Есенин Сергей Александрович [1895.21.9 (3.10), Рязань вилояти Константинов, ҳоз. Есенин қишлоғи — 1925.28.12, Санкт-Петербург, Москвада дафн этилган] — рус шоири. Илк шеърий тўплами «Радуница» (1916) даёқ қалб ҳолатларини нозиқ туйғуларда беришни, табиат билан боғлиқ руҳий кечинмаларни ифодалашнинг устаси, қишлоқ ҳаёти, халқ тили ва қалбининг билимдони эканлигини намойиш этган.
1919—22 йилларда Есенин имажинист (ижоднинг мақсадини асарнинг мазмунига мос келиши шарт бўлмаган образларни ўйлаб топишда деб тушунувчи)лар гуруҳида бўлган. «Москва майхоналари» (1924) ва бошқа туркум шеърларида, «Қора одам» (1925) достонида шаҳар ҳаётининг ярамас томонлари, қишлоқни хонавайрон қилаётган «тараққиёт» ҳаққоний акс эттирилган.
Есенин «Анна Снегина» (1925) достони ҳамда «Шўро Руси», «Замин дарғаси» (1925) тўпламларида «коммуна оёққа турғизаётган Рус»ни англашга ҳаракат қилса ҳам, ўзини «ўтмишга айланаётган Рус» нинг шоири деб билди.
«Форс тароналари» шеърлар туркуми (1924—25) Ҳофиз, Саъдий, Хайём каби Шарқ ижодкорларига чексиз ҳурмат-эҳтиром маҳсули сифатида дунёга келди. «Жар» (1916) қиссаси, «Бобил ва Дружок» (1917) ҳикояси, «Темир Миргород» очеркида Есенин насрий имкониятларини намойиш этди.
Есенин 1921 йил Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлган. «Танланган шеърлар», «Замин дарғаси», «Лирика: шеърлар, достонлар» шеърий тўпламлари Э. Воҳидов томонидан ўзбек тилига таржима қилинган (1965, 1970, 1981).
Тошкентда шоирнинг уй-музейи очилган (1985). Есениннинг шахсий ҳаёти фожиалар ичида кечган. У оғир руҳий ҳолатга тушиб қолиб, Санкт-Петербургдаги меҳмонхоналардан бирида ўзини-ўзи ўлдиради.
ОНА ИБОДАТИ
Қишлоқнинг бир четида
Пастаккина уй турар,
Сажда қилиб шу уйда
Онаизор ўлтирар.
Ёлғиз ўғлин эслар у
Ёниб аччиқ фироқла.
Ўғли эса юрт учун
Жанг қилади йироқда.
Она сажда қилади,
Кўз ёшлари шашқатор.
Бир нуқтага тикилган,
Хаёлида нелар бор?
Кўз олдига келади:
Кенг дала — жанг майдони.
Жонсиз ётар майдонда
Мард ўғли — паҳлавони.
Кўкрагида жароҳат,
Қоп-қора қон ҳар ёғи.
Қолмиш жонсиз қўлида
Душманининг байроғи.
Она юзин қоплар ғам,
Чимирганча қошини
Аста суяр қўлига
Оппоқ сочли бошини.
Юрак дарди ёш бўлиб,
Тўлиб келар кўзига.
Маржон-маржон томчилар
Оқиб тушар юзига,
ИТ ҲАҚИДА ДОСТОН
Қуёш ўйнар жавдар хирмонда,
Чипталарда нури тилла ранг.
Болалади она ит тонгда,
Етти кучук туғди малларанг.
Ювиб-тараб тиллари билан,
Оқшомгача эркалади у.
Она итнинг иссиқ бағридан
Қор устида эриб оқди сув.
Оқшом пайти, товуқлар энди
Қўноғига тизилишган дам,
Уй эгаси хўмрайиб келди,
Қопга солди еттовини ҳам.
Шўрлик она чопди кетидан,
Узоқ-узоқ қувлаб борди у.
Муздек терлар оқиб этидан,
Аччиқ-аччиқ увлаб борди у.
Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Қайтар экан том устида ой,
Боласига ўхшаб кўринди.
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги ой ҳам аста ғилдираб,
Тушиб кетди уфқдан пастта.
Бечорага эрмаклаб, кулиб,
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб,
Қорга оқди томчи-томчи ёш.
* * *
Тонгда мени уйғот эртароқ,
Меҳрибоним, мушфиқ онажон!
Мен йўлларга кўз тутай муштоқ,
Бизнинг уйга келмоқда меҳмон.
Ўрмон ичра бугун, онажон,
Ғилдиракнинг изларин кўрдим.
Еллар уни айлаб зар камон,
Тортқилаган кезларин кўрдим.
Эрта тонгда меҳмон келади
Ой шапкасин бошга кўйиб дол.
Учқур оти равон елади,
Кокиллари товланади ол.
Мени саҳар уйғот, онажон,
Чироқларни ёқиб қўй ҳозир.
Дейдиларки, бўлмоғим аён
Россияда шуҳратли шоир.
Шеър айтаман меҳмонга ул дам,
Сенга, онам, ўсган еримга.
Саҳар туриб соққан сутинг ҳам
Қуйилади менинг шеъримга.
* * *
Гўдакликдан маълум ҳар одам,
Бола бошдан деган гап тўғри.
Мабодо мен шоир бўлмасам,
Бўлар эдим безори, ўғри.
Жиккаккина шум бола эдим,
Тенгдошларим ичра “қаҳрамон”.
Қайтар эдим кўчадан доим
Бурним пачоқ, усти бошим қон.
Қўрқиб кетган онам қошида
Дердим тутиб ўзимни маҳкам:
“Ҳечқиси йўқ. Қоқилдим тошга.
Эртагача қолмас ўрни ҳам”.
Йиллар ўтди, кетди болалик,
Ниҳоя йўқ армонларимга.
Ёшликдаги шўхлик, оловлик
Кўчди шеъру достонларимга.
Болалигим кетди борини
Сатрларда қолдириб бутун.
Шеърларимда шум, безорининг
Хислатлари акс этар бу кун.
Мағрурлигим ҳамон қолмаган,
Ҳамон баланд ўтли кўкрагим.
Болаликда бурним қонаган,
Бугун эса қондир юрагим.
Мендан кулган тўда қошида
Дейман тутиб ўзимни маҳкам:
“Ҳечқиси йўқ! Қоқилдим тошга,
Эртагача қолмас ўрни ҳам”.
Мени сўкманг! Бўлар иш бўлди,
Сўз сотувчи савдогармасман.
Олтин бошим қуйи эгилди,
Бу дунёдан совидим, бас, ман.
Шаҳарда ҳам қолмоғим маҳол,
На қишлоққа майл сезарман,
Бир йўл қолди; ўстириб соқол
Россияни дайдиб кезарман.
Хайр, дейман достон, шеърларга,
Иўлга тўрва олурман, холос.
Кўчадаги бир дарбадарга
Шамоллар ҳам қўшиқ айтар соз.
Пиёз, туруп ҳидин таратиб,
Билганимни қилиб юрарман.
Бурним оқса енгимга артиб,
Пешонамда борин кўрарман.
Қор қуюнин тингларман беҳис,
Бахт керакмас бундан зиёда.
Бундай ажиб турфа ишларсиз,
Яшамасман ёруғ дунёда.
* * *
Алдамасман ўзимни бу кун,
Юрагимда уқубатли ғаш.
Безори деб ном олдим нечун?
Нега номим бўлди жанжалкаш?
Уғри бўлиб ўрмон кесмадим,
Бўямадим қўлимни қонга.
Айбим фақат кўча кезганим,
Жилмайганим ўтган-кетганга.
Мен масковлик бир далли йигит,
Ўзимга хон, танти, чапани.
Кўчадаги ҳар бир дайди ит
Юришимдан танийди мани.
Тверскойда кўриб йироқдан,
Бош ирғашар менга отлар ҳам.
