Булат Окуджава (1924-1997)

Булат Шалвович Окуджава (9 май 1924, Москва, Россия — 12 июня 1997, Кламар, Франция) — Рус шоири, носир ва сценарист, бастакор.

АЛОМАТ
А. Жигулинга

Қузғун қарилласа – урушдан нишон,
элда бор шунақа аломат, ишонч.

Урушга сира йўл қўймаслик учун
бу қарға-қузғунни ўлдирмоқ керак.
Бу қарға-қузғунни ўлдирмоқ учун,
милтиқларни ўққа тўлдирмоқ керак.

Милтиқларга агар ўқлар жойланса,
топилар мерганлар, юраги чўғлар.
Шу тахлит ота-от ови бошланса,
нишонини топар отилган ўқлар.

Ўқнинг ҳеч кимсага ичи ачимас,
ўқ бориб бировга қадалса, шу бас,
дўстмисан, душманми – ўқлар сўрамас.
Ана шу оқибат, у ёғи – абас.

Ана шу оқибат, у ёғи – абас,
Ана шу оқибат – дўст ҳам, ёт ҳам йўқ.
Ҳамма ўлар, ҳануз қариллар қузғун:
уни отадиган бирор одам йўқ.

ЖУРЪАТ
ёхуд жанг олдидан суҳбат

– Ай, жаноб лейтенант, нечун хомушсиз?
Ёки ёқмайдими сизга касбимиз?

– Эй, жаноб генерал, худди шу онлар –
ёдимга тушмоқда севган жононлар.

– Ай, жаноб лейтенант, кўнгилни тийинг:
жанг яқин, хотинлар хаёлин қўйинг!

– Эй, жаноб генерал, жанг бўлар тайин,
олтин дамларни бир эслаб олайин.

– Ай, жаноб лейтенант, маҳзунлик нечун!
Биз жангга кирармиз ғалаба учун…

– Эй, жаноб генерал, зафар – муносиб,
лек ўша он менга қиларми насиб?

– Лейтенант, майдонда тўкилса-да қон,
аскарга келадир обрў, шуҳрат, шон…

– Эй, жаноб генерал, шаҳид учун – шон,
тирикка афзалдир гўзал бир жонон.

– Бу нима, лейтенант, бу нечук ғафлат!
Қани аскар бурчи, душманга нафрат?!

– Эй, жаноб генерал, нима қилай ман:
алдасам бўларди, алдай олмайман…

– Кўзинг оч, лейтенант, тавба қил аввал!
Сени тергов қилсин ҳарбий трибунал…

– Начора, ёв ўқи тегмайди гоҳо,
аммо ўзингники отар бехато.


МУНОЖОТ

Ҳали нур тушаркан жаҳонга,
ҳали айланаркан она Ер,
Тангрим, ҳар бир инсонга,
тилаганларини бер:
қўрқоққа бер асов бир тулпор,
доноларнинг бошини асра,
бахтли оч қолмасин, пул юбор…
Мени ҳам эсла.

Ҳали айланаркан она Ер —
Тангрим, измингда дунё!—
ҳокимиятга талпинганга
имкон бер ва иймон ҳам, илло,
сахийга роҳат бер,
ҳеч қурса, бир кун.
Хоин тавба қилсин…
Мени ҳам тушун.

Биламан: сен учун ҳаммаси осон,
адлингга, ақлинга ишонаман, ҳай,
жангда шаҳид бўлган бир аскар
жаннат ҳаётидан умид қилгандай,
сокин маърузангга ҳар битта қулоқ
ишонгани каби бесўроқ,
жамолингни кўрмасдан ҳали,
сенга юкинаётганимиз каби!
Тангрим, менинг илоҳим,
яшил кўзгинам!
Ҳали айланади она Ер,
ишониб-ишонмай ўзи ҳам,
ҳали ерда етарли экан
оташ ва замон,
ҳаммага бер оздан бўлса ҳам…
Мени ҳам унутма ҳеч қачон.

ОЧИҚ ЭШИК ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Бўрон ўкирганда ҳайвондай —
Ув тортса ғичирлаб бешиклар,
Эшикларни ёпманг айвонда,
Доим очиқ турсин эшиклар.

Оғир йўл, рутубат, чанг, туман,
Олис йўл чорласа йилдирим.
Эшикни очишни унутманг,
Эшикларни очиқ қолдиринг.

Тун бағрига кетаётганда,
Кенгроқ бўлинг, бўлинг сарбаланд:
Ўчоққа қалангиз аралаштириб,
Қарағай ўтинин дил ўти билан.

Деворлар тафтлидир, бошқача,
Кўрпачалар — қанчалар майин…
Ёпиқ эшик нархи — бир чақа,
Қулф баҳоси — ахир, бир тийин!

ТИЦИАН ТАБИДЗЕ ЯШАГАН УЙ ЭШИГИДАГИ ЎЙЛАР

Асранг бизни, шоирларни.
Асранглар фақат.
Балким қолди аср, балким, йил, ҳафта, соат,
Икки – уч дақиқа қолган ё қолмагандир…
Бизни асранг.
Ҳамма шоир — асли бир тақдир.

