Аҳмет Ақназаров (1948-2020)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи, шоир ва таржимон Ахмет Ақназаров 1948 йили 1 сентябрда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган. У умр бўйи сўз устида заҳмат билан ишлаб, бадиий ижод билан шуғулланди.

У қорақалпоқ ва ўзбек тилларида ижод қилди.

Аҳмет Ақназаровнинг “Шоколади қаникей?”, “Диафильм амалиёти”, “Дипломатдаги хазина”, “Болакай билан улоқча”, “Олтин танга”, “Шайтоннинг чатоғи” номли ҳажвий шеърлар, эртаклар, ҳикоялар, қиссалардан иборат ўнга яқин китоблари нашр этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлапберген Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқман, таваккалчиман”, таниқли ҳажв устаси Муратбой Низановнинг “Одам кулдиргани учун” қиссасини, С.Жумағулов, К.Ерназаров, А.Султонов, К.Аметов каби қорақалпоқ ёзувчиларининг ҳажвий асарларини ўзбек тилига таржима қилган ҳамда ўзбек, қозоқ, туркман, рус ҳажвчи адибларининг асарларини қорақалпоқ тилига юксак маҳорат билан ўгирган.

У 2001 йилдан Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий маслаҳатчиси, “Адабиёт” жамғармасининг бошлиғи, 2004 йилдан 2012 йилгача уюшманинг масъул котиби, “Муштум” журналининг Қорақалпоғистон Республикаси мухбири лавозимларида фаолият юритди.