Иван Тургенев (1818-1993)

Тургенев Иван Сергеевич [1818.28.10 (9.11), Орёл — 1883.22.8 (3.9), Париж яқинидаги Буживал қишлоғи; Санкт-Петербургдаги Волково қабристонига дафн этилган] — рус ёзувчиси.
Петербург университетининг фалсафа факултетини тугатган (1837). Тургеневнинг дастлабки романтик шеърлари ва «Стено» драматик достони (1834) талабалик йилларида ёзилган. Тургенев Петербургдаги ўқишни тугатгач, Берлинга бориб (1838), фалсафа ва классик филология бўйича маърузалар тинглаган. 1841 йил Москвага қайтиб келган, Н.В.Гоголь, С.Т.Аксаков сингари ёзувчилар билан танишиб, бадиий ижод билан шуғуллана бошлаган. Тургеневнинг шу кезларда ёзган «Параша» достони (1843) ёш ёзувчининг романтизмдан узоқлашиб, оддий халқ ҳаётига яқинлашганидан дарак беради.
Тургенев 1844 йилда «Андрей Колосов» қиссасини, кейинроқ крепостнойлик хулқ-атворини тасвирловчи «Помешчик» достони (1846), «ғайритабиий» ҳисобланган кишининг қипқизил худбин эканлигини фош этувчи «Уч сурат» (1846) ва «Бретер» (1847), шунингдек, гоголона ҳажвий руҳ билан йўғрилган «Петушков» (1848) қиссаларини эълон қилган. Тургенев 1847 йилдан бошлаб Парижда яшайди. Шу йили «Современник» («Замондош») журналида чоп этила бошлаган «Овчининг мактублари» асари билан Тургенев ижодида янги давр бошланган. Тургенев туркум ҳикоялардан иборат бу асарида рус деҳқонларига хос эзгу ва олижаноб фазилатларни тасвирлаган. У тасвир этилаётган қаҳрамон ёки воқеанинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда маиший очерк, ҳикоя, психологик новелла, лирик этюд сингари насрий жанр шаклларидан унумли фойдаланган. Тургенев айни пайтда драматургия жанрларида ҳам калам тебратиб, «Сармоясизлик» (1846), «Йўлбошловчининг нонуштаси» (1849 йилда саҳналаштирилган) бир пардали ҳажвий пьесаларини, «Бўйдоқ» комедияси (1849), «Текинхўр» маиший драмаси (1849) ва «Қишлоқда бир ой» лиро-психологик драмаси (1850) ни ёзган. Шундан сўнг «Муму» (1855), «Ортиқча кишининг кундалиги» (1850), «Яков Пасинков», «Карвонсарой» (1855) ва «Ёзишма» (1856) сингари қиссаларини яратган. 1852 йил «Икки авлод» романи устида иш олиб борган, аммо асар ниҳоясига етмаган. Россияга қайтгач (1850), Спасск-Луговиново қишлоғида яшаб, энг яхши асарларидан бири — «Рудин» романи(1856) ни ёзиб тугатган. Ушбу романда Гегель фалсафасига маҳлиё бўлган дворян зиёлиларининг 30—40-йилларда рус жамиятининг маънавий ҳаётида тутган ўрни бадиий таҳлил этилган.
50-йилларнинг ўрталарида ёзилган «Фауст» (1856) ва «Полесье сафари» (1857) қиссалари Тургеневнинг «Дворянлар уяси» романи (1859) нинг майдонга келишида этюд вазифасини бажарган. Тургенев бу асарида Пётр I дан кейинги дворянлар Россиясидаги тарихий тараққиётнинг турли даврларига назар ташлаган ва Лаврецкийлар сулоласи тарихи мисолида авлодларнинг алмашиниш жараёнини кузатган. Шахсий бахт ва бурч ўртасидаги зиддиятлар асарнинг маънавий коллизияси сифатида тасвирлаган. «Дворянлар уяси» Тургенев ижодининг баркамол намуналаридан бири бўлиб, унда 2 ой ичида бўлиб ўтган воқеалар Тургеневга хос катта маҳорат билан акс эттирилган.
Тургенев «Рудин» ва «Дворянлар уяси» романлари билан рус реализмининг машхур намояндаларидан бири сифатида шуҳрат қозонган. У 60-йилларнинг бошларида, аввалги романларидан фарқли ўлароқ, «Арафа» (1860) да замонавий мавзуга мурожаат этган ва рус жамиятида бошланган руҳий уйғониш жараёнини бадиий кузатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тургенев «Оталар ва болалар» романи (1862)да бу ғояни янада ривожлантирган. Бош қаҳрамон Базаров образида ДМ.Писаревга хос хурфикрлилик ва янгилик сари интилиш каби фазилатларни мужассамлантирган. Мазкур асар рус жамиятида илгор синф ҳисобланиб келинган дворянлар синфига қарши қаратилган. Базаров жамиятни шунчаки ислоҳ этиш эмас, балки шу чирий бошлаган жамият пойдеворини тагтуги билан бузиш ва янгисини барпо этиш тарафдоридир. Тургенев Базаровдаги ана шу нигилизм (барча нарсаларни инкор этиш)ни тасвирлаш орқали рус инқилобчилигига хос салбий жиҳатларни, биринчи навбатда, тарихий жараён қонуниятлари билан ҳисоблашмасликни Октябрь тунтаришидан 55 йил муқаддам башорат қилган. «Оталар ва болалар» романи рус адабиётшунослигида Тургенев ижодининг чўққиси сифатида талқин этилади. Мазкур асарда рус воқелиги, Тургенев нинг бошқа асарларига қараганда, айниқса, кенг қамраб олинган.
1861 йилда креспостнойлик ислоҳотининг ўтказилиши рус жамиятини иккига ажратиб юборди. Чор генераллари ва аристократларидан иборат дворянлар гуруҳи ислоҳотга қарши чиқиб, эски крепостнойлик тартибларининг тикланишини орзу қилди. Тургенев «Тутун» романи (1867)да зодагонлар муҳитида авж олган ана шу аксилҳаракатни асарга мавзу қилиб олган.
Тургенев ҳаётининг сўнгги 20 йили хорижда ўтган: дастлаб Баден-Баденда, сўнгра Парижда яшаган. У шу даврда машҳур француз ёзувчилари ва санъаткорлари билан яқин ижодий алоқада бўлиб, ҳатто 1878 йилда Парижда ўтказилган халқаро ёзувчилар анжуманига В. Гюго билан бирга раҳбарлик қилган. 60-йилларнинг 2-ярми — 70-йилларда Тургенев «Бригадир» (1868), «Чўл қироли Лир» (1870), «Баҳор тошқинлари» (1871) сингари қиссаларини, «Қўриқ» (1877) романи ва бошқа бир қанча асарларини ёзган. (Наим Каримов)

