Умирбой Ембергенов (1942-2020)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи ва шоир Умирбой Ембергенов 1942 йили 24 декабрда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида туғилган.

1960 йилда Нукус қишлоқ хўжалиги билим юртини, 1973 йилда Тошкент шаҳрида Республика рус тили ва адабиёти институти (ҳозирги Тошкент давлат Жаҳон тиллари университети)ни битирган.

Меҳнат фаолиятини Қўнғирот шаҳридаги 53-сонли ўрта мактабда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилигидан бошлаган. Кўп йиллар давомида мактаб ўқувчиларига таълим ва тарбия берган.

Умирбой Ембергеновнинг “Эртанги кун” (1987), “Наврўзнинг оқча қори”, “Севги-муҳаббат савдоси”, “Табибчиликнинг сирлари”(1991), “Ўпирилиш” (1995), “Биродар Қўнғирот элларим бордир” (2002) номли қисса, ҳикоя, очерк ва бадиий публицистик мақолалардан иборат китоблари нашр этилган.

“Қорақалпоқфилм” киностудияси томонидан суратга олинган “Ҳаким ота” номли кинофилм (2007) сценарийси Умирбой Ембергенов қаламига мансуб.

Умирбой Ембергенов шоир сифатида “Туйғулар уйғонганда”, “Қўнғирот”, “Ҳаким ота” (Жапақ Шомуратов билан ҳаммуаллифликда) номли шеърий тўпламларини нашр эттириган.

Умирбой Ембергеновнинг ижодий-ижтимоий ва мураббийлик фаолияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, “Меҳнат фахрийси”, “Буюк Ғалабанинг 20 йиллиги” медаллари, “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланган.