Блаже Конески (1921-1993)

Блaже Кoнески (1921-1993) нафақат таниқли шоир, носир, мунаққид ва эссенавис, шунингдек, тилшунослик ва тарих соҳаснда кўплаб тадқиқотлар бнтган олим. Биринчи бўлиб адабий македон тилининг илмий грамматикасини яратган, македон тилининг тарихини ўрганган. Македония Фан ва санъат Академиясинпнг биринчи раиси. «Кўприклар» (1945),«Ерга муҳаббат» (1948), «Шеърлар» (1953), «Каштачи» (1955), «Хотиралар» (1974),«Эски ва янги шеърлар» (1979) номли ўттиздан ортиқ шеърий китоблар муаллифи. Жуда кўплаб адабий мукофотлар билан тақдирланган.

КАМПИР

Қоронғи дарвоза олдида кампир —
унинг қулоғи кар, дамба-дам аланглар,
гўё кимдир масхаралаб кулар устидан.

Қоронғи дарвоза олдида кампир —
кўзи хира тортган, жуда эрта ётар,
тушида сўзлашар ўлганлар билан.

СУЛИ

Букилган кампирларнинг хотиржамлиги
тақдирга тан бермоқ.
Сўзлар сассиз, оҳангсиз, оз —
оддий сўзларни-да
шивирлайди қуримшиқ лаблар.

Аммо шамол турса
бошлари силкинар,
қўллари силкинар,
тоғлар аро бекинган қишлоқда, ёзда
янграган куйдайин қайғули,
туби йўқ, тиловатдай
бир қўшиқ.

КЎЛ ҚИРҒОҒИДА УХЛАГАН БОЛА

Сен ухлайсан, бола,
кўл ўйга чўмар —
у сенинг тақдиринг ҳақида ўйлар.

Сен ухла, бола,
кўл бўлса руҳингга киради аста,
тубида ҳар бир тош кўриниб турган
қўлтиқчага кириб боргандай.

Сен ухлайсан,
бу дам кўлнинг энг оддий ҳаяжони ҳам
сени олиб кетиш учун
келажакда туғилажак
юксак тўлқинларнинг ибтидосидир.

Ухла, бола,
кўл юрагинг устида ишлар
ва ўйлар келажак ҳаяжонларинг.

ТЎЛАДАН КЕЛГАН УЧ АЁЛ

Тўладан келган уч аёл кўл бўйлаб сузиб борар,
сузар тиниқ сув аро уч силлиқ балиқ каби.
Тўладан келган уч аёл уч из қолдирар сувда,
қўлларин бир мақомда айлантиришлари ила,
тўшларининг ёқимли қичиқ ҳаракатлари ила,
сувнинг ҳирсин қўзғатган
кўкракларнинг ўйини ила
тўладан келган уч аёл уч из қолдирар сувда.

Мен кўраман ўнг қўлнинг ҳар битта шиддатини,
чап қўлнинг ғайраткор суръатини,
ҳар икки панжанинг аниқ ҳаракатини,
сув остидаги жуфт товон, жуфт болдир суратини.
Гарчи мен уларга боқиб турган дам
вақт тўхтаб қолса-да, улар йироқлаб кетар
мен ҳеч қачон боролмайдиган овлоқлар қадар.
Тўладан келган уч аёл унда чалқанча ётар,
нафас ростламоқ учун,
бир оз дам олмоқ учун.

Энди кўкка қадалар уларнинг нигоҳлари.
Улар тани кўлнинг ҳаяжонидан
қалқиниб-қалқиниб турар
ва ялтирар куннннг тиғида
балиқ тангаларидай.

Уларнинг кулгулари тангалардек жаранглаб
етиб келар менга ҳам,
гўёки орамизда қандайдир яқинлик бор —
мен кутаман уларни ғалат ҳаяжон билан.

ХАСТА ДОЙЧИН*

Кучим тўлиб кетганда,
қудратим селдайин тўсиқ билмаганда,
мени бир умрга шонга бурковчи
улуғ жасоратга қодир бўлганда,
овозим етганида айтмоқ учун буюк сўзларни,
қўлим энг оғир қилични даст кўтармоққа,
оёғим энг залвор қадамни ташламоққа қодир бўлганда —
мана шундай дамда
мен мағлуб бўлдим.

Йиқилдим, ҳосилини кўтаролмаган олча дарахтидай.
Қандай бир масхара шарпа мени йиқитди,
гўрга кирган илондек онгимга ҳам кирди у,
кулгумга кўзи тегди,
қайғумга қайғу қўшди —
токи шубҳага тўлиб, чуқур ўй сурсин дея.

