Харри Эдмунд Мартинсон (Harry Edmund Martinson) — швед шоири ва ёзувчиси, адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати (1974 йил, Эйвинд Юнсон билан бирга). Унга «Аниара» рамзий-фантастик достони (1956) катта муваффақият келтирган.
ШАРШАРАЛАР
Кумуш илонлари шаршараларнинг —
Пастга улоқаркан яшил тоғлардан
сеҳрларди бизни,
қалбларимиз юксалтирарди.
Сувидан ичардик каллапўшлару
оқиб келган мева пўстлоқларида.
Биз кабир ғорларнинг тагида туриб
эшитардик сувнинг тубсиз ўнгирлар,
қоялар пойига урилишини.
Қунишиб туманли дара кунжида
банди тушган оқсоч шаршараларнинг
мислсиз туғёнин туяр эдик, о!
ҚАШШОҚЛИК
Қашшоқликнинг даҳшати — унинг уқубатимас,
ҳаётнинг тугаши билан тугайдиган.
Бу — тор поябзал каби умр йўлингни
адоқсиз оғриқларга кўмувчи азобмас асло.
Қашшоқликнинг даҳшати — нафратдадир
ўзидан ўсиб чиққан
ва турмушнинг ниналар санчмоқлигида тўхтовсиз.
Теран қийноқлар остидаги муқаррар ўлимдир
камбағалнинг умри.
Кўзинг тинар, бошинг айланар — шуълани-да,
шамолни-да туймайсан…
Кўзингга ниналар санчилар нуқул;
билмайсан оғриқдан бошқа нарсани.
МАКТУБ
Қора изғиринлар манзилга илдам
Югурдилар хатни дастида тутиб.
Шу тун етиб келди ўлик қўл билан
Ўликлар юртидан битилган мактуб.
Оқариб учди у зулмат бағрида
Арчазорлар оша, қирлар оралаб.
Ошиб ўтди тахтадеворлар узра,
Ёпиқ дарчаларга босиб ўтди лаб.
Устидаги муҳр — рўй-рост дўзаҳдан,
Ичида ёзувлар — дилни қилар хун:
«Мен ажал дастига тушмасдим ҳеч ҳам,
Бўлсайдим сен билан ақалли бир кун».
ЎШАНДА
Гумбурлади қалдироқ сармаст,
Ва тунд шамол эсиб шу асно –
Жала қуйиб берди басма-бас,
Уст-бошимиз қилиб шалаббо.
Сузар экан булутлар тоғ-тоғ,
Биз турардик айвонда хушҳол.
Ора-сира чақнаган чақмоқ
Ёритарди буғдойзорни ол.
Уй-уйига ошиқар қизлар,
Кўк юзида жазава, танглик.
Дўл ўйнади ўтлоқпар узра
Йирик-йирик тангалар янглиғ.
ЛИ ДИ МАСЛАҲАТИ
Дунёни кезаркан, деганди Ли Ди:
қолган бўлса агар энг сўнгги пулинг,
нон сотиб олгин ва харид қилгин гул.
Нон – қорнинг учун.
Харид қилган гулинг
Яшаш – эзгу, деган фикрингга далил.
МУҲАББАТ ЎРМОНИ
Оқ қайин бу –
севимли заминнинг
байрам либосидаги жиға.
Унинг бошига мағрур қўндирилган телпакдир
қарағайнинг шох-шаббалари.
Эски кўмир жарлиги –
ўрмондаги сайхонликнинг қора юққан
дудоғига ўхшар,
бўсага ташна, осмондаги булутлар
сари талпинган.
Бу жарлик – Аннанинг ғунча лабларидир
маймунжонни еб, қон рангини
юқтирган.
Қайтар у уйига
ўрмоннинг кўм-кўк ҳошиясин ёқалаб,
оппоқ қордек тишлари гирдидан.
Тутар елинларни унинг қўллари
ва ўша он куйлар челаклар.
ОЧИҚ СОҲИЛ
Яланғоч соҳилга урилар тўлқин.
Қуриб-қовжираган сув гиёҳлари
оёқлар остида синар –
болалар ўйнар бунда,
асрлар тегирмонида тўғралган қоялар
қумини қориб,
кулчалар ясарлар.
Соҳил улкан,
тўлқинларнинг гувранишлари
сиғмас инсон ҳис дунёсига.
ЁВВОЙИ ГУЛЛАР
Инс-жинслар завол топар ясмин ғунча очган чоқ,
Лекин уни маҳв этар қақраган ташна дудоқ,
Ғойиб бўлар гулдондан, тугаркан сўнгсиз фироқ.
Ёввойи, бўз чечаклар маҳкуммас бунга асло,
Зеро, асл гўзаллик бўлса ҳам мужассам, жо,
Ҳасрату севгиларга эмас улар ошно.
Барқ уриб гуллар турфа алафлар-ла ёнма-ён,
Тиллашарлар дашт ила биларлар бир кун қаён –
Изғиринлар элтишин, қиш кириб келгач шоён.
Дидимиз билан бизнинг иши йўқ уларнинг ҳеч,
Сирлашарлар яккаш шўҳ еллар билан эрта-кеч.
Бир тутам умрлари кечгай бамисли эртак,
Ўрнида қолар сўнгра ёлғиз чўпу чўкиртак.
Улар яшар хилватда, билмай ҳеч дунё ғамин,
Уларнинг бешигию бошпанаси – шу замин.
ЯХЛАГАН СЎЗЛАР
Аёз музлатар сўзларни ва нарсаларни.
Лекин сўзлар ўз қувватин йўқотмас асло.
Яхлаб ётсалар-да, чўмганча гарчи
узоқ уйқу оғушига, ўлмаслар зинҳор.
Давр яна ёнганида аланга ичра
мисли қақнус туғилган тонг сурури каби
улар яна тирилгайлар қушлар бўғзида.
ОЖИЗЛИК
Ўрмоннинг қоронғи кунжидан бир кун
болта топиб олдим,
ерга бўғзигача урилган.
Қолдирди бу менда шундоқ таассурот –
кимдир куррамизни
иккига бўлиб ташламоқчи бўлган ғазабдан.
Ҳаддан ортиқ бўлган қаҳри унинг, ҳа,
фақатгина панд берган болта.
КОИНОТ СОАТИ
Вақт тоғларин ютиб юборар уммон,
Улар вақт наҳрига қулар бегумон.
Барглар шовиллаган жой бўлар унгур,
Ўрмонлар гуркирар денгиз ўрнида.
Соат чиқиллайди, сўнмас асло нур,
Саноқлар ҳисоби ҳадсиздир жуда.
Денгиз тубидаю чўққида йироқ
Коинот соати бир хилдир бироқ.
Мирпўлат Мирзо таржималари