Улуғбек Есдавлат (1954)

Улуғбек Есдавлат (Ұлықбек Оразбайұлы Есдәулет) Шарқий Қозоғистон вилоятининг Зайсан туманидаги Улкан Қоратол қишлоғида туғилган. 1977 йилда Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Қозоғистон Ёзувчилар иттифоқи раиси.
1974 йилда ёш шоирларнинг шеърларидан тузилган “Қанот чиқди” тўпламида илк шеърлари эълон қилинди. Халқаро “Алаш” мукофоти совриндори. 2001 йилда чоп этилган “Кигиз китоби” номли тўплами учун Абай номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Улуғбек Есдавлат – замонавий қозоқ шеъриятининг кўзга кўринган йирик вакилларидан ҳисобланади.

БУЛУТЛАР ВА ЙИЛҚИЛАР

Онамга
Йиллар худди йилқиларга ўхшарлар,
Тошлари бор — нақ тепангдан учарлар.
Туёқ тегиб кетмасми деб бехосдан,
Онанг сени минг ҳадикда қучарлар.

…Болалигим — эндигина эс кирган.
Сиртга чиқдим,
Ташқарида кеч кирган.
Осмондаги лов-лов ёнган булутлар
Огоҳ этмоқ бўлар эди бир сирдан.

Уфқларга ташна, хумор чоқда мен,
Билолмадим булутни ким ёққанин.
Кўрдим бир пайт — йилқиларнинг уюрин
Кўча тўлиб менга томон чопганин.

Йўқ, қочмадим!
Қўрқув ҳам йўқ ўйимда,
Туравердим карахт қотган кўйимда.
Қуюн каби келар эди йилқилар,
Тушмоқчидек менинг-ла нақ ўйинга.

Бир тўп тулпор четлаб ўтди қошимдан,
Қолганлари сакрайверди бошимдан.
Қараб қолдим сағрисига отларнинг,
Осмондаги булутларим яширган.

Дупур-дупур…
Титрар эди замин зир.
Теварагим зўр талотум эди гир.
Тош туёқлар учар экан тепамдан.
Қулоғимга ўткир нидо келди бир!..

Ялт қарадим —
Қўлин чўзиб ушбу он
Турар онам чеҳрасидан қочиб қон.
Қуюндайин кўчар эди йилқилар,
Туёқларнинг орасида — мен омон!..

Йиллар худди йилқиларга ўхшарлар,
Тошлари бор — нақ тепангдан учарлар.
Туёқ тегиб кетмасми деб бехосдан,
Онанг сени минг ҳадикда қучарлар.

Ўшанда уч ёш эканман мен, ёҳу!
Ўттиздаман бу кун —
Дилда ғам-қайғу…
Кеча тағин Онам кирди тушимга,
Турарди мен томон қўлин чўзиб у…

ОЛТОЙ АЁЗИ

Қизил ой ўй босқонини босганда,
Қоялар нақ тунукадай қизарар.
Бамисли ўқ илондайин осмонда
Думли юлдуз оғиб борар!

Чакмонини кийган чолдай индамай
Юлдузларга термилади тун карахт.
Қизилқанот изғиринга чидамай,
Чақмоқдайин қарсиллайди дов-дарахт.

Кенгликларда, қадам етмас жойларда
Яхлаган қор узра шуъла жим инар.
Қават-қават муз боғлаган сойларда
Қасир-қусур муз синар.

Тунд тоғларнинг тинч авзойи бузилди,
Улиб қолди оч қашқирлар бағрида.
Ва бу улиш титраб-титраб узилди,
Сингиб йитди қир-адирлар қаърига.

Изғиринда тўнган итлар ушбу он
Ғингшиганча эшикларни қучарди.
Чўпонларнинг болалари хуш-хандон,
Ой нурида яхмалаклар учарди.

Дастурхонда ҳамма нарса бор, тайин…
Бироқ кампир юрагини дам сайин —
Хавотирлар босар, кўнглин қилар ғаш
Меҳмонларнинг бирортаси келмайин.

Туғилган кун.
Бирортаси келмади…
Кекса дилга изтироблар томади.
Бир ўтириб, бир турганча аланглаб,
Тор кулбага ўз-ўзини қамади.

Бу ёлғизлик етса-да ёшга талай,
Бу кун ёлғиз ўлтиролсин у қалай?!
“Кел-май-ди!” деб соат чиқ-чиқ қиларди,
Турар эди телефон тошбақадай.

Ташга чиқди…
Ой берар кўкка пардоз.
Гир айланиб ифор еллар айтар роз.
Бирам майин эди кўклам оқшоми –
Қушлар сайрар, ҳаво илиқ, бирам соз!

Изҳорини дуркун шохда этиб жам,
Олма гулин тутар унга ушбу дам.
“Қутлуғ бўлсин, бувижон!..” деб бамисли,
Бир томонда бидирларди чашма ҳам.

Юлдузлар ҳам ушбу дам жим турмайин,
Ўпаверди кампирнинг нур манглайин.
Қекса она қучоғин очди аста,
Меҳмонларин қаршилаб олгандайин.

Мирпўлат Мирзо таржималари

ҚОЗОҒИСТОН

Арслондайин ҳайбатлим,
Йўлбарсдайин ғайратлим,
Юксалган ҳур байроқлим,
Қанча юлдуз яшнаттинг,
Қанча булбул сайраттинг,
Қозоғистон, ардоқлим!

Тулпорингнинг чопишин,
Дўмбирангнинг товушин,
Садо берган хонишин,
Дарёларинг оқишин
“Суйдим” десам – бари чин,
Қозоғистон – номусим!

Ҳар бир тоши – муқаддас,
Ҳар увуғи – бир асос,
Қўшиқ айтган юрагин
Куй таратган тиргагин
Сариқ олтин суягинг
Қозоғистон – юрагим!

Оиламсан – чироғим
Тупроғингдир – туморим,
Оламда йўқ ўхшашинг,
Ажойибим, жаннатим.
Боши тоза булоғим,
Босилмайди хуморим,
Қозоғистон – лочиним!

Ойинг туғсин ўнгингдан,
Кунинг туғсун сўлингдан,
Юлдуз ёнсин йўлингдан,
Бошингга бахт қуш қўнсин,
Хидир бўлсин йўлдошинг,
Худойим сени қўлласин,
Қозоғистон – кўз ёшим!..

СЎЗ

Сўз билан юзлашдим. Сўз-ла танишдим.
Сўзга ошиқ бўлиб, мангуга қучдим.
Сўзнинг сеҳри бутун вужудим чулғаб,
Сўз билан боғланиб, сўздан бол ичдим.

Сўздан олов ёқиб, ўчоғим ёқдим.
Сўздан ўқ йўниб, камоним отдим.
Ўктам овоз қучди танҳо малакни,
Қувона кўнгилни қорга ағнаттим.

Сўзга ишондим мен. Сўзга инондим.
Жоним-таним билан сўзга берилдим.
Сўздан ўқ тегди-ку, сўздан йиқилдим,
Сўздан қувват олиб, сўзга енгилдим.

Сўз билан олишдим. Сўзни кемирдим.
Сўздан чарчадим-о, сўздан енгилдим.
Этдан ўттинг-ку, суякка етдинг-ку,
Сўзлагин, сен учун шунча не қилдим?..

ШОИРДАН СОАТ СЎРАМА

Шоирдан соат сўрама,
Кечирмас у ўлчовли умр,
Сен ким бўлсанг-да синама,
Унинг ҳамма гуноҳин кечир.

Умри – олов, ўт ичида,
Улаб яшар тунни тонгга,
Шоирдан соат сўрама,
Унинг вақти мангуликда.

ТАҚДИР

Қишнинг қандай бўларин
Элат қайдан билади?
Қандай қушнинг қўнарин
Дарахт қайдан билади?

Кўзни очиб-юмгунча,
Ўтиб кетар йил қанча.
Босиларсан биқирлаб,
Совугандек қумғонча.

Тирикка ҳеч тинчлик йўқ,
Умр ўтар оташдек чўнг,
Қалб кўзёшга тўлмас йўқ,
Тангри йўлга солган сўнг.

Туш кўрасан, дам олиб,
Тентирайсан уйғониб,
Ҳаловатсиз бу – дунё,
Кўз ёшингга бўялиб.

ДОСТОНГА ЎХШАТМА

Суйганинг қандай дейсан:

Кунни кўру – ўзин кўр,
Тунни кўру – кўзин кўр.
Ойни кўру – қошин кўр,
Дарёни кўр – сочин кўр.

Ой ва юлдуз, кун – бари
Ип эшолмас йўлингда.
Паризод, ҳур қизлари
Сув қуёлмас қўлингга!

Хушфеългина, ёрқин ўй,
Тол хипчиндек узун бўй.
Мумдек болдир лаблари,
Қиз суймаслик гуноҳ-эй?!.

…Суйганинг қандай дейсан!

Қозоқ тилидан Дилафрўз Чориева таржимаси

* * *

Қутурдик,
Муштоқликнинг қоқдик чангин,
Оромнинг майин ичиб, ёқдик шамин.
Не сабаб юрагимни чимчилайди,
Ёдимга тушганда ёшлик чоғим.

Мен нечук мунгли кўзни айблайин,
Муборак илинжимга лойиқдайин.
Не сабаб кўнглим бунча безовтадир,
Эшкаги сувга кетган қайиқдайин?

