Бу ном яқин йиллар ичида яна она диёри Россияга, шеърият ихлосмандларига Гумилёв, Замятин, Набоков, Георгий Ивановлар қато-рида қайтиб келди.
Ҳассос шоир, моҳир таржимон, нозиктаъб мунаққид ўз ижодини 15 дан зиёд тўпламларга жойлади. 1922 йилдан бошлаб мусофирлик қисматини бошидан кечирган шоирнинг сўнгги кунлари Парижда кечди. Умр бўйи туғилган уйига интилиб яшаган Владислав Ходасевич шеъриятида Ватанига ўтли мухаббат, сўнмас садоқат, юракнинг сўлим туйғулари, соғинч изтироблари, умиднинг рангинлиги бетакрор тимсолларда ифодаланади.
* * *
Дўстларим. бир ажиб кунлар келади,
Йўқламас ҳаттоки тушимни андуҳ.
Қаранг, қўлларимда сабр гуллади,
Шу гуллар рангидан ранг олади руҳ.
Узаман, ҳавойи ўйлар занжирин,
Нақ камон устида сайрар кўнгулни
Кўрлим, товушларга сочилар сирим,
Осмонга кўтаргим келади гулни.
Билганим шу бўлди-тўлмоқда нурга
Гул тўла йўлларим, ҳув, йироқларда.
Қанийди, кетсангиз мен билан бирга
Жаннати ишқ истаб ўшал ёқларга!
* * *
Бурама йўлларда, дарё лабида,
Кечиккан турналар хонишларида
Ёлғиз кезинаман, сезинаман жим
Бағри кенг далалар ёнишларида.
Борган сари ўйлар сирли, шиддатли,
Қамиш шивирида учади видо.
Оҳиста қулаган сўнгги япроқни
Қумликка кўмади паришон дарё.
ЁМҒИР
Борлиғимни чулғайди севинч,
Томлар узра тиниқ шом ранги.
Ёмғир юва бошлар шаҳарни,
Томчиларнинг тиниқ жарангги.
Борлиғимни чулғайди севинч,
Ташқарини кузатаман жим.
Елдай учиб ўтдинг кўчамдан,
Туйғуларим ичра, ёлғизим.
Борлиғимни чулғайди севинч,
Панароқда тин олиб бир зум,
Силкибсилкиб соябонингни
Шошиласан, лабда табассум.
Борлиғимни чулғайди севинч,
Билмайсанки, сендадир кўзим.
Мен томонга боқмайсан қиё,
Мен томонга тушмайди изинг.
Борлиғимни чулғайди севинч,
Майли мени билмай ўтсанг ҳам,
Сенинг каби тоза, бебаҳо
Келаётир энг азиз кўклам.
* * *
Атиргулли боғларга эмас,
Куйи дарди чоғларга эмас,
Армони кўп тоғларга эмас,
Мен ичимга энаяпман, холос.
Булар-ҳамма биладиган сир,
Булар-ҳамма кўрадиган нур.
Бари бекор,бари бўлмағур,
Мен ичимга энаяпман, ахир.
Тун ортидан келар тонгни кут!
Тутун,туман, эриган булут
Каби оғир тушларни унут,
Ичингга эн, ўз ичнгни тут!
САЙР
Яхшиямки, ҳали оламда
Тунлар ойдин, тунлар сеҳрли.
Бойчечакдай бўйли кўкламда
Баландлаган қайинлар меҳри
Урилгай ойга.
Яхшиямки, ҳали оламда
Мўъжизалар кутади юрак.
Муҳаббатга тўла оқшомда
Маликага фақат сен керак.
Яхшиямки, бамисли қанот
Йўлакларда ҳалқаҳалқа нур.
Сояларда титранар ҳайрат,
Эгилар жим, тебранар ҳарир
Тим қора рўмол.
Яхшиямки, ўйлар севинчли,
Майли мени есвмаса севмас!
Ўша дилбар кеча ва ўтинч
Маликани тинч қўймаса бас!
МЕНИ ИЗЛА
Кўклам келаётган чоғларда изла,
Қанотман, кўзларга илғанмас, бедор.
Товушим, нафасим боғларда изла,
Шуъламан, у борки, билки, мен ҳам бор.
Бизни айрилиқлар енголмас дўстим!
Тингла, ўтган умр сўроқларини.
Кундуз оташлари сўнмабди, сездим
Ҳароратли қўлинг титроқларини.
Шошилмасдан изла. Кўзларингни юм.
Мен томон бир қадам боса олсанг,бас.
Бармоғинг учига қўнаман, жоним,
Оловли учқунга айландим бесас.
* * *
Ёруғ юлдуз, қадрдон осмон,
Тун эрийди майин ҳавода.
Тангрим, мени сақлайди омон
Эҳсонларинг, ишқинг дунёда.
Хаёлимда тиклана бошлар
Денгизларинг, тоғларинг,даштинг.
Қуёшингда шарафлар яшар,
Бу нурларнинг боқийдир гашти.
Тўкилади дув-дув ҳавасим,
Гарчи кўнглим муҳаббатлидир.
Болакайнинг қоғоз қалъаси
Каби дунё омонатлидир.
БАЛЛАДА
Ўлтирибман хонамда яккаш,
Гир айлана ёруғ ва баланд
Ўн олтита шамдонли қуёш,
Тўртбурчакли кўкка ҳавасманд.
