Мирзо Турсунзода (1911-1978)

Мирзо Турсунзода [1911.19.4 (2.5), Тожикистон, Регар тумани Қоратоғ қишлоғи — 1977.27.3, Душанба] — тожик шоири ва жамоат арбоби. Тожикистон халқ шоири (1961). Меҳнат Қаҳрамони (1967), Тожикистон Фанлар академияси академиги (1951). Тожик драматургиясининг асосчиларидан бири.
Дастлаб эски мактабда, кейинроқ янги усулдаги мактабда таҳсил олган. Тошкентдаги тожик педагогика билим юртида ўқиган (1930). «Комсомоли Тожикистон» газетасида бўлим мудири, масъул котиб, сўнгра Хўжанд мусиқали театрида адабий эмакдош бўлиб ишлаган.
1939 йиллар Деҳотий билан ҳамкорликда яратилган «Хисрав ва Ширин» шеърий драмаси, «Восеъ қўзғолони» опера либреттоси тожик драматургиясининг дастлабки асарларидан саналади.
30-йилларнинг 2-ярмида эълон қилинган «Мамлакат офтоби» (1936), «Хазон ва баҳор» (1937) достонлари Мирзо Турсунзодага катта шуҳрат келтирди. «Душанба-Xopoг йўли қурувчиларига мактуб», «Жонбахш сув» достонларида улкан қурилишлар, уларда иштирок этаётган халқ жасорати шеърий манзаралар, ёрқин характерлар орқали кўрсатилади. 2-жаҳон уруши йилларидаги шеърларида («Хайр, азиз онажон», «Ҳеч қачон!», «Капитан хотираси» ва б.), «Ватан фарзанди» (1942) достонида халқлар дўстлиги, тожик халқининг уруш майдонлари ва мамлакат ичкарисидаги қаҳрамонлиги акс этган. Фольклор мотивлари асосида «Тоҳир ва Зуҳра» мусиқали драмасини ёзган (1943). «Ҳиндистон қиссаси» (1947), «Мен озод Шаркданман» (1950) сингари шеърий туркумларга кирган асарлар, «Ҳасан аравакаш» (1954), «Осиё овози» (1956) ва бошқа достонлари машҳур.
Мирзо Турсунзода поэзияси реализми, романтик кўтаринкилиги, эмоционаллиги ва афоризмларга бойлиги билан ажралиб туради.
Мирзо Турсунзода маълум вақт Тошкентда яшаган ва ўқиган, Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳаёти ҳақида асарлар ёзган. Ойбек, Faфур Ғулом, Шайхзода, Зулфия, Миртемир ва бошқа билан ижодий алоқада бўлган. Асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Неру (1968), Рудакий (1970), Жамол Абдул Носир (1972) мукофотлари лауреати.

ШОИР

Шоиро, ёнмоқ экан тақдир агар,
Қилма оташ тафтидан ҳаргиз ҳазар.
Ўтда пўлоту темирлар тобланур,
Учқунидан янги гулхан жонланур.
Офтоб ҳам бўлмаса оташга кон,
Ерда ҳам сўнгай эди жонли жаҳон.
Беҳарорат дил сўниб, қолгайдир тош,
Боғу роғлар бесафою беқувонч,
Бенафас, бенур ҳаёт бўлғайди урф,
На еру жон бу сифат ургайдир қулф.
Беҳарорат лабда кулгу бўлмагай,
Гул ҳам офтоб оташисиз кулмагай.
Шоиро, ёнмакдан нолиш нораво,
Ёна-ёна васлидан топдинг даво.
Ёнмасанг, ижод ҳам мушкул эди,
Сенга ёр бахш этган ўт ҳам шул эди.
Гар юрак тандир мисол гулхан очар,
Мисли фаввора оловли шеър сочар.
Тушса оташ риштадек диллар аро,
Тош бағир ҳам меҳрдан бергай садо.
Ўтда ёнмоқ нелигин билган нигор
Ишқ, вафонинг дарсидан қилгайми ор?
Шоиро, ёнмоқ экан тақдир агар,
Қилма оташ тобидан ҳаргиз ҳазар…

БАЛАНД ОШИЁН

Энг баланд жойларга учгил, ошиён қурмоқ эсанг,
Тоғларим бошини қучгил, кенг жаҳон кўрмоқ эсанг.
Кўм-кўк осмон гумбазин гар манзил этмоқ хоҳишинг,
Сен теран ўйларга кўчгил бехазон турмоқ эсанг.