Қалбимнинг бир ўкинчли такбирида,
Шудринг-ла тиллашган тақдирида,
Чинқириб, то ўлгунча чирқираса,
Тингловчи қулоқ борми охирида?

ТАВАЛЛУД КУНИ

Дастурхонда барча неъмат муҳайё,
Онахоннинг чеҳрасида нур, ҳаё,
Аммо кўнглин хиёл шубҳа қамраган,
Кутган меҳмон келмай қолармикан ё.

Туғилган кун.
Бирор меҳмон келмади,
Кекса юрак завқу шавққа тўлмади.
Эшик томон қадаб маҳзун нигоҳин,
Тор кулбада жим ўтирди, кулмади.

Кутиш оғир, ҳаво бироз дим эди,
Хонасида ёлғизлик ҳоким эди.
“Кел-май-ди!” деб соат аста чиқиллар,
Телефон-чи, тошбақадек жим эди.

Уйдан чиқди…
Ой нурини сочар мўл,
Пойларига ифор сочар ҳар бир гул.
Ипакдайин майин кўклам ҳавоси,
Қушлар сайраб, тасаннолар айтар ел.

Қутлагандек шохларини силкитди,
Олма умид каби оппоқ гул тутди.
“Қутлуғ бўлсин, таваллудинг, онажон!”
Деган каби булоқ жилдирай кетди.

Юлдузлар ҳам нур сочдилар осмонга,
Манглай ўпиб, табрик айтиб инсонга.
Ёши улуғ она хурсанд бўлди-ю,
Гўё қучоқ очди азиз меҳмонга…

ОЛТОЙ АЁЗИ

Қизил ой ол кўригини босганда,
Тунукадек қизаради чўққилар.
Илон каби тез зувиллаб осмонда
Думли юлдуз қайгадир елар.

Оқшом – қора саллали бир мунажжим
Юлдузларга, кўкка қараб очар фол.
Қизилчиноқ қаҳратонга бермай дош,
Дарахт синар чақмоқ ургандек беҳол.

Елвизакда қолган ойнинг, юлдузнинг,
Юзларига совуқ нафас урилар.
Тарашадек қотган қирмоч сойларда
Қасир-қусур қилиб музлар ёрилар.

Тўниб қолган итлар ғингшиб, буришиб
Уй эшигин умид билан тирнайди.
Қўйчивоннинг ўғиллари кулишиб,
Ой ёруғи узра чана ўйнайди.

Тунд тоғларнинг қовоқлари бузилиб,
Оғушида оч қашқирлар улишар.
Нолалари титрай-титрай узилиб,
Бориб битта тоғнинг қаърига тушар…

ОЛТОЙНИНГ ОҚ БЎРОНИ

Олтойнинг оқ бўрони
Олти кун тўхтамади.
Олти кун улов – қушлар
Қанотин йўқламади.
Кафтдек аэропортда
Вужудга ўт тўлади.

Олтойнинг оқ бўрони
Шиддатдан тўхтамади.
Аслида одамзод ҳам
Бир сидра йўқламади.

Олти кун ваҳимада,
Умидни биздан узиб,
Дедингми: “Келмади-ку,
Бўроннинг ипин узиб!”

Олтойнинг оқ бўрони,
Олтойнинг оқ бўрони…
Олти кун бўлдимикан
Юракнинг сўқмагани .
Сен мени “алдамчи” деб
Сиртимдан судлаганинг.
Олти кун бўлдимикан…

Қозоқ тилидан Янгибой Қўчқоров таржимаси

БИЗ ЎТГАНДА

Биз ўтганда йиғлама ҳам йўқлама,
“Шоир эди!”–десанг, шу бас, йўқ тамаъ.
Гуноҳимиз Худо ўзи кечирар,
Кечирмаса… майли, бизни оқлама.

Керак эмас шоҳи, ипак матолар,
Гул ҳожатмас, биз ётамиз бетамаъ.
“Шоир эди!”– десанг, бас, ахир, етар,
Шундан илиқ сўз топмасанг – индама.

Кетар экан, келди дема кесин-а,
Осмон бизни тарк этади хўрсина.
Йиғлама ҳам, йўқлама ҳам, ўйлама…
Ўзимиз-оқ тушовдамиз эсиз-а.

Ҳайкал? У ҳам керак эмас! Тушун-да…
Шеър ўқисак, майли, фақат тушингда.
Йиғи, йўқлов, эсга олиш – бари бир
“Шоир эди!”– деган сўзнинг ичинда.

Қозоқ тилидан Музаффар Аҳмад таржимаси

* * *

Тонг ҳавоси жунжиктириб бор вужудим,
Саҳар чоғи сой бўйида от суғордим.
Юлдузлари эриб битган рангсиз осмон
Кўзларимга кўланкасин беркитди жим.

