Эдуард Багрицкий (1895-1934)

Эдуард Георгиевич Багрицкий (ҳақиқий фамилияси — Дзюбин, Дзюбан; 22 октябрь (3 ноябрь) 1895, Одесса — 16 февраль 1934, Москва) — рус шоири, таржимон ва драматург, график-рассом.

ТАРВУЗ

Шамол қутурмоқда. Сузади кема
Азов денгизига ачиқма-аччиқ.
Тарвузга қоронғу трюм ҳам тўла,
Тарвузга кўмилган бандаргоҳ лиқ-лиқ.

Энди тонгга қадар ичмаймиз шароб,
Қаровулда энди эснамай,
Уч кечаю кундуз сузамиз шитоб –
Ёйилган елканлар ҳилпирайди шай.

Оппоқ сочли денгиз аюҳаннос солиб,
Чилпарчин бўлару қайтар қоядан.
Дўмбирадай таранг тарвузни олиб,
Юракнинг расмини ўяман.

Шўр денгизга чўкар саҳро офтоби,
Тўлқинлар ҳилолни чиқишар судраб.
Шамол зўраймоқда!
Бўрон – шитобли!.. Кетдик!
Елканингни, кема, ҳилпират!
Жингалак тўлқинлар кенгликлар аро,
Трюмда тарвузлар, трюмда қаро…

Шамол ҳуштак чалар мисоли боцман,
Булутлар устида булутлар – тиғиз.
Руль бўйин эгмайди, Ғижирлар кема –
Йиғиштириб қўйдик елканларни биз.
Тўлқинлар аро учиб, Ёмғир аро – таваккал!
Ҳуштакбоз мавждан чўчиб,
Пайпаслаб юрамиз йўл.
Ҳўнграйди ҳар мақомда
Жами елкан жиққа ҳўл.

Биз телба беланчакда!
Бозордай қайнар денгиз,
Саёзлик сари судрар.
У саёзли бағрида
Энг охирги йўлимиз!

Жингалак тўлқинлар кенгликлар аро,
Трюмда тарвузлар, трюмда қаро…

Тугатмадим сўнги шеъримни айтиб,
Ўлиминг нафаси юзимда аммо.
Мен қарта ўйнадим, Яшадим дайдиб,
Денгиз олиб келар даҳшатли совғо.
Бу қувноқ умримни бўлмагай сақлаб,
Рулни юлиб кетди тўлқин – тенгсиз зарб!

Чўл офтоби ёнар чўнг уммон узра,
Совуқни кесади – нурлари қирмиз.
Кема ғойиб бўлди,
Тўлқинда сузар –
Юракнинг сурати ўйилган тарвуз.

Қояга урилар оқ сочли денгиз,
Балиқлар галаси сапчир осмонга.
Мўъжаз тўлқинларда қалқийди тарвуз,
У сузиб бормоқда соҳил томонга.
У ўша қирғоқда абадий қолар…

Тўфон ювош тортган.
Тинчиди денгиз.
Юрагим ўйилган тарвузни олар
Қўлига севгилим – гўзал казак қиз.

Ҳеч кимнинг эсига ҳеч келмагайким,
Унинг қўлидаги менинг юрагим.

Усмон Азим таржимаси