Сен-ку бир чўл булбулимас, зору афғон бошласанг,
Ғам-надоматлар қулимас, кўзларингни ёшласанг?
На биёбонлар гули, на чўл тикони сен, ахир,
Манзилинг топмай ўзингни ғору жарга ташласанг?

Ошиёнинг паст бўлса, селу ел пайхон этар,
Ўйнашиб бебош шўхлар тош отиб вайрон этар,
Мунгли қушлар бир умр болу қаноту қушчасин
Асрамоқ, ардоқламоқ дардида жон қурбон этар.

Сен учар бўлсанг, баланд тоғ, чўккидан парвоз қил,
Токи дўстларга ўзингдан хуш салом овоз қил.
Токи ҳайратли, муҳаббатли боқиб десин Ватан:
Эй жигарбандим, бу сайринг ҳам баланд ҳам соз қил.

Тикка парвоз истасанг, тоғ бургутидан ол сабоқ,
Чақнаган учқур ҳаётнинг шиддатидан ол сабоқ.
Хоҳи шодсан, хоҳ ношод — бўл баайни навбаҳор,
Чангу гард ювмоқца ёмғир санъатидан ол сабоқ.

Гар учар бўлсанг, боболар ёди бирлан кўкка уч,
Янги, ёрқин саҳфалар достони бергай сенга куч.
Йўлларингда порлаган гулхан — буюклар машъали,
Сен у гулхан довруғи — шони билан оламни қуч.

Ошиён қурмоқ эсанг, ахтар юраклардан макон,
Меҳру аҳду ҳам садоқат ҳам тилаклардан макон.
Бормикан инсон дилидан ҳам баландроқ жойким,
Изла меҳру эзгуликка мангу маскандан макон.

ОНА ДИЛИ

Агар дил йиғламоқдан сув бўлиб оқса, дилим эрди,
Агар кўз ёшига ғарқ бўлса манзил, манзилим эрди,
Агар осон бўлмай қолса мушкул, мушкулим эрди,
Агар соҳилни дарё мавжи босса, соҳилим эрди.

Урушда жон фидо фарзанд танин кўрган кўзим бордир,
Дили тош неча бегона ғаним кўрган кўзим бордир,
Чуқур қазганни мен шу чоҳда кўрмакни умид қилдим,
Тирик қолдим, ажаллар найрангин кўрган кўзим бордир.

Тирикман, ўлмадим, фарзанди жоним баркамол қилдим,
Никоҳ-тўй кечаси шодлик ёшимни ашки ол қилдим,
Келинга совға қилдим қатра ёшим — марварид шода,
Ўзимни шу дуо чоғи онам — жоним хаёл қилдим.

Ўғил доғин кўришга менда йўқ жон, тоқатим ҳаргиз,
Ёниб турган олов сўнса, йўқолгай роҳатим ҳаргиз,
Падарсиз қолса бир уй, бу менинг ғам-кулфатим ҳаргиз,
Башар бўлсин хатардан пок — шу орзу-ниятим ҳаргиз.

ШУ БАС МЕНГА

Неча минг бор дедим, қулман ўзим сенга, шу бас менга,
Фидоман бир каломингга, саломингга, шу бас менга.
Барин ёздим, муҳр босдим ва топширдим дилу жондан,
Ҳаётим ҳам мамотим олий номингга, шу бас менга.

