Йован Змай (1833-1904)

Змай (асл исм шарифи Йованович) Йован (Јован Јовановић Змај; 1833.24.11, Нови-Сад, 1904.3.6, Каменица, Воеводина) — серб шоири. Ижодида миллий ватанпарварлик мавзуи асосий ўринни эгаллайди («Вила», 1858; «Уч гайдук», 1866; «Бахтсиз она», 1871 ва б.).
Змай ҳажвий шеърлар устаси («Ёғоч қасидаси», 1878; «Сербиядаги янги сайловлар», 1884 ва б.). Серб шеъриятида биринчилардан бўлиб серб деҳқонлари ва шаҳар қашшоқларининг ночор ҳаётини тасвирлаган («Учинчи улуш», 1880; «Судхўр», 1881 ва б.).
Змайнинг «Атиргуллар» (1864), «Сўлғин атиргуллар» (1882) тўпламларига кирган шеърлари серб романтик шеъриятининг энг яхши намуналари саналади. Змайнинг айрим шеърлари Хуршид Даврон томонидан ўзбек тилига таржима қилинган (1989).

ТАРИХДАН

Аллақайси министр
Аллақайси давлатда
Деди:- Биз халқимизни
Қисиб қўйдик деворга!

Бутун бир халқ эшитди
Министрнинг сўзини,
Очирмасдан қўйганди
Зулм халқнинг кўзини.

Халқ билмасди: Не қилсин?
Шунда келди бир овоз —
Девор деди:- Ортда мен,
Демак, эй, халқ, олға бос!

Шунда занжирни узиб
Халқ олдинга ташланди
Ва ўртада жуда зўр
Ғалаёнлар бошланди.

Халқ олдинга ташланиб
Мисли ғаддор шер бўлди,
Министр қўрқиб кетиб
Ерга чўзилиб ўлди.

Зулм чекинди, йўқолди,
Йитди халқ юрак доғи.
Менинг сўзим эмас, бу
Тарихнинг бир сабоғи.

Одамлар неча марта
Бу чорани танлашган:
Деворга қисишганда,
Улар олға ташланган.

Министрлар то ҳануз
Қўрқишмайди бекорга,
Агар она халқини
Тираб қўйса деворга…

* * *

Сен унутма, ёдингда тут,
Не айтсам сенга:
Серб қизисан, сербларга хос,
Демак, боқ менга.

Бу умримиз – яшил дарахт,
Кулрангли булбул.
Бу дарахтнинг паноҳида
Ўсдик мисли гул.

Аммо бугун бу дарахтни
Қуртлар кемирар,
Шу сабабдан тушларимга
Қон ва жанг кирар.

Ҳар кун, ҳар дам, ҳар дақиқа
Бошланажак жанг
Ва ботирлар жангда ёвнинг
Ҳолин қилар танг.

Озодликнинг куни балқар
Қон тўкилган дам,
Бу жангоҳга энг биринчи
Кирарман мен ҳам.

Сен азизсан, вафодорсан,
Аммо жанг чоғи,
Бегонадир бўса тоти,
Ёрнинг қучоғи.

Жангда серблар ҳурлик учун
Тўкса қонини,
Тавоф айла, қурбон бўлган
Эрлар жонини.

Ишон, мен ҳам серблардай дов
Кирарман жангга…
Сен ўчимни олар ўғил
Туғиб бер менга.

* * *

Мен сенинг қошингга келдим,
Тонгларинг отсин, дедим.
Аммо, дардга тўлди кўксим,
Ҳисларим қолди етим.

Айрилиқми ё бу дам?
Сен висолни ёдда тут.
Чекмагин ранжу алам,
Сен унут, мени унут.

Кўзёшим оқмас маним,
Йиғламаслик кўп қийин.
Сену мени ком ютар
Кўзёшларим оққан сайин.

Қўй, ҳадеб чўзма қўлинг!
Сен ҳали ёшсан, санам.
Мен учун дўстдир ўлим,
Ҳасрату ғаму-алам.

Истагим: ёшли кўзим
Дўзах ўтин туйган сайин
Виждону ишқнинг сўзин
Топташларини кўрмайин.

Бу очун – қора қафас –
Ғам ила ҳасрат уйи.
Бахт эмас, қувонч эмас,
Янграгай фарёд куйи.

Сен маним бошимдаги
Кунларни кўрма ҳеч қачон.
О, покиза, о беғубор
Қалб эгаси, бўлгин омон!

* * *

О, кўрсайдим бир бор қўлларинг!
Қандай азиз эди бу қўллар
Ва жуда кўп гўзал гулларни
Ўстирганди теграмда улар.

Бер кафтингни, қўлимда тутай…
Билсанг, дилда ортаркан оҳим
Қўлларингни мен паноҳ этай,
Улар бўлсин менинг паноҳим.

