Александр Твардовский (1910-1971)

Твардовский Александр Трифонович [1910.8(21).6, Смоленск вилояти Починков тумани — 1971.18.12, Москва вилояти] — рус шоири ва жамоат арбоби. Москва тарих, фалсафа ва адабиёт институтини тугатган (1939). СССР Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви котиби (1950—54, 1959—71). «Новый мир» журнали бош муҳаррири (1950—54; 1958— 70). Европа ёзувчилари жамиятининг вице-президенти (1963—68).
«Муқаддима» (1933) достони ва «Колхоз раиси кундалиги» (1932) қиссасида қишлоқ қаётидаги ўзгаришлар акс этган. «Муравия мамлакати» достони (1936) ғоявий-бадиий жиҳатдан Твардовский ижодида муҳим ўрин эгаллаган. 2-жаҳон уруши йилларида Твардовский фронт газеталарида ишлаган. (1941—45). «Василий Тёркин» (1941—45), «Йўл четидаги уй» (1946), «Йироқйирокларда» (1953—60), «Шу йиллар лирикасидан» (1967) ва бошқа рус шеъриятида катта воқеа ҳисобланган.
Твардовский рус адабиётининг, рус ёзувчилари ижодининг муҳим муаммоларига бағишланган адабийтанқидий асарлар ҳам яратган («Василий Тёркин» ыандай ёзилди?», 1951—56; «Адабиёт ҳақида мақолалар ва мулоҳазалар», 1961; «Блок ҳақида», 1955; «Пушкин ҳақида сўз», 1962; «Бунин тўғрисида», 1965 ва б.). Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Фронт шеърлари», 1941, «Василий Тёркин», 1962 ва б.). Ўзбекистон ҳаётидан шеърлар, мақолалар ёзган.


СЎЗ ҲАҚИДА СЎЗ

Ёнса қалбда зўр бир эҳтирос,
Туғён қилса шодлик ё алам,
Таажжубким, туйғуларга мос —
Сўз тополмай қолади одам.

Сўз кўп — инсон кураш, мехнатин
Баёнига етар ифода.
Сўз йўқотгай аммо қимматин
Такрор бўлса ҳаддан зиёда.

Сўзлар борким, йўлларда чароқ,
Шулар билан ёруғ ҳаётинг.
Билки, улар қадрин туширмоқ
Жиноятга, хиёнатга тенг.

Шу боис ҳам, эй она диёр,
Ўтинаман, маъзур тут мени,
Гарчи дилда сўзларим бисёр,
Мақтамадим бари-ла сени.

Сен сўз эмас, меҳнат билан шан, —
Шу сабабдан мен ҳам доимо
Баландпарвоз сўздан қўрқаман,
Нопокликдан қўрққандай гўё.

Қуруқ манман эмас, ҳар қалай
Бир шоирман ўзимдан огоҳ.
Мадҳинг бўлса ҳар қанча қилай,
Лекин фақат бўлмайин маддоҳ.

Сенга боқар меҳр ила башар,
Шуҳратингдан ҳайратда олам.
Ялтироқ сўз уятга қўяр
Тириклару ўликларни ҳам.

Улар кўз-кўз қилиб зоҳирин,
Муздек бориб тегар юракка.
Эртак янглиғ ҳаёт тасвирин
Айлантирар ёлғон чўпчакка.

Сўз — бу менинг оши ҳалолим,
Сўз мен учун нондай муқаддас.
Шунинг учун бас, дейман доим,
Кутлуғ сўзни исроф қилмоқ бас.

Сўз-ку ахир ақлларга тож,
Юракларга оташ — сўз, ахир.
Олам аро бўлмасин торож
Жавоҳирлар ичра жавоҳир.

Сочманг ерга нуқрани қумдек,
Совурманглар уни ҳавода.
Сўз ҳам худди ҳақиқий сўмдек
Юрсин фақат олтин баҳода.

ШEЪРИМ

Барча орзу муяссар бўлиб,
Етсам дейман бир ниятга ҳам.
Мен шеъримни уй-жойлик қилиб,
Рўйҳатлардан ўтказиб қўйсам.

Қидирганнинг бўлса кўнгли тўқ,
Демасалар — чиқиб дафъатан:
— Танимаймиз, бунақа зот йўқ,
Сўраб кўринг бошқа кўчадан.

Бўлса дейман у барчага ёр,
Барча жавоб берса баробар:
— Бўлмасам-чи, таниймиз, у бор,
Ҳа, шу ерлик, бизга биродар.