Жонворларга яхши ўртоқман,
Шеърим улар дардига малҳам.
Бошимдаги бул цилиндрим
Жононларга ёқиш учунмас.
Унда бериб байталларга ем,
Чайнашига қилурман ҳавас.
Одамлардан ювдим қўлимни,
Ўз дўстларим сари интилдим.
Энг чиройли галстугимни
Кучукларнинг бўйнига илдим.
Энди дарддан холиман бу кун.
Дилимда йўк уқубатли ғаш.
Алдоқчи деб ном олдим шу-чун,
Шу-чун номим бўлди жанжалкаш.
* * *
Бас! Бўлар иш бўлди, керакмас,
Қайтмас бўлдим энди юртимга.
Япроклари қанот тераклар
Соя солмас энди устимга.
Пастак кулбам бунчалар менсиз,
Ўлиб бўлган қари итим ҳам.
Масковнинг бир бурчида, эсиз,
Завол топмоқ чоғи насибам.
Бу шаҳарга бўлдим мен шайдо,
Гарчи кўҳна, кўримсиз макон.
Мудраб ётган олтин Осиё
Гумбазларда бўлур намоён.
Тунда эса, ой нур сочган дам
Гўё… билмам, нима сингари…
Бош эгганча ташлайман қадам
Ўша таниш майхона сари.
Мени кутар бу даҳшат маскан,
Бунда тунни улаб саҳарга,
Май ичаман ўғрилар билан,
Шеър ўқийман фоҳишаларга.
Кайф тумани чулғаганда мен
Фарёд билан очаман кўнглим:
“Мен ҳам сиздек гумроҳ бандаман,
Менинг ҳам йўқ, қайтарга йўлим”.
Пастак кулбам букчаяр менсиз,
Ўлиб бўлган қари итим ҳам.
Масковнинг бир бурчида, эсиз,
Завол топмоқ чоғи насибам.
* * *
Бир манзилга борурмиз кам-кам,
Бир манзилки, ҳаловат ҳоким.
Йиғиштирмоқ чоғи менга ҳам
Боқий йўлга дўкон-дастгоҳим.
Эй сиз, сулув, оппоқ қайинлар,
Эй сен, замин, боғлар, барханлар.
Кетаётган сафларга қараб
Юрагимга чўкар армонлар.
Мен ўзимча кўп ўйлар сурдим,
Ўз ҳакимда шеър айтдим талай.
Бахтлиманки, яшадим, кўрдим,
Бу дунёга келдим ҳар қалай.
Бахтлиманки, севдим, интилдим,
Қулоч ёздим чечаклар аро.
Жонворларни укам деб билдим,
Бошларига урмадим асло.
Биламан, ул манзилда балқиб
Ётмас оққуш бўйин бошоқлар.
Кетаётган сафларга боқиб
Шундан менда алам, қийноқлар.
Биламанки, ўшал маъвода
Бу кенгликлар бўлмас, шубҳасиз.
Шунинг учун менга дунёда
Яшаётган одамлар азиз.
АЁЛГА МАКТУБ
Уша кун, албатта,
Ёдингиздадир.
Бурчакка қисилиб
Ожиз турганим.
Ғазабнок эдингиз,
Ва ғоят оғир —
Сўз билан урдингиз
Бетимга маним.
Дедингиз:
Бас, етар,
Ажрамоқ керак.
Бетартиб умримдан
Тоқатингиз тоқ.
Изламоқ бўлдингиз
Оқилроқ эркак.
Менинг қисматим-чи,
Тубанлаб кетмоқ.
Мен сизни севардим,
Сиз эса асло.
Парво қилмасдингиз,
Мен эдим бехол —
Шаддод бир суворий
Халойиқ аро
Қамчилаб чоптирган
Шўрлик от мисол.
Сиз билмас эдингиз,
Бўронда, ахир,
Мени ўз бағрига
Тортганин гирдоб.
Қаён элтмоқдадир
Бизларни тақдир,
Билолмай чекардим
Аччиқ изтироб.
Юзни кўрмоқ қийин
Боқиб яқиндан,
Ҳар нарса йироқдан
Кўринар аён.
Денгиз ҳаракатта
Келса тўлқиндан,
Билингки, кеманинг
Ахволи ёмон.
Ер катта кемадир,
Кимдир ногахон
Янги ҳаёт учун,
Янги шон учун
Бу улкан кемани
Даҳшатли бўрон,
Тўлқинлар қўйнига
Йўллади бугун.
Кема чайкаларкан
Нотинч денгизда
Боши айланмаган,
Йиқилмаган ким?
Жуда кам,
Жуда кам,
Бундайлар бизда,
Уларнинг идроки
Қалбига ҳоким.
Шунда мен
Халойиқ шовқини аро
Ўқчиган юзларга
Боқишдан толдим.
Шунда мен, тоқатсиз,
Кеманинг қаро
Остки хонасига
Кириб йўқолдим.
Қаҳвахона эди
Бу остки хона.
Шу кундан қадаҳга
Эгилди бошим.
Дунёни унутдим
Тамом мастона,
Май бўлди ҳаётда
Ёлғиз йўлдошим.
Севгилим!
Мен учун —
Қийналдингиз кўп.
Ғамгин кўзингиздан
Сезардим буни.
Ахир мен шаробга
Бош билан чўкиб,
Ғавғосиз ўтмасди
Бирор-бир куним.
Сиз билмас эдингиз
Бўронда, ахир,
Мени ўз бағрига
Тортганин гирдоб.
Қаён элтмоқдадир
Бизларни тақдир,
Билолмай чекардим
Аччиқ изтироб.
Мана, йиллар ўтди,
Улғайди ешим.
Фикру ҳисларим ҳам
Ўзгача бутун.
Байрам шаробидан
Кўтармай бошим
Дарғага шараф-шон
Ўқийман бугун.
Дилни эркаларкан
Нозик туйғулар
Сизнинг ташвишингиз
Ёдимга олдим.
Шошаман сиз томон
Бермоққа хабар:
Бир замон ким эдим,
Ким бўлиб қолдим.
Севгилим!
Қувонч-ла қилурман баён,
Мен бир тик қоядан
Йиқилмай қолдим.
Шўролар юртимда
Энди бу замон
Мен ашаддий ҳамроҳ.
Номини олдим.
Мен тамом бошқаман,
Ёр бўлсам бугун
Сизни қийнамасдим
Балки у қадар.
Шонли меҳнат учун,
Эрк ва бахт учун
Боришга тайёрман
Ла-Маншга қадар.
Сиз мени кечиринг,
Сиз энди бошқа.
Бугун сизга оқил,
Жиддий эр ҳамдам.
Бизнинг ташвишларни
Урмайсиз бошга,
Зарра керакмасман
Сизга ўзим ҳам.
Майли, яшанг янги
Ёрнинг олдида,
Бахтли бўлинг, шудир
Тилагим менинг.
Сизга салом билан,
Сизни ёдида
Доим сақлагувчи
Сергей Есенин.
ОНАМДАН МАКТУБ
Энди не ҳам ўйлаб
Топадир хаёл,
Жавобни ўйлайман
Чаккамни тутиб.
Столим устида
Ётар хафаҳол
Онагинам менга
Йўллаган мактуб.
“Кўзимиз тўрт бўлди,
Болам, келақол.
Яхшийди байрамга
Келсанг, ҳар қалай.
Отангга иштонлик,
Менга жун рўмол
Олакел, бизларда
Камчилик талай.
Менга сира ёқмас
Шоирлигинг ҳам,
Жанжалкашлик билан
Топган шуҳратинг.
Ундан кўра омоч
Ҳайдасанг, болам,
Обрў келтирарди
Ҳалол меҳнатинг.
Мен ҳам қариб қолдим,
Ҳеч йўқ дармоним.
Оҳ, сен бўлсанг эдинг
Менинг ёнимда.