Бизни асранг гуноҳ-савобимиз, ғуссамиз ила.
Излаб изимизда юрар Дантес, қотиллар.
Улар унутмаган сира ўтмиш тавқини,
вазифаси шудир – отмоқ, сурмоқ завқини.

Қайдадир Мартинов кезар, сариқ кўзи – қон.
Бир шоирни отди, яна отмоқ истамас бу он.
Аммо шудир унинг касби, ўқлар ола-тасир,
қадимдай отишни буюрар йигирманчи аср.

Асранг бизни, шоирларни, ахмоқларнинг дастидан,
баттол ҳукмлардан, довдир оломоннинг қасдидан.
Бизни асранг, тирикликда асранг, асранг, бас.
Аммо бизни асрай, дея ўлиш шарт эмас.

Бизни асраманг, подани асраган каби бир кўппак!
Бизни асраманг, кўппакни соҳиби асрагандак!
Сизга ҳали келар шеърлар, қўшиқ, оҳанглар…
Фақат шоирларни асранг.
Бизни асранглар.


ЮРТ! ВАТАН! МАМЛАКАТ! ҲУКУМАТ! ДАВЛАТ!..

Юрт! Ватан! Мамлакат! Ҳукумат! Давлат!
Қалбимизда ётган ва биз қабрга олиб кетадиган булармас,
Нозик қарашлар, ўпичлар — муҳаббатнинг ширин маккорлиги,
Арбатнинг қийшиқ сўқмоқлари ва сокин шивир-шивирлар.
1992


НИМА КЕРАК ЎЗИ ОЧ ЧУМОЛИГА?

Нима керак ўзи оч чумолига?
Иккита семиз бит етар.
Ушлаб еса – бахтиёр…
Шаҳримиз тўладир шод аҳолига—
улар бунчалар кўп, ё Парвардигор!
1993


ОЛМОНИЯ. БОНН.

Шундоқ супермаркет ёнида – қамоқ.
Маҳбусхона — ақлинг тошар, шошқалоқ.
Энг қаллоб маҳбуслар унда туради,
ёнбошлаб экранда кино кўради.

Унда яшаш учун бари муҳайё:
кўрпа-тўшак тоза, оппоқ, мусаффо,
тайёр мўл нонушта, тушликнинг зўри,
бор ҳаттоки бунда тиш шифокори.

Ватаним – Россия, ортимда мутлоқ.
Ёрим, болам бордир, кўнглим ҳам тўлар.
Шеърларим ўқилар юртимда, лек гоҳ
олмон қамоғида яшагим келар?!
1993


ҲАҚИҚИЙ ИНСОНЛАР ЖУДА-ЖУДА ОЗ…

Ҳақиқий инсонлар жуда-жуда оз…
Алдаманг, келмади улар замони.
Сиз ҳалол ва қатъий санаб чиқинг-чи,
Ҳар кўчадан чиқар нечта инсоний.

Ҳақиқий инсонлар жуда-жуда оз…
бутун ер шарида – бир ҳовуч, холос.
Бутун Россияда – бир менинг онам,
қўлидан не кела у шўрликнинг ҳам…
1956


ДЎСТЛАР, МЎЪЖИЗАДАН ҚИЛМАНГИЗ УМИД…

Дўстлар, мўъжизадан қилмангиз умид,
хориж ваъдасига учманг ҳам унча.
Биз йиғлаймиз, тинмай йиғлаймиз, токим
Москов кўз ёшларга ишонмагунча.
1969


СТАЛИН ПУШКИННИ ВАРАҚЛАР…

Сталин Пушкинни вароқлар,
моҳиятин билмоқни хоҳлар,
аммо шеърнинг сирли маъдани
очмас унга синоатини.

Бу тоғликнинг ўткир нигоҳи
кўрармиди ҳикмат қаърини?
Қаро зулмат кўринар унга —
кўролмайди шоир қалбини.

Шоир халқни қандай этди забт,
эл зулмат ва нурга қоришиқ
шоирининг шарафи учун
куйламоқда нурафшон қўшиқ?

Ҳа, шу қалам тебратиб ўтган
шоир халққа не қилиб ёқди?
Озодликни куйлаб тутоқди?..

Гарчанд шоҳ ҳам уни эркалар,
сатрлари мухолиф дилда,
ёшлар учун эди бир маёқ,
ўлди ўттиз еттинчи йилда!

Эҳ, яна шу лаънати бир йил,
рамзий бўлиб қолди-ку, халқим!
Дейлик, ўттиз бешинчи бўлса —
бироз енгил бўларди, балким.