Билурсен қуллар атворин — ғулу, исён, бузиш одат,
Қилиб кул кунда, зиндонни ва занжирни узиш одат,
Мисоли тоғ қучоғидан отилган бир асов, шўх сой
Оқар, зеро унга ҳурликда яйраб барқ уриш одат.

Ва лекин бир қулингманки, на исён, на ғулу этгум,
На жанг қилгум, на жон сўргум ва ё сендан нари кетгум,
Агар сен истасанг йўқ, истасанг машҳури оламман,
Агар кулсанг кулурмен, йиғласанг йиғлаб, ёшим тўккум.

Вафо қилгил дегандинг сен, вафо қилдим, шу бас менга,
Вафо йўлида бу жонни фидо қилдим, шу бас менга,
Гар ошиқлар дуоси минг хилу минг ранг ва лекин мен
Сенинг номинг билан бошлаб, адо қилдим, шу бас менга.

ВАТАН

Баҳор келди ва умримдан яна бир йил олиб ўтди,
Жами кўрган-кечирган кунларим ёдга солиб ўтди.
Жаҳонгаштликда кечди гар бу умримнинг ярим боби,
Мисоли эт билан тирноқ дилим юрт-ла қолиб, ўтди.

Қаерда бўлмайин, юртим, суюк-пок осмон бўлдинг,
Узоқ соҳил, узоқ тупроқда ҳам сен орқа — тоғ бўлдинг.
Буюк денгизда сузган, мавжида кулганда ҳам кўзлар
Жаранглаб жилғалардек чорлаган бир қўнғироқ бўлдинг.

Менга энг бахтли дам бўлди сафардан сенга қайтган кун,
Ғуборинг кўзга сурдим, қайтадан бўлдим сенга мафтун.
Гўзал водийларинг кездим, яна сеҳрингга банд сездим,
Сенинг орзу ва тақдирингга эшликдан дилим мамнун.

Диёримдан ва ёримдан узоқ тушсам саёҳатда,
Мени машҳур жаҳонгашта дедилар ушбу одатда
Ва лекин мен ҳамиша қайси элда нону туз тотдим,
Фахр қилдим, сурур топдим, Ватан, сенга садоқатда.