Келинлик бўлардим,
Сўнгги армоним —
Набира суярдим
Асраб жонимда.
Сен бола-чақалик
Бўлмадинг, дайди.
Юрагингни бердинг
Ўзгага осон.
Оиланг бўлсайди,
Дўстинг бўлсайди,
Сенга майхоналар
Бўлмасди макон.
Жоним болагинам,
Не бўлди сенга?
Мўмин-қобил эдинг
Бир вақт нақадар.
Эл-юрт ҳавас билан
Айтарди менга:
Александр Есенин —
Бахтиёр падар.
Афсус, ниятимиз
Бўлмади ҳосил.
Барбод бўлди сўнгги
Умидимиз ҳам.
Отанг ўйлар эди —
Шеър ёзиб қойил,
Бир дунё пул топиб
Келади болам.
Аммо сендан бир сўм
Келмас, болажон.
Ўкинчларимизнинг
Бош сабаби шул.
Хомтама бўлибмиз,
Ҳолингдан аён:
Тўламас эканлар
Шеър ёзганга мўл.
Менга сира ёқмас
Шоирлигинг ҳам,
Жанжалкашлик билан
Топган шуҳратинг.
Ундан кўра омоч
Ҳайдасанг, болам,
Обрў келтирарди
Ҳалол меҳнатинг.
Энди бўлса бизни
Эзди ғам, алам.
От йўқ,
Пул йўқ, бориб
Олсак нақд сўмга.
Уйда бўлсанг эдинг,
У зеҳнинг билан
Раис бўлар эдинг
Волижроқўмга.
Бошқача бўларди
Бизнинг тириклик,
Сарсон юрмас эдинг
Сен ҳам йироқда.
Хотининг ёнимда
Урчуқ йигириб,
Сен бирга қарардинг
Қариган чоғда…”
Хатни ғижимлайман,
Сўз айтмоқ қийин,
Оҳ, борми гирдобдан
Чиқмоққа имкон.
Юрак сўзларимни
Айтаман кейин,
Жавоб мактубимда
Қиламан баён.
ЖАВОБ
Азиз онагинам,
Бўлгин саломат.
Меҳру шафқатингни
Сезиб турибман.
Сен зарра тасаввур
Қилмассан фақат,
Нима деб дунёда
Яшаб юрибман.
Ҳозир сиз ёзда қиш,
Аёз кечалар.
Дераза олдида
Сурарсан хаёл,
Осмонни тўлдириб
Ёгилар укпар,
Кимдир оқ сиренни
Силкитган мисол.
Онам!
Шундай тунда
Бўлурми ухлаб,
Тарнов узра шамол
Чийиллар бетин.
Ётмоқчи бўлурсан,
Кўзингга хона
Тобутдек кўриниб
Сесканар этинг.
Изғирин йигичи
Хотинга ўхшар.
Мингта дьяк бўлиб
Чўзар бадкирдор.
Қор ерга сочадир
Оппоқ тангалар…
Тобут ортида бор
На дўст ва на ёр…
Менга ҳаммасидан
Маъқул навбахор,
Кўнглимга муносиб
Тошқин шиддати.
Бундай пайт хар бир чўп
Бир кемача бор.
Дала — чексиз уммон,
Йўқ нихояти.
Барча кўкламлардан
Мен севган кўклам —
Башар дилидаги
Буюк инқилоб.
Ўшанга интилиб
Чекарман алам,
Ўшани севаман,
Чорлайман шитоб.
Лекин бор музлаган
Ер сайёраси.
Шундан мен нолалик
Шеър овораси,
Шундан мен сержанжал
Ва ошуфтахол.
Онажоним,
Келар бизга ҳам фурсат,
Келадир интизор
Кутганимиз дам.
Биз ахир турибмиз
Жангга бўлиб тахт,
Ким замбарак тутиб,
Ким тутиб қалам.
Қўй, пулдан гапирма,
Мол-мулк на керак.
Бу сўзларни ёзган
Сенмисан, ё раб:
Нима, мен молмидим
Ва ёки эшак,
Қозиқдан ечмаса
Ётгувчи қараб.
Мен ўзим бораман,
Вақт келар бир кун,
Музлаган куррага
Тўп отилар чог —
Бораман жун рўмол
Олиб сен учун,
Чолга пайтавалик…
Бўлгин фақат соғ…
Ҳозирча изғирин
Сўфидек чўзар,
Йиғичига ўхшаб
Увлар бадкирдор.
Қор ерга сочадир
Оппоқ тангалар,
Тобут ортида бор
На дўст ва на ёр.
ФОРС ТАРОНАЛАРИ
* * *
Доғлар кетмиш мажруҳ кўнгилдан,
Маст васваса қўзғамас туғён.
Мен дардимга Теҳрон гулидан
Чойхонада тополдим дармон.
Чойхоначи — барваста, ўктам.
Қойил қолсин рус, деб, чойимга,
Ўткир ароқ, май ўрнига ҳам
Аччиқ-аччиқ чой тутар менга.
Сийла, мезбон, аммо ҳад билан,
Боғинг аро турфа гуллар бор.
Оқшом менга ҳижоб остидан,
Дилбар кўзин сузмади бекор.
Россияда гулдай қизларни
Қулдай тутқун сақламас эрлар,
Сармаст этар бўса бизларни
Беханжару бемакру безар.
Бу тонг юзли дилдор қошимда
Бир бор хиром этса ноз билан,
Шоҳи рўмол солгум бошига,
Йўлларига — шерозий гилам.
Мезбон, чой қуй менга лолагун,
Шоир сенга сўйламас ёлғон.
Эҳтиёт бўл ўзингга бугун,
Сўнгра мендан қилмагин гумон.
Эшикка кўп қарай берма сан,
Гулбоғингга, барибир, йўл бор…
Оқшом менга ҳижоб остидан
Дилбар кўзин сузмади бекор.
* * *
Бугун дедим саррофга атай,
Алишаркан сўмни туманга:
“Ўргат, гўзал Лаълимга айтай,
Ўргат севдим, демоқни манга”.
Ул саррофга дедим бугун мен
Елдан сокин, жилғалардан тинч:
“Ўргат менга, гўзал Лаълимдан
Форс тилида сўрайин ўпич”.
Яна дедим саррофга атай
Ҳаяжоним дилда беркитиб,
Ўргат, гўзал Лаълимга айтай,
Ўргат, айтай “меникисан”, деб.
Шунда менга деди у, э воҳ —
Ишқ шарқига топилмас сўзлар.
Севаман дер дилдан чиққан оқ,
Ёқут каби ёнгувчи кўзлар.
Сўрма мендан бўсанинг исмин,
Номи йўқдир сенга айтмоққа,
У келтириб атиргул исин,
Гулбарг бўлиб қўнар дудоққа.
Севги дилга бермас кафолат,
Севги бахтга е дардга йўллар.
Меникисан деёлур фақат
Юздан ҳижоб кўтарган қўллар.
* * *
Шаҳинам, о менинг Шаҳинам,
Билсанг, шимол Ватандир менга.
Далалардан сўйлайми сенга.
Ой нур сепган бошоқлардан ҳам.
Шаҳинам, о менинг Шаҳинам.
Билсанг, шимол Ватандир менга.
Унда ой қам юз бора улкан.
Шероз қанча бўлмасин кўркам
Азиз ўлка Рязандир менга.
Билсанг, шимол Ватандир менга.
Далалардан сўйлайми сенга?
Сочим олмиш буғдойидан ранг.
Бармоғингга ўра хоҳласанг,
Зарра оғриқ сезилмас менга,
Далалардан сўйлайми сенга?
Ой нур сепган бошоқлардан ҳам
Олтин сочим сўйласин, дилдор,
Кул, ўйна-ю, даламни зинҳор
Эслатмагин менга, жонгинам,
Ой нур сепган бошоқларни ҳам.