Кўп ўйладим, кейин
ўзимни ожизу хоксор,
пасткаш эканимни англаб қолдиму
танам бўшашди,
қўлларим толди,
қилич тушиб кетди мадорсиз қўлдан,
кўрна-тўшак қилиб мен ётиб қолдим.
Мана, тўққиз йнлки ётибман ҳануз,
тўққиз бор алмашди кўрпа-тўшагим,
сўнгакларим, борми, йўқми — бугун билмайман,
сайхонликда, қуёш олов сочган қўриқда
бемадор ётибман чилпарчин бўлиб,
мен бўлиниб кетгандайман суякма-суяк
ва сочилиб ётган суякларимни
майсалар беомон тешиб ўтдилар.
Бу майсалар қўйнини илонлар макон этган.
Тезроқ, дейман, тушсам совуқ, қоронғи гўрга —
аммо мени бир умрга шонга бурковчи
жасоратни бажо айламаган қадар
ўлим келмас,
ўлим келмас, менинг қошимга.

Сен, номаълум аёл, бу дунёда ягона,
синглимсан, волидамсан,
сен мени деб кўп азият чекдинг,
сен азоб нималигини яхши биласан,
қошимга кел, мунис ҳамширам,
сочилиб ётган суякларимни териб кел, ижирғанма,
бир жойга тўпла, мени бир жойга тўпла,
уч юз қулоч оппоқ бўзга ўрагин, кейин
сокин сўзларни-да менга шивирла,
оёққа қўйгин мени,
яна юрмоққа ўргат мени бошқатдан,
қўлимга қилич бер,—
токи ўлдирайин қора Арабни,
ўлдирсам, тинчгина ўламан.
________
* Дойчин — жанубий славянлар халқ қўшиқлари қаҳрамонларидан бири, мифологик образ.

ТЎҒОН

Менинг қарияларим, наҳотки сонсиз арабни ишлатиб, той-той пахта босиб, бир қулоч-бир қулоч михлар уриб, Марково миноридаги қирол Марко кўтарган тўғондан қўрқишмаса? Тўғон сувни тўсиб Прилепа водийсини қутқариб қолган, бўлмаса бу водий ўрнида Охрид кўлига ўхшаган кўл пайдо бўлиши шак-шубҳасиз эди.
М. Цепенков.

Мен тўғонни кўтармоққа
қанча пахта тойин босдим,
қанча латта тойин босдим,
қуму шағал,
тошу харсанг —
мен уларни бўшлиқларга ташлайвердим, ташлайвердим,
токи сувнннг шнддатига дош берсин деб.

Бу мен кутган лаҳза эди!
Уйқум тамом ўчган эди,
ярим тунда борар эдим тўғон ёққа,
сувнинг кўтарилаётганин эшитмоқ учун.
Сув бўлса ғувурлаб, гувлаб инграрди,
ернинг қаърида
гўё кимгадир аччиқ-аччиқ сўзларди —
Мен-чи, англамасдим унинг сўзини —
гўё ердан отилиб чиқмоқни истарди,
худди ғордан овга чиққан
малла айиқ каби
қоп-қора тунда.

Мен билардим: тўғон
кутаётир ўз муҳлатини.
У кутаётир она гўдагини ухлатишини,
кутаётир она алласининг ниҳоясини,
ғалтак ипнинг тинишини кутаётир,
у кутаётир деҳқонларнинг тушликни еб бўлишларини,
кутаётир пайтавани ечиб қўйиб
чўзилиб ётишларини,
у кутар кул остидаги сўнгги чўғнинг
сўнишини ҳам,
сайисдаги сўнгги қўнғироқчанинг, итларнинг
тинишини ҳам.
У кутар уйқусизлик ва йўтал азоб бераётган
чолларнинг ҳам ором топишини.
Кутаётган лаҳзасининг кўзи кўр, қулоғи кар
бўлишини истайди тўғон.
Тўғон кутар ўз муҳлатини.

Ҳамма ухлар,
фақат мен мижжа қоқмаяпман бу оғир тунда,
пистирмада ётган қароқчи каби кутяпман —
сувнинг ботиний шовқинлари танамда гувлар —
кутаяпман —
чунки сув энг қабиҳ жиноятлар бошлаш олдидан
ўйга чўмиб тинчиб қолади.
Шундай дамда қичқиргим, қўлларимни силкитгим,
одамларни уйғотгим келади менннг!