БАҲОР ОҚШОМИ

Ҳордиқ ёзган замннни қучиб,
Сайр этади олтин булутлар;
Муздеккина шабнамни ичиб,
Жимирлайди далада ўтлар;

Сой чулдирар. Олисда эса,
Портлаб кетар момақалдироқ;
Ел қуш каби қанот силкиса,
Қучар терак баргларин титроқ.

Азим ўрмон сукутда эрнр,
Сукут сақлар тнм қора ўрмон.
Бошланади гоҳида шивир,
Япроқларга кирган каби жон.

Шафақ узра титрар бир юлдуз,
Муҳаббатнинг дилбар юлдузи;
Болалигим ҳокимдай ҳануз,
Қалбда йўқдир ҳатто дард изи.

* * *

Нега яна аламли ашъор
Хаёлимда кезар уззукун,
Нечун мени айлади бедор
Ернинг оташ нидоси? Нечун?

Ахир, унинг кўнглига мангу
Ишқ дардини солган мен эмас…
Ахир, менга аталмаган-ку,
Ер кўксидан сирқиб чиққан сас.

У ҳолда, қалб не учун бўзлаб
Ёр васлига ошиқар бу он,
Олис-олис соҳилни кўзлаб
Тўлғанувчи тўлқинларсимон?

ВАРИАЦИЯЛАР

1

Кўзларимга ноз ила
Ташлаганингда нигоҳ,
Мен зўр эҳтнрос ила
Киприкларинг ўпган чоғ;
Бошингни ибо билан
Кўксимга қўйганингда,
Завқ билан, сафо билан
Ҳуснннгга тўйганимда;
Кўкдан ой қилиб таъзим
Кутаркан бизни боғда,
Нафасингга нафасим
Уланиб кетган чоғда;
Тушгач ўртага ҳижрон,
Видолашиб, эй гўзал;
Оташ қўлингни бир он
Лабга босганим маҳал,—
Нафрат аталган оғу
Қоришиб пок ҳиссимга,
Севги поймол бўлмоғи
Келганмиди эсимга?