Шаҳинам, о менинг Шаҳинам,
Шимол ёқда бир нозанин бор:
Сенга ўхшар, ғоятда дилдор
Балки мени ўйлар ул санам…
Шаҳинам, о менинг Шаҳинам.
* * *
Дединг: Саъдий доимо ёрнинг
Сийнасидан оларкан бўса.
Худо ҳаққи, шошма, дилдорим,
Қочмас ахир ўрганиш бўлса.
Дединг: — “Қуръон сўзи азалдан
“Алқасосу миналҳақ” тамом!”
Мен туғилган бўлсам Рязанда
Қайдан таниш бўлсин бу калом.
Сен куйладинг: “Фрот ортида,
Гуллар борки, қизлардан гўзал!”
Вой бўлсайдим қўшиқ бобида
Тўқир эдим бошқа бир ғазал.
Гар қизлардан бўлса зиёда
Мен гулларни кесардим буткул,
То кўрмайин ёруғ дунёда
Шаҳинамдан сулувроқ бир гул.
Ўгит билан қийнама энди,
Ўгитларинг менга не даркор?!
Шоир бўлиб дунёга келдим,
Шоир каби ўпаман, дилдор.
* * *
Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч,
Уни сўйлаб беролмам сенга.
Лекин мовий кўзларинг ҳар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга.
Қилмаганман Бағдодга сафар,
Карвон билан элтмадим хино,
Аммо бир зум тин олсам нетар
Тиззангга бош қўйиб, дилрабо!
Шафқат айла, жонгинам, дерман,
Ҳам қилурман қанча илтижо,
Россияда машҳур шоирман,
Нечун зарра қилмайсан парво?!
Куй таратар қалбимда гармонь,
Қайдадир ит ҳурар ойдин кеч,
Эрон қизи, мовий, бепоён
Юртни кўргинг келмайдими ҳеч?
Бунда кўнгил езгани эмас,
Излаб келдим хаёлан сени.
Оққушқанот қўллар ҳар нафас
Оғушига чорлади мени.
Нолишим йўқ ўтган умримдан,
Аммо ҳорғин дил излар ором.
Дилбар, менга қувноқ юртингдан
Бирор нарса сўйла бу оқшом.
Афсун билан тарқат ўйларим,
Токи чиксин кўнглимдан гармонь,
Токи ўша шимол дилбарин
ўйламайин, килмайин армон.
Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч,
Аммо сўйлаб берурман сенга.
Чунки мовий кўзларинг хар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга.
* * *
Заъфар юртга нур тўкар оқшом,
Боғда гуллар жавлон урган пайт,
Кел, жонганам, кушик, айт, Хайём —
Куйлаб ўтган қўшиқлардан айт
Боғда гуллар жавлон урган пайт.
Ой нурига ғарқ бўлган Шероз,
Парвонадек учар юлдузлар.
Менга ёкмас, ўртанаман, рост,
Ҳижоб тутса дилрабо юзлар,
Ой нурига кўмилган Шероз.
Қизлар юзни саклар хижобда,
Иссиқданми бўлиб асрамоқ,
Ё куймасин дерлар офтобда.
Севсин учун йигитлар кўпроқ
Қизлар юзни сақлар ҳижобда.
Ҳижоб билан дўст бўлма гулрў,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига,
Умр ўзи ғоят қисқа-ку,
Тўймоқ қийин толе шавқига,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига.
Қисматларда не қаролик бор,
Қолмас бир зум бахш этсанг рохат.
Гуноҳ бўлур шу сабаб, дилдор,
Бу дунёда яширсанг талъат,
Бергач уни она-табиат.
Боғда гуллар тебранар оқшом,
Юрагимда ўзга бир диёр,
ўзим сенга қўшиқ. айтай, ёр!
Бу қўшиқни билмаган Хайём.
Боғда гуллар тебранар оқшом…
* * *
Ҳаво тоза, мусаффо, зангор,
Гулзор бўлди менга сайилгоҳ.
Уфқларга йўл олган сайёҳ,
Етолмайсан саҳрога зинҳор.
Ҳаво тоза, мусаффо, зангор.
Далалардан ўтасан танҳо,
Боғлар сенга очади қучоқ.
Чинни гулга бўлиб маҳлиё,
Қаршисида чўкарсан ногоҳ
Далалардан ўтганда танҳо.
Шитирлар, йўқ, шивирлар барглар,
Нафис, гўё Саъдий ғазали.
Кўзларингга кўкнинг гўзали —
Олтин ойдан ёғилади зар,
Нафис, гўё Саъдий ғазали.
Дил қўшиғинг басталар пари,
Най сасидек майин, дилрабо.
Оғушига олса ул барпо
Кетар дилдан ғам, ҳижрон нари,
Най куйлайди майин, дилрабо.
Мана, узоқ кезиб пиёда
Чарчаганнинг эзгу матлаби:
Эсар салқин, хушбўи шаббода,
Шимиради қақраган лабим.
Эсар салқин, хушбўй шаббода..
* * *
Ой юзида тилларанг жило,
Самбитгулдан таралар хушбўй,
Кезмоқ на соз қувноқ ва хушрўй
Мовий ўлка сукути аро.
Йироқларда Боғдод. Бир замон
Шаҳризода яшаган диёр.
Ул санамга энди не даркор,
Хазон бўлмиш жаннат гулистон.
Ул шарпалар сингибди ерга,
Дев, парилар бўлмишдир тупроқ,
Бош эгма, эй сайёҳ, қабрга,
Арвоҳларга солмагин қулоқ.
Атрофга боқ, қанчалар барқут!
Дудоғингни тортар чечаклар.
Душманга ҳам дўстлик қўлин тут,
Ёруғ бўлсин кўнглим, десанг гар.
Ўйна, сендан не қолур ўлсанг,
Висол айлаб ишқ болига тўй,
Ўликларга сиғинмоқ бўлсанг,
Тирикларни ўз ҳолига қўй.
Шундай деган Шаҳризода ҳам,
Барглар айтар яна бир бора,
Бу дунёда армонсиз одам
Бечоралар ичра бечора.
* * *
Хуросонда бир дарвоза бор,
Остонаси гулга кўмилган.
Унда яшар бир парирухсор,
Хуросонда бир дарвоза бор,
Ҳайҳот, уни очолмадим ман.
Қўлларимда куч хам етарли,
Сочларимдан олтин ранг олган,
Асир этди мени ул пари,
Қўлда гарчи кучим етарли,
Ул эшикни очолмадим ман.
Мардлигим не ишқ майдонида.
Айтинг, кимга қилай шархи ғам?!
Севмас бўлса Шаҳи жонидан,
Ул эшикни очолмас бўлсам,
Мардлигим не ишқ майдонида?!
Яна тушди Русь сари йўлим,
Эрон, сендан кетгумми ҳали.
Нахот, сени боз кўрмас бўлдим?
Она-юртга меҳрим туфайли
Яна тушди Русь сари йўлим.
Хайр энди, хайр, паризод!
Дарвозангни очолмасам-да,
Ширин ғаминг бирла умрбод
Куйлаб ўтай сени ўлкамда.
Хайр энди, хайр, паризод!
* * *
Фирдавсийнинг мовий диёри,
Кўпни кўрган эй, кўҳна диёр!
Ўйчан нигоҳ, кўзи зангори
Ўрусингни унутма зинҳор!
Фирдавсийнинг мовий диёри.
Ажойибсан, гўзалсан, Эрон,
Лолаларинг бамисли чироқ,
Улар менга олис бепоён.
Бир ўлкани эслатар ҳарчоқ,
Ажойибсан, гўзалсан, Эрон.
Сипқорурман энг сўнгги бора
Шароб янглиғ мушкин бўйингни,
Жоним Шаҳи, дилбар куйингни
Айриларкан сендан, начора,
Тинглагайман энг сўнгги бора!
Куйинг мангу қалбимда қолар,
Сени асло унутмам, жонон!
