаллод,
Ларзага солганди Восеъ деган от.
Бегуноҳ Шаҳрисабз сақларди сукут,
тутганди кўк юзин қоп-қора булут.
Янги фармон берди аламнок амир,
«Аҳли дин!
имонга юз тутган, эй эл!
Амир гар амр этса вожиблигин бил!
Бу ўлик устидан ҳатласа ҳар ким,
Имону жаннатга бўлғуси ҳоким…»
Аммо майдон узра ҳукм сурар сукут,
Тирик жон борлиги бўлгандек унут.
Жар солди титрабон сўнг шоҳи жаҳон,
«Мўмину мусулмон, эй аҳли имон!
Гар гадо амримни келтирса бажо,
Унга олий мансаб этурман ато…»
Мансабнинг бандаси топилди, эй воҳ,
Оломон сафини ёриб у ногоҳ,
Кўзларин чирт юмиб, чимириб қошин,
Маломат тошидан эгиб қоқ бошин,
Шаҳиднинг устидан ҳатлаб ўтди у,
Мардликнинг устидан хатлаб ўтди у.
Тўқсоба номини гарчи олди у,
Инсон деган номдан айрилди мангу.
ҚАЛБИМ ШАҲРИ
Дўстлигимиз заминидир дунёга қувват,
Дўстлигимиз замиридир уммонга қудрат,
Қалбимизда муҳаббату меҳримиз қат-қат.
Дўстлигимиз осмонида каптарлар ғужғон,
Паноҳида заррин сочиб оқар Зарафшон,
Жилоланар Жайхун — худди бир парча осмон.
Биз жондошмиз, асил шеърга доим дилбаста,
Бир чеҳранинг қошларидек умр пайваста,
Дўстлик аҳди орамизда мудом ораста.
Дўстлигимиз бўлмаса гар, дарё керакмас!
Қалбларимиз ёнмаса гар, паймонлар абас!
Тинч бўлмасак елдек учар орзую ҳавас!
Бошимизни тик тутганмиз акл-зако билан,
Мардлик сўзин тимсол этиб об-ҳаво билан,
Дардимизга малҳам топдик бир даво билан.
Бир замонлар еримизга экдик юлдузлар,
Юлдузлилар тарихидан Самарқанд сўзлар,
Расад тоқи ҳамон гардун тоқини кўзлар.
Оқсоч Тошкент ёшармоқда йил ўтган сари,
Бирлашади бунда турфа қалб манзиллари —
Дилларимиз шаҳрининг дўст-қадрдонлари.
Икки қитъа пайвастадир қалбим шаҳрида,
Оқиб ўтар не дарёлар қалбим наҳридан,
Оби раҳмат оқар, эй дўст, қалбим қаъридан…
БИРОДАРИМ
(Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган акам Абдулла хотирасига)
I
Юзинг нақши қароғимда, сўзинг янграр қулоғимда,
Мисоли кўшмағиз эрдик, ҳидинг қолди димоғимда.
Сени қўмсаб дилим ўртар, учар қушдай йироқларга,
Изингни ахтариб келдим баланд тоғдан бу ёқларга,
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
II
Кезарман украин юргин, кезарман лолу ҳайрона,
Қучиб ҳар бир мозор тошин, боқиб уларга мардона,
Азиз исмингни излайман, тополмай аста бўзлайман,
Бошингдан ўтганин эслаб, ёруғ юз бирла сўзлайман,
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
III
Гўдаклик чоғларим ўтди, у пайтда навқирон эрдинг,
Ҳама қурдошларинг ичра сарафроз паҳлавон эрдинг,
Чинордек соябон эрдинг, кўзимга бир жаҳон эрдинг
Ва лекин хокисорлик пардасида ноаён эрдинг, I
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
IV
Билолмам, ё мозоринг ҳам ўзингдек хокисор, айтгин?
Сени ёв нишон этганда ким эрди ҳамканор, айтгин?
Замин бағрига босганда ким эрди ғамгусор, айтгин?
Кўзинг кимларни изларди боқиб охирги бор, айтгин?
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
V
Бу юртда қайга борсам, кенг очиқ ҳар қасру ҳар хона,
Мисолу шамману ҳар хонада бир оға парвона,
Бу юртда топмадим гарчи ва лекин кўрдим, ҳар ёна,
Ки сен ҳар хонада борсан, ҳақиқат бу, на афсона.
