Борис Заходер (1918-2000)

Борис Владимирович Заходер (9 сентябрь 1918, Кагул, Бессарабия — 7 ноября 2000, Москва) — рус болалар ёзувчиси, шоир, таржимон, сценарист. Россия Федерацияси давлат мукофоти лауреати (1999).

НИМА ГЎЗАЛ ДУНЁДА?

Бехосдан бериб савол,
Болапақир қилди лол:
– Нима гўзал дунёда,
Ҳаммасидан зиёда?

Мана сизга масала!
Роса қилдим ҳафсала.
Варақлаб кўп китобни,
Тополмадим жавобни.

Ҳар нарсадан зиёда,
Нима экан, изландим.
Кезиб пою пиёда,
Табиатга юзландим.

Дарахтлар қилди хитоб,
Майсалар деди:
– Офтоб!
Қуёш нури дунёда,
Ҳаммасидан зиёда!

– Зулматдан зўри йўқ-ку! –
Ҳув-ҳувлаб деди Укки.
Япалоққуш, Кўрсичқон
Уни қўллашди шу он.

Бўри, Тулки қад кериб,
Деди:
– Бепоён ўрмон!
Бургут кўкда чарх уриб,
Деди:
– Мусаффо осмон!

– Менимча, бу жой денгиз, –
Дея Дельфин пишқирди.
– Думим дунёда тенгсиз! –
Деб Тустовуқ қичқирди.

Капалакдан сўрасам,
– Гулчечак, камалак, – дер.
Гулчечакка қарасам,
– Албатта капалак, – дер.

Кимдир улуғлар кўлни,
Ким абадий музларни.
Ким тоғларни, ким чўлни,
Ким олис юлдузларни.

Ўйлаб қарасам асли,
Уларнинг бариси ҳақ.
Қушлар, ҳайвонот насли,
Дарахт, майса ҳақ мутлақ.

Мушкул саволга, афсус,
Жавоб йўқ, алалхусус.
Нима гўзал дунёда,
Ҳар нарсадан зиёда?

САВОЛ

Мош итни кўрган маҳал,
Доим бошланар жанжал.
Ит мошни кўрса агар,
У ҳам жанг билан тугар.

Оҳ, нимага,
Оҳ, нечук,
Улар доим
Ит-мушук?

МОШНИНГ ҚАЙҒУСИ

Йўлакда йиғлайди мош:
– Хўжайиним бағри тош.
Сосискадан бермайди,
Ўғирлашга қўймайди!

Бақавой деди:
– Тингла,
Қўшиғимизни англа.
Шаффофдир ҳовузимиз,
Шундан шўх овозимиз!

ЎРИК ВА МЕВАЛАР

Қайси мева энг ширин?
Она деди:
– Апельсин!
Ўғил ўрик, дер нуқул,
Отага тарвуз маъқул.
Қиз уф тортиб деди:
– Бас!
Энг зўр мева – ананас!
Ананасми?
Апельсин?
Тарвузми?
Ўрик ширин?
Бу саволнинг бичими,
Шундоқ бўлар ечими:
Сархил мева тозаси,
Ширин бўлар мазаси!

ТУЛКИ ВА КЎРСИЧҚОН

– Ҳорма, Кўрсичқон,
Уйинг зўр бўпти.
Фақат йўлаги
Бироз тор бўпти!
– Билсанг, Тулкивой,
Йўлак жойида.
Ёвни қўймаслик
Бизда қоида!

ИККИ ҚЎШНИ

Яшар экан муштумзўр –
Икки қўшни одамхўр.
Одамхўрни одамхўр
Зиёфатга чорлапти.
Лекин қўшни одамхўр
Меҳмон бўлиб бормапти.
– Зиёфат-ку яхши-я, –
Одамхўр дермиш кулиб. –
Лекин бормаган яхши
Меҳмонга емиш бўлиб!

БЕЧОРА ШЕР

Дадам совға қилди Шер,
Қўрқувдан тепчиди тер.
Икки кун турди бутун,
Синдирдим учинчи кун!

УККИ

Дунёда энг доно қуш Укки,
Кўп тинглайди, жуда билағон.
Лекин ўта камсухан, чунки –
Билағонлик қилмас ҳеч қачон.
Камсуханлик Уккига нисбат,
Баъзиларда йўқдир шу хислат!

ЁТАҒОН ТЮЛЕНЬ

Тюлень уззукун ётар,
Ҳамма ҳайратда қотар.
Наҳотки тегмас жонга,
Қараб ётиш осмонга?
Афсус, тюлень юролмас,
Бизга ҳамроҳ бўлолмас!

КУЧУКЧА

Тинмай ҳурар кучукча,
Унда шундай тушунча:
Ким кўп ҳурса, ютуқ нақд,
Енгиб чиқар ҳамма вақт!

ВАНЬКА-ТЎҚИШОҚ

Ўйинчоқлар эгди бош,
Қўғирчоқлар тўкди ёш.
Гурсиллаб тушди шу чоқ,
Ерга Ванька-тўқишоқ.

Матрёша йодга чопди,
Дарҳол пахта-бинт топди.
Ванька ўрнидан турди,
Айёрлик билан кулди:

– Бунча шовқин нимага?
Керак эмас энага!
Ўзим шундай юраман,
Тўқишсам ҳам тураман!

ЕГОР ҲОВЛИГА ЧИҚСА…

Ҳовлига чиқай деса,
Итдан қўрқади Егор.
Эшик олдига келса,
Тишлаб олса-чи Трезор?

Уйга киришга эса,
Қўрқиб турибди Трезор.
Мабодо уйга кирса,
Хафа қилса-чи Егор?

ЁМҒИР

Ёмғир қўшиқ куйлайди,
Чак, чак…
Нелар дея сўйлайди,
Чак, чак?
Бу қўшиқни ким билар?
Уни тушунар гуллар,
Баҳорнинг япроқлари,
Ям-яшил ўтлоқлари!

ҚАЛДИРҒОЧ

Учиб кетган қалдирғоч,
Қайда бўлсанг қайтиб кел.
Биз томонга тезроқ шош,
Эшик қоқмоқда апрел.

Булутлар кўксин тилиб,
Шамоллардан ғолиб кел.
Қайтганингда албатта
Баҳорни ҳам олиб кел!

Русчадан Нуруллоҳ Остон таржимаси