Тоғлар ошиб, келиб саҳролар
Сен хақингда куйлайман достон,
Куйинг мангу қалбимда қолар.
Ғамларингдан қўрқмасман сира,
Фақат мени сақла ёдингда,
Русь ҳақида бир куй қолдирай!
Мени эсла куйлар онингда,
Қўшиқ бўлиб яшай ёнингда.
* * *
Шоир бўлмоқ — бу-ку тайин гап —
Ўз жонингни ўртамоқ фақат.
Ханжар уриб нозик танингга,
Ўзгаларга бахш этмоқ лаззат.
Шоир бўлмоқ — кенгликни куйлаш,
Сенга кўпроқ бўлсин деб ошкор.
Булбул кўнгли бўларми ҳеч ғаш —
У қилади бир куйни такрор?!
Ўзгаларнинг овози билан
Тўтиқуш ҳам бийрондир, аммо,
Куйла фақат ўз созинг билан,
Қурбақадек бўлса ҳам ҳатто.
Қуръонда ман этмиш Муҳаммад
Лаб урма деб ҳатто шаробга.
Шоир ичар шунинг-чун ҳам май
Ташлар экан ўзни азобга.
Шоир келиб ёри олдига
Ёт қўйнида кўрса уни гар,
Ўт солса-да алам қалбига,
Қиз кўксига урмайди ханжар.
Рашкда ёниб, кўнгилда туғён
Аста куйлаб ташлайди қадам:
“Майли, ўлай хору саргардон,
Тақдиримда бор экан бу ҳам”.
* * *
Бир жуфт оққуш — жонон қўллари
Шўнғир олтин сочларим аро.
Бу дунёда одамлар бари
Ишқни куйлар такрор ва такрор.
Куйлаганман мен ҳам бир маҳал,
Бугун яна такрорлар кўнгил,
Оташ сўзим боиси ўшал,
Нафис шеърим сабаби ҳам ул.
Жон-жонингга сингса муҳаббат
Қалб кўксингда олтин тош бўлур.
Бахш этолмай куйга ҳарорат
Теҳрон ойи кўкда фош бўлур.
Қандай яшай энди, билмайман,
Ё Шаҳи-ла кечсин тунларим.
Қариганда ё қилай армон
Ишқни куйлаб ўтган кунларим.
Ҳар кимда бир ўзгача эъзоз,
Ҳар кимда бор ўзгача ҳавас.
Гар Эроний куйлолмаса соз,
Билингки, у шерозлик эмас.
Мен ҳақимда айтинг, кимки бу
Куйим тинглаб мени сўрса гар.
У бундан ҳам соз куйларди-ю,
Хароб қилди ўшал оққушлар.
* * *
Нечук маъюс таратар зиё
Ой Хуросон чаманларига.
Русь бағрида кезаман гўё
Чўмиб оқшом туманларига.
Шундай дея, эй гўзал Лаълим,
Шамшодлардан айладим савол.
Бу сир бизга эмасдир маълум,
Деган каби боқди улар лол.
“Не учун ой маъюс сочар нур?”
Чечакларни тутдим сўроққа.
Улар деди: гулдан сўраб кўр
Саҳар пайти кирганда боққа.
Гул тебратди аста шохини,
Тилга кириб сўйлади гулбарг,
“Ўзга билан бўлди Шаҳина,
Ўпди бу кеч ўзгани дилбар”.
Деди ёринг: “Қайдан билар рус,
Қўшиқ унга ҳам тану ҳам жон”.
Шунинг учун ой боқар маъюс,
Шунинг учун юзида йўқ қон.
Не жафолар кўрмади олам,
Хиёнату кўз ёшдан хунлар.
Лекин, майли, ҳар на бўлса ҳам
Мўътабардир нафармон тунлар.
* * *
Талпинма кўп, девона кўнгил,
Барчамиздан юз ўгирмиш бахт.
Шафқат тилар гадолар фақат…
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Фусункор ой кийиб зар либос,
Шуъла тўкар каштанлар узра:
Қўйиб Лаълим сийнасига бош,
Пардасини тортаман юзга.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Биз барчамиз гўдакмиз бир оз,
Гоҳ кўзда ёш, гоҳ лабда кулгу,
Бўлмиш ушбу дунёда мерос
Барчамизга шодлик ва қайғу.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Кўрганман кўп элатларни мен,
Толе излаб кезганман жаҳон.
Юрагимнинг эзгу истагин
Энди ортиқ қидирмам сарсон.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Умидим бор ҳаётдан ҳали,
Тугамаган кўнглимда бардош,
Кел, бир нафас ором ол, қалбим,
Ухла қўйиб ёр кўксига бош,
Умидим бор ҳаётдан ҳали.
Зора тақдир бошимиз силаб,
Саодатга ёр этса бизни,
Толе булбул овози билан
Аллаласа пок севгимизни.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
* * *
Мовий ўлкам, қувноқ диёрим,
Қўшиқ учун бахшида борим.
Тингла, майин эсган шаббода,
Булбул гулни чорлайди боғда.
Куйга аста бош эгади гул,
Садо берар бу куйга кўнгил,
Тингла, майин эсган шаббода
Булбул гулни чорлайди боғда.
Сен гўдаксан хали, жонгинам,
Шоирман-ку, гўдакман мен хам.
Тингла, майин эсган шаббода,
Булбул гулни чорлайди боғда.
Кечир мени, азиз Ғолиям,
Йўлларингда гуллар кўп, санам.
Сенга эгар барчаси қомат,
Фақат бири айлар садоқат.
Шод бўлайлик, кел биз ҳам бу кун,
Шундай мовий ўлка бор учун.
Тингла, майин эсган шаббода,
Булбул гулни чорлайди боғда.
Мовий ўлкам, қувноқ диёрим,
Майли, куйга бахшида борим.
Ғолиям тинч ухлаган чоғда
Булбул гулга шеър ўқир боғда.
ҲАЁТ ЙЎЛИМ
Кемадек соҳилга
Келмоқда умрим,
Яна хотиралар
Чулғар ўйимни
Кел энди,
Оҳиста сўзлаб бер,
Шеърим,
Босиб ўтган ҳаёт йўлимни.
Тор кулба.
Ачимсиқ қорамой иси,
Кўҳна саждагоху
Липиллаган шам…
Қандай соз,
ўша илк болалик ҳисси
Юратамда яшар то шу дам.
Дераза остида
Аланга — қуюн.
Тўққиздаман.
Курси, кампир, оқ бароқ…
Кампир ғамгин куйлар
Далалар куйин
Ва эснар, э воҳ, деб
Чўқинар узоқ.
Рақс этарди қуюн
Қанотни кериб,
Мисли жинлар базми —
Қизир гижду банг.
Шунда империя
Қурбонлар бериб
Япон билан қилар эди жанг.
Шунда Россиянинг
Қора ишларин —
Билмасдим.
Билмасдим — недир жанг, ғаним…
Рязань дехқонлари
Дон эккан замин,
Қўнғир тупроқ эди
Менинг ватаним.
Мен фақат деҳқонлар
Сўзин эслайман.
Сўкиларди шоху
Шайтон баробар.
Аммо, ажаб йўқки,
Бунга жавобан
Жимгина куларди
Лиму ранг саҳар.
Ўшанда мен илк бор
Туздим қофия,
Ҳислар қуюнида
Айланди бошим.
Бир кириб қолдимми
Шеър гирдобига —
Бор дедиму унга
Бор кўнглим очдим.
Олис у йилларни
Эслайман аранг.
Бобом, ачитмагин,
Дерди, мияни.
Бекорчи ишни қўи,
Бордию ёзсанг,
Мана, сулини ёз,
Ёки бияни.
Мени асир этган
Сохир шеърият.
Хаёл осмонидан
Тушмай заминга,
Ўйлардим, бўлурман —
Машҳур, бадавлат,
Рязанда зўр ҳайкал
Қўйишар менга.
