Абулқосим Ўтепбергенов (1951)

Абулқосим Ўтепбергенов 1951 йилда туғилган. Нукус давлат педагогика институтининг табиий фанлар факультетини битирган. Ижодкорнинг “Томчилар”, “Булоқлар”, “Дунё бир азиз жойдир”, “Агар кўнглимни хуш этса”, “Кунчиқиш мақомлари”, “Кимга кенгдир, кимга тордир бу дунё”, “Халқдан дономан деб ўйлама” каби китоблари чоп этилган.

* * *

Кўнглинг ёмонликка бурмагин асло,
Бурилган вужудда қийналади жон.
Кўнгил тиламайди ҳеч жабру жафо,
Мусаффо яралган гўёки осмон.

Кўнгил кўнгилларга бойланган, англа,
Ўзганинг кўнглини авайла, сақла.
Гуноҳсиз кўнгилга зиён етказсанг,
Тош отган бўлсанг ул қодир Ҳаққа!

ЎТДАН КУЧЛИ

Мўйсафиднинг савол тушиб кўнглига,
Ҳузурига чорлаб, деди ўғлига:

– Ўтдан кучли нима, айтчи, дунёда,
Умринг бўлсин мендан кўра зиёда?

Чақмоқ тошдай экан ул зурёт,
Ялтираган олмос учқур қаназат.

Сўзларидан асал томиб турибди,
Қадам босса пўлат синиб турибди.

Алпомишдай кўркам, қоматли ўғлон,
Жавоблар қалбда уради туғён.

Отасидай халққа у камарбаста,
Халқига жонини тутар бирпасда:

– Жавобим шу ота – бошин эгади. –
Ўтдан кучли, албат, меҳр бўлади.

– Жавобинг тўғридир, ўғлоним менинг,
Бу дунёда йўқдир армоним менинг.

Инсонга Ватан ҳам онадир ёлғиз,
Иккиси билсанг гар, ҳар недан азиз.

Бу туйғу асраган уруш пайтида,
Ватанга муҳаббат кўнгил байтида.

Сен айтган ўша меҳр ўтда ёнмади,
Душманга сотилиб ҳеч ким тонмади.

Сувда ҳам чўкмади тобланган меҳр,
Қасосга чорлади ғанимга қаҳр.

Оч-юпун қолардик, сезмасдик баъзан,
Жондан ортиқ эди – муқаддас Ватан!

Ватанга меҳр керак – эътиқодинг шу,
Юртингга, халқингга – илтифотинг шу.

Меҳр қутқаргандир, офатдан, ўтдан,
Меҳрдир, меҳрдир, Ватандир, Ватан!

ОТАМ НАСИҲАТИ

“Ҳамиша адолат, ҳақликдан сўзла,
Кўзласанг ҳалоллик, покликни кўзла.
Ҳеч замон нафсингга эрк бермагил,
Бойликни тиласанг, инсофдан изла!”

Отам доим дерди: Эртами-кечми,
Бўлгин ўғилгинам ақлли, эсли.
Сўзларим дилингдан ўчмасин ҳаргиз,
Қаноат – қанотинг бўлсинда кучли.

Нафс деган бало ичингда ётур,
Уни енгса ақлинг, фаросат ютур.
Ушбу насиҳатим ёдингда сақла,
Қаноат бардошдан доим куч олур.

Ўзгани ўзингдай, албат, билгайсан,
Ўзганинг ҳақидан ҳазар қилгайсан.
Манманликдан обрў топмаган ҳеч ким,
Эл-юрт ҳурмат қилар, камтар бўлгайсан.

Мартаба, амал ҳам ўтади бир кун,
Ҳалолу ҳаромнинг ажратгин фарқин.
Ҳамиша халқингнинг хизматида бўл,
Энг катта давлатинг меҳнаткаш халқинг.

СЕНДА ИНСОФ БЎЛСИН, МЕНДА ҚАНОАТ!

Кел, биродар қўлни-қўлга берайлик,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!
Неки бўлса, бахтимиздан кўрайлик,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

Бу денгиз зўр дейсан, асло, чўктирмас,
Сувлари минг дардга даво бўлолмас,
Ер остида ётар, гавҳар, тош-олмос,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

Хазина ҳам турган сайин кўпаюр,
Ишлов билан ҳосилни мўл берар ер,
Ақлингни ишлатиб, қилгил тафаккур,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

Қалбинг ёғду сочиб, яшнаб туради,
Кўзинг равшан тортиб, ўйнаб туради,
Нафсингни жиловлаб бойлаб туради,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

У ҳукмрон бўлган ер, ҳур, фаровонлик,
Қуйига йўналса тургай омонлик,
Қозон қайнар мойда, бори тўкинлик,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

У бир қўрғон, кўрсанг жаннат боғидай,
Тунни равшан этган тонгнинг нуридай,
Улуғ Пайғамбарга уммат гулидай,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

У бир шаҳаншоҳдир, олмай беради,
У бир ғариб гадо, топтаб теради,
У бор жойда, албат, нафслар ўлади,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

Таъма муддаосин битказмай, десанг,
Шайтонни қалбингга ўтказмай, десанг,
Инсонликка завол етказмай, десанг,
Сенда инсоф бўлсин, менда қаноат!

* * *

Кўзингда нуринг бор, тизда мадоринг,
Дунёда улушинг ҳар дам олиб қол.
Ёмонлик жарини айланиб ўтиб,
Яхшиликдан пок бир сарой солиб қол.

Саройинг улкан ҳам туташсин кўкка,
Кўнгилларда, албат, ҳавас уйғотсин.
Ҳамиша асрагин, гардни юқтирма,
Минг йиллар саройинг сени эслатсин.

ТУЮҚ

Махтумқули айтган дўстлар, ёронлар:
“Куюнма барчадан қолар бу дунё.
Чора тополмагай ўтган улуғлар,
Ҳамманинг бошига етар бу дунё”.
Улуғлар топмаган чорани сен топ,
Хулласи, ўзингдан қолдир яхши от.

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Меҳнатга тенг келар фазилат қани,
У кўҳна дунёнинг ҳам кўрар кўзи.
Одамни бир тугал олам деб, билсанг,
Унинг мангу сўнмас қуёши – юзи.

* * *

Бахт сандиқдир, калити кўкда,
Деган нақл бор, кўҳна афсона.
Кўрмоқдамиз ҳаётда кўпда,
Калит – меҳнат, қўлдир – мардона.

* * *

Кимнинг халқи сийлаб, ҳурмат айласа,
Буюк бўлар унинг иқболи – бахти.
Бундан улуғ ҳикмат топмадим ҳаргиз,
Улуғ халқдан буюк юлдузлар чиқди.

Қорақалпоқ тилидан Жамолиддин Муслим таржимаси