Чоллар деса, — кўпдан билганмиз,
Яқин дўстмиз, кўҳна қадрдон,
Биз у билан жангда бўлганмиз,
Берлингача бордик ёнма-ён.

Болалар ҳам уни эшитиб
Югуришиб келсалар эди.
— Ҳа, таниймиз, ҳатто ёд этиб
Айтишамиз, — десалар эди.

Эъзоз билан демасман, бироқ
Меҳр билан очсалар бағир:
— Ҳа, шу ерда. Бўлганда қандоқ,
Усиз яшаб бўлурми, ахир!

Шунда қолмас эди армоним,
Тўқ бўларди кўнглим, албатта.
Ишонч билан шунда ўзим ҳам
Борман дердим элда рўйхатда.

СEН ВА МEН

Сен кеч турдинг, ланжсан, сенга
Олам зимистон.
Мен тонг билан турдим, менга
Борлик нурафшон.

Сен уйқуга тўймагансан,
Тажанг, ғазабнок.
Мен шодонман, кўнглим равшан,
Жисму дилим пок.

Куч бўлсин деб тонгни қилдим
Мен кўксимга жо.
Мана кемам — иш столим,
Мен дарра гуё.

Сенга олам гўзаллиги
Тамом бегона.
Сенга ошно тушкунлигу
Ғашлик ягона.

Сенинг учун ёмон ҳамма,
Ҳатто ўзинг ҳам.
Дейсан, хоҳ ёз, хоҳи ёзма,
Ўтар бу олам.

Қаён боқсанг фақат танглик
Кўради кўзинг.
Сен кимдурсан? Минг аттангки,
Сен — менинг ўзим.

Сенинг барча феъл-атворинг
Менда бўлмиш жам.
Ҳайриятки, бутун борим —
Сенмас ҳали ҳам,

Мен — сен билан мен эмасман,
Ичаман қасам.
Мен — менман, то сени ўздан
Олиб ташласам.

ТИРИКЛИК ҲАҚИДА

Қизиқмасман шуҳратга ортиқ,
Давлатга ҳам қилмасман хавас.
Фақат тонгги алвон шафақдан
Бир бўлаги менга бўлса, бас.

Болаликнинг илк хотираси,
Буғдой унган замин нафаси,
Май ёмғири ювган қайинзор —
Бир бўлаги мен учун даркор.

Уфққача мавжланиб ётган —
Кўк денгизнинг сокин бўйлари.
Ўтли даврон, ўтли ёшликнинг
Ўтли қўшиқ, ўтли куйлари.

Толедан ҳам, фалокатдан ҳам
Бир бўлаги мен учун бўлсин.
Токи нима ҳис қилса одам
Юрагимга келиб қўйилсин.

Оламда не дард бор, қувонч бор
Барчасини кўрсин ўз кўзим.
То сўнгги дам айтайин, ҳалол
Аравамни тортганман ўзим.

Эркин Воҳидов таржимаси

АЁВСИЗ ХОТИРА

Саратон тафтини пуркайди ҳаво,
Нафасни қайтарар димиққан ўрмон.
Анқир қовжираган ўтлоқлар аро
Турфа хил анғизлар иси – қадрдон.

Пастликда мудраган сой оқар вазмин,
Бутазорлар узра сукут кўлкаси:
Эшитилиб қолар каккунинг ҳазин,
Баҳорни дараклаб куйлаган саси.

Жавзо оташига йўғрилган дамлар –
Менинг болаликдан севган фаслим бу.
Чиққанга ўхшайман худди илк саҳар
Яйловга молларни ҳайдаб беуйқу.

Бари хотирамда тўкис намоён:
Бахмал адирларда шудринг кечганим;
Чўпон болаларга фароғатли он –
Субҳидам, чошгоҳлар ёдимда маним.

Офтоб ҳам ёдимда – елкадан обдан
Қиздириб, уйқуга элтарди бирам.
Ёдимда, молларни сой томон қувган
Хира сўналарнинг ғўнғиллаши ҳам.

Олис болаликнинг суюк эрмаги –
Харсангга чўккалаб бирон овлоқда
Калтак йўнар эдик, ўша дамдаги
Сурх новда ислари ҳануз димоғда.

Гарчи болалигим ушбу кун йироқ,
Кўринар у тонгги шабнам ичра жо.
Бу шан хотиралар васлидан бироқ
Баҳра ололмайди юрагим асло.