II

Ўтди-кетди хуш онлар оқиб!
Ортда қолди беором ўрмон!
Бир вақт мовий кўзингга боқиб,
Завқ эмардим бесас, беармон.
Қалб кўксимда депсиниб хуррам,
Томиримда олов кезарди
Ва гулларга бурканиб олам,
Муҳаббатнм ғунча ёзарди.
Кўклам эди, фусункор кўклам!
Чулдурарди жўшиб ирмоқлар,
Ҳатто ўрмон бағрида бу дам
Нур қуш каби сакраб ўйноқлар!
Анҳорларнннг бағри кенг ғоят!
Яироқларни қучмиш ҳаяжон!
Булут кўкда қиларди роҳат!
Ссн табассум қилардинг, жонон!
Унутгандим буткул жаҳонни!
Боқар эдим борлиққа ювош!
Эркаларди табиат жонни!
Шаффоф эди кўзимдаги ёш!
Ўша дамни эсласак, ёҳу,
Лабга қўнар энди истеҳзо.
Бемаъни туш кўргандай ёхуд
Бачкана шеър ўқиганнамо.

III

(ЙЎЛДА)

Тонг туман қўйнида ётар бемажол,
Ётар қор остида ғамгин дала, қир,
Ўтмишга судрайди кишини хаёл,
Хаёлдан ўтади танишлар бир-бир.

Кимнингдир ўғринча отган нигоҳин,
Оташин ваъзларни эслайман дарҳол,
Хаёл кўзгусида жонланар ёрқин
Биринчи учрашув, охирги висол.

Ғилдирак шиғиллаб бораркан енгил,
Бепоён осмонга тикилсанг маъсум,
Қадрдон ўтмишда эрийди кўнгил,
Лабингда эрийди ажиб табассум.

ҚИЗ ЎҒИРЛАШ

Отим кишнаб, ер тепинар…
Қулоқ солсам отимга,
Шаҳло кўзли, нозик дилбар
Тушди бирдан ёдимга.
Ёрим эди бир замон у!..
Уйқу қочди… Тун қоронғу…
Қўзғаламан — ҳайқираман:
«Эгарлансин учқур саман!
Сайр айлагим келаётир,
Снз дам олинг бехавотир»,

Булут ўйнар ойни тўсиб,
Тун мудрар ер юзида. —
Соям чопар мендан ўзиб,
Момиқ майса устида.

Азим ўрмон уйқуга маст,
Бирор япроқ қимир этмас….
Елни босиб ёноғимга,
Чўқинаман илоҳимга.
Сўнг хиргойи қилсам хушҳол,
Хуш онларга учар хаёл.

Мана, етдим уйига ҳам,
Деразасин чертаман…
«Сенми, жоним?»—«Тур, жонгинам,
Изинг кўзга суртаман.
Рози бўлсанг, айтгин, дилдор,
Олиб кетай, уйим тайёр;
Чор атрофни қучмиш туман,
Кутар бизни учқур саман;
Битта кулиб, битта йиғлаб,
Қочворамиз — маъқулми гап?»

Ғижирлади аста эшик…
«Оҳ, азизим, келдингми!
Орамизга ёлғон-яшиқ
Ғов бўлганин билдингми?
Гуноҳим йўҳ. Покман, ахир»…
«Майли. Кўрдим. Шунга шукур;
Пок бўлсанг ҳам, пўк бўлсанг ҳам,
Менга ҳаром сенсиз олам…
Унутмоққа этгач қарор,
На чораки, келдим такрор».

Қиз гул каби яшнаб кетди!..
Йўлга тушдик бир зумда…
Эҳтирос-ла ёнар эди
Азиз боши кўксимда!