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
VI
Мозорлар тошидан гарчи нишонинг топмадим, ҳайҳот!
Не бахтким, элу юрт этгай сени ботиргинам деб ёд!
Сенинг қутлуғ қонинг қондошу жондош айлагай бизни,
Агар дўстликка тахт бўлса, бу тахтга сайлагай бизни.
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
VII
Не диллар қулфларин очди, муҳаббат нурларин сочди,
Ғараз йўл топмагай ҳаргиз, у нурдан тун каби қочди,
Ҳаётинг кўзгудир бунга, саботинг кўзгудир бунга,
Бугун қалбда томир отгувчи отинг кузгудир бунга.
Биродарим,
биродарим,
жону дилга баробарим!
Тожикчадан Жонибек Қувноқ таржимаси
ОНАЛИК МЕҲРИ
Ижодимнинг илк ой-йиллари эди…
Бир лаҳза ёдимдан чиқмайди сира.
Сувнинг юзидаги қуёш аксидай
Кўриниб туради синиқ ва хира.
Гўдак эдим, бешик тўшагим эди,
Бешигим эди бу чайқалган олам.
Шу ер эди менинг емак-ичмагим,
Шу ер эди минбар ва меҳробим ҳам.
Шу ерда, бешигим бошида бедор
Онагинам тунда аллалар айтиб,
Тонг чоғи жилмайиб бошим устида,
Меҳрибон қуёшдай чиқарди балқиб.
Ундан эшитганим оҳанг навоси
Гўдаклик тилида янграр ҳали ҳам…
Бора-бора менга тор келди бешик,
Тош қотган пойгоҳга қўйдим илк қадам.
Қўл чўздим, бир қўлим ҳавода қолди,
Онам тағин тутди битта қўлимдан.
Шунча нотавонлик, ожизлик билан
Бир амаллаб турдим ётган ўрнимдан.
Турдим, кўрдим: Кўзим тушмади бир тонг,
Қолмаганди порлоқ меҳримдан асар.
Кўзларим тўрт бўлиб ахтардим уни,
Унинг тимсолини топдим бир саҳар.
Юксак-юксаклардан жилмайиб, кулиб,
Қуёш чиқиб келар бу тонг оҳиста.
Меҳримдай нурафшон бўлса-да гарчанд,
Бағримдан, бошимдан эди олисда…
МЕН ВА УЙFОҚ КЕЧАЛАР
Тун каби тим қора сочингни эслаб,
Тунни тонг бағрига этдим ҳавола.
Бироқ, бутун умр булбул умрини
Яшаган бўлсам-да, қилмадим нола.
Пар кўрпа-ёстиқда бошим ҳам гўё
Гирдобга чўккандек бўларди нуқул.
Нигоҳим тонггача ой шуъласига
Ботгандай кўринмай кетарди буткул.
Эҳтимол, дарёнинг қирғоғи узра
Ёлғиз юрганингни кўрсам…
Сен ишон,
Сенга дилимдаги борини тўкиб
Қанотинг остида топширардим жон…
Бу қандай гап?
Ногоҳ тушимга кирдинг,
Менинг ёнгинамда турардинг шундоқ.
Ёстиқдан бошимни кўтардим, кўрдинг
Қоп-қора сочимга тушган эди оқ.
Сени чақалоқдай ҳидладим,
Ўпдим,
Кулдинг,
Тонг ёришди ўша кулгудан.
Пари эдинг,
Кетдинг бағримдан учиб,
Ёш тўла кўзимдан қочган уйқудай.
Ортингдан қўзғалдим…
Оҳим фалакка
Етса
Қутулай деб ўздан, тақдирдан.
Бироқ,
Оёғимда кишан бор эди,
Садо келди ўша олтин занжирдан:
Бу занжир зулмими
Ё тақдир ҳукми?
Кетдинг, афсонадай қолди бехабар:
Ўша тўшак, кулба,
Сен ва ойдин тун,
Мен ва ўша уйғоқ қолган кечалар…
СУКУНАТ
Жимликда сукунат садоси бордир,
Шох ногоҳ синганда тортгандай фиғон.
Яшашдан умид бор ўлим ваҳмида,
Атиргул совуқда сақлагандай жон…
Дунё оҳангига қулоқ сол бирпас,
Юлдуз нигоҳига назар сол бир тун.
Дарё нима учун куйлайди тўлиб,
Тонггача юлдузлар порлар ким учун?
Табиат, мен сени эшитаман жим,
Бир гўзал ёримдай қучаман беун.
Сен оҳусан, бироқ, ҳуркак кўзларинг
Жодусидан мен оҳ тортаман нечун?
Табиат, осмонда кезган бургутсан
Ва ғунча сиридай пинҳону аён.
Сен тош, майса, ҳайвон, одамсан, бироқ,
Одам қилмишига боқасан ҳайрон.
Одил Икром таржимаси
УЙҚУСИЗ ТУНЛАР
Тун қора сочинг ёдида
Тунни саҳарга улаб,
Ўкинмадим
Булбулдек гул фарёдида.
Ёстиқ айлантириб бошим,
Мисли гирдобдек тортарди,
Нигоҳим тонггача шуълаи моҳтобга ботарди;
Дарё бўйида зора, қиз,
Тополсайдим сени ёлғиз,
Шивирлардим қулоғингга
Юрагимни — достонимни,
Бахш этардим сенинг болингга жонимни…
Нечун қилдинг карам менга,
Тушларимга кириб ногоҳ?
Ёнгинамга ўлтириб сен,
Нигоҳимни тўлдириб сен:
Мушкин сочим оқарибди, дединг эвоҳ.
Сени кўриб тўёлмадим,
Сени ўпиб тўёлмадим.
Қаҳқаҳа отдинг —
Кулгунгдан тонг ҳам отди,
Айландингу парига сен,
Учдинг-у, бошимдан кетдинг,
Тушдек кўз ёшимдан кетдинг.
Мен талпиндим
Ортингдан айларга парвоз,
Фалакка бергудек овоз.
Ўзимга келсам-у,
Боқсам:
Оёғимда тилла занжир,
Бу занжир — занжири тақдир…
Кетдинг сен, қолди афсона —
Ўша ёстиқ, ўша хона.
Сену ойдин кеча қолди,
Туним бедор кеча қолди…
ШАЛОЛА
Эй, шалола!
Кўзгудек беғуборим менинг,
Ёшлигимга ёр-у, беқарорим менинг.
Эски оҳангларни такрор этасан,
Унутилган ёдни бедор этасан,
Розимни ўз тилингда изҳор этасан.
Ёдингдами, ул лаҳзалар — марғуб манзара,
Сувга келди субҳидам кўйлаги ҳилпираб,
Юзлари гул, одимлари… эсингдами сира?
Кўркам қаддига сочлари шалоладек оқар,
Кўзи сувингдек сафоли, юзлари навбаҳор,
Қадди мисоли шаршара, ларзону беғубор.
Очилиб, кулиб сувга гул — кулгулар сочарди,
Гўдакдек, сувга ноёб бир инжулар сочарди,
Жонимга ўт ёқарди ҳам ёғдулар сочарди.
Гул юзларининг рангидан гулзор қонар эди,
Юришларидан нечаким хуммор қонар эди,
Дийдоридан лабташналик — дийдор қонар эди.
У қиз менга ким эди?
Синглимдир эҳтимол?
Ё илк баҳор олдирганим
Кўнглимдир, эҳтимол?
Ё оқ кабутардек менга ҳамроҳдир, эҳтимол.
Ким бўлса ҳам,
Менга эди у жондан ортиқ,
Жону жаҳонни ҳам унга қилардим тортиқ.
Икки қирғоқ мисоли жудо бўлдик биз,
Дарё садо берди-ю, бесадо бўлдик биз,
Шаршаранинг торларида наво бўлдик биз.
У лаҳзалар ширин-ширин уйқуга кетди,
Болалигим умри магар шўх сувга кетди.
Каклик мисол бир пастланиб, сўнг шитоб этди…
Эй, шалола!
Келгил яна қучоқларимга.
Чалгил ўшал таронани кулоқларимга,
Навбаҳорим топсин аксин кароқларимда!
БИРОДАРИМ
(Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган акам Абдулла хотирасига)
Юзинг нақши қароғимда,
Овозинг-чи, қулоғимда,
Хуш бўйинг кетмас ҳамон,
У яшар думоғимда.
Сен томон талпинар дил соғинч ўртар чоғимда,
Улғайиб келдим, мана, юрибман сўроғингда.
Биродарим,
Биродарим — жону дилга баробарим!
Украина тупроғини излаб чиқдим қадам-қадам,
Изладим эшиклардан, ҳаттоки ҳар мозордан ҳам,
Мармар лавҳалардан излаб-излаб номингни
Тополмадим,
Тополмадим нетай, ахир, нишонингни
Биродарим,
Биродарим — жону дилга баробарим!
Гўдаклигимда сен, ахир, барваста,
Каттакон эдинг,
Қишлоғим аҳли ичра ҳавасли паҳлавон эдинг,
Чинору соябон эдинг, мадори хонадон эдинг,
Камтарлигингдан кўзларга аммоки ноаён эдинг,
Биродарим,
Биродарим — жону дилга баробарим!
Қайда, ахир, мозоринг, айт,
Мозори хоксоринг айт,
Энг сўнгги ўқ ботганида ким суяди каноринг, айт,
Ерга йиқилган дамда ким бўлди сенинг мадоринг, айт,
Ким бор эди нигоҳингда, ким эди интизоринг, айт?!
Биродарим,
Биродарим — жону дилга баробарим!
Сўроқлаган сўзим учун,
Хотириму юзим учун
Очиқ эди ҳар бир эшик, ҳар эшикдан кириб тетик,
Гарчи ўзингни топмадим, топдим юракка бир қарор —
Минг-минг биродари азиз, минг-минг дўсти бахтиёр.
Биродарим,
Биродарим — жону дилга баробарим.
Қалбини очган киши бўлди менинг сийнамга жо,
Ҳар бир нигоҳда нур кўриб уқдим миннатдор илтижо;
Ҳасрат кесувчи кулгуда мисли тўлқиндек беқарор
Нигоҳинг кўрдим ошкор, ҳаётинг мангу пойдор,
Биродарим,
Биродарим — жону дилга баробарим!..
Тилак Жўра таржимаси
ШАРШАРА
Эй шаршара, ойнаи беғуборгинам,
Ёшлигимнинг ўзи янглиғ беқароргинам,
Ўтиб кетган кунларимдан ёдгоргинам!
Унутилган оҳангларни такрор этасан,
Уйқудаги хотирамни бедор этасан,
Дил розини лафзинг билан изҳор этасан.
Ёдингдами, хушманзара баҳор кунлари,
Ёнингга келди сув учун енгилқанот пари,
Шўхчан эди, учқур эди, шаббода сингари.
Толим сочи, эй шаршара, сенга қиёс эди,
Кўзлар – зиё булоғи, юз баҳорга хос эди,
Унга латофату ҳаё ажиб либос эди,
Гулхандалар этиб, гулин сувга оқиздирар,
Сув бирла ўйнашар, вале меҳрини сездирар,
Кўнгилда ишқи анварин тобора қиздирар.
Кетса, чаманнинг равнақу ранги сўнар эди,
Келган маҳал хумморлик санги синар эди,
Дийдорига лабташналик дарҳол тинар эди.
Ким эрди менга ул санам?
Синглим эдими, ким?
Ёки умр баҳорида эрдими дилбарим?
Ё оқ кабутар сингари эрдими ҳампарим?
Ким бўлмасин, ул мен учун жондан азиз эди,
Борлиқ аро йўқлаганим ягона қиз эди,
Гўзалликнинг тимсолидек гўзал, нафис эди.
Бир кун икки соҳил каби бўлдик икков жудо,
Дарё садо берар эди, биз эрдик бесадо,
Шаршара сийм торлари куйлар эди наво.
Гўёки қайтмас лаҳзалар уйқуга кетдилар,
Ёшлигимиз хуш онлари сув янглиғ ўтдилар,
Каклик мисоли келдилар, тез тугаб битдилар.
Эй шаршара! Яна қайтиб ҳузуримга кел,
Мендан ёдгор таронани сендан эшитсин дил.
Ул навбаҳорим суратин такрор ифода қил!
Ўлмас Жамол таржимаси