Ўн беш ёшда бир қиз
Жигардан урди,
Хаёл дарёсида
Сузардим мафтун.
Дер эдим, у гўзал,
Ҳурларнинг ҳури
Менга хотин бўлар
Вақт келиб бир кун.
Йиллар ўтди.
Йиллар юзга из солар,
Ўзгача кўрк берар,
Ўзгача зие.
Ўша хаёлпараст
Қишлоқи бола
Бугун пойтахтда —
Шоири якто!
Шоирлик дардига
Дучор бўлдиму
Юрт кезиб кўнгилга
Изладим таскин.
На висол шавқ берди,
На ҳижрон, қайғу,
Ҳаёт алдоқлари
Қуритди ашким.
Русь асли нимадир,
Англадим шунда,
Англадим, нимадир
Шаън ила шавкат.
Ҳорғин юрагимга
Кунда ва кунда
Оғу бўлиб томди
Битта уқубат.
Менинг шоирлигим
Бир пул ўзимга.
Менсиз ҳам шеърбознинг
Уруғи сероб.
Ўлсам ҳайкал қўйманг
Рязанда менга,
Хаста бу руҳимга
Солманг изтироб.
Россия… Подшолик…
Қандай бемаза!
Пасткаш китобларнинг
“Камтар” виқори!
Қабул эт, Москва,
Мана, бўлмаса,
Сенга яна битта
Дардкаш безори!
Кўрамиз!
Ким бўлур бу жангда. ғолиб,
Янгради қишлоқнинг
Шаън мадҳияси.
Нозик салонларни
Ларзага солиб
Шеърим билан кирди
Рязанъ бияси.
Ёқмайдими?
Майли.
Сиз-ку Лориган,
Ва гулларга меҳр
Қўйгансиз фақат,
Биласизми, ахир,
Ўша сиз еган —
Оқ нон ахир гўнгдан
Битган зироат…
Яна йиллар ўтди
Ўзга из солиб.
Таърифига ожиз
Шоирнинг гапи.
Юртда подшоликнинг
Ўрнини олди
Ишчилар синфининг
Ўлуғвор сафи.
Ўзга юртлар аро
Кезмоқдан ҳориб,
Яна қишлоғимга
Қайтдим, нетайин.
Яшил сочларини
Офтобга ёйиб
Менга пешвоз чиқди
Бир туп оқ қайин.
Нақадар ажойиб,
Нақадар сулув.
Бундоқ сийна бўлмас
Жононларда ҳам
Ана, аравага
Ортишиб сули
Менга томон келар
Бир неча одам.
Улар мени билмас,
Мен бир йўловчи,
Ана, кампир ўтди
Боқмай юзимга.
Бутун вужудимга
Оташ қаловчи
Аллақандай бир куч
Урди кўксимга.
Наҳотки у ўша!
Танимас наҳот!
Майли, ўтаверсин,
Билмасин, майли.
Бошдан ошиб ётар
Менсиз ҳам кулфат,
Кўзлар чуқур ботмиш
Ҳасрат туфайли.
Оқшомлар кепкамни
Бостириб қошга,
(Совуқ нигоҳимни
Кўрмасин деб эл)
Оҳиста бораман
Булоқ бошига,
Бўм-бўш далаларда
Сокин эсар ел.
Ёшлик ўтди. Энди —
Меҳнатга, демак,
Аммо демасманки,
У йиллар қайтсин.
Истагим, бу далли —
Девона юрак
Энди созу етук
Қўшиқлар айтсин.
Қувват багишласин
Яна кўнглимга
Янгича қишлоқнинг
Меҳригиёси.
Шуҳрат келтиргандай
Бир замон менга
Ҳов ўша қадрдон
Руснинг бияси.
* * *
Кел мени ўп, ўпа қол
Қонагунча то лабим,
Фақат шодлик ва висол
Бу ҳаётдан талабим.
Тўнкарилган қадаҳлар
Бизга эмас базм аро.
Бу дунёда яшарлар
Фақат бир бор, дилрабо!
Шом пардаси кўк, ҳарир,
Фалакка бир қил нигоҳ.
Сариқ қузғун мисоли
Чарх уради кўкда моҳ.
Ўпгин мени, ўп тезроқ,
Сўнаётир ҳаётим.
Ўша кўкда учган зоғ
Сезди менинг мамотим.
Ўлим асли ҳақ экан,
Майли, энди ўлайин,
Лек кўз юмиш олдидан
Лабларингга тўяйин.
То мангулик уйқуда
Янграб турсин ҳар нафас
Майин, тиниқ, осуда —
“Сеникиман” деган сас.
Доим тўла қадаҳлар
Сочиб турсинлар зиё…
Бу дунёда яшарлар
Фақат бир бор, дилрабо!
* * *
Энди қайтмам уйимга,
Мен элкезар девона.
Кўз тикибдир йўлимга
Кўм-кўк ўтлоқ ягона.
Унда мени соғинган
Фақатгина қичитқон,
Боши қуйи солинган
Чучмўмаи нафармон.
Ой тепамда юксакдир,
Шапка отсам етмайди.
Қўшиқ асли юракдир,
Туғилади — йитмайди.
Уйга умр сўнгида
Биз қайтамиз турфаҳол.
Вужуд титроқ қўйнида,
Ярим мурда, ярим шол.
Сенинг учун, эй одам,
Кўҳна мақол айтади:
“Ўлар чоғи итлар ҳам
Ўз уйига қайтади”.
Мен қайтаман уйимга,
Ўткинчи бир девона…
Кечалар кўл бўйида
Йиғлар ўтлоқ ягона.
СИНГЛИМГА ХАТ
Бизнинг Александр
Дельвиг хақида
Шеър ёзган, мадҳ этиб калла суягин.
Қандай ширин,
Қандай олис ақида,
Худди гулбоғ янглиғ кўнгилга яқин.
Салом сенга, синглим,
Салом, ассалом.
Қадрдон далалар саломат борми?
Айт, қалай парвариш қилмоқда бобом
Рязандаги бизнинг олучазорни?
Ўша олучазор,
Борми ёдингда?
Отам шўрлик тинмай қиларди меҳнат.
Бир парча еридан
Ҳосил олгунча
Омоч суриб қанча чекарди заҳмат.
Унга мақсад эди
Картошка олиш,
Биз боғ бўлса дердик,
Боғни кесишди.
Дилим ўртанганин
Айтсин хўл болиш,
Боғни кесишдию
Бағрим эзишди.
Ёдимдадир байрам,
ўша сўлим май,
Сабзалар безанган,
Гуллаган сирень,
Оппоқ қайинзорни
Қучоқлаб тинмай,
Шўх хандон майдан ҳам
Мастроқ эдим мен.
Оҳ, у оқ қайинлар,
Оппоқ қайинлар…
Қизлардек сарвиноз, сулув, хушқомат.
Севмаслиги мумкин уларни фақат —
Қувноқ навниҳолда кўрмаган самар.
Синглим!
Нақадар кам ҳаётда чин дўст,
Кўплардек менинг ҳам
Юрагимда доғ.
Агар нозик қалбинг
Толиққан бўлса,
Бунинг соз давоси —
Тинмоқ, унутмоқ.
Сенга ачинаман,
Ёлғиз қоларсан.
Мен эсам тайёрман
Дуэлга ҳатто.
“Бахтлидир жомини ичиб бўлмаган” .
Ва тинглаб бўлмаган найдан ҳам наво,
Ва лекин боғимиз…
Ўша боғ аро
Эрка болаларинг ўйнар кўкламда.
Улар ўйлаб қўйса қани бир бор, о
Далли девоналар
Ўтган оламда.
* * *
Тонг отади беозор ва жим,
Туман ичра бўзарар осмон.
Бугун яна сени эсладим,
Меҳрибоним, мунис онажон!
Аввалгидек яна, ҳойнаҳой,
Тепаликка чиқарсан ҳар тун.