Авайлардим уни сергак —
Жўшар юрак, тошар юрак…
Борлиқ сокин, ухлар жаҳон,
Елар отим қўра томон;
Барно очиб кўнгил сирин,
Шивирларди елдай ширин:

«Ота-онам қарғаб мени,
Эрга бермоқ бўлишди .
Оғаларим тергаб мени,
Бағримни доғ қилишди.
Сени кутдим кеча-кундуз!
Куёв эса… Ўлсин ёвуз,
Силаб оппоқ мўйловини,
Ёнгинамга келиб, мени
Бир ўпишин қилсам хаёл,
Қочар эди танда мажол»…

Ёр кипригин ўпиб хуррам,
Дейман силаб кафтини;
«Унут бўлсин энди алам,
Унут куёв афтини!
Отанг қолмас қарздор бўлиб…
Қўлларимга шамшир олиб,
Куёв бошин шартта узсам,
Топталажак мўйлови ҳам!
Ҳей, қоровул, уйғон, гаранг!
Эшикни оч, келди беканг».

ГУЛ

Ёт ўлкада ёқанг бўлиб нам,
Майсазорлар кезганинг маҳал
Одмигина жайдари гул ҳам
Кўрингандир кўзингга гўзал?

У ҳам ёлғиз. Кутарди сени
Шабнам босган алафлар аро.
Илк атрини, шаффоф исини
Бир ўзингга асрарди гўё.

Жудо этиб танидан уни,
Табассум-ла разм соласан
Ва ёқангга жувонмарг гулни
Астагина тақиб оласан.

Сўнг чиқасан чанг йўлга яна;
Далаларнинг нафаси — олов,
Офтоб қайнар мисли пўртана
Қовжиратиб гулни беаёв.

Тонг ёмғирин сутдек шимириб,
Салқинларда ўсган у барно
Саратоннинг қаҳридан қуриб,
Йўл чангида бўлади адо.

Афсус нечун? Чекма ҳеч фиғон!
Чунки, у гул юрагинг билан
Бир онгина туриб ёнма-ён,
Сўнг ўлгани яралган экан.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси

СОЧМАЛАР

ШАРҚ АФСОНАСИ

Олиҳиммат, донишманд Жаъфарни Боғдодда ким танимайди?
Бундан кўп йил муқаддам, Жаъфар ўсмир чоғида кунлардан бир куни Боғдоднинг чеккасида ўйнаб юрган экан.

Туйқусдан қулоғига бўғиқ қичқириқ эшитилибди: аллаким жон аччиғида ёрдамга чақираркан.
Жаъфар ақл ва фаросат жиҳатидан тенгқурларидан ажралиб тураркан, шунингдек, у раҳмдил экан, ўз кучига ҳам ишонаркан.

У товуш келган томонга югуриб борса, икки қароқчи мункиллаган бир мўйсафидни деворга тираб, тўнаётган эмиш.
Жаъфар шартта қиличини суғуриб, қароқчиларга ташланибди, бирини ўлдирибди, бошқасини қувиб юборибди.

Қароқчилар чангалидан қутулган мўйсафид ўз халоскорининг оёғига йиқилиб, унинг этагидан ўпиб, шундай дебди:

– Эй довюрак йигит, сенинг раҳму шафқатинг ерда қолмайди. Сени тақдирлайман. Мен фақат кўринишдан ночор, аянчли тиланчига ўхшайман. Лекин мен оддий одам эмасман. Эртага азонда катта бозорга кел, сени ҳовуз ёнида кутиб тураман. Ўшанда гапларимнинг чинлигига иқрор бўласан.

Жаъфар: «Ҳақиқатан ҳам кўринишидан тиланчига ўхшайди, лекин дунёда нималар бўлмайди. Кел, мендан нима кетди, бир синаб кўрай», деган гапни кўнглидан ўтказибди-да:
– Жоним билан, ота, бораман,— дебди.

Мўйсафид унинг кўзига тикилиб қарабди-да, жўнаб кетибди.

Эртасига Жаъфар тонг отар-отмас бозорга қараб йўл олибди. Мўйсафид ҳовузнинг мармар четига тирсагини қўйганча уни кутиб турган экан.

У чурқ этмай Жаъфарни етаклаб, чор атрофи баланд деворлар бнлан ўралган мўъжазгина бир боққа олиб келибди.

Боғнинг ўртасида, ям-яшил кўкаламзорда ғаройиб бир дарахт ўсиб турганмиш.
Туси сарвга ўхшаса-да, барглари бинафшаранг эмиш.
Тепага қайрилган ннгичка навдаларда учта олма осилиб турганмиш.
Ғир этган шабада бўлмаса ҳамки, дарахт барглари оҳиста шитирлармнш. Гўё у Жаъфарнинг яқинлашаётганини сезгандай, ойна янглиғ нолон зириллармиш.