Тилак Жўра таржимаси

ОЗОД ШАРҚДАН МЕН

Дўстим, нега ҳолинг бунча паришон,
Сўзларинг айтилмай қолдими пинҳон?
Нега, нега сўлғин нигоҳ ташлайсан,
Менга ҳасад билан қарайсан баъзан,
Туғилган ўлкангда, шаҳрингда зотан
Менга ўхшашларни кўрмаганмисан?
Чуқур қарашингда қандай маъно бор,
Не учун хаёлинг бунча беқарор?
Доно боқишингнинг маъноси, балки
Билмоқдир: не экан сен ва мен фарқи?
Не учун мен ғолиб ва бошим баланд?
Нега сен бечора қайғуларга банд?
Не учун менга ёр доим саодат?
Сенга фақат хаёл суришдир одат?
Нега мен учаман қушдай осмонда?
Сен азоб чекасан қора зиндонда?
Нигоҳинг маъноси кенгликда китоб,
Тингла!
Жавобини қайтарай шу топ:
Сен ҳам мен сингари, одамсен,
Одам.
Бу жиҳат мендан ҳеч эмасдирсан кам.
Сен ҳам улуғ Шарқнинг ҳақиқий ўғли,
Қадим эл фарзанди эканинг тўғри!
Сенинг ўлкангда ҳам ҳар саҳар ювош
Уфқдан жилмайиб чиқади қуёш.
Сенинг ўлкангда ҳам баҳор кулади,
Табиат жамоли нурга тўлади.
У баҳор қуёши сочса-да зиё,
Умидлар дарахти кўкармас асло;
Ундан меҳнат аҳли кўрмайди роҳат,
Золимлар чўнтаги тўлади фақат.
Бу хилда яшашлик сен учун офат,
Келгиндилар эса топади роҳат.
Менинг диёримда ўзгача баҳор —
Баҳорки, эр-аёл яшар бахтиёр.
Табиат яшнаб, гул очилишидан,
Кўкатдан турли ҳид сочилишидан,
Дарё, сойлар тўлиб мавжланишидан,
Қушларнинг сайраши авж олишидан
Гўзалроқ баҳор бор — меҳнат баҳори,
Элим қозонган шон-шавкат баҳори.
Боғлару чаманлар гуллар муттасил,
Пахтамиз, ғалламиз берар мўл ҳосил,
Фаровон бўлади элнинг ҳаёти,
Баландроқ куйланар меҳнат баёти.
Баҳор —
Бу трактор гулдуросидир,
Меҳнат аҳлларин шод садосидир,
Бахтиёр болалар босган қадамдир,
Муҳташам мактабу китоб, қаламдир.
Шундадир сен билан менинг фарқимцч!
Шундай фарқ қилади икки Шарқимиз!
Асрлар давоми сенга ортиб ғам,
Шарқингни топтарлар мисоли гилам.
Дўст ниқобин кийиб, босиб ерингни,
Шилиб оладилар қотган терингни.
Сен эса тириклик — рўзғор ғамин еб,
Баҳордаги қордай кетасан эриб.
Куну тун ваҳшийдай очкўз текинхўр
Ерингдан дон йиғиб, қилади ҳузур.
Нью-Йорклик, лондонлик золимлар мудом
Халқингга қилади ажални «инъом».
Шу сабаб кўзингда тинмайди ёшинг,
Баланд кўтарилмас ғам босган бошинг.
Менинг Шарқим эса эгмасдан бўйин,
Топди балолардан қутулиш йўлин.
Халқлар бир-бирига меҳрибон бўлди,
Бир Ватан қўйнида жонажон бўлди.
Бу ерда бир улуғ оила қурдик,
Хавфу хатарлардан буткул қутулдик.
Бу ерда инсоннинг қадри баланддир,
Ҳар нарса муаттар, гўзалдир, қанддир.
Ғам, кулфат, азобни унутди халқим,
Саодат боғига йўл тутди халқим.
Шундадир сен билан менинг фарқимиз,
Шундай фарқ қилади икки Шарқимиз!
Менинг оталарим ойлар ва йиллар
Ватан деб оғир жанг қилган эдилар.
Улар курашдилар, бўлсин деб ҳаёт,
Бўлсин деб саодат, иқбол ва нажот.
Сен энди кирибсан бу улуғ йўлга,
Озодлик байроғин олибсан қўлга.
Узоқ сабр қилдинг, чидадинг, оғир,
Энди сабр косанг тўлибди охир.
Кураш майдонига чиққан қаҳрамон!
Бил, дўстим, мен сенга шерик, ёнма-ён.
Ишингга тилайман муваффақият,
Куну тун мен сени ўйлайман фақат.
Шундадир сен билан менинг фарқимиз!
Шундай фарқ қилади икки Шарқимиз!
1950