Сув устида ҳалқиб турган ой
Тасвирига боқарсан маҳзун.
Қарайсану ўйга чўмарсан,
Ўртагувчи дард кўксинг аро,
Хаёлингда ўғлинг бемаскан,
Ватанини ўйламас асло.
Қабристонга борасан аста,
Тошга боқиб кўрасан кимни?
Хўрсинасан майин ва хаста,
Ўйлаб ака-сингилларимни.
Гарчи ўсдик безори, чапан,
Қизлар эса май гулисимон.
Лекин хира кўзларинг билан
Бунча ғамгин боқма, онажон!
Етар кулфат, етар ғам, алам,
Тушун ҳаёт алдоқларини.
Маъюс қолур ҳатто дарахт ҳам
Йўқотганда япроқларини.
Ноёблик бор қувончда, бахтда,
Висолдан кўп ҳаётда фироқ.
Чиригандан кўра дарахтда
Шамолларда ёнган яхшироқ.
* * *
Селдек тошар чумчуқ сурони,
Кеча ойдин, кеча мусаффо.
О, қандай соз, қандай дилрабо!
Кеча ойдин, кеча мусаффо,
Куйга кўмиб борлиқ дунёни,
Селдек тошар чумчуқ сурони.
Ой шуъласи мисли бир дарё,
Ургим келар унга кўкрагим.
Шундай тиниқ, мовийки ҳаво,
Сира тинчлик билмас юрагим.
Ой шуъласи мисли бир дарё,
Ургим келар унга кўкрагим.
Ёр, сенми бу? Адашдимми ё?
Ширин лабинг дардимга даво.
Ширин лабинг бўлса бир чашма,
Дилбар, кўнглим бўсангга ташна.
Ёр, сенми бу? Адашмадимми е?
Гул бўлдими қаршимда пайдо?
Тақдиримда, билмайман, не бор.
Дилим ўртаб, бир лаҳза тинмай,
Қайлардадир йиғлар хаста най.
Мен-чи, боқиб нилуфарга, ёр —
Сийнасини қилурман хаёл…
Қайлардадир йиғлар хаста най,
Тақдиримда, билмайман, не бор…
* * *
Синглим Шурага
Бу дунёда мен бир йўловчи,
Шодон менга қўл силки, эркам.
Худди шундай тинч, эркаловчи
Зиё тўкар куз фасли ой ҳам.
Исинурман ойнинг тафтига,
Илк бор уядан ором олар жон.
Аллақачон сўнган севгига
Умид боғлаб яшайман ҳамон.
Бунга боис — шу маконимиз,
Шу ер — оппоқ, шўр манглай турбат,
Қайлардадир топталган номус,
Кимларгадир қадрдон ғурбат.
Яширмайман, ҳар ким ҳам билар:
Бошқа-бошқа эмас, жон синглим,
Иккимиз ҳам бир севги билан
Шу ватанга қўйганмиз кўнгил.
* * *
Лабларингни бурма, менга қилма таманно,
Ўзгададур менинг кўнглим, сендамас асло.
Атай сенинг деразангга эгилганим йўқ,
Сени излаб келганим йўқ, тикилганим йўқ.
Зор эмасман сенга, фақат бу оқшом бехос
Ўта туриб боққим келди дарчангдан, холос
* * *
Далалар оқ кийган, оқарган ой ҳам,
Кафанга ўралиб ётибди ўлкам.
Ўрмонларда йиғлар оқ қайинлар жим,
Бу ерда ким ўлган? Балки мен ўзим?..
* * *
Шоир, тун қўйнидан нима изладинг,
Чиқдингми ойга шеър битмоқ ўйида!
Кўпдан хира тортмиш менинг кўзларим
Муҳаббат, картаю шароб кўйида.
Кўк узра сузади сокин оймома,
Шунчалар ойдинки, тинади нигоҳ,
Мен топпон хотинга тиккандим, аммо
Шўримга туз қарға чиқибди, э воҳ!
* * *
Боқма менга бунча ғазабкор,
Сени ёмон кўрмасман асло.
Билъакс, сенинг нозли, беозор
Нигоҳингга бўлганман шайдо.
Кўрсатмоқчи бўларсан ўзинг —
Бир маъсума, ҳеч йўқ гуноҳи.
Юмиб ётиб тулки ҳам кўзин
Қузғунларни овлайди гоҳи.
Кел, овлайвер, барибир менга,
Эрта совиб қрлма ҳар қалай.
Балки, музлаб бўлган кўнглимга
Қўл чўзганлар умримда талай.
Ҳа, севаман, сенимас аммо,
Сен — акс-садо, соясан фақат.
Доим сенинг чеҳрангда пайдо
Мовий кўзли мен севган талъат.
У кўринмас маъсума бўлиб,
У ҳаттоки бир оз совуқроқ.
Лек улуғвор хироми ила
Солиб қўяр қалбимга титроқ.
Қани, уни унутсам бир дам,
Интилмасам бир лаҳза, қани…
Сен-чи, ҳатто ғазаб чоғи ҳам
Ташламассан ёлғон ишвани.
Сени севмам, лек нетай, э воҳ,
Очадирман бағрим умрбод.
Бўлмасайди жаннат ва дўзах,
Ўйлаб топар эди одамзод.
* * *
Хайр энди, хайр дўстгинам,
Бағримдасан, кўнгил малҳами.
Муқаррар бу айрилиқнинг ҳам
Висоли бор олдинда ҳали.
Хайр, дўстим, сўзга очма лаб,
Қўй, мен учун ўртама бағир,
Бу ҳаётда ўлмоқ-ку бор гап,
Яшамоқ ҳам янгимас, ахир!
Эркин Воҳидов таржимаси
* * *
Қиш куйлайди увиллаб,
Мудрайди пахмоқ ўрмон
Қарағай куйин қутлаб.
Қайғудан ҳар ён тўзиб,
Олис юртларга сузиб –
Борар қорли булутлар.
Ҳовли узра изғирин
Ёяр ипак гиламин.
Совуқдан диллар зада.
Ўйинқароқ чумчуқлар –
Мисли етим жужуқлар,
Ёпишар деразага.
Шўрлик қушчалар титраб,
Оч ва ҳорғин дилдираб.
Маҳкамроқ суқилишар.
Бўрон эса қутуриб,
Даричаларни уриб,
Баттар ғазаби тошар.
Нозик қушчалар эса,
Қор-қуюн ичра музтар,
Ойна остида мудрар.
Улар тушига кирар –
Кундек кулгулари зар,
Ажиб ва гўзал баҳор!
(1910)
ТУН
Толиққан кун тиз чўкди тунга,
Тинди шовқин мавжи бирпасда.
Қуёш ботди ва борлиқ узра
Сузиб чиқди ўйчан ой аста.
Водий тинглаб сокин тин олар,
Жилғаларнинг шилдирашидан.
Қалин ўрмон бош эгиб мудрар,
Хушхон булбул чулдирашидан.
Қўшиқ тинглаб, ўз қирғоғига
Эркаланиб шивирлар дарё.
Сув тубидан, шўх қамишлардан –
Таралади бир дилбар наво.
(1910–1912)
* * *
Қоронғу тун, ухлолмай
Чиқдим дарё бўйига.
Камарин ечар чақмоқ
Кўпирган сув рўйига.
Дўнгликда қайин – бир шам,
Кумуш безар ой тиғин.
Чиққил, жонгинам сен ҳам,
Тингла гусляр қўшиғин!
Севиб қолдим, бир кўриб
Сулув қиз, жамолингни.
Рақс этиб, олиб отгум –
Бошдан тўр рўмолингни.
Сени қуюқ ўрмонда
Майин тунда, рости гап.
Тонггача олиб қочгум
Қияликлар остига.
(1911)
ҚЎШИҚҚА ЎХШАТМА
Сен отингни етаклаб, суғординг ҳовузчадан,
Чайқалар сувда нозли қайинлар – кумушбадан.