— Эй йигит!— дебди мўйсафид.— Шу олмалардан истаганингни уз, лекин қулоғингда бўлсин: оқини узиб есанг, ҳаммадан ақлли бўласан, қизилини есанг, яҳудий Ротшилддек бойиб кетасан, сариғини есанг, жамики кекса аёлларга ёқасан. Танла!.. Бўла қол, нмиллама. Бир соатдан кейин олмалар сўлиб қолади, дарахт эса ер қаърига кириб кетади.

Жаъфар бошннн қуйи солиб, ўйга толибди.
Ўзига маслаҳат солгандек паст товушда:
— Нима қилсамикин-а?—дебди.— Ҳаддан ортиқ ақлли бўлиб кетсанг, дунёда яшагинг келмайди, ҳаммадан бойиб кетсанг, ҳасадгўйларинг кўпаяди, яхшиси, буришган учинчи олмани узиб ейман!

У айтганини қилибди, мўйсафид тишсиз огзини очиб кулиб юборнбди ва шундай дебди:
— Э, ақли расо йигит! Сен энг мувофиғини танладинг! Сенга оқ олманинг нима кераги бор? Шундоғам Сулаймон пайғамбардан ақллисан. Қизил олманинг ҳам сенга зарурати йўқ. Бусиз ҳам бою бадавлат бўласан. Бироқ сенинг давлатингга ҳеч ким ҳасад қилмайди.

Жаъфар эс-ҳушини йиғиб олибди-да:
— Сиздан бир илтимосим бор, ота. Менга худонинг паноҳидаги халифанинг муҳтарама онаси турадиган жойдан хабар бсрсангиз,— дебди.
Мўйсафид икки букилиб таъзим қилибди ва йигитга йўлни кўрсатибди.

Олиҳиммат, саховатпеша, довруғи оламни тутган Жаъфарни Боғдодда ким танимайди?

1878, апрель

БАХТЛИ КИМСА

Пойтахт кўчасидан бнр йигит ўйноқлаб чопиб бормоқда. У қушдек енгнл ҳаракат қиларди. Кўзлари порларди, оғзининг таноби қочган, башараси ҳузурдан ол рангга кирган… Унинг бутун туриш-турмушида мамнунлик ва шод-хуррамлик бор.

Нега бунчалик хурсанд? Мерос тегдимикин? Ё бўлмаса амали ошдимикин? Ёхуд севгани билан учрашишга ошиқяптимикин? Балки у мириқиб нонушта қилгандир ва кучи танасига сиғмаётгандир? Ёки Польша қироли Станислав ўз қўли билан унинг бўйнига бежирим бут осиб қўйднмикин?

Йўқ! У бир танишн тўғрисида иғво тўқиб, тинмасдан уни ёйиб юрди, ниҳоят, ўзи тўқиган бўҳтонни бошқа бир таниши оғзидан эшитиб, бунга ўзиям чиппа-чнн ишонди.

Оҳ, шу дамда одам бўладиган сиёқи бор бу йигит қанчалар мамнун, қанчалар дилкаш-а!

1878, феараль

САДАҚА

Кўчадан кетаётган эдим, мени шарти кетнб парти қолган, жулдур-жулдур кийим кийган бир гадой тўхтатди.

Кўзлари қизарган, ҳадеб ёшланади, лаблари гезарган, ҳамма ёғини яра-чақа босган… Э-воҳ, бу шўринг қурғурни қашшоқлик қанчалар абгор қипти-я!

Менга у қип-қизил, шишган, кир-чир қўлини чўзди… У оҳ чекар, садақа сўраб илтижо қиларди.

Мен апил-тапил чўнтакларимни ковлаштирдим… На ҳамён, на соат ва на рўмолча бор… Уйдан ҳеч нима олмай чиқаверган эканман.
Гадой эса тама билан мўлтирар, чўзиб турган қўллари эса титрарди.

Мен нима қиларимни билмай, ўсал бўлиб, унинг кир ва қалтироқ қўлини қаттиқ қисдим… «Айбга буюрма, ошна, ёнимда ҳеч вақо йўқ».

Гадой менга қизарган кўзларини тикди: гезарган лаблари кулгига мойил очилди ва ўз навбатида менинг муздек бармоқларимни қисди.

— Начора, ошна,—деди чайқалиб,— шунгаям раҳмат. Буям ўз йўлида садақа, ошна.