Аширмат таржимаси

ОСИЁ ОВОЗИ

Осиё гапирар, тингланг овозин!
Жўшқин дарё мавжин, ҳайқириқ созин!
Осиё уйғонди, ухламас, уйғоқ,
Бўлди ростлик, дўстлик у билан ўртоқ.
Ҳофиз шеърин эсланг —
Шарқ фарёдини,
Чеккан ноласини, оҳу додини:
«Шаби торику бими мавжу гирдобе чунин ҳоил,
Кужо донанд ҳоли мо сабукборони соҳилҳо».*
Қоронғи кечадан, тўлқиндан асло
Шикоят қилмагай энди Осиё.
Дўстлари қўл бериб аҳду вафога,
Бошини кўтармакда юксак фазога.
Одамни таҳқирлаш замони ўтди,
Тунда тасбеҳ санаш замони ўтди.
Осиёда бири биридан жудо —
Эмаслар халқлар — қўшнилар асло.
Мевадан мевага бўлгандек пайванд,
Қўшнидан қўшни ҳам олур янги панд.
Эшитилмас эди Чиннинг садоси,
Х,инди қон ютарди, бўғиқ нидоси.
Индонезиянинг халқи эди оч,
Бир сиқим гуручга, балиққа муҳтож.
Энди жабру ситам тубдан йўқолур,
Денгизлар сувида занжир занг олур.
Бирма янги боғдек яшнаб кўкарар,
Сарандебда ишчи овози янграр.
Осиё!
Онамсан, меҳрибонимсан,
Меҳринг дилимда-ю, жонажонимсан.
Осиёни кездим, менгадир аён
Авлодининг юзи гул каби хандон.
Ўтмиш нишонаси кўзларга манҳус,
Нолирди панжара ичида маҳбус.
Кўргазмани кўрдим мен Ханкуда ҳам,
Ёдимдадир Чинда деҳқон чеккан ғам.
Кўз олдимда турар мазлумлар ҳали,
Даҳшатли, ҳайбатли хоқон ҳайкали.
Кўргазмада кўрдим неча бечора,
Юз йиллик эски тўн йиртиқ, юз пора.
Деҳқон юрагини юлиб олганлар,
Бош тортганни зиндон ичра солганлар.
Дошда қайнатганлар ўн яшар қизни,
Кўп кўрдим ўтмишдан бу янглиғ изни.
Бу қизча ҳали ҳам тирикдир, тирик,
Тонгни кутиб олур доим шафақдек.
У Осиё нури, у Чин садоси,
Оламга ёйилур унинг нидоси:
«Ватан оби ҳаёт ичмиш, тирикман,
Бахт сари бормакда саботли Ватан.
Ҳосил кўплигидан эгилган бошоқ
Яйрашда, яшнашда мен билан ўртоқ.
Ёр-дўстларим билан бирга сайрайман,
Чин янги ерида сайраб яйрайман.
Осиё куйиман, бу улкан қитъа,
Балчиқдан қоматин ростлаган қитъа.
Жафокаш, меҳнаткаш куйчисидирман,
Биргаман денгизчи, қўриқчи билан.
Осиё, Африка бўлиб бир сўзлик,
Уз юзига очди иқболдан эшик».
Осиё сўзлар Нил тўлғонувидан,
Биллур қатрасидан, муздек сувидан.
Нил узоқ ерлардан Мисрга келар,
Чўл қумлари унга ёлвориб турар.
Йирик хатлар билан Нилнинг мақтовин
Чанқоқлар ёзмишлар, қилишиб таҳсин:
«Нил агар саршор бошад лабзанад, жўшад, дамад,
Ризқи фаллоҳон фаровон, баҳрашон ояд мадад.
Нил агар хоҳад, Ба ҳар кас медиҳад жоху жалол»**.
Миср эли-чун Нилсиз турмоқ эрур амри маҳол!
Тўйларда, мотамда ундаги эллар
Меҳрибон дарёси билан сўзлашар.
Бола орқалаган оналар келиб,
Унга сиғинишар саломлар бериб,
Боламиз Нил каби изчил бўлсин деб,
Жўшқин, азиз бўлсин, соф дил бўлсин деб.
Чанқоқларга ёрдамлашиб Ассуан,
Сув етказиб берар чўлларга Нилдан.
Аттаҳриб деганда араблар тили,
Истиқбол завқидан қувонур дили.
Утмиш оғирлигин улуғлар ёзиб,
Бизга қолдирганлар гавҳардек тизиб:
«Садъий бираву ҳайма ба гулзори дигар зан,
К-ин меваи боғи ту ба торож расидаст».***
Уз меваси билан Шарқ энди обод,
Чодирин қуради ўз боғида шод.
Шарқ энди боғини ғоратдан сақлар,
Гармселдан, турли офатдан сақлар.
Тун пардасин ёриб чиққандек қуёш,
Энди сир пардасини очар Арслонтош.
Парда кўтарилгач, чақнади яшин,
Сувайшда халқ этди
«Ҳаёт!»—деб шовқин.
Шунинг-чун Осиё садоси баланд,
Шунинг-чун узилди занжир ва каманд.
Шунинг-чун Деҳлига ташлади одим
Осиё юртларидан жуда кўп ходим.
Шунинг-чун Ҳиндистон хотин-қизи ҳам
Пешана қизартди, ёқди машъал, шам.
Шунинг-чун майдондан ўтишди қувноқ
Гўдаклар, қўлларда гул ва ўйинчоқ.
Шарқнинг,
Нилнинг,
Гангнинг тингладим сасин,
Юмшоқ ер, чидамли тошлар нафасйн;
Шу онда қишлоғим ёдимга тушди.
Зилол сув, ирмоғим ёдимга тушди.
Юксалган тоғлари тушди ёдимга,
Қайнар булоқлари тушди ёдимга.
Суви кийикдан ҳам чаққонроқ юрар,
Тунда унда юлдуз кўриниб турар.
Зулфин силкитмоқда мажнунтол қатор,
Электр ёғдусин сочмоқда Ҳисор.
Бахмалдек, ипакдек зироати бор,
Чексиз саодати, фароғати бор.
Отам кўрмаганди бу саодатни,
Фарзандим кўрмакда бу фароғатни.
Юртим дарёчаси тўлқинлаб оқар,
Кўксига кўк акси юлдузлар тақар.
Москва радиоси куйлаган чоғда
Болалар қувнашиб ўйнар қирғоқда.
Бу кичкина дарё жўшқин ва ғаюр,
Осиё наҳрларин садоси-ла жўр.
Бахт яратгувчилар билан ҳамовоз,
Иқбол ижодчиси биландир ҳамсоз.
Зўравонлар ғолиб бўлиши мумкин,
Ёт ерларга соҳиб бўлиши мумкин.
Наҳанг балиқларни чангаллай олур,
Ирмоқлар денгизга тушиб йўқолур,
Лекин иродани ҳеч куч бўғолмас,
Эрксеварлар йўлин ҳеч ким тўсолмас!
Эрк!
Деб янграмоқда Осиё саси,
Қайна, эй Осиё халқин нафаси!