Нурли уйим, мендан ҳам бой йўқ,
Жиҳозлар жим, курсилар тилсиз.
Қўлларимни қўярга жой йўқ,
Юрагимда ҳислар тизгинсиз.
Аёзда ҳам пальмалар оппоқ
Гуллаётир беғам, бетакрор.
Вақт оқади йўлида қайноқ
Ҳар лаҳзаси хаёлдай дилдор.
Умри қисқа бундай ғафлатга
Қайда ечим, қайдидр имкон?
Лойиқманми шундай ҳаётга,
Қани мени кутган кенг осмон?
Тебранаман, тиззамни тутиб,
Қўлларимла боғлаб ташлайман.
Бу дунёни буткул унутиб,
Шеърим билан суҳбат бошлайман.
О, бу нутқлар нечоғли кескир!
Гарчанд фикр йўқдир ҳайратли.
Лек товушлар дилбар ва ўткир,
Сўзлар борган сари қудратли.
Бу оҳанглар тобора маҳзун
Синиб борар сўнгакларимга.
Узун, узун, йўлдан ҳам узун
Тиғ ботади кўкракларимга.
Юлдузларнинг ўтинчларида,
Қадамимда олов ўрлайди.
Ўсаяпман севинчларимда,
Дилни янги туйғу нурлайди.
Кўзларимни очаман тиниқ,
Кўраяпман илонларни ҳам.
Улар юта бошлайди аниқ
Барча бахтсиз давронларни ҳам.
Айланади, рақсга тушади,
Мўъжизага тўлади хона.
Куйлар шамол билан жўшади,
Борлиғимда яйрар тантана.
Ўн олтита шамдонли қуёш,
Тўртбурчакли осмон йўқолар.
Қояларда мен каби яккаш
Орфей қўлга созини олар.
* * *
Бу хонимнинг қўллари қонли,
Узоқ ювди,қаттиқ артди жим.
Унутмади бу гал ҳам қонли
Томоғини чаймоқни хоним.
Хоним! Хоним! Қушдай толмайсиз,
Тўлғонасиз совуқ ўринда.
Уч асрки, ухлай олмайсиз,
Олти ойки, уйқу йўқ менда.
ШОМ
Изиллайди шамол, қор бўрлар,
Музликларда совуқ рангинлик.
Ичичимдан ёлғизлик ўрлар,
Эй, худойим, қандай ғамгинлик!
Тундлашади тўрт тараф-тўрт йўл,
Шафқатларинг кимга қаратдинг?
Тангрим, ўлим ҳақ экан буткул,
Кенгликларни нечун яратдинг?
Кимга аён бу синоат, сир,
Ҳасратларджа яширин роҳат.
Ёшинг ўтиб борар, барибир
Сендан айро тушмас муҳаббат.
МАРТ
Борлиқ илиқлашди, борлиқ ивиди,
Ойна йўлакларга дилинг кетади.
Тиниққан нафасга бўлдириб кўксинг
Осмон қўшиғини ёмғир айтади.
Мўъжиза эмасми? Тундли ва оғир
Чеҳрамизга биллур томчилар қўнди.
Узатсак, қўлимиз етгудай кўкка
Ердаги залворли туйғулар инди.
* * *
Асога суяниб ўтди қаландар,
Бирдан кўз ўнгимга келдинг, азизим.
Қизил ғилдиракли арава елар,-
Сен ҳам ҳаёлимда елдинг, азизим.
Шом чоғи йўлакда ёруғ чироқлар,
Сени эслатади менга, азизим.
Шу замин, шу осмон, денгиз, йироқлар,-
Сени излатади менга, азизим.
СТАНСЛАР
Бир лаҳзага бутун умрингни
Бергинг келар дамлар бўлади.
Бу онларда дил сурурини
Ким куйласа, ғами ўлади.
Бугун эса буткул бошқа кун,
Кўпайгандан кўпаяр ажин.
Донишманддай айланар кунтун
Қучоғида дарёлар сокин.
Билганим шу-олис юлдузлар
Чарақласа таралгай жаранг.
Кўрганим шу-майса ҳам сўзлар,
Сочларимга қўнар кумуш ранг.
Қатралари уммон хаёлот,
Кўринмас нур тўлқинланади.
Яхшиёмон, пастбаланд ҳаёт
Илҳом билан ёлқинланади.
Кексалигим-қўшиқ бир ҳовуч,
Қўлдан келар ишим-бахшилик.
Кунимга кун қўшаётган куч-
Ёмонликни енгган яхшилик.
* * *
Қадамларим енгил ва ғамгин,
Ердай вазмин тортиб борасан.
Неки ўтди-ўтли ва гулгун,
Неки қолди-татиб борасан.
Сокинлашар томирларда қон,
Ҳаволаниб учмайди қўллар.
Тўлишади меваси хандон
Кузги боғлар мисоли йиллар.
Кўзга тушмас энг нозик титроқ,
Илғаб бўлмас сирларни беун
Яна ерга эгилган бутоқ
Каби билмай ўтасан бир кун.
ҲАЙКАЛ
Қайдан олган дунё бардошни,
Кўрмадим бош,охирини ҳам.
Икки аср-икки қондошни
Шеърим билан боғладим маҳкам.
Яна Русга бағишлаб сурур
Тикланади ҳайкалим албат!
Асрларни кутаман мағрур,
Оқаверар ўлим билмас Вақт…
Ойгул Суюндиқова таржимаси