Шунда мен ҳам ошнамдан садақа олганимни фаҳмладнм.

1878. февраль

ҚАРҒИШ

Мен Байроннинг Манфреднни ўқиётган эдим… Манфред абгор қилган аёлнинг арвоҳи Манфредни дуои бад қилган ерига келганимда, очиғини айтсам, бир оз чўчидим.

Эсингиздами: «Илоё, кечалари ухлолмай чиқ. Ёвуз қалбинг доим менинг кўзга кўринмас жисмимни сезиб турсин-да, ўз ёғига ўзи қовурилиб ётсин»,—деган.

Бироқ шу пайт бошқа бир воқеа эсимга тушди… Кунлардан бир куни Россияда икки деҳқон — ота-боланинг қирпичоқ бўлгани устидан чиқиб қолдим.

Иш шу даражага бордики, ўғли отасини қаттиқ ҳақорат қилди.
—Оқ қил уни, Васильич, оқ қил нобакории!— деди хотини чолга.
—Қўй, Петровна,— дсди чол босиқ овоз билан ва иулочиии кенг ёзиб чўқинди:— Илоҳим у ҳам ўғил кўрсину, ўғли ойисининг ҳузурида унинг оппоқ соқолига тупурсии!

Бу қарғиш менга Манфреднинг қарғишидан юз чандон даҳшатлироқ туюлганди.

Чолнинг ўғли алланарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, бирдан чалишиб, кўм-кўк кўкарнб кетди ва жўнаб қолди.

ТУНДА УЙҒОНИБ КЕТДИМ…

Тунда ўрнимдан туриб кетдим… Зулматдек қоронғиликда мени биров чақиргандек бўлди.

Мен дераза ойнасига башарамни босиб, қулоғимни динг қилганча, ташқарига кўз қадаб, кута бошладим.

Бироқ ташқарида фақат дарахтлар бир оҳангда ноаниқ шовиллар, ўркач-ўркач булутлар тинмай ўтиб турса-да, на туси, на шакли ўзгарар эди… Осмонда на милт этган юлдуз, ерда на йилт этган ўт бор. Дунём ҳам худди шундай қоронғи, кўнглим чироқ ёқса ёримайди.
Ногаҳон аллақаерда, олисдан чинқириқ эшитилди. У зўрая-зўрая яқинлашиб келиб, одам товушига айланди, сўнг сусайнб, тина-тина четдан ўтиб кетди.

Бу товушда менга: «Алвидо! Алвидо! Алвидо!»—деган нидо бордек туюлди.

Эҳ! Бу менинг ўтмишим, бахтим, севиб ва ардоқлаб юрган энг азиз нарсаларим мен бнлан бнр умрга абадий хайрлашмоқда. Мен елдек учиб ўтган умрнмга таъзим қилдиму, гўрдек ўрнимга кирдим.

Эҳ! Гўр бўлса кошки эди!

1878, июль

ИККИ БОЙ

Менинг ҳузуримда бой Ротшилд ўзининг беҳисоб даромадидан болалар тарбиясига, беморларни даволашга ва кексаларни боқишга минг сўмлаб пул ажратди, дейишса суюнаман ҳам унга қойил қоламан.

Аммо қашшоқ бир деҳқон оиласи етим жиянларини бағриларига олганлари ҳеч эсимдан чиқмайди.
Деҳқоннинг хотини шунда бундай деган:
— Агар Катькани қанотимизга оладиган бўлсак, сўнгги чақани унга сарф қиламиз, ёвғон шўрвага туз олишга ҳам пул қолмайди…
Эри бу гапни зшитиб, унга бундай жавоб берган:
— Биз ҳалиги… ўша ёвғонни тузсизам ичаверамиз.

Ҳимматда деҳқонга етишга Ротшильдга йўл бўлсин!

1878, июль

“НОДОННИНГ ҲУКМИНИ ЭШИТСАНГ…”

ПУШКИН

Эй, улуғ шоир, сен мудом ҳақиқатни сўзладинг, бу сафар ҳам ҳақ гапни айтдинг.
«Нодоннинг ҳукми, оломон кулгуси…» Буларни бошидан кечирмаган ким бор?

Буларнинг ҳаммасига чидаса бўлади; қўлидан келганлар, майли, бунга парво қнлмасин!

