Ғойиб Сафарзода 1940 йил 20 февралда Хатлон вилоятининг Ховалинг ноҳияси, Мулложон қишлоғида туғилган. 1957-1962 йилларда Душанбе Педагогика институтининг тарих-филология факултетида таҳсил олган. Узоқ йиллар «Совет Тожикистони» газетасида хизмат қилган.
«Орзу корвони» шеърий китоби чоп этилган. «Ошёни офтоб», «Мероси жавоний», «Куллиёт», «Сайланма» каби китоблари оламдан ўтганидан сўнг нашр этилан. 1971 йилда Тожикистон ёзувчилар Иттифоқига аъзо бўлган. 1972 йилда автомобил ҳалокати туфайли вафот этган.
БУЮКЛИК
Тоғ буюк бўлмишдир пойдорликдан,
Булоқ ҳам буюкдир беқарорликдан,
Қуёш порлоқлигу ҳарорат ила,
Денгиз-чи, кенгликдан — беканорликдан.
Севги софлигию чинлиги билан,
Ошиқ ҳам буюкдир умидворликдан.
Она-чи, буюкдир фарзанд бешиги
Узра уйгокдикдан — тунга ёрликдан.
ГУМОНЛАР
Сен ким билан кетдинг бу кеч,
олиб кетди қайси йўл?
Гўзал, юмшоқ ҳам биллурий
қўлларингдан тутди ким?
Ким тун рангли, атир бўйли
сочларингга тақди гул?
Юксак, силлиқ қоматингни
қучоғига ютди ким?
Сен ким билан тағин йўлда
оёқ босдинг нечалар?
Менинг оёқ изларимни
бузди кимнинг излари?
Хумор кўзинг кимни сархуш
этди бу тунд кечалар?
Ким очди-ю қалб эшигин,
айтди сирли сўзларин?
Ким у ўйноқ кўзларингнинг
бу порлоқ кўзгусида
Мени эмас, кўрмоқда ўз
аксу изтиробини?
Ким бўйнингга қўлларини
ўрамоқ орзусида
Бу қоронғу тунда кўрар
кўкда ўз офтобини?
Ким бу қеча сенинг билан
шаффоф анҳор бўйида
Кўрар сенинг ақсинг сари
титраётган аксини?
Бу қеч сенинг қокилларинг
ўйнар кимнинг қўлида?
Ким нигоҳин чақинида
кўрди умид рақсини?..
Эй, шубҳалар, хаёлимни
ўйнатмангиз, тортишиб,
Эй, руҳимни туширмангиз,
қийнамангиз жонимни,
Менинг севгим — умидимнинг
индан адашган қуши
Тағин қачон қайтар,
қачон тўлдириб ошёнимни?!.
КОСМОНАВТ ҚЎШИҒИ
Онажоним, сендан огоҳ юрак олдим мен,
Букун олис само сари йўлим солдим мен.
Йўл ёруғи бўлган меҳринг, ўгитларингни
Ўшал уйдан, ул даргоҳдан олиб келдим мен.
Учмоқ учун қанот топдим боқишларингдан
Ҳам тириклик куйин топдим ёнишларингдан,
Эй, суюкли онажоним,
Эй, суюкли онажоним!
Яралганман эҳсонингдан сенинг, эй, Ватан,
Сен тан бўлсанг, мен жонингман сенинг, эй, Ватан,
Ўғлонингман, кезар жойим букун коинот,
Фахрлангум фармонингдан сенинг, эй, Ватан.
Букун тағин ёдинг билан учмоқдаман мен,
Шодман, фалак сирларини қучмоқдаман мен,
Эй, суюкли жонажоним,
Эй, суюкли жонажоним!
Она, Ватан, исмингизни куйлар тилларим,
Амр этдингиз, фалакларга тушди йўлларим.
Синалмаган манзилларга қадам қўйдим мен,
Ер хабарин қуёш, ойга элтар дилларим.
Мен мағрурман фалак тахти, кўк пештоқида,
Мақсад гулин терадурман умид боғида,
Эй, суюкли жонажоним,
Севикли юрт — жонажоним!
Тилак Жўра таржимаси