Шундан кейян мен қарор қилдим:
тўғон қаддин кўтармоқ учун
қанча пахта тойин босдим,
қанча латта тойин босдим,
қуму шағал, тошу харсанг —
мен уларни тешикларга ташлайвердим, ташлайвердим,
токи сувнинг шнддатига дош берсин деб,
Қанчалар қувондим
сувнинг бўйнига сиртмоқ ташлаганимдан,
унинг ер қаъридаги гулдирашини
гўё шафқат тилаб
ялингандай бўғилганидан,
мен бўлсам шафқатсиз туйғудан сармаст
баттарроқ-баттарроқ бўғаверардим,
тирноқларимни ботирардим, юлардим, қамчилардим,
устига харсангтошлар ташлардим,
шошилардим — у ўзига келмасин дея.

Ниҳоят нафасим тиқилиб, терга ботиб гарқ
пешанамни артганимда лой қўлим билан,
сал қаддимни ростлаб, энди мириқиб
тоза ҳаво ва сукутдан яйраган дамда
мен эшитдим —
ер остида гўё кимдир хохолаб кулди,
оғзини қўли билан тўсгандай бўғиқ.

Гангиб қолдим.
Яна зулмат, яна ярим тун,
ҳамма ухлар, фақат мен бедор,
тўғон гувлар қулоғимга бор саси билан,
гувлар бутун кучи билан вужудимда у,
кўкрагимда мавж уриб,
ботиний ер ости сувлари оқар
томирларимда югуриб,
гўё тўғонни кўтарганим учун
у айтмаган, айтолмаган сўзни
айтмоғим шарт эди энди мен ўзим.

Жим тинглайман:
тўғонда сув кўтарилмоқда,
тўғонда сув кутиб ётар ўз муҳлатини —
кутаётган лаҳзасининг кўзи кўр, қулоғи кар
бўлишини истайди тўғон.
Ўша лаҳза у гувиллаб озод бўлажак,
оқиб кетар, босиб кетар, оқизиб кетар
ва тинажак фақат чексиз далалар аро.

ҚЎРҒОН

Марко Варошада қўрғон тикламоқ бўлганида текинга ишлатиш учун жуда кўп халқни: эркагу аёлни, катта-ю кичикни йиғди. Плетвардан то Варошагача ғиштни қўлма-қўл бериб туришди. Она сутига тўймай етмиш гўдак нобуд бўлди.
Афсонадан.

Мустаҳкам деворли, юксак минорли
менинг тошқўрғоним қуёшли кунда қад тиклаётир,
водийдаги қоя узра қанот ёзаётир лочин сингари
ва бир бошдан далаларга кўз тикаётир.

Аслида дунёга келганман ёвузлик олдида сад,
ёвузликка хавф солгувчи шу қўрғонни тикламоқ учун,
шамолларга басма-басликка
қоя узра ўсиб чиққан қарағай каби
бу манзилда тошқўрғоним
қад тиклашини,
бу манзилда ёвузликка юзма-юз чиқиб
бир қадам ҳам силжишига йўл бермай, ёвуз
ниятларини барбод айламоқни ҳам
англамоқ бахтини тақдир менга айлади насиб.

Шу сабаб йиғдим мен катта-кичикни,
эркагу хотинни,—
жуда кўп халқни,
умрнинг борар йўлларини билмай яшаган
халқни тўпладим.
Занжир билан боғламадим улар қўлини,
оқ ғишт билан боғладим мен улар қўлини,
Плетвардан то Вароша қадар
бир-бирига узатган оппоқ ғишт билан,
тўлқин каби оқди қадоқ босган
кафтма-кафт ошиб
қуёшнинг тиғида ялтираган
оппоқ ғиштларим.

Ҳатто ич-ичимдан истасам-да
бу қўлларнинг ҳоришини,
азобдан юзларнинг буришини,
чанқовдан лабларнинг қуришини
кўрмоққа ҳаққим йўқ эди.

Ҳатто ич-ичимдан истасам-да
оналарнннг қарғиш-фарёдини,
офтоб тиғида чайлада ётган
она эмчагини излаб қўлларин чўзган
ва тополмаган оч чақалоқнинг
чириллашини кўрмоққа ҳам ҳаққим йўқ эди.

Чунки, менинг аҳдим бор эди: қурмоқчи эдим
ёвузликка басма-бас
турадиган тошқўрғон!

Мана, кун тиғида тошқўрғоним қад тиклаётир
қоя узра кучли қанотларнни
ёйиб турган лочин мисоли.

Бироқ, аста-секин чўкади оқшом,
қоронғилик ичга ютар оқ минорларни,
қуббаларда ўча бошлар шамчироқлар ва
ҳаммаёқни қуршаб олар сокин сукунат —
шунда тандан кетар,
тамом битар,
изсиз йитар менинг қудратим.
Гўё борлиқ чўка бошлар заминга аста,
гўё олдин ҳам ҳеч нарса бўлмаган каби,
гўё мен ҳеч қачон ҳеч нарса яратмагандай.