Мунир Муинзода таржимаси

___________
* Мазмуни: Тун қоронғи, тўлқин хавфи, гирдоб тўсиғи кўз олдимизда. Қирғоқдаги юки енгил кишилар бизнинг аҳволимизни қаёқдан билсинлар.
** Мазмуни: Нил суви кўпайганда лиммо-лим бўлади, жўшқинланиб тошади, Деҳқонлар ризқи ошади, улар учун ёрдам бўлади. Нил агар хоҳласа ҳар кимга уй-жой ва давлат беради.
*** Мазмуни: Саъдий, сен бориб чодирингни бошқа гулзорга қур, чунки бу боғнинг мезаси талон-торожга учради.

ШОИР

Шоиро, топсанг ёнишдан гар хабар,
Айлама ёнган оташдан сўнг ҳазар.

Ёнмоқликдан яралгуси оҳан ҳам,
Бир учқундан таралгуси гулхан ҳам.

Пурҳарорат бўлмаса гар офтоб,
Дунё бўлар эрди совуқдан хароб.

Беҳарорат бўлса ул тош, дил эмас,
Дил очар ва пурсафо манзил эмас.

Беҳарорат ҳеч не ўсиб унмагай,
Мисли гул яшнаб, очилиб турмагай.

Беҳарорат лабда кулгу бўлмагай,
Маъшаладек юзда ханда урмагай.

Шоиро, бўлма ёнишдан сен малол,
Бул азобни дўст тутгайдир висол.

