Мира Алечкович (1924-2008)

Мира Алечкович (Мира Алечковић; 2 февраль 1924, Нови-Сад, Югославия — 27 февраль 2008, Белград, Сербия) — серб ёзувчиси, шоир. Серб фан ва санъат академияси аъзоси. Югославия ёзувчилар уюшмаси президенти.

ЦИРК

Бизга келди кўчма цирк,
Қувончларга бердик эрк.
Ҳамма югуриб-елди,
Циркни кўришга келди.

Кўтариб шовқин-сурон,
Ёпирилди оломон.
Мана, очилар ҳозир
Қирмизи-мовий чодир!

Саҳнада – қора кўппак,
Билағон, сара кўппак.
Қувноқ акиллаб шу он,
Ненидир қилар эълон.

Йўртиб чиқар оқ лайча,
Тишлаб олган чўп найча.
Оркестрга юз бурар,
Қаддин тутиб ғоз турар.

Сўнг ҳурмат қилар изҳор,
У – таниқли дирижёр!
Бундан ҳамма, албатта,
Оғиз очар ҳайратда.

Сўнг дўмбира гумбурлар,
Сочилар рангли нурлар.
Саҳнага чиқар мамнун
Уч жуфт ясанган маймун.

Маймунчада зар нимча,
Ёнбошида хонимча.
Кўп шоёндир таърифи,
Макаки исм-шарифи!

Маймунлар ўйнар шодон,
Мухлислар кулар хандон.
Осиёча рақслар соз,
Ҳамма унга ишқибоз!

Гумкарнай янграр гум-гум,
Фил чиқар – узун хартум.
У баҳайбат ва азим,
Барчага қилар таъзим.
Сўнг бир оёқда турар,
Рақсга тушиб кулдирар.

Велосипедда шу чоқ
Чиқиб келди қўш маймоқ.
Кийим-боши пўрим, шай,
Гир-гир айланар тинмай.

Шовқин-суронга мойил
Мухлислар қолар қойил.
Кейин ҳамма урар оҳ,
Бир ғилдиракли маймоқ!

Бу ҳам, майли, энгашиб,
Бир-бирига мингашиб,
Икки айиқ шайланар,
Аренани айланар.
Мўъжиза! Энг кераги,
Йўқ улар ғилдираги!

Ана, тўртта акробат,
Кутиб туришар навбат.
Улар эпчил ва абжир,
Айланишади гир-гир.
Ҳавозада учишар,
Бир-бирини тутишар.

Кўзбойлоғич, чавандоз,
Ўйинчи, масхарабоз,
Арслон ўргатувчи,
Томоша кўрсатувчи,
Не истасанг бари бор,
Кулгили, мўъжизакор!

Бақалоқ масхарабоз,
Кийиб чиқди папоқни.
Ҳаммага салом берди,
Бошдан олиб қалпоқни.

Бир пайт қалпоқ остидан
Кўринди кулранг лайча.
Яна бу не мўъжиза?
Ҳайратга тушди барча.

Кимдир эшик ортидан,
Итни чақириб қолди.
Лайча кетди югуриб,
Зумда кўздан йўқолди!

Барча излар лайчани,
Лол бўлиб нағмасидан.
Масхарабоз ур-сурда
Айрилди тугмасидан.

Ҳаяжонда оломон
Дер:
– Лайчани кўрди ким?
Кечир, дўст,
Излаб мен ҳам,
Орқасидан югурдим!

Нуруллоҳ Остон таржимаси