Балким, у — инглиз жосуси,
ахир Байрон билан дўст эди?
Хавф-хатардан топарди роҳат —
ботирлиги бошини еди…

Эҳтимол у эфиоп шоҳнинг
айғоқчиси эди эркталаб?..
Кезди, чизди, яшади, ёзди
ҳажвиялар, эпиграммалар…

Москов кўкин босар қуюқ тун,
совуб қолар тўшак, мисли муз.
Аммо Иосиф Виссарионич
ухламоқни истамас ҳануз.

Ҳамма нарса келар қўлидан:
отар, қамар, жимликка кўнмас,
лек шоирнинг эрксевар руҳи
ҳукмдор ҳукмига бўйсунмас.

Ўйлайвериб ториқди жуда,
оғриқ кирди “доно” бошига…
Чорасини топади, дея
Берияни чорлар қошига.
1979


ШЕР – ҲАЙВОНЛАР ШОҲИ? ИНСОН –АСЛИ ҲАЙВОНЛАР ШОҲИ…

Шер – ҳайвонлар шоҳи? Инсон –асли ҳайвонлар шоҳи.
Мана, тонгда инсон уйи эшигидан чиқаркан,
атрофга қарайди олазарак, совуқ жилмаяр…
Яна нима қиларкан, деб бехос сесканар Дунё.
1969

БИР КУН АЙТДИ ЧЕХОВ, АНТОН ПАВЛОВИЧ…

Бир кун айтди Чехов, Антон Павлович:
оқил ўрганади, ўргатар – нодон.
Қанча нодонларни кўрдим эрта-кеч,
орден олишим шарт мен аллақачон.

Нодонлар тўпланар пода сингари.
Олдинда ғўдайиб борар бош нодон.
Болаликда дердим, бир тонг уйғонсам,
нодон қолмас – барин тортади осмон.

Эҳ, гўдак орзуси – хом-хаёл, хато,
қайси булутларда кездим мен содда.
Олам мийиғида кулар устимдан…
Қайдадир адашдим, балким, ҳисобда.

Нодонлар тўдадир, оқиллар – ёлғиз,
оқил ёлғизликни севар, воҳ, ажаб.
Ёлғизни таламоқ жуда ҳам осон,
уларни тутишар битта-битталаб.

Ҳамма оқилларни тутишса шартта,
келар охирзамон, сўнгсиз фалокат…
Ақлли – серташвиш, нодон – ҳалокат.
Ўртачаси яхши. Қайдадир ўрта?

Нодон бўлиш афзал, дил кўнмас фақат,
оқил бўлгинг келар –дор турар қалқиб…
Фалак забонида маккор башорат.
Ўртасин топармиз бирор кун, балким.
1986

ЁМҒИР ЭЗИБ ЁҒАР, АДО БЎЛДИ ЁЗ

Ёмғир эзиб ёғар, адо бўлди ёз,
гўё ёз бўлмаган каби ҳеч қачон.
Бўм-бўш боғда найчи чалар соз,
боғда ундан бошқа йўқ бирорта жон.

У танҳо, яйдоқда ёмғирлар ичра
ивиган бутанинг шохидай ичкин.
Қачондан, қай ондан, қийин ё осон –
ҳеч нени сўрамас найчидан ҳеч ким.

Эҳ, муғанний, эгни оҳорсиз найчи,
қўлида измига итоаткор най.
Мана, кун ҳам ўтди, ўтар умр ҳам,
кузги япроқларни шамол тўккандай.

Гўё ерга кириб бормоқда само,
зўрға эшитилар найнинг бўзлаши.
У куйнинг навоси -”Кечир-алвидо”,
“Ҳаммани кечирдим” – унинг сўзлари.

Начора, тақдирдир ивимоқ буткул,
уқубутлар чекмоқ, ютмоқ кўз ёшни,
тақдири азалдан ёпиқ эшикка
умид-ла туну-кун урмоқлик бошни.

Эҳ, муғанний, эгни оҳорсиз найчи,
қўлида измига итоаткор най.
Мана, кун ҳам ўтди, ўтар умр ҳам,
кузги япроқларни шамол тўккандай.
1969

Карим Баҳриев таржимаси

ГУРЖИ ҚЎШИҒИ

Кўмгум узум уруғ тафтли тупроққа,
Новдага лаб боссам, узилар чарос,
Улфатлар чорланур, дилда ишқ оққай,
Оламда бошқача яшамоқ на соз?

Йўқлаб келганларим, бўлинг меҳмоним,
Юзга ростин айтинг, мен кимларга хос.
Хатою гуноҳим кечар раҳмоним,
Оламда бошқача яшамоқ на соз?

Мен учун куйлайди қирмизи Дали,
Бош эггум энгимда оқ-сиёҳ либос,
Тинглагум, ўлдирур севги, ғам ҳали,
Оламда бошқача яшамоқ на соз?

Шафақ бурчакларда тўзғиган чоғи,
Дейман, ўнгимда суз, қайта қанот ёз:
Кўк буйвол, оқ бургут, заррин гулмоҳи,
Оламда бошқача яшамоқ на соз?

Рус тилидан Аъзам Обид таржимаси