Ёнмасанг бунёд этиш мушкил бўлур,
Ёрга ҳам кўнгил тутиш мушкил бўлур.

Шеър жўш урмоғи шарт фавворадай,
Қалб қўрида мисли оташпорадай.

Бош уриб дилдан туташгай дил томон,
Юмшатиб тош дилни айлар меҳрибон.

Ёр билгай куймагу ёнмоқ надир,
Ҳам вафо дарсини ўрганмоқ надир.

Шоиро, топсанг ёнишдан гар хабар,
Айлама ёнган оташдан сўнг ҳазар.

«АЗИЗИМ»ДАН ПАРЧА

Бизлар мудом дўст ахтариб юргаймиз
Омонлигу сулҳдан  суҳбат қургаймиз.

Дўстлик бирла башар топгайдир роҳат
Душманлик келтирар доим ғам-офат.

Нотинч жойда нурин сочмагай офтоб
Нотинч ерни тарк этгуси файз шу тоб.

Бахтли ҳаёт, юксак парвоз тинчликдан,
Қадр – қиммат ҳамда эъзоз тинчликдан.

Дўстни синаб кўрган бўлсанг сафарда,
Хато бўлмас дил боғласанг агарда.

Азизим, бошга тож айлагин дўстни,
Жигардек жонингга жойлагин дўстни.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси

ШОИРО!

Шоиро, ёнмоқдан топдингми хабар,
Ҳеч қачон этмагил оташдан ҳазар.

Ёнишдан пўлату темир яралди,
Бир тоза учқундан гулхан таралди.

Ҳарорати юксак эрмаса офтоб,
Бу ҳаёт совуқдан бўларди хароб.

Ҳароратсиз тош у, асло дил эмас,
Дилкушою пурсафо манзил бўлмас.

Беҳарорат нима кўпчигай ахир,
Етилиб нима ҳам очилгай ахир.

Ҳароратсиз лабда, бил, ханда йўқдир,
Хандаки, машъалдай тобанда йўқдир.

Шоиро, ёнишдан нола қилмагил,
Висол ҳам ёнишни хуш кўрадир, бил.

Куймасанг, куймоқлик мушкул бўлади,
Ҳам кўнгил қўймоқлик мушкул бўлади.

Шеъринг юрагингдан бўлсин фаввора,
Дилинг тандиридан бир оташпора.

Кўнгилдан кўнгилга йўл топиб, етсин,
Баъзи тош дилларни мумдай эритсин.

Ёр билсин, недир у тинмай ёнмоқлик,
Вафо дарсларидан сабоқ олмоқлик.

Шоиро, ёнмоқдан топдингми хабар,
Ҳеч қачон қилмагил оташдан ҳазар!

БЎЛМАСА ОТАШ АЁЛ ГАР

Бўлмаса оташ аёл гар хом қолардик ҳаммамиз,
Бодаси ҳам пишмаган бир жом қолардик ҳаммамиз.

Бермаса эрди аёл гар бизга умри бардавом,
Бетахаллус, бенасиб, беном қолардик ҳаммамиз.

Кўрмасак эрди гўдаклик чоғидан қайноқ бағир,
Бир муҳаббатдан жудо, ноком қолардик ҳаммамиз.

Кўзларимизга агар у қуймасайди оқ сутин,
Туғма кўрдай айни бу айём қолардик ҳаммамиз.

Биз адаб расмин аёлдан ўрганишни бузсак,
Бетайину бесамар, бешон қолардик ҳаммамиз.

Бўлмаса оташ аёл гар, музлар эрди хонамиз,
Бечироғ, бенур яшаб ҳар шом қолардик ҳаммамиз.

Илк каломни аввало билмасайдик ул зотдан,
Лабларимиз осилиб чун лом қолардик ҳаммамиз.

Бор экан оташ аёлда куйдигу ҳам қурдик,
Йўқ эса санги мазордек донг қолардик ҳаммамиз.

Жамшид таржимаси