Деразадан қарадинг бошингда мовий рўмол,
Жингалак сочларингни илондек аврар шамол.
Кўпикли сув оқимин жилосин топгим келар,
Сенинг ол лабларингдан сипқориб ўпгим келар.
Аммо менга сен нозли кулгуларингни сочиб,
Сувлиғин жиринглатиб, от миниб кетдинг қочиб.
Узди вақт тиғи охир ёруғ кунлар ипини…
Дафн этмоқчи бўлдилар дарча ёнига сени.
Жанозангда янграган оҳ-фарёду йиғилар,
Юрагимдан отилган бир оҳ бўлиб туюлар.
(1910)
* * *
Дарё қўлтиғи узра шўх қамишлар шовуллар,
Соҳилда малика – қиз нечундир юм-юм йиғлар.
Тахмин қилар гўзал қиз, ғамлар оқиб қалбидан,
Парчаланар гулчамбар тўлқинларнинг зарбидан.
Оҳ, баҳорда турмушга чиқма эди, – деб, қизжон!
Қўрқитар ўрмон ирим-сиримлари-ла бу он.
Оқ қайиннинг пўстлоғин кемиришиб, еб чунон,
Қизнинг ҳовлисидаги сичқонлар қолгай омон.
Отлар уришар, шаҳд-ла силкиб ёл-кокилларин,
О, тим қаро сочларни ёқтирмас уй жинлари.
Ўрмондан элас-элас ладаннинг ҳиди келар,
Шамол қўнғироқлари мотам қўшиғин куйлар.
Қирғоқ бўйлаб борар жим қайғули қиз – гулбадан,
Майин кўпик тўлқинлар тўқишар унга кафан.
(1914)
* * *
Оқ сиренлар қор-ла тўкилар,
Гул ва шудринг узра сабзалар.
Новдаларни чўқиб далада
Куймаланиб юрар қарғалар.
Майин ўтлар эгилиб, анқир –
Қарағайнинг қатронли ҳиди.
Эй, сиз ўтлоқ, эманзор боғлар,
Ақлим олмиш кўклам умиди!
Қувонтирар сирли муждалар,
Ёришади қалбим шунчалар,
Мен қаллиғим ҳақда ўйлайман,
Ўйлайману қўшиқ куйлайман.
Оқ шумурт, сен тўкил қор билан,
Қушлар, куйланг ўрмон узра кенг!
Қор қоплаган далалар бўйлаб,
Қўшиқ ила гул улашгум мен.
(1910)
* * *
Она юртим!
Қалбим қароғи,
Қуёш ўйнар шўх сойларингда.
Ғойиб бўлиб кетгим келади
Жаранг созли ўтлоқларингда.
Разеда ва жавдар бўтқасин
Ҳидин ҳар ён сочар шамоллар.
Жиринглатар қўнғироқчасин
Пакана бўй роҳиба – толлар.
Ботқоқ чекар булутни пуфлаб,
Қурум босмиш осмон гардишин.
Хаёлларим дилга сир айлаб,
Яширмишман билмам ким учун…
Учрашаман ҳануз, соз менга –
Жону дилдан қувонмай нечун?!
Келгандирман мен бу заминга,
Уни тезроқ тарк этмоқ учун.
* * *
Куйлаб борар ёғоч арава,
Дўнглигу буталар югурар.
Йўлда яна ибодатхона
Ва ёдгорлик хочлари турар.
Сулизордан эсганда шамол
Оғрир соғинч дардидан дилим.
Қўнғироқлар чалингани он
Беихтиёр чўқинар қўлим.
О, Рус – малиназор далалар,
Ва дарёга йиқилган осмон.
Суйгум қувонч, қайғуларим-ла
Кўлларингни соғиниб ҳар он.
Ўлчаб бўлмас совуқ қайғунгни,
Сен туманли қирғоқлардасан.
Аммо сени севмай яшашни
Мен ўргана олмагум, билсанг…
Чорлаганда қадрдон чўллар
Дуогўй гул-гиёҳлари-ла.
Бу туйғуни ҳеч кимга бермам,
Ва айрилмам мен ундан сира.
(1916)
* * *
Рябиналар қизариб,
Сувлар мовий тус олди.
Ой – маъюс отлиқ шошиб
Яна тизгинсиз қолди.
Сузиб чиқди боғлардан
Кўк оққушлар галаси.
Сочиб қанотларидан
Мўъжиза силсиласин.
Ўлкам менинг, жон ўлкам,
Абад мунгли, заҳматкаш!
Тол остида Волгадай –
Бошинг эгикдир яккаш.
Тур энди, шифо келди,
Спас2 айёминг кезар!
Оққушларнинг қўшиғи
Камалак кўзин безар.
Кунботар қурбонликка
Гўё бор айбин ювар.
Муздек эсган еллардан
Намчил қор ҳиди келар.
Лек титроқларинг дилда
Илиқдан илиқдир-ей!
Ёмғирда сени эслаб,
Бу мен – Есенин Сергей.
(1916)
* * *
Қайдасан, қайдасан, ота уй,
Елкамга илк офтоб теккан жой.
Эй, менинг мовий гул, гулбоғим,
Ҳеч тенги йўқ азиз тупроғим,
Қайдасан, қайдасан, ота уй?
Дарё ортда қичқирар хўроз,
Бунда чўпон қўрир подасин.
Сув юзида шуълавор акси –
Учта олис юлдуз шодасин.
Дарё ортда қичқирар хўроз.
Қанотли бир тегирмондир вақт,
Ой капгирин туширар пастлаб,
Қишлоқ орти, ғаллазор узра
Шаффоф ёмғир қуяр соатлаб.
Қанотли бир тегирмондир вақт.
Бу ёмғир бор ўқларин йўллаб,
Булутлар-ла кулбамни ўраб,
Мовий гулим узиб отгайдир,
Олтин тупроғимни топтайдир,
Бу ёмғир бор ўқларин йўллаб.
(1917)
* * *
Илк қор бўйлаб кезинаман жим,
Қалбда ишқнинг марваридгули.
Мовий тунда юлдузлар сим-сим,
Шуъла сочиб ёритгай йўлим.
Нурмикан бу ва ёки рўё?
Куйлаётган шамолми, қушлар?
Далаларга қиш эмас, гўё
Галалашиб қўнган оққушлар.
Бунча яхши қорли кенгликлар
Муз ел қиздиргайдир танимни!
Ва бағримга босгим келади
Оқ қайиннинг кўкракларини.
О, ўрмоннинг мудроқ этаги,
Қорли қирлар, сиз бунча шўх-шаън?!
Энтикканча қучгим келади
Ёғочбадан толлар белидан.
(1917)
* * *
Синглим Шурага
Сендай сулув қиз йўқ дунёда,
Фақат буни қалбга яширдим.
Менинг яхши аламим шулки,
Сенда такрорланар ёшлигим.
Бўтакўзгул, гўзал сўзимсан,
Сени суйиб ўтгум умрбод.
Не хабар бор сигиримиздан,
Сомон кавшаб юрганмикан шод?
Бир куйлаб бер, менга, азизам,
Ором олай гўдакдек мудраб.
Ёниб кетмабмикан рябина –
Оқ гул сочиб ҳовлимиз узра?..
Недан куйлар бечора онам,
Мен қишлоқни буткул тарк этдим.
Билганим шу – совуқ бўронлар
Бизни баргдай учириб кетди.
Биламанки, сен ва мен бирга,
Бирга қувонч-ғамларимиз ҳам.
Бахтсиз келин ҳақда итимиз
Дарвозада увиллар бу дам.
Лек,барибир, қайтмоқ шарт эмас,
Ҳали фурсат бўлган йўқ, жоним.
Меҳрим, қайғум, қувончимдир, бас,
Сенинг рязанча рўмолинг!
(1925)
Рус тилидан Зикрилла Неъмат таржимаси