Бироқ шундай зарбалар борки, нақ юракка тегади… Одам қўлидан келган ҳамма ишни қилди; тиним билмай, меҳр билан ҳалол ишлади… Қарангки, туппа-тузук виждонли одамлар ундан жирканиб юз ўгирадилар: ҳалол кишилар унинг номи тилга олинганда ғазабдан бўриқиб кетадилар.

— Жўна! Қорангни кўрсатма!—деб ёш-яланг унга бақиради — Бизга ўзинг ҳам, ишинг ҳам керакмас: сен бошпанамизни булғайсан — сен бизни билмайсан, тушунмайсан… сен бизнинг душманимизсан!

Хўш, бу аҳволда у одам нима қилсин? Ишини давом эттирсинми, ўзини оқлашга уринмасинми, ҳақиқий баҳо беришларнииям кутмасинми?!

Бир вақтлар деҳқонлар нон ўрнини босадиган, камбағалнинг ризқи рўзи бўлмиш картошкани келтирган сайёҳга лаънат ўқиган эдилар.

Уларга қимматли совға тутган сайёҳнинг қўлидан совғасини уриб туширишган ва уни лойга ташлаб топташган эди.

Эндиликда улар картошкани истеъмол қиладилар, ҳатто саховат пешаларининг номиниям билмайдилар,

Майли, ҳечқиси йўқ! Унинг номи нимагаям керак

МУХБИР

Икки дўст чой ичиб ўтиришган экан.

Қўққисдаи кўчада қий-чув кўтарилибди. Дод-фарёд, қаҳрли сўкишлар, қувончлн кулгнлар ер-кўкни тутиб кетибди.
Дўстлардан бири деразадан қараб:
— Бировни дўппослашяпти,— дебди.
— Кимни, жиноятчиними? Қотилними?— деб сўрабди шериги. — Менга қара, юр, у ким бўлмасин, ёрдам берайлик, оломон қилишларига йўл қўймайлик. Юр, жабрдийдани қутқарамиз.
— Йўқ, улар қотилни ураётганлари йўқ.
— Унда кимни уришяпти? Ўғриними? Ҳечқиси йўқ, юр, уни оломондан ажратиб оламиз.
— Ўғримас ураётганлари.
— Ўғримас? Ким бўлмаса, темир йўлчи, ҳарбий таъминотчими, россиялик маърифатпарварми, адаокатми, кўнгилчан редакторми? — Майли, ким бўлганда ҳам, юр, унга ёрдам берайлик!
— Йўқ… мухбирни уришяпти.
— Мухбирни? Шундайми. Ҳа, ҳалиги, биласанми, кел, олдин чойимизни ичиб олайлик.

1878, июль

МЕН ОЛАМДАН ЎТГАНДА…

Мен ёруғ жаҳондан кўз юмиб, бўғзимдан жоним чиққанда, ҳей, менинг ягона дўстим, севиклим, ардоқлим, мендан узоқ умр кўрсанг, қабримга бориб овора бўлма… У ерда сенга далда берадиган ҳеч нарса йўқ.

Мени унутма… Лекин мени кундалик ташвишлар, роҳат-фароғат ва муҳтожлик онларида эслама… Мен ҳаётингни заҳарлашни, унинг тинч ўтишига монелик қилишни истамайман. Бироқ, тоза қалбимга ошно ғам-андуҳ қалбингни пораласа-ю, танҳоликда ғусса чексанг, ўзимиз севган китоблардан бирини олгину, эсингда бўлса, кўзимиздан қайноқ ёш тўкилишига сабабкор бўлган ўша саҳифаларни варақла.

Ўқиб бўлгач, кўзингнн юмгину менга қўлингни чўзгин… Жисман йўқ бўлиб кетган дўстингга қўлингнн узат.

Мен қўлларингни қўлимга олиб эркалашдан маҳрумман: чунки менинг қўлларим ер тагида чириб ётибди. Аммо сен қўлингда менинг қўлларимни сезгудек бўлсанг, мен ўзимни бахтиёр деб биламан.

Эҳ, менинг севиклим, ардоқлигим, ана шунда кўзгунинг олдида менинг чеҳрам намоён бўлади, ана шунда икковимизнинг эзгулик ҳақида ўй суриб, мўлдир-мўлдир ёш тўкканимиз сингари кўзларингдан ёш тўкилади.

1878. декабрь

Мирзиёд Мирзоидов таржималари