Айри тушиб сўнгги кучлардан,
Чарх урганда бошимда ўлим.
Мен қўлингни қаттиқ ушларман,
Шунда мени қутқарар қўлинг.

* * *

Нега менга ғамгин боқурлар,
Билганлари ғаму фарёддир.
Ёш тўкганим кўрмади улар,
Ҳасратим ҳам уларга ётдир.

Дил талпиниб ётганини,
Юракдаги ғаму-ҳасратни
Сўйламадим ҳеч кимга, аммо
Нега улар аярлар мени?!

Қошларида тиз чўкмадим-ку,
Урмадим-ку муштлаб кўксимни!
Дилда қолди энг аччиқ туйғу,
Тўлдирмадим ёшга кўзимни.

Кулгунгизни сездим мен фақат
Ва англадим сизга боққан он:
Кўксимдаги бу сўлғин гуллар
Сизни ҳайрон этмоқда, ҳайрон?!

Қаттол давр! Гуноҳимдан ўт.
Кўр, бу қўлда тутган гулларни.
Юлиб олдим ёрим қабридан
Аямасдан бугун уларни.

Гарчи улар тирикдир, бироқ
Ғижимлайман тағин-да, тағин.
Қабристоннинг бу гулларини
Китобимга ташлайман ғамгин.

* * *

Қоғозларнинг ичида ётган
Китобимнинг қатидан бирдан
Топиб олдим эски шеъримни –
Гул топгандек қор босган ердан.

Бу шеъримда илк муҳаббатнинг
Саодати, бахти жо эди,
У қувончим ҳақда сўйларди,
У илк туйғу жаранги эди.

Тирик эди унда ёш дилда
Уйғонган пок, жаннатий сўзлар,
Умид тоғи сочган шуъладан
Юрак тори бу шеърда бўзлар.

Қошимда шам ёниб турарди,
Тушар эди қоғозга нури.
Мен шеъримни оловга тутдим,
Олов ямлай бошлади шеърни.

Бир дақиқа лов этди учқун,
Бир дақиқа барқ урди гулдай.
Шеър ёндирдим унутмоқ учун,
Аммо сўзлар қолганди кулда.

Мен ўқирман юрак оҳларин,
Ҳар битта сўз бахтдан овоза
Мен ўқирдим не-ки бор эди
Ҳозиргина ёнган қоғозда.

Демак, дилда яшаган ишқни
Ўлим келиб тортиб ололмас!
Ҳатто ёниб кетсаям қоғоз,
Кулдаям ишқ сўзи йўқолмас.

Қутлуғ ҳислар бўлмагай хароб,
Дилда тирик ҳар битта оҳим.
Оҳ, сен шеърим, эй, олис сароб,
Кулдир менинг бутун бойлигим.

* * *

Ўлим, ўлим, о қаттол ўлим,
Ёримни деб келдингми, наҳот?!
Ялинаман, чўзмагин қўлинг,
Дилни ғамдан айлагин озод.

Ўлим деди: Азалдан диллар
Бирлигини келаман бузиб.
Аммо сизнинг орангиздаги
Бирликни ҳеч бўлмайди узиб.

Фақатгина бу бирлик номин
Ўзгартирдим, айламай хароб:
У муҳаббат деб аталарди,
Энди унинг номи: изтироб.

* * *

О, кўзлари юлдуздек равшан,
Тун келмоқда теграни қуршаб.
Сен кўксимга бошингни қўй-да,
Энг пок орзу, хаёлни ўйла.

Нега бунгча ғамлисан, эркам?
Мени қаттиқ қуча қол бу дам –
Айтгин, мени қучган бу кезлар
Дилларимиз не ҳақда сўзлар?

Тушларини айларми баён,
Ё ҳурликдан ўқирми эртак,
Ё умиддан айтарми достон,
Ё кечмишни айларми эрмак?

Сенга булар барчаси аён,
Сенга етар дил чеккан ҳар оҳ –
Юзларингга югурган бу қон
Ва кўзёшинг – сўзимга гувоҳ.

* * *

“Сен озод эт, мени қўй бер,
Учмоқ истайман,
Ўтлоқдаги ол гулимни
Қучмоқ истайман.

Қўй бер, баҳор фаслин кўриб
Учай мисли қуш” –
Шивирлади менга тунги
Сокин бир товуш.

“Тун узундир. Майли, учгин,
Қуш каби учгин.
Сени ушлаб турмоқ учун
Етмайди кучим.

Фақат ғамни яшир ёрнинг
Кўзидан пинҳон.
Ҳасратимиз ва оҳимиз
Бўлмасин аён”.

“Йўқ, у ғамни билмас ҳануз,
Бегона фарёд.
Ипак либос кияй, ғамим
Унга бўлар ёт.

Мен қўшиққа айланарман,
Токи бу видо
Изтиробим эканин ёр
Билмасин ҳатто”.

Хуршид Даврон таржималари