Нозила Гултож (1969)

Нозила Гултож (Nazilə Gültaс) 1969 йилда Ғарбий Озарбайжонда туғилган, Қазах туманида ўсиб-улғайган. Боку Давлат тиббиёт университетини тамомлаган. Касби доктор. 1996 йилдан матбуотда шеър ва ҳикоялари мунтазам чоп этиб келинмокда. 2004 йилдан буён Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. “Сувга берилган савдо” ва “Яшил пичилти” номли шеърий китоблар муаллифи.

ВАТАН ХАРИТАСИ

Қизим чизди
Ватан харитасини.
Озарбайжон сўзини аммо
Сиғдира билмади
Харита ичра.
“Озар” ёзди,
“Бой” ёзди.
Сўнгра деди: “онажон,
“Жон” сўзига
Жой етмай қолди”.
Мендан ёрдам кутар.
Боқдим она юртнинг
Парчаланмиш бағрига.
Сарҳаддаги тоғлар, наҳрига.
Темир эшик Дарбанднинг
Дарвозасин очмадим.
Ёздим “Ж” ни жанубга.
Дедим: жонимиз ёнар,
Ватандан ким ҳам тонар?
Бўрчолига “О” ёздим.
Оталар ери дедим.
“Н” ни қўйдим ғарбига,
Ириванга бир нуқга.
Унда нидомиз қолган,
Нола, садомиз қолган.
Қизим, энди боқ, дедим.
Буюк Ватанимизнинг
Бахтсиз харитасига.

БУ ЙЎЛЛАРНИНГ УЗУНИ

Бу йўлларнинг узуни —
Қорабоққа кетган йўл.
Бу йўлларнинг узуни
Баробардир энига.

Бу йўлларнинг узуни —
Сўнгсиз орзу карвони.
Йўллар даладан тоққа
Кетар Қорабоғ сари.

Бу йўлларнинг узуни
Қайда гуллар тизими.
Излар ўчиб кетибди,
Тошлар қийнар тиззамни.

Бу йўлларнинг узуни
Ўтар Жидар юртадан.
Юрагимга таққанман
Йўлларнинг узунини.

Носир Муҳаммад таржимаси