Уйқу келар қум йўлакдан шундоқ ҳолатда,
уйқу келар онгнинг сўнгги сарҳадини бирма-бир босиб
аччиқ гумонларни ташқарига бўшатмоқ учун,
токи гуноҳим-ла қолдирмоққа мени юзма-юз.

Шунда қоронғилик қўйнидан яқинлашар менга оломон;
болалару қариялар,
эркаклару хотинлар,
бир қанча халқ —
халқким, фақат яшаётган
ва қадоқли қўллардаги оппоқ ғиштлардай
тақдир тамғаларни кўтариб келаётган:

«Қирол Марко, сен кўрмадинг ўлимимизни,
биз эса ўлардик,
сен эиштмадннг, тепа сочинг тиккаймади,
жўжуқларимиз —
болаларимиз қичқириғини эшитиб, биз эса эшитардик.
Қирол Марко, саратонда қуриган қудуқдай
бизнинг аламларниям балолар қуритган,
бизни сўнгги умидимиздан айирган
сенинг ҳақиқатингга биз тупурамиз!»

Менинг телба тушларим аро
қичқиради ўлик чақалоқлар
қайғули фаришталардай.
Мен ёлғиз қоламан,
нажотсиз, хоксор,
ҳатто ғазабимсиз, қаҳримсиз қоламан
ва туяман бошқа бир ҳақиқат бор,
менинг, яхшилик ва ёвузлик сарҳадида
бор нарсани текисланишига ишонган,
бир-бирига қўшилаётган дарёлардай лойқаланган,
фақат денгизларда тинадиган тўлқинлардек
ҳақиқатимдан бўлак
бошқа бир ҳақиқат борлигини англайман.

ИТТЕПА
(Эпилог)

Прилепа ёнидаги Иттепада Марко бир неча кун тинимсиз жанг қилди. Ҳар қилич силтаганида, душман қоқ иккига бўлинар, бироқ тўртта бўлиб қайта тириларди. Марко ҳеч қачон душманнн енголмаслигини англаб, отини қайта тақалаб, токи душман қўрғонда ҳеч ким йўқлигини билмасин деб шамол эсаётган ёқдан туриб ноғора чалишни буюрди ва тунга сингиб кетди.
Афсонадан.

Бу жангда мен тиним билмасдан
урушмоғим,
кеча-кундуз
билагимгача қонга беланиб,
тиззамгача қонга ботиб ҳолдан кетгунимча
керак эди савашмоғим тиним билмасдан —
токи сўнги муҳлат қадар
ўзимни синай, дедим,
токи остонага етиб боролмай, дедим,
токи саратондаги қудуқдек қуриб қолай, дедим,—
ҳис қилмоқчи эдим энг сўнгги истагимни:
токи ҳеч ким ўлимимга бўлмасин гувоҳ!

Иттепага йўл оламан субҳи азондан —
оломоннинг қилиғидан ғазабга тўлиб,
иблисларга соламан ваҳм,
қиличимни чапга силтайман,
қиличимни ўнгга силтайман,
силтайвераман, силтайвераман
эзғилайман, қийма этаман —
ўрмондан йўл очаётганда
дарахларни шундай кесишар.

Бироқ, оқшом ҳориб-толиб ортга қайтганда
мен ўлдирган иблис зоти қайта тирилар,
менга қарши яна қайта кўтаради бош,
гўёки мен элак билан сув ташияпман,
гўё барча савашларим кетмоқда бекор,
ерга сочган донларимдан
буғдой эмас, ғумайлар унар.

Мана, яна тун чўкди,
ярим тун бўлди,
қулоғимни динг тутганча тинглайман зийрак:
ёвузлик кўпаймоқда ва ифлос сувдай
У борлиқни эгаллаб бораётир.
Шундай дамда гўё борлиқ
ерга чўкиб кетаётгандай,
гўё заминнинг ўзиям ҳеч қачон бўлмагандай,
гўё мен ҳеч қачон ҳеч нарса
қилмагандай туюлаверади,
туюлаверади.

Тулпоримни боплаб тақаланг,
шамол эсган ёқдан ноғорани уринг зарб билан,
токи менинг арвоҳимдан титрасин улар,
токи улар ўлимимга бўлмасин гувоҳ!
Кўрмаса бас ўлимимни бирор кас фақат,
токи тўй кечаси
келинчак каби
У ёлғиз бир ўзи келсин қошимга.

Хуршид Даврон таржималари