Бўлак бир хотирот ўзига тобе –
Қилиб олган менинг ҳиссим дафъатан.
Тағин ҳандақларнинг махсус ниқоби –
Ўт-ўлан сингари ис тарар ёвшан.

Олис болаликдан туйганимдек, ҳа,
Дилим орзиқтирар унинг дориши.
Лекин ўпқонларнинг оташ дудига
Бу ис кейинчалик кетди қоришиб.

Қоришди сафарлар тўзони, кули,
Аскар елкасининг қат-қат шўри боз.
Айни қирқ биринчи йилнинг июли –
Уруш даҳшатидан ҳансираган ёз!

Жанглар гирдибоди зўрайиб кунда
Ложувард осмонни этганда қора.
Болалик, ёшликдан айрилдим шунда
Мен ўз ҳаётимда иккинчи бора.

Кечмоқда меҳнат-ла андармон умрим,
Ҳаёт лазиз менга, яшаб толмайман.
Илгариги теран завқ билан лекин
Дала-адирларга боқа олмайман.

Кўнглим алланечук гинаси бордай,
Ошно сўқмоқларга талпинмас сира.
Қаёққа қарамай, қаёққа бормай,
Исканжага олар золим хотира.

Унинг азоблари, заққуми тўла
Ғалаён бағримда билмас асло тин.
Токи қайтмас кулфат бўлиб, бир йўла
Йўқолмагунича дунёдан қирғин!

1951

ОНА ВА ЎҒИЛ

Она кўзида
Теран бир туйғу.
Нима истасин
Ўғли учун у?

Бахт тиласинми –
Бахтиёр ҳар он.
Ё соғлиқ сўрсин –
У ёш, навқирон.

Йўқлаб турсинми
Туғилган жойин, –
У ҳарбий, ахир,
Вақти зиқ доим.

Унутмасинми
Онасин фақат, –
Ахир, Қутбдан
Туриб ёзди хат.

Шамоллама деб
Қилсинми қайғу –
Шундоқ ҳам иссиқ
Кийинади у.

Ёки ёр танлаб
Берсин ўғлига, –
Ўзи топгайдир,
Ғам чексин нега.

Она кўзида
Теран бир сукут.
Ўғлин феълида
Ҳамма нарса бут.

Парвоз ҳақида
Бекордир сўзи.
Қандай учмоқни
Билади ўзи.

Осонроқ ишни
Кўрсинми раво, –
Чайир ўғлига
Йўқдир муаммо.

Учган у, учар
Ундан нарига.
Қийин бўлса гар
Чидар барига.

Аммоки ёвга
Дуч келгани чоқ,
Ўз жонини у
Топширмас шундоқ.

Она-ку, ахир,
Билмасми шуни…
Боқар ўғлига
Чиқмайин уни.

1937

* * *

Мен қаҳрамон ўсган ҳовлида бўлдим,
Ҳозир унда яшар кекса онахон.
Ва яна йигитча – иккинчи ўғил,
Ғамнок волидага қувват ва дармон.

Босилмаган унинг кўнглида фарёд,
Кўз ёшини тўкиб олар пинҳона, –
Фурсат топилдими – ўқийди бот-бот
Жимит қоғоздаги сўзларни она.

Ул «қора хат»даги ҳар битта имло
Юрагин қатига вобаста бўлган.
Ўлтирар борлиқни унутиб гўё,
Мудом рўмолчасин туширмай қўлдан.

Шу қўллар силаган мурғак ўғилни,
Бошқа ҳеч кимсага ишонмай тақир.
Кулфатли сафарга кузатар куни
Тўймайин қучган ҳам шу қўллар, ахир.

Бир кун довруғ ёйди ўғлин таърифи,
Солди жасорати қалбларга титроқ.
Қишлоғида унинг исм-шарифи
Қадрдон эмасди кўпларга бироқ.

Чунки ёш эди-да, ишонган ким ҳам
Унинг шундоқ щуҳрат қозонишига.
Лекин онаси-чи? Онаси дилдан
Бунга ишонарди, ишонарди, ҳа.

Оловнинг бағридан қўрқмасди чандон,
Юксак эди, ахир, унда номус-ор…
Бурчакда турарди у чалган гармон,
Севган китоблари – жавонда қатор.

Кенжасига боқар волида пурғам:
Қўлидан не келар, ожиздир буткул.
Тиришар ўйинда, ўқишда у ҳам
Жасур акасига ўхшашга нуқул.

1970

ИККИ САТР

Қайдномам бор эди дафтар қатида –
Икки сатр – жангчи йигит ҳақида;
Бевақт узилганди ёшгина жони,
Финлар урушининг эди қурбони.

Бамисли чарчаган боладек ҳолсиз
Ётарди муз узра жасади ёлғиз.
Қорга қоришганди шинелин бари,

Қалпоғи учганди ўзидан нари.
Йиқилмаган эди йигитча чоғи,
Фақат босган эди қайғунинг тоғи,
Юрагида ажиб армоннинг доғи…

Жанг пайти ёдимга тушар ушбу ҳол –
Бовар қилолмайин мудом ақлим лол:
Бешафқат қисматни ўзда қилиб жо –
Яланғоч муз узра узанган танҳо.

У ёш жангчи эмас, эдим мен ўзим,
Қировга кўмилиб қотганди кўзим.
Гўё шу урушда ёш бола бўлиб,
Ётар эдим жонсиз, паймонам тўлиб.

1943

* * *

Ялангоёқ болакай – юпун,
Елкасида кичкина тўрва –
Толиқиб, у тамадди учун
Тўхтаганди каттакон йўлда.

Қотган нон ва бир жуфт картошка
Тўлдирмайди наҳот қурсоқни, –

Катталарга ўхшаб кафти-ла
Авайларди ҳар бир ушоқни.

Машиналар учун бир эрмак –
Кўтарарлар тўзон тепага.
Тўхтаб ўтар йўловчи эркак:
– Ўғлим, етим бўлсанг кераг-а?

Ранги-рўйи заъфарон, хира,
Раҳминг қўзғар, эҳтимол, шундан.
Ўтган-кетган эринмас сира
Сўрамоқни бу ҳақда ундан.

Лекин у тик боқар, чизмас ер
Ва синовчан қарар, кузатиб.
– Хўш, етимча, – дейишинг-ла дер.
– Тамакидан бўлса, узатинг.

1943

* * *

Худди туйган каби ғамни ичида,
Уруш солмай ҳали юракка доғлар –
Қирқ биринчи йилнинг бошланишида
Мислсиз аёздан қақшади боғлар.

Замин узра кўклам айни мавж урган —
Дамлар туйсанг ҳамки ажиб фараҳни,
Кўрмоқ дардли эди қаққайиб турган,
Қайта барг ёзмаган дову дарахтни.

Кенгликка кўз ташлаш оғриқли, малол,
Гарчи тиниқ кўкда қуёш чарақлар,
Қишнинг панжасида топганди завол
Қоталари дуркун, кўркам дарахтлар.

Кулфатли, ғамзада йиллар ҳам ўтди,
Дов-дарахт куч топиб кўклади яна.
Ҳар ёнда гул-чечак. Уруш ҳам битди.
Фақат сенинг йиғинг тинмайди, она.

1945

* * *

Биздан йироқ, бизга ёт ёқлар –
Жилға ўйган дала-қирларда
Бош кўтара бошлар гиёҳлар,
Баҳор ҳиди анқир ерларда.

Чопар сувлар қирғоқ талашиб,
Қувончлари билмас сира чек
Ва бўй тарар чечаклар ажиб,
Худди бизнинг юртлардагидек.

Борлиқ сени айлайди сарҳуш,
Алланечук фараҳ туяр дил.
Гўё йўқдек дунёда уруш,
Гўё йўқдек масофаю йил.

– Наҳот! – дейсан, юракда кинлар,
Олисларга сингиб сен изсиз, –
Қаридилар бизсиз хотинлар,
Улғайдилар фарзандлар бизсиз?..

1945

* * *

Ушбу иқроримда бари мужассам:
Гарчи сўзим мудом қалбим тубида,
Марҳум ва тириклар ҳақда ҳаммадан
Кўпроқ ҳақиқатни мен биламан, ҳа.

Лекин мен бу сўзни ҳеч кимга зинҳор
Ишона олмайман. Ва уни ҳатто
Улуғ Толстой ҳам айтмоғи душвор,
Майли, санасин у ўзини худо.

Мен оддий одамман. Сўзимга ҳар чоқ
Жавоб бермоқликка тайёрдирман, чин.
Қалбим тубидаги гапларни бироқ
Айтмоқни истайман эмин ва эркин.

1958

Мирпўлат Мирзо таржимаси