Совуқ шамол рўпарадан эсар шу чоғ,
Шитирлайди елкадаги қамиш белбоғ.
Тугар экан сойга етиб бу қисқа йўл,
Икки ёнда кўкрак керар пастгина тоғ.

Сомон йўли учиб борар мисли тўзон,
Жез айилдай ярқирар уфқ – шарқий томон.
Турли-туман рангларга бой бу дунёга
Кўз узмасдан қараб тургим келар мудом.

Дала тонгги қўшиқ айтар, тингланг, ана,
Мен тингладим бўзтўрғайнинг сасин яна.
Мана сувлоқ, унга келиб туташар йўл,
Шу тариқа ҳамма йўллар битарми, ҳа?

Йўқ, юракка ғам нафасин теккизмайман,
Ёрқин йўлдан умидимни ҳеч узмайман.
Сойга келиб сингиб кетар сўқмоқдир бу,
Тонг қўйнига сингадиган йўл излайман.

Абдураҳим Пратов таржимаси

ГУЛЗОР

Мана – гулзор, иккимиз гул ўғирлаган,
Мана – шу тун, тўрғайлар тинч чуғурлаган.
Аммо сен йўқ, кўзларингда юлдуз ўйнаб,
“Бизлар бахтли бўламиз…”, деб шивирлаган.

Теракларнинг бутоғига бош қўйди Ой
Ва тепадан қанотини ёйди оппоқ.
“Бизлар бахтли бўламиз, бўламиз…”, дея
Хаёлимда сўзларингни айтдим шундоқ.

Кўнглим бутун соғинчнинг созин уқди,
Тақдир менга қозиликни раво кўрди.
Кечагина сен томондан келган хатда:
“Бахтли бўлгил… Кечир…”, дея ёзилибди.

Мана – гулзор, тўрғай ҳамон чуғурлайди,
Истагим йўқ энди гуллар ўғирламоққа.
Бутоғига ҳилол қўнган қари терак:
“Бахтли бўласан…”, дея шивирламоқда…

ҚИЗЛАРНИНГ МУҲАББАТИ

Қизларнинг муҳаббати
Сувсиз сойдаги кўлмак сувидай
Ўз кўзин ўзи очолмас,
Ўзанидан ҳам тошолмас.
Қизларнинг муҳаббати томчи мисол
Қўлдан ясалмас.
Қизлар, қизлар!
Томчидай шаффофсизлар,
Бахт ойнасидан термуласизлар.
Муҳаббатингизни ҳеч кимга
Сездирмасдан
Сийнангизда сўндирасизлар.
Қизларнинг муҳаббатини уқиш учун
Ёз бўлиб яшнаб,
Қиш бўлиб совиш керак;
Қизларнинг муҳаббатини уқиш учун
Қиз бўлиб туғилиш керак!

Суннатуллоҳ Акрам таржимаси

МАЖНУНТОЛ

Нурин сочиб қуёш кулди самодан,
Ёмғир чарчаб, тўхтаб қолди юришдан,
Нега ҳамон йиғлайсан сен Мажнунтол,
Осмон қўли сочинг силаб туришда?

Очса ҳамки сенинг мунгли китобинг,
Бошинг омон, кулиб турар иқболинг…
Сал нарсага йиғлаш қизлар одати,
Бу одатга мос келмайди жамолинг.

Булут ила бошинг қоплаб олса ҳам,
Томчиларин шиддат сочган томонга,
Кўзёш тўкиб, эгилиб сен тобора
Тақлид қилма сув оқизган осмонга!

Сабо сендан муччи олса гуноҳми?
Бевафолик булутга хос – зўр оҳми?
Йиғламагин, Мажнун бўлиб қолсанг ҳам!..
Тақдир йўли турли ҳамманинг бу дам!…

ТОҒЛАРИМНИ СОҒИНДИМ

Тоғларимни соғиндим,
Тоғларимни.
Дилим тўлар ҳузурга тоғ деганда.
Қизғиш-сарғиш чўққилар тушиб ёдга
Оқ булоққа орзум сўзларман шунда.
Қай ҳолатда ажрадим тоғларимдан?
Ёнгинамда ҳимоямга берилган.
Тош нишабга тақалган энсиз сўқмоқ,
Тор йўлакда от-аравам ағдарилган.
Тоғларимни соғиндим.
Тоғни истадим.
Минглаб сароб шууримни ўрар,
Илҳом келар тоққа ўрлаб чиқсам мен.
Ким ўчирган жонимнинг ёнган шамин?
Ғам-ғуссадан дилда ғуборлар даста,
Бораяпман мен чўкиб,
Бўйим пастлаб…
Тоғларимни соғиндим кўкка етган
Тирмашаман чўққига бора солиб.

Дилимжон Сайфуллаев таржимаси