Ҳабибулло Файзулло (1945-1980)

Ҳабибулло Файзулло 1945 йил 15 март куни Восеъ ноҳиясининг Ховалинг қишлоғида туғилган. Душанбе Педагогика институтининг тарих-филология факултетини битирган. Сўнгра «Тожикистон комсомоли» ва «Душанбе оқшоми» газеталарида адабий ходим бўлиб ишлаган. 1973 йилда Москвадаги Горький номли адабиёт институтини битирган. Тожик Совет Энсиклопедияси таҳрир ҳайатининг ходими, «Маориф ва маданият» журнали ходими, Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи адабиёт тарғиботи бўлими масъули бўлган.
«Ёмғир томчилари», «Ёшлик дунёси», «Орзулар дийдори», «Чилчанор» каби китоблари чоп этилган. Рус тилида «Яблоко», «Боль» каби китблари чоп этилган. 1976 йилда Тожикистон ёзувчилар Иттифоқига қабул қилинган. 1980 йил 8 июнда автомобил ҳалокати туфайли вафот этган.

БЕДОРЛИК

Кулгулар, шодликлар, қайғулар аро
Умринг ўтар-кетар, билмай қоласан.
Сархуш бўлиб юксак ишқу ҳавасдан
Умринг қандай ўтар, билмай қоласан.

Олис коинотни забт этар асрим,
Биз эса талпиндик фақат юракка.
Аламу армонлар қувончдан зиёд,
Қалб эса ташнадир исёнга, эркка.

Бизларга дўстлар ҳам боқар афтода,
Баъзан уйқу қочар саҳаргача то.
Баъзан бедор юрак уйқуга чўмар,
Аммо тушлар кўрар бедорлик аро.

ҚАЙҒУ

Агар дунё аро бўлмаса қайғу,
Юрак ҳам чекмасди нола, вовайло.
Ахир, тоғу тошдан тушмас экан сув,
Қайдан пайдо бўлар бу сўнгсиз дарё?

Агар дунё аро бўлмаса қайғу,
На шоир, на шеърдан бўларди нишон.
На тордан чиқарди аламли садо,
Най оҳи эзмасди юракни, ишон.

Меҳру муҳаббат ҳам бўлмаганда-ку,
Бешикда чақалоқ жилмаймас эди.
Агарчи жисмида ёнмаса қайғу
Темир ҳам зангламас ва синмас эди.

Ҳаёт борки, қайғу нафаси сўнмас,
Қайғу умримизга қўшар доим ранг.
Тоғда булоқ айтар: — Абадий тинмас
Дардли ҳам дардсиз дил ўртасида жанг.

ВАРЗОБ

Юксаклардан оқиб тушар водийга Варзоб,
Тўлиб оқар, ҳалқа тошлар тўлқинга гирдоб.
Фарёд чекар, ўзанига сиғмасдан асло,
Фиғонидан тоғу тошда янграр акс-садо.

Тонг пайти, тоғлардан ошганда қуёш,
Нурлари тўлқиндан ясар тиллақош.
Тилларанг сочлари таралиб ҳар ён,
Интилар чеки йўқ уфққа томон.

Қирғоқда ўтириб тинглайман сувни,
Туйгайман тўлқинда шаршара — куйни.
Варзоб оша эрур, сойлар — болалар,
Улардан яшнайди дашту далалар.

Варзобнинг сувлари гувиллаб тошар,
Тоғнинг оҳусидеқ рақсга тушар.
Ҳаёт мавжларини тинглайди юрак,
Гувлар ҳар тўлқинда орзу ва тилак.

Тилак Жўра таржимаси