Марселину душ Сантуш (1929)

Марселину душ Сантуш (Marcelino dos Santos, 20 май 1929) — Мозамбик шоири ва сиёсий арбоби. Лилиню Микайя, К. Маалл, Шикуммуами тахаллусларидан фойдаланган. Мозамбикни озод қилиш ФРЕЛИМО фронти фаолларидан бўлган.
1947 йили Лиссабон университетига кириб, Амилкар Кабрал, Агостиньо Нето, Эдуардо Мондлане билан танишди. 1950 йили португал полицияси томонидан ҳибсга олинди. Ўқишни Парижда давом эттирди.

СОВҒА

Сўқмоқдаги оддий тошда ўйнаган Шуъла,
Дарахтларнинг баргида титраган Шамол,
Қайноқ замин томирида кўпирган Дарё —
Буларнинг ҳаммаси.
Сенга ўғлинг Ардоқлаб,
Ўтиб кетган болаликнинг
Орзулари, хотирасида —
Ҳаёт ишқи билан
Жонлантириб
Олиб келган
Совғаларидир.
Онажон, муқаддас дарахт шохидан
Сен учун тўқиган гулчамбаримни
Улуғ айём куни,
Байраминг куни
Азиз бошгинангга кийдирмоқчиман.
Кўп кечарди бундай ҳолатлар,
Қар гал кечирганда қилмишларимни.
Бошимни кўксингга қўйганим каби,
Бугун ҳам бошимни қўяман аста
Кўзинг чашмасида чўкмоқлик учун,
Оқиб кетмоқ учун тўлқинларида
Олис-олис хаёллар томон,
Сенинг қўлларингда намоён бўлган,
Бизни мафтун қилган хаёллар томон.
Мана, ёнингдаман,
Онажон.

Оёқяланг, ҳорғин
Қадам босганинг
Сўқмоцдаги тошлар,
Сени соя билан кийинтирувчи,
Қўлларинг теккувчи
Дарахтлар,
Ҳордиқ чиқармоққа имкон бермасдан,
Кафтларингни ювиб
Тананг водийсида оққан
Дарёлар —
Буларнинг барчаси
Сен туғилган замин совғаларидир.
Мана, ёнингдаман,
Онажон!

